Site icon Najot Kemasi sayti

Худованд ва чумчуқ ҳикояси

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Неча кун ўтиб кетди, аммо чумчуқ Худога бироз ҳам сўз айтмади. Фаришталар чумчуқнинг оғиз очишини пойлаб ўтирар эдилар, аммо ҳаммаси бефойда эди. Аллоҳ таоло: «унинг танҳо ғамхўри мендирман, ахир мендан меҳрибонроқ зот йўқку», – дея сабр қилар эди.

Ниҳоят чумчуқ дунё дарахтининг бир шохига ўтирди. Аллоҳ чумчуққа қараб: «Менга ичингдаги дардингни айтгин», – дея хитоб қилди. Шунда у: «Менинг дарахтдаги инимни Сенинг амринг билан эсган шамоллар вайрон қилди. Келибкелиб мендек ожиз махлуқингнинг бошпанасини вайрон қиласанми?», – деди кўзлари ёшга тўлган чумчуқ.

Шунда Аллоҳ унга бундай деди:

– Ахир сенинг ининг остида оч илон келаётган эди ва агар шамол келиб инингни вайрон қилмаса эди, сен ғафлатда қолиб илонга ем бўлардинг.

Буни эшитган чумчуқ ҳайратдан оғзини очиб қолди ва меҳрибон Аллоҳга хижолат билан қараб қолди.

Қуръони Каримда бу ҳақда бундай дейилади:

وَعَسَىٰ أَن تَكْرَهُوا شَيْئًا وَهُوَ خَيْرٌ لَّكُمْ ۖ وَعَسَىٰ أَن تُحِبُّوا شَيْئًا وَهُوَ شَرٌّ لَّكُمْ ۗ وَاللَّـهُ يَعْلَمُ وَأَنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ

«Шоядки, сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхшидур, ёқтирган нарсаларингиз эса (аслида) ёмондур. Аллоҳ билур, сизлар эса билмассизлар». (Бақара сураси, 216-оят)

Азиз ўқувчи, сиз ва биз достондаги чумчуққа ўхшаймиз. Қачонки, бошимизга бирор мусибат тушса ёхуд тушкунликка тушиб қолсак, тезлик билан ёмон маънога сурамиз ва дунёни қоронғу кўра бошлаймиз. Ҳатто баъзан Аллоҳ таолодан ҳам шикоят қила бошлаймиз. Ҳолбуки, бундай ҳолатларда юқоридаги ояти каримани кўз олдимизга келтириб керакли хулоса чиқаришимиз лозим бўлади. Бошимизга тушган ўша мусибат ва оғир кун бизнинг нафимизга эканини қабул қилиб унинг бизга қандай фойдаси борлигига ақлимиз етмаса-да, бироқ таслим ва рози ҳолда бўлмоғимиз даркор.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Exit mobile version