Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Бақара сураси / Бақара сурасининг 25 – 27 оятлари тафсири

Бақара сурасининг 25 – 27 оятлари тафсири

  Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

  Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, диққатингизни Бақара сурасининг 16 – ояти таржимаси ҳамда тафсирига жалб этамиз:

 <وَبَشِّرِ الَّذِینَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أَنَّ لَهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِی مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ ۖ کُلَّمَا رُزِقُوا مِنْهَا مِن ثَمَرَةٍ رِّزْقًا ۙ قَالُوا هَـٰذَا الَّذِی رُزِقْنَا مِن قَبْلُ ۖ وَأُتُوا بِهِ مُتَشَابِهًا ۖ وَلَهُمْ فِیهَا أَزْوَاجٌ مُّطَهَّرَةٌ ۖ وَهُمْ فِیهَا خَالِدُونَ>

  «Имон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларга башорат бергинки, улар учун остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннат боғлари бор. Ҳар гоҳ ўша [жаннат боғ]ларининг бирор мевасидан тановул қилсалар: «Бу бизга бундан олдин ҳам ато этилган ризқнинг худди ўзи-ку», дейишади. Ҳолбуки, уларга шунга ўхшаш мевалар келтирилади. Ҳамда улар учун у ерда покиза завжалар [аёллар] бор ва улар у ер [жаннат боғлари]да абадий қолурлар.»

  Ушбу ояти каримада Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад аллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) га хитоб қилиб, имон келтирган ва солиҳ амал қилганларга башорат – суюнчи хабар беришни буюрмоқда. Демак, унинг дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатга кириш учун имон келтириш, яъни ёлғиз Аллоҳга, Унинг сўнгги Пайғамбарига, Қуръонга, олдинги пайғамбарлар ва уларга юборилган илоҳий китоблардан иборат имон келтириш лозим бўлган барча нарсаларга имон келтириш ҳамда солиҳ ва эзгу амалларни, яъни Қуръон ва суннатда яхши деб таърифланган ишларни қилиш зарурдир.

  Бу оятдан биринчидан, тўғри тарбия учун таҳдид (қўрқитиш) ва ташвиқ (қизиқтириш) ёнма- ён туриши лозимлиги, олдинги оятда кофирлар жаҳаннам билан таҳдид қилинганидан кейин, ушбу оятда мўъминларга жаннат башорати берилаётганини;

  Иккинчидан, имон борлигининг белги – аломати солиҳ амални бажариш эканлиги, шу нуқтаи назардан Қуръони Карим доимий равишда буларни ёнма- ён келтирганини;

  Учинчидан, Қуръон қарашидан бошқаларга яхши кўриниш ва манманлик учун қилинадиган хайрли ишлар эмас, балки имон ёғдусида ҳамда илоҳий ният ва мақсад билан амалга ошириладиган ишлар солиҳ амаллар ҳисобланишини;

  Тўртинчидан эса, жаннат аҳли учун покиза жуфтларнинг бўлиши ва улар у ерда абадий қолишларини ўрганиб оламиз.

  Энди Бақара сурасининг 26 – ояти таржимаси ҳамда тафсирини кўриб чиқамиз:

<