Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Бақара сураси / Муборак Бақара сурасининг 97 ва 102 – оятлари тафсири

Муборак Бақара сурасининг 97 ва 102 – оятлари тафсири

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, қалбларимиз Аллоҳнинг оятлари ёғдусида нур ва ёруғликка тўлиб тошиши умидида Бақара сурасининг 97 ва 98-оятлари таржимаси ва тафсирига диққатингизни жалб этамиз:

قُلْ مَن كَانَ عَدُوًّا لِّجِبْرِيلَ فَإِنَّهُ نَزَّلَهُ عَلَىٰ قَلْبِكَ بِإِذْنِ اللَّـهِ مُصَدِّقًا لِّمَا بَيْنَ يَدَيْهِ وَهُدًى وَبُشْرَىٰ لِلْمُؤْمِنِينَ ﴿٩٧﴾ مَن كَانَ عَدُوًّا لِّلَّـهِ وَمَلَآئِكَتِهِ وَرُسُلِهِ وَجِبْرِيلَ وَمِيكَالَ فَإِنَّ اللَّـهَ عَدُوٌّ لِّلْكَافِرِينَ ﴿٩٨﴾

97. [Биз Жаброилга душман бўлганимиз учун, сени ҳам қабул қилмаймиз деган яҳудийларга жавобан] айтгин: «Кимки, Жаброилга душман бўлса, [шубҳасиз, Аллоҳга душмандир.] Зеро, у Аллоҳнинг изни [ва фармони] билан қалбингга ўзидан аввалги [китоблар]ни тасдиқловчи ва мўминларга ҳидоят ва хушхабар бўлган [Қуръонни] нозил қилди».

98. Кимки, Аллоҳга ва Унинг фаришталарига ва элчиларига, Жаброил ва Микоилга душман бўлса, [кофирдир ва] шубҳасиз, Аллоҳ кофирларга душманидир.

«Жаброилга душман бўлганлар» яҳудийлардир. Улар фаришта Жаброил (алайҳис салом)ни ўзларига душман деб ҳисоблашар эди. Бунга далил ўлароқ, ривоят қилинишича, яҳудийлар пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан узоқ суҳбат қурган эдилар. Шунда улар: «Ҳар бир пайғамбарнинг унга хабар келтирадиган фариштаси бўлади. Бизга айтингчи, сизнинг соҳибингиз ким?» дейишди. Ул зот: «Жаброил (алайҳис салом)», дедилар. Улар ул ҳазратга жавобан: «Жаброил урушни, жангни ва азобни туширади. У бизнинг душманимиздир. Агар раҳмат, ёмғир ва набототларни олиб тушадиган Микоил деганингизда, яхши бўларди», дейишди.

Юқоридаги оятлардан дин, унинг барча кўрсатмаларига иймон келтириш лозим бўлган мажмуа эканлигини, жумладан Аллоҳ таолога иймоним бор-у, лекин фалончи фариштани ёқтирмайман ёки фалончи пайғамбарга эътиқодим йўқ деб айтиб бўлмаслигини ҳамда чинакам мўмин Аллоҳга, барча пайғамбарларга ва фаришталарга иймон келтириши зарурлигини ўрганиб оламиз.

Энди Бақара сурасининг 99 ва 100-оятлари таржимаси ва тафсирини кўздан кечарамиз:

وَلَقَدْ أَنزَلْنَا إِلَيْكَ آيَاتٍ بَيِّنَاتٍ ۖ وَمَا يَكْفُرُ بِهَا إِلَّا الْفَاسِقُونَ ﴿٩٩﴾ أَوَكُلَّمَا عَاهَدُوا عَهْدًا نَّبَذَهُ فَرِيقٌ مِّنْهُم ۚ بَلْ أَكْثَرُهُمْ لَا يُؤْمِنُونَ ﴿١٠٠﴾

99. Чиндан ҳам, Биз сенга аниқ-равшан оятларни туширдик, уларни фақат фосиқларгина инкор этадилар.

100. [Шундай эмасми] ҳар гал [яҳудийлар, Аллоҳ ва Унинг элчилари билан] бирор аҳд-паймон тузсалар, улардан бир гуруҳи уни четга суриб ташлашди? [Улар нафақат қилган аҳд-паймонларини бузадилар,] балки уларнинг кўплари иймон ҳам келтирмаслар.

