Home / Аҳли-Байт / Имом Зайнул-обидин (а.с) / Имом Зайнул Обидин (а)нинг ҳаётбахш таълимотлари

Имом Зайнул Обидин (а)нинг ҳаётбахш таълимотлари

  Меҳрибон ва раҳмли Зот Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айлаб, азиз ва севимли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг пок руҳларига салому саловот йўллаб, имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) нинг шаҳодатларига бағишланган махсус

суҳбатимизни эътиборингизга ҳавола этамиз.

  Қадрли ўқувчилар, бугун ҳижрий қамарий ҳисоби билан муҳаррам ойининг 12-кунида пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларидан бўлмиш имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) ҳазратларининг шаҳид бўлган кунларидир. Бу қайғули муносабат билан барча мусулмонларга ҳамдардлик изҳор этамиз.

  1396 йил олдин ҳижрий қамарийнинг 38- йилида пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) эваралари бўлмиш Али ибн Ҳусайн (алайҳимас салом) Мадина шаҳрида дунёга келади. Ул ҳазрат отаси имом Ҳусайн (алайҳис салом) ёнида бўлиб, маънавий ва ахлоқий томондан юксак мартабага эришган эдилар. Ул зот ибодат қилиб кечалари ухламасликда машҳур эдилар ва куп сажда қилишлари сабабли, «Сажжод» (кўп сажда қилувчи) ва «Зайнул Обидин» (ибодат қилувчиларнинг зийнати) унвони билан машҳур бўлдилар. Касалликлари сабабли ул ҳазрат оталари ва куплаб ёронлар ошуро воқеасида Карбалода шаҳид бўлганларини кўрмаганлар ва жиҳодда қатнашолмаганлар. Карбало фожиасидан сўнг, ҳазрат Сажжод (алайҳис салом) аммалари ҳазрат Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) билан золим Бани Умиянинг қилмишларини руёбга чиқара бошладилар. Ул зот ҳижрий қамарийнинг 94-йилигача ислом умматига раҳбарлик ва пешволик қиладилар.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул ҳазрат ёронларининг шаҳодатларидан сўнг, ул ҳазратнинг оила аъзоларини асир олишади. Куфа ҳокими Убайдуллоҳ ибн Зиёд асирларни ўзининг қасрига киритишдан аввал, истаган киши қасрга кириши мумкин, деган буйруқ беради. Ва тўпланган сон-саноқсиз оломон наздига асирларни киритишади. Шаҳидлар саййиди имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг муборак бошлари Убайдуллоҳ ибн Зиёд олдида турар, у нокас эса қўлидаги чўп билан ул зотнинг танасидан жудо қилинган бошларига урарди.

  Ибн Зиёд беморликдан ҳолсизланган имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) га юзланиб деди: «Исминг нима?»

  Имом жавоб бердилар: «Али ибн Ҳусайн»

  Ибн Зиёд деди: «Али инб Ҳусайнни Худо Карбалода ўлдирмадими?»

  Имом жавоб бердилар: «Али деган биродарим ҳам бор эди. Одамлар уни ўлдиришди»

  Ибн Зиёд деди: «Уни одамлар эмас, балки Худо ўлдирди.»

  Имом ҳазратлари дедилар : «Ҳеч ким Аллоҳнинг изнисиз ўлмайди.»

  Ибн Зиёд имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) нинг ҳозир жавоблигига бардош бера олмай, уни қилич билан чопиб ташлашларини буюрди. Шу лаҳзада Зайнаб (саломуллоҳу алайҳо) ўзларини имомга қалқон қиладилар.

  Зайнул Обидин (алайҳис салом) ибн Зиёдга салобат билан хитоб айлаб дейдилар: «Шаҳодат биз учун ифтихор эканлигини ҳали ҳам тушунмадингми?»

  Имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) падари бузрукворлари ва донишманд аждодлари сингари илм ва аҳлоқий камолот ва инсоний фазилатларга эга бўлган шахсият эдилар.

  Ул ҳазрат Шом диёрига асир қилиб олиб борилганларида, исломни фақатгина умавийларнинг юриш-туришида кўрган Шом аҳлига ўзларини қуйидагича таништирадилар:

  «Мен Макка ва Минонинг фарзандиман.»

  «Мен Замзам ва Сафонинг фарзандиман.»

  «Мен ҳажарул асфадни муборак этакларига олиб, ўрнига жойлаштирган кишининг фарзандиман.»

  «Мен мушриклар билан курашиб, уларни «Ла илоҳа иллаллоҳ» дейишга ундаган Алиййи Муртозонинг фарзандиман.»

  «Мен дунё аёлларининг сарвари Фотимаи Заҳронинг фарзандиман.»

  «Мен Хадичаи Кубронинг фарзандиман.»

  «Мен зулмситам ила танини қонга ботиришган ва муборак бошини танидан жудо айлашган шаҳиднинг фарзандиман.»

