БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Нажоткор томон глобал чақириқ
Нажоткорнинг солиҳ ва адолатли ҳукуматининг ҳуқуқий хусусиятлари
ҚОНУНГА ИШОНИШ
Келинг, Нажоткорнинг идеалларини [орзу-истакларини] танийлик, унинг ҳақиқатига иймон келтирайлик, ўз ҳаётимизда унга амал қилайлик, токи У БУЮК ИНСОНнинг раҳбарлиги остида адолатга, маънавиятга, инсоний ахлоқ ва фазилатга тўла ва лиммо-лим бўлган хавфсиз ва осуда дунёни яратайлик.
Инсониятнинг Нажоткори бўлмиш Имом Маҳдий (алайҳис салом) Аллоҳ таоло томонидан пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га юборилган барча ҳақиқатларга тўлиқ ишонади …
- Нажоткорнинг сўзи: Аллоҳнинг китоби менинг наздимдадир. Мен уни қабул қилганимдан буён, ундан зинҳор ажралганим йўқ, яъни мен унга аниқ амал қилдим ва эндиликда ҳам амал қилмоқдаман.
- Жонимга қасамки, фақат Аллоҳнинг китоби асосида одамларга нисбатан ҳукм юритувчи ҳамда ўзи ҳам Аллоҳнинг динига эътиқод қилувчи бўлган кишигина имом ва раҳнамо бўла олади.
Ўзинг учун нимани хоҳласанг, одамларга ҳам ўшани раво кўр
- Аллоҳнинг каломи:
﴿أَتَأْمُرُونَ النَّاسَ بِالْبِرِّ وَتَنسَوْنَ أَنفُسَكُمْ وَأَنتُمْ تَتْلُونَ الْكِتَابَ ۚ أَفَلَا تَعْقِلُونَ﴾
«Одамларни яхшиликка буюриб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, сизлар [Аллоҳнинг юборган] китобини тиловат қиласизлар. Ақлингизни ишга солмайсизларми?!» (Бақара сураси, 44-оят).
﴿وَأْمُرْ أَهْلَكَ بِالصَّلَاةِ وَاصْطَبِرْ عَلَيْهَا﴾
«Аҳли оилангни намоз ўқишга буюр ва ўзинг ҳам бу ишда чидамли бўл!» (Тоҳо сураси, 132-оят).
- Нажоткорнинг сўзи: Адолатли ва инсофли инсон бўлишинг учун ўзингга раво кўрмаган нарсани бошқаларга ҳам раво кўрма! Ўзинг учун нимани хоҳласанг, бошқаларга ҳам ўшани раво кўр! Токи, сени фаришталар ёқтирсин ва одамларнинг қалбидан жой олгин!
- Йўлбошчи раҳбарнинг вазифаси, ўзи учун ниманики хоҳласа, бутун халқи учун ҳам ўшани хоҳламоқлигидир.
- Ўзинг ва оиланг учун нимани яхши кўрсангиз, умум инсонлар учун ҳам яхши кўргин! Ўзингга ва қариндошларингга раво кўрмаган нарсани одамларга ҳам раво кўрма. Зероки ушбу усул сенинг мантиқингни янада мустаҳкамлайди ҳамда одамларнинг ҳаётини яхшироқ тартибга келтиради.