Олдинги оятларда яҳудийлар пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га Аллоҳнинг оятларини сизга фаришта Жаброил туширгани учун иймон келтирмаймиз дея баҳона қилишгани баён этилди. Бу оятларда ҳам яҳудийларнинг кейинги баҳоналари баён этилади. Улар ўзларининг навбатдаги баҳоналарида Пайғамбаримизга қараб: Биз бу китобдан ҳеч нарсани англамаймиз ва ундаги сўзлар биз учун тушунарли ва равшан эмас. Шунинг учун, сизга иймон келтирмаймиз ва Қуръонни сизнинг мўъжизангиз ўлароқ, қабул қилмаймиз, дейишди. Ваҳоланки, Қуръон оятларини ўқиш ва улар устида тафаккур юритиш билан сўнгги Пайғамбарнинг набийлиги рост ва ҳақ эканлигини ҳамда Қуръоннинг самовий буюк китоб эканлигини англаш қийин эмас. Албатта, ушбу ҳақиқатни қалблари гуноҳ туфайли қоронғулашган ва ҳақиқатни қабул қилишга шай бўлмаган кишилар англашдан ожиздирлар.

Бу оятлардан биринчидан, агар кўплаб одамларнинг иймон келтирмаётганларини кўрсак, илоҳий динларнинг ҳақлигига шак қилмаслигимиз лозимлигини, балки уларнинг вужудларини гуноҳ қамраб олгани учун бу кўйга тушиб қолишганини англашимиз зарурлигини;

Иккинчидан эса, фақат илмнинг ўзи етарли эмаслигини, балки ҳақиқатни ҳам қабул қилиш лозимлигини ўрганиб оламиз.

Суҳбатимиз якунида Бақара сурасининг 101 ва 102-оятлари таржимаси ва тафсири билан танишамиз:

وَلَمَّا جَآءَهُمْ رَسُولٌ مِّنْ عِندِ اللَّـهِ مُصَدِّقٌ لِّمَا مَعَهُمْ نَبَذَ فَرِيقٌ مِّنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ كِتَابَ اللَّـهِ وَرَآءَ ظُهُورِهِمْ كَأَنَّهُمْ لَا يَعْلَمُونَ ﴿١٠١﴾ وَاتَّبَعُوا مَا تَتْلُو الشَّيَاطِينُ عَلَىٰ مُلْكِ سُلَيْمَانَ ۖ وَمَا كَفَرَ سُلَيْمَانُ وَلَـٰكِنَّ الشَّيَاطِينَ كَفَرُوا يُعَلِّمُونَ النَّاسَ السِّحْرَ وَمَا أُنزِلَ عَلَى الْمَلَكَيْنِ بِبَابِلَ هَارُوتَ وَمَارُوتَ ۚ وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنْ أَحَدٍ حَتَّىٰ يَقُولَا إِنَّمَا نَحْنُ فِتْنَةٌ فَلَا تَكْفُرْ ۖ فَيَتَعَلَّمُونَ مِنْهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِ بَيْنَ الْمَرْءِ وَزَوْجِهِ ۚ وَمَا هُم بِضَآرِّينَ بِهِ مِنْ أَحَدٍ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّـهِ ۚ وَيَتَعَلَّمُونَ مَا يَضُرُّهُمْ وَلَا يَنفَعُهُمْ ۚ وَلَقَدْ عَلِمُوا لَمَنِ اشْتَرَاهُ مَا لَهُ فِي الْآخِرَةِ مِنْ خَلَاقٍ ۚ وَلَبِئْسَ مَا شَرَوْا بِهِ أَنفُسَهُمْ ۚ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ ﴿١٠٢﴾

101. Қачон Аллоҳ томонидан улардаги нарсани тасдиқловчи бирор пайғамбар уларга келса, китоб берилганлардан бир гуруҳи [гуё ҳеч нарсани] билмагандек Аллоҳнинг Китобини ортларига отишди.

102. Ва [яҳудийлар Таврот ўрнига] Сулаймон ҳукмронлигига қарши шайтонлар [ўзларининг сеҳр ва жоду ҳақида ёзилган китобларидан] ўқийдиган нарсага эргашдилар. Сулаймон [сеҳр ва жоду қилиб] кофир бўлмади [ўша даврда сеҳрнинг гуноҳи кофир бўлишга сабаб бўладиган бир пайтда, ҳазрат Сулаймон пайғамбар сеҳр қилиб кофир бўлмади], лекин шайтонлар одамларга сеҳр ўргатиб, кофир бўлишди ҳамда [яҳудийлар] Бобил шаҳрида Ҳорут ва Морут исмли икки фариштага нозил қилинган нарсага эргашишди. Ҳолбуки, у иккови: «Бизлар фақат синов воситасимиз [ва сеҳрни фақат сеҳргарларга қарши чиқиш ва уларнинг сеҳрини пучга чиқариш учун, сизларга ўргатамиз. Демак, сеҳрни тақиқланган ўринларда ишлатиб] яна кофир бўлиб қолма» деб, [олдиндан] айтмагунларича ҳеч кимга сеҳр ўргатмасдилар. [Бироқ] улар у икковидан эр-хотиннинг орасини ажратадиган нарсани ўрганишарди. Ва [агарчи] улар Аллоҳнинг изнисиз ўша [сеҳр] билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар. Ва улар ўзларига зарар етказадиган ва уларга фойда бермайдиган нарсани ўрганишарди. Ва [яҳудийлар] уни [сеҳр ва жодуни] сотиб олган кишига охиратда ҳеч бир насиба йўқлигини жуда яхши билишарди. Ҳақиқатан, қандай ҳам ёмон нарсага ўзларини сотдилар, агар билсалар эди.