  «Мен чанқоқ ҳолда жон берган, вужуди Карбало тупроғига қоришган, само фаришталари унинг учун йиғлаётган бир пайтда салла ва абосини ғорат қилишган шахснинг фарзандиман.»

  «Мен бошини найза учига санчишган, аҳли аёлини асир олиб, Ироқдан Шомга келтиришган шахснинг фарзандиман.»

  Имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) падари бузрукворларини шаҳид қилганлар фақат Язид ва унинг қонхўр лашкаригина эмаслигини яхши билардилар.

  Бу даврга келиб, мамлакатнинг сиёсий вазияти анча нозиклашганди. Жоҳил кимсалар пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтини сиёсий саҳнадан четлаштириб, салтанат ва подшоҳлик тузумини аввалги жоҳилият даврига қайтаришга ҳаракат қилишарди.

  Буни яхши билган имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) жамиятни ҳақиқат сари ҳидоят этиш мақсадида дуо ва муножотлар билан маънавий инқилобга асос солдилар.

  Имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) ўз дуоларида инсонлар фитратида яширин бўлган художўйлик ҳиссини уйғотишга эътибор қаратадилар. Ана шу ҳис-туйғу инсоннинг ҳулқ-атворини ўзгартириб, уни камолот сари ҳидоят этиши муқаррардир. Художўй инсон исён, гуноҳ ва зулм-ситамдан парҳез қилади. Художўй инсон замона тўфонлари қаршисида ўз жони ва руҳини ҳимоя қила олади ва уни замонанинг шайтонларига топшириб қўймайди.

  Ҳасад, ғаразгуйлик, мансабпарастлик, кибр ва ғурур каби ножўя хислатлар инсон руҳиятига доимий равишда босим ўтказади. Имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) бу нолойиқ хислатларга қарши курашиш усулларини кўрсатадилар.

  Мисол учун, одамизотга хос хусусиятлардан бири унинг дунёга кўнгил қўйишидир. Имом ҳазратлари ўз таълимотларида дастлаб инсонга зарар етказгани учун дунё ва унинг ҳою ҳавасларини танқид қиладилар. Сўнгра эса, «Парвардигоро, дунёни мен учун ибодат ва бандалик қилиш маконига айлантир» дея илтижо қиладилар.

  Ул ҳазратнинг маънавий таълимотлари йиғиндиси бўлган «Саҳифаи Сажжодия» дуолар тўпламининг 47-дуосида буюрадилар:

  «Парвардигоро, сенинг наздингда мавжуд бўлган бахт-саодатдан мени қайтарувчи, сенга яқинлашишдан мени ғафлатга бошловчи тубан дунёнинг муҳаббатини қалбимдан кўтар.»

  Инсон табиатан шундай мавжудотким, бир нарсага кўпрок эътибор қаратса, бошқа амалдан ғафлатда қолади. Бу хусусият кўп холатларда унинг тўғри йўлдан адашишлари, ҳатто ҳалокатига сабаб бўлади.

  Имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) ҳазратлари ўзларининг кўпгина дуоларида; ўзидан ғофил қилиш, ўз бурчларини бажаришдан ғафлатда қолиш, охиратни унутиш, Аллоҳ ва Унинг неъматларидан ғофил қолиш каби ғафлатнинг турларини баён этиб, буюрадилар.

  «Бизни ғафлат ва нодонликка гирифтор этма. Зеро, биз сенинг висолингга муштоқ ва гуноҳлардан тавба қилувчилармиз.»

  Имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) инсонни ўз муносабатини ўзи билан ҳамда жамият, табиат ва Аллоҳ билан мувофиқлаштиришга ундайдилар. Ана шу мувофиқлик вужудга келгач, инсонда ботиний хотиржамлик юзага келиб, у ўзининг ҳаёт тарзи, одаму оламга нисбатан қарашлари, хулқ-атвори ва юриш-туришида Аллоҳга таслим бўлиб, ҳаёти саодатли ва маънавий лаззат касб этади.

  Бугун имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг Карбало фожеасида тирик қолган яккаю ягона фарзандлари Сажжод ва Зайнул Обидин унвони билан машҳур бўлган имом Али ибн Ҳусайн (алайҳимас салом) нинг шаҳодат кунларидир. Бу қайғули кунда барча мусулмонларга ҳамдардлик изҳор қиламиз.

  Азизилар, шу билан имом Сажжод (алайҳис салом) нинг шаҳодатларига бағишланган махсус суҳбатимизни якунлаб, сизлар билан хайрлашамиз. Хайр, меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг паноҳида бўлинг.

Share

Check Also

Имом Сажжоднинг ўзлари билан аҳмоқона муомалада бўлганларга муносабатлари

Диний раҳнамоларнинг ҳаётлари  биз учун шараф, эзгулик, олижаноблик ва инсонийлик дарсидир. Уларнинг маънавий сифатлари улар …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.