Site icon Najot Kemasi sayti

Нима учун мусулмонлар шиа ва сунний мазҳабларига бўлиниб кетишган?

Ассалому алайкум ҳурматли таҳририят. Мени жуда безовта қиладиган савол шуки, Нима учун мусулмонлар шиа ва сунний мазҳабларига бўлиниб кетишган? Ахир Қуръон Карим ва Пайғамбаримиз битта-ку?!

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Ва алайкум ассалом. Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан кейин мусулмонлар икки гуруҳга бўлиниб кетишди. Бир гуруҳ Пайғамбаримиз ўзларидан кейин ўринбосар тайинлаб кетмаганлар ва умматга ўзлари учун раҳбар сайлаб олишни айтганлар, деб эътиқод қилса, иккинчи гуруҳ эса уммат раҳбари ва пешвоси Пайғамбар каби маъсум пок бўлиши керак ва шунга кўра, бундай шахс Худо тарафидан Пайғамбаримиз тилларидан аниқлаб кетилган, дейишади. Биринчи гуруҳга «аҳли суннат» ва иккинчи гуруҳга эса «имомия» ёки «шиа» дейилади.

Аммо барча мусулмонлар наздида илоҳий китоб бўлмиш Қуръони Карим ва Аллоҳнинг юборган элчиси ва пайғамбари бир бўлишига қарамай, мусулмонлар икки тоифага бўлиниши бу – айрим мансабталаб шахсларнинг сиёсий мақсадларни кўзлаб ҳокимият ва тахт устида талашишлари ва бу йўлда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ягона райҳонаси ва оламлар аёлларининг саййидаси бўлмиш ҳазрат Фотиманинг уйига бостириб кириб у зотнинг қовурғаларини уриб синдириб кўп ноҳақликларга йўл қўйишлари сабабли юзага келди. Ҳолбуки, Сарвари олам ўзларидан сўнг умматга ҳидоят йўлини кўрсатиб ўз Аҳли-Байтларидан бўлган ҳазрат Али (алайҳис салом)ни Ғадийр Хум номли маконда ҳамма мусулмонлар учун халифа, ворис ва бошлиқ этиб тайинлаган эдилар.

Хуллас калом шуки, мусулмонларнинг шиа ва сунний мазҳабларига бўлиниб кетишлари фақатгина сиёсий ғаразлар ва шахсий манфаатлар йўлида амалга ошган. Аммо ҳақиқат йўли ошкор бўлиб, уни билиб ва таниб олмоқчи бўлган кишилар учун қийин эмасдир.

Сайтимизда ушбу мавзу ҳақида етарли маълумотлар мавжуд бўлиб, ҳақиқат йўлини топиш учун уларни ўқиб чиқишни сиз азиз биродаримизга тавсия этамиз.

Эҳтиром ила:

Нажот Кемаси таҳририяти

Exit mobile version