Home / Долзарб мавзулар / Иқтисодий-Ижтимоий / Ислом ва спиртли ичимликлар (1)

Ислом ва спиртли ичимликлар (1)

  Исломнинг таълим ва тарбия усуллари бутун дунёга тааллуқли бўлган умуминсоний тузум бўлиб, маданият ва маърифат соҳасида инсонларнинг ҳақиқий саодатини таъмин эта оладиган, илоҳий ваҳийга асосланган қонун-қоидалардир. Ислом динининг даъвати ақл, виждон ва ички ҳис-туйғуларга xитоб этмоқ асосида тузилган.

Қуръони Каримнинг кўплаб оятлари эътиқодий ва амалий маорифимизни кучли далиллар келтириш тарзида баён этиб, етарли далиллар билан воқеликка таяниб, ўз ҳадаф ва мақсадларини инсонларга намоён этади. Дарҳақиқат, ислом инсоният вужудидаги ҳис қилувчи ва идрок этувчи кучни қадрлаб, унга хос эътибор қаратган.

  Ислом яратилган мавжудотлар сирасидан бўлган инсонларни ақл ва заковатнинг кучи билан ҳайвонлар қаторидан чиқаришни истайди; фитрий фаҳм ва тушунча асосида унинг яратилишида назарда тутилан ва ақл-идрокка топширилган мақсад сари тўғри олиб бормоққа тиришади.

  Ислом шахсий ва ижтимоий ҳаётни ақлнинг зиммасига юклаб, бу буюк неъматни шу қадар эъзозлаб юқори баҳо беганки, ақлни инсонга йўл кўрсатувчи ички пайғамбар, деб таниттиради. Ақлнинг саъй-ҳаракатини пучга чиқариб, Аллоҳнинг бу буюк неъматининг табиий фаолиятига тўсқинлик қиладиган ҳар бир нарсанинг олдини олишни зарур, деб билади. Ҳаттоки, бир лаҳзага ҳам, унинг фаолиятини тўхтатиб, нобуд қилишга ижозат бермайди.

  Спиртли ичимликлар ақлнинг фаолиятига тўғридан тўғри салбий таъсир кўрсатадиган омиллардандир. Спиртли ичимликлар инсонлар жамиятида жисмоний ва руҳий соғликка, ҳамда одоб-ахлоқ ва маънавиятга катта зарар келтиради. Бундан ҳам зарар келтирувчи ва ачинарли нарса бормикан? Миллионлаб литр спиртли ичимликлар истеъмол қилиш натижасида фикр юритиш ҳамда тўғри ва пок ўйлаш хусусияти мутлақо ўртадан кўтарилади ва борлиқ оламнинг такомил топиш йўлидан оғиб, спиртли ичимликларга муккасидан кетган жамият инсонни бошқа жонзотлардан ажратувчи ақл-идрокни қўлдан бериб, бахт-саодатга эришолмайди.

  Ислом дини инсон ақлини оздирадиган маст қилувчи спиртли ичимликларни кескин шаклда тақиқлайди ва ҳатто бу ичимликлардан бир қатра ичишга ҳам рухсат бермай, буни буюк гуноҳ деб ҳисоблайди.

  Исломнинг юзага келган муҳитида (Арабистон ярим оролида) май ичмоқ жуда кенг тарқалган эди. Жоҳилият давридаги араблар бу қабиҳ ва жирканч амалга одат қилгандилар. Жаҳл ва фасод уларнинг онгига ва бутун вужудига сингиб кетган эди. Бахти қаролик, худбинлик, ёвузлик ва фасод-бузғунлик одамларни қамраб олган эди. Бундай бир муҳитда илоҳий бир инсон оёққа туриб, тақво ва имон асосида башариятнинг саодатли бўлиш пойдеворларини мустаҳкамлади. У Аллоҳнинг ваҳийига асосланиб, ўзининг ардоқли ва чуқур таълимотлари билан покиза ҳаётнинг асосий йўлини инсонларга кўрсатди.

  Жоҳилиятдан мерос қолган ва умумий тус олган бу жирканч одатнинг, майхўрликнинг тақиқланиши ва араблар уни тарк этиши исломнинг ҳайратомуз муваффақиятларидандир. Албатта, ушбу жирканч одатни, яъни майхўрликни таг-томири билан йўқотиш ва уни ҳаром этиш жараёни аста-секинлик ва муроса-мудора йўли билан амалга оширилди. Биринчи марта майхўрликнинг шахсий ва ижтимоий зарарлари ёпиқ шаклда гуноҳ номи билан айтилди.[1]

  Бироқ сўнгги марта очиқ шаклда майнинг зарар ва зиёнлари уқтирилиб, уни ичиш ҳаром қилинди ва қатъий тарзда тақиқланди.

<إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلاةِ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنْتَهُونَ>

  «Шак-шубҳасиз, шайтон май ва қимор сабабли ораларингизга адоват ва нафрат солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни истайди, холос. Энди сизлар (май ичишдан) тийиларсизлар?!» (Моида сураси 91- оят.)

  Май ичишни тақиқлаган ояти карима нозил бўлганда, ўша вақт баъзи араблар ичкилик билан машғул эдилар. Ушбу оятни эшитгандан сўнг, ўйламасдан иккиланмай, кучаларда май идишларини синдириб, уларнинг ичидагиларни ерга тўка бошладилар.

  Анас ибн Молик дейди: «Оят нозил бўлган вақт, биз Абу Талҳанинг уйида май ичиш билан машғул эдик. Ўша пайт, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг жарчиси жар солиб деди: Эй мусулмонлар! Огоҳ бўлингизким, май ичиш ҳаром қилинди ва уни кучаларга тўкингиз. Абу Талҳа мендан майларни кучага тўкишни талаб этди ва мен ҳам унинг талабига биноан, майларни кучага тўкдим. Айримлар май идишларини кучаларда синдирардилар ва бошқа баъзилар эса, уларни сув билан поклардилар. Мадина кучаларига шу қадар май тўкилгандики, бир неча муддат ёмғир ёғганда майнинг ранги ва ҳиди ерда намоён бўларди.»

  Бу қонун мусулмонлар орасида шу даражада ўз таъсирини кўрсатдики, ислом қўшинлари орқали фатҳ ва забт этилган ҳар бир ўлкада қисқа муддат мобайнида майхўрликдан ҳеч бир асар қолмасди. Эндиликда ҳам, янги маданиятнинг совғаси бўлмиш турли-туман фасод ва бузғунликлар мусулмонлар ўртасида илдиз ёйишига қарамай, ҳануз ҳам миллионлаб мусулмонларни дунёнинг барча минтақаларида топиш мумкинки, бутун умри бўйи бир қатра ҳам май ичмаган. Ҳатто уларнинг фикрига май ичиш келмаган ҳам.

  Башарий қонунларнинг нуқсонларидан бири шундан иборатки, инсоннинг ўзгарувчанлиги қонун чиқаришда асар қилади ва натижада чиқарилган қонуннинг ўзгаришига олиб келиб, инсонларнинг ҳаёти ҳам ўзгариш ҳолатига келади. Шу боис, қонунларнинг ўзгартириши ҳам инсонларни турли-туман ўзгаришларга дучор этади. Шу ўринда диққатга сазовор икки тажрибани зикр қиламиз:

  Биринчи тажриба АҚШ-да спиртли ичимликларни ман қилиниши ҳақидаги қонуннинг чиқарилиши ва куч ишлатиб халқни кўпгина фасод-бузғунлик ва бахти қароликларга олиб келган бу ҳалокатли май ичиш одатини тарк этишга мажбурлаш ва унинг натижалари борасидадир. Иккинчи тажриба эса, исломнинг илк даврида май ичишни тақиқлаган оятнинг нозил бўлиши биланоқ юз берган ҳодиса хусусидадир. Бу икки тажрибани бир-бири билан таққослаб, улардан ибрат олиш мумкин.

  АҚШ кoнституцияга 18- моддани тузатиш иши илова қилинишдан олдин, бу ўлкада бир гуруҳ хайрxоҳ одамлар томонидан спиртли ичимликларни истеъмол қилишга қарши кучли ва кенг кўламли тарғибот ишлари бошланди. Улар ўн йил муддатида, хилма-хил китоблар ва мақолалар битиб, ичкиликка муккасидан кетган шахсларнинг аянчли ҳаётини кўрсатиш учун турли хил филмлар ишлаб чиқиб, бу борада кўплаб нутқ сўзладилар ва шу орқали спиртли ичимликларнинг инсон соғлигига зарар келтиришини, ҳамда уларнинг руҳий, ахлоқий, маънавий ва иқтисодий зиёнларини халққа тушунтирадилар ва бу борада толиқмас фаолият билан Америка халқини майхўрликдан қайтаришга ҳаракат қиладилар.

  Бу ҳаракат бошланишидан 1925-йилга қадар тахминан 65 миллиoн дoллар пул ўша гуруҳнинг олиб борган тарғибот ишига сарфланди. Натижада Америка халқининг кўпчилиги талабига биноан, давлатнинг қонунчилик палатасидан спиртли ичимликларни тақиқлаш ҳақида қонун чиқариш таклифи киритилди. Ушбу мавзу аниқ кўриб чиқилиб, бунинг ижобий ва салбий жиҳатлари ўрганилгандан сўнг, АҚШ кoнгресси ва Сенати спиртли ичимликларнинг тақиқланиши ҳақида қонун қабул қилди.

  Аммо ушбу қонун ҳали кучга киритилмай туриб, спиртли ичимликка одат қилган иштиёқманд халқ ўзгариб, ўзининг аввалги ақидасидан қўл тортди. Бунинг оқибатида, май ичиш дўконлари кўпайиб кетди ва у ерларда жуда зарарли спиртли ичимликлар сотилиб, истеъмол қила бошланди. Халқ қонун жазосидан қочиш учун турли воситалардан фойдаланиб, спиртли ичимликларни олиб сотиш билан шуғулландилар. Яширин тарзда ароқ ишлаб чиқариш корхоналари ва сотув марказларининг сони ва ноқонуний йўл билан ўлкага спиртли ичимликлар киритиш фаолиятлари аввалга қараганда бир неча маротаба кўпайди. Қонун қабул қилинишидан олдин ўлкада 400 дан ортиқ ароқ корхонаси мавжуд бўлса, қонун чиқарилгандан етти йил ўтгач, яширин ароқ корхоналарининг сони 80 мингга етди! Секин-аста ўғил ва қиз болалар майхўрлик тамаддихоналарга оёқ чиқара бошладилар. Спиртли ичимликлар сотиб юрувчи бир гуруҳ эса, мижоз топиш учун одамларнинг уйига, саёҳат маконларига, мактабларга ва меҳмонхоналарга борардилар. Бора-бора спиртли ичимликлар ноқонуний ва қочоқ йўллар билан шаҳарлардан қишлоқларга ўтиб, жиноятчилик статистикаси шитоб ошиб борди. Американинг адлия маҳкамаси кўрсатган статистика бўйича, 13 йил мобайнида спиртли ичимликларни тақиқлаган қонуннинг ижро этилишида 200 нафар ўлдирилди, 500 минг нафар қамоққа олинди, тахминан 400 миллиoн дoлларлик халқнинг мол-мулки мусодара қилинди. Қонунни оёқ ости қилганлардан бир ярим миллион лира жарима олинди.

  Кичик ёшлилар орасида жиноятлар сони тақиқланишдан олдинга нисбатан бир неча маротаба ошганди. Шу даражада эдики, Америка қозиларининг айтишича; Бунчалик ёш болаларнинг маст ҳолда қўлга олиниши бизнинг ўлкамиз тарихида илгари юз бермаган. Дахлдор огоҳ шахсларнинг берган маълумоти бўйича, 1920-йилдан бошлаб саккиз йил давомида ёшларнинг спиртли ичимликларга берилиши зудлик билан ошиб борди ва спиртли ичимликларга мубтало бўлганларнинг сони тақиқланишдан олдинга қараганда уч баробар кўпайди.


[1]. Аъроф сураси, 33-оят.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.