Site icon Najot Kemasi sayti

Амалларимиз савобини қўлдан бериб қўймайлик

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Ҳасан ибн Вашшо ҳикоя қилади: Кунлардан бирида ҳазрат имом Ризо (алайҳис салом)нинг намоз ўқиш учун вузу (таҳорат) олмоқчи бўлиб турганларини кўрдим. Ул зот обдастани қўлларига олиб, энди қўлларига қуймоқчи бўлганларида, мен дарров ёнларига бордим-да: «эй Ибн Расулуллоҳ, рухсат беринг, сизга кўмаклашиб юборай», – дедим. Менинг бу гапимдан имом хурсанд бўлиб кетадилар, – деб ўйлагандим. Аммо ул ҳазрат менга қараб:

«йўқ, эй Ҳасан, кераги йўқ», – дедилар. Мен: савоб бўлмайдими? – деб сўраганимда: ёрдам берганингга савобни оласанку-я, лекин мен эса гуноҳкор бўлиб қоламан-да, – деб жавоб қайтардилар.

Мен ул ҳазратнинг гапларини яхши тушунмаган эдим. Буни сезган имом Ризо (алайҳис салом) менга бундай деб тушунтирдилар: «Эй Ҳасан, Қуръони Каримнинг мана бу оятини эшитганмисан?

فَمَن كَانَ يَرْجُو لِقَاءَ رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلًا صَالِحًا وَلَا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَدًا

«Кимки, Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин» (Каҳф сураси, 110-оят)

Вузу олмоқлик ҳам ибодат турларидан биридир, шунинг учун мен ибодат қилишда шерик олгим келмай, сенинг ёрдамингни рад этдим»

Манба: Шайх Кулайний, “ал-Кофий”, 3-жилд, 69-бет.

Ҳа, азиз ўқувчилар, ёрдамсиз вузу олишга қудрати етадиган ҳар бир киши ўзи вузу олмоқлиги лозимдир. Албатта, бетоблиги ёхуд ўта қарилиги туфайли бировлар ёрдамига муҳтож бўлганлар эса бундан мустаснодирлар. Ёки вузу сувини тайёрлаб бериш каби ёрдамнинг ҳам зарари йўқдир.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Exit mobile version