Ушбу «Аллоҳнинг китоби»дан мурод Таврот бўлиши мумкин. Чунки, унда Аллоҳнинг сўнгги элчиси Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пайғамбар бўлиб келишининг башорати бор. Юқоридаги ояти каримада Тавротнинг башоратини тан олмаган яҳудийларнинг бир тоифаси Китобни орқаларига қараб отганлар, деб васф этилмоқда. Айни пайтда, ўша «Аллоҳнинг китоби»дан мурод Қуръони Карим ҳам бўлиши мумкин. Чунки, яҳудийлар уни ҳам қабул қилмадилар.

Оятнинг давомида таъкидланмоқдаки, Аллоҳ таоло Сулаймон (алайҳис салом)га берган мўъжизаларни кўриб, одамлардан баъзилари иймонга келди ва иймонлиларнинг иймони эса мустаҳкамланди. Аммо кофирлар, душманлар ва шайтонлар: «Сулаймон сеҳргардир. У ўз сеҳрининг кучи билан турли ҳайвонлар ила муносабатда бўлмоқда, жинларни ишлатмоқда» деган гапларни тарқатишди. Пайғамбарлик мўъжизаси илоҳий неъмат бўлиб, фақат Аллоҳ томонидан хос инсонларга берилади. Сеҳр эса, ўргатувчидан ўрганса бўладиган ҳамда ёмонликка ишлатиладиган бир нарсадир. Шундай қилиб, мўъжиза нимаю, сеҳр нима эканлиги кишиларга амалда кўрсатилган экан.

Ушбу ояти карима мазкур масалани баён этаркан, Сулаймон сеҳргар бўлган, деган даъвога «Сулаймон кофир бўлмаган» деб жавоб бермоқда. Бундан эса сеҳр куфрга тенглаштирилгани тушунилади. Бу маънони «Лекин шайтонлар одамларга сеҳр ўргатиб кофир бўлдилар», деган жумла янада таъкидламоқда. Кофирликни бўйнига олиб, сеҳр ўрганганлар сеҳрларини нимага ишлатишади? деган саволга: «Эр-хотиннинг ўртасини бузишга» деб жавоб берилган мазкур оятда. Демак, ояти каримада сеҳр ва сеҳргарлик ёмон нарса эканлиги ва асосан ёмон йўлда ишлатилиши ошкора баён қилинган. Cеҳр ўрганганларга, уни ёмонликка ишлатганларга охиратда ҳеч қандай насиба қолмайди. Буни уларнинг ўзлари ҳам яхши биладилар.

Аммо бунинг акси ўлароқ, сеҳрни фақат сеҳргарларга қарши чиқиш, уларнинг сеҳрини пучга чиқариш ва таъсирсизлантириш учун сеҳр ўргатиш ва ўрганиш шариатда жоиз эканлиги юқоридаги ояти каримадан тушунилади. Демак, сеҳрни эр-хотиннинг ўртасини бузиш ва иссиқ-совуқ қилиш каби тақиқланган ўринларда ишлатиш кабира (катта) гуноҳлардан бўлиб, кишининг кофир бўлиб қолишига олиб келади.

Бу оятлардан биринчидан, илм доимо фойдали эмаслиги, балки илм ҳам пичоқдек кесувчи эканлиги, агар жарроҳлик амалини бажарувчи дўхтирнинг қўлига тушса, беморни ўлимдан нажот бериши, аммо қотилнинг қўлига тушса, соғлом одамни ўлдиришини;

Иккинчидан эса, Иблис ва шайтонлар эр билан хотиннинг ўртасига ихтилоф ва тафриқа солиш ҳамда хонадонларда жанжал келтириб чиқаришга уринишлари, бироқ фаришталар уларни яраштиришга ҳамда ораларини ислоҳ этишга ҳаракат қилишлари, бандалар ҳам икки тоифага бўлиниб, улардан бир тоифаси иблислар йўлидан борсалар, иккинчи тоифаси фаришталар йўлидан боришларини ўрганиб оламиз.

Share

Check Also

Муборак Бақара сурасининг 74 ва 78 – оятлари тафсири

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.