Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Бақара сураси / Бақара сурасининг 19-21 оятлари тафсири

Бақара сурасининг 19-21 оятлари тафсири

  Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

  Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, Бақара сурасининг 19 – ояти таржимаси ва тафсирини эътиборингизга ҳавола этамиз:

 <أَوْ كَصَيّبٍ مِّنَ السَّمَآءِ فِيهِ ظُلُمَتٌ وَرَعْدٌ وَبَرْقٌ يَجْعَلُونَ أَصَبِعَهُمْ فِى ءَاذَانِهِم مِّنَ الصَّو عِقِ حَذَرَ الْمَوْتِ وَاللَّهُ مُحِيطٌ بِالْكَفِرِينَ>

  «Ёки қоронғуликлар, момақалдироқ ва чақмоқ билан қопланган осмондан [тушаётган] жала[га дучор бўлиб,] яшинлар баробарида ўлимдан қўрққанлари учун, бармоқларини қулоқларига тиқиб олган одамлар кабидирлар. Ва Аллоҳ эса кофирларни қамраб олувчидир.»

  Аллоҳ таоло ушбу суранинг ўн еттинчи оятида мунофиқни ўзининг ёруғлик ва нурини йўқотган, зулматлар ичида овораю сарсон бўлиб қолган шахсга ташбиҳ этган эди. Аммо ушбу оятнинг баёнида, мунофиқ киши шаррос қуйилаётган ёмғир, тунни зулмати, момақалдироқни гумбирлаш овози чоғларида ўлимдан қўрқиш ва саросимага тушиш ҳолатига дучор бўлган киши кабидир. Аммо унинг ёмғирдан ўзини ҳимоялаш учун паноҳ топадиган жойи, зулмат учун нури ҳамда ўлим яшини олдида осуда қулоғи ёки тинчланган руҳи йўқдир.

  Бу оятдан, биринчидан мунофиқлар ташвиш ва хавотирларда ғарқ бўлишгани ҳамда шу дунёда ҳам ҳадиксираш ва изтиробли ҳолат уларнинг ёқаларидан ушлаганини;

  Иккинчидан, ўлимдан қўрқув доимо мунофиқларнинг қулоғида чалиниши ва уларнинг руҳий осудаликларини йўқотишини;

  Учинчидан эса, Аллоҳ таоло мунофиқларни иҳота қилиб олгани ва уларнинг фитналарини фош этишини ўрганиб оламиз.

  Энди Бақара сурасининг 20 – оятининг таржимаси ва тафсири билан танишамиз:

>يَكَادُ الْبَرْقُ يَخْطَفُ أَبْصَرَهُمْ كُلَّمَآ أَضَآءَ لَهُم مَّشَوْاْ فِيهِ وَإِذَآ أَظْلَمَ عَلَيْهِمْ قَامُواْ وَلَوْ شَآءَ اللَّهُ لَذَهَبَ بِسَمْعِهِمْ وَأَبْصَرِهِمْ إِنَّ اللَّهَ عَلَى‏ كُلِّ شَى‏ءٍ قَدِيرٌ<

  «Чақмоқ уларнинг кўзларини кўр қилишига яқин қолади. Ҳар гоҳ [чақмоқ уларнинг йўлини] ёритса, унинг ёғдусида [бир оз олдинга қараб] юрийдилар ва [уларнинг атроф-тевараги] қоронғилашиб қолганда эса, [саросимага тушган ҳолларида] тўхтаб турадилар. Ва агар Аллоҳ истаса эди, уларнинг қулоқини [эшитишдан] ва кўзларини [эса кўришдан] кеткизарди. Чиндан, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир Зот.»

  Аллоҳ таоло ушбу оятда мунофиқларнинг ҳайратлари, иккиланишлари ва умумий руҳий ҳолатларини момақалдироқ бўлиб чақмоқ чақиб, осмонни зулмат босиб, қаттиқ ёмғир ёққанда кўчада қолган бечора одамга ўхшатади. У қўрққанидан даҳшатга тушиб, яшиндан қутулмоқчи бўлади, панжаларини қулоқларига тиқиб, шу мени ўлимдан сақлайди, деб туради. Мунофиқлар куфр ва нифоқ зулматидадирлар; чақмоқ чаққан пайтдаги ёруғликдан фойдаланиб, бир-икки қадам ташлай оладилар, чақмоқдан кейин яна қоронғуда туриб қоладилар.

  Бу оятдан, биринчидан мунофиқ илоҳий нурни кўришга тоқат қилолмаслиги ва Аллоҳни каломи осмондаги момақалдироқ каби уларнинг кўзлари нурини қамаштиришини;

  Иккинчидан, агарчи мунофиқ баъзида бир неча қадам олдинга борса-да, аммо яна ортга қайтишини;

  Учинчидан, мунофиқ қилиб юрган ишлари сабабли, ҳар лаҳзада илоҳий қаҳру ғазабга учраши мумкинлигини ўрганиб оламиз.

  Суҳбатимиз сўнггида Бақара сурасининг 21- ояти таржимаси ва тафсири билан танишамиз:

<يَأَيُّهَا النّاسُ اعْبُدُواْ رَبَّكُمُ الَّذِى خَلَقَكُمْ وَالَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ>

  «Эй инсонлар, Сизларни ва Сиздан олдингиларни яратган парвардигорингизга ибодат қилингиз. Шоядки, тақводор бўлсангиз.»

  Ушбу ояти каримада умумбашарга қарата нидо этилмоқдаки, сизларни яратган, тарбияловчингиз бўлмиш улуғ Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизларни яратишда У ягона бўлган, шу боис, ёлғиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизга У ҳақлидир. Ибодатдан мақсад эса, тақводор бўлишингиздир.

  Кўпчилик одамлар Аллоҳ таолони ўзларининг ва бутун борлиқнинг яратувчиси ўлароқ қабул қилишади, аммо ўзлари ҳамда жамият турмуши учун дастур ва қонунларни бошқалардан олишади. Уларни бу ишлари худди Аллоҳ бандаларини яратиб, кейин хоҳлаган ишларини қилишлари учун ўз ҳолларига қўйиб юборгандек маъно –мазмунни ифода этади.

  Бу ояти карима бизларга шуни таълим бермоқдаки, яратган буюк зот ва тарбияловчингиз бўлмиш Аллоҳ таоло ҳаёт ва турмушингиз учун муносиб дастурлар ва қонунларни белгилаб қўйган. Шундай экан, фақат Унга итоат этинг ва Унинг амрларини муҳтарам деб билиб, уларга тобе бўлингизким, бунинг нафи сизларнинг ўзингизга етади.

  Бу оятдан биринчидан, пайғамбарларни даъвати умумий эканлиги ва алоҳида бир қатлам ёки тоифага хос эмаслигини;

  Иккинчидан, Аллоҳ таолога ибодат қилишнинг далил ва фалсафаларидан бири, бизлар ва ота – боболаримиз учун бериб қўйган сўнгсиз неъматларига шукроналар айтиш эканлигини; Учинчидан, яратилиш неъмати Аллоҳ таоло бизларга берган энг дастлабки ва улуғ неъмат эканлигини; Тўртинчидан эса, ибодат бандани тақво ва покликка етаклаши, агар ибодат бизда тақво руҳиясини вужудга келтирмаса, ибодат бўлолмаслигини ўрганиб оламиз.

Share

Check Also

Муборак Бақара сурасининг 79 ва 84 – оятлари тафсири

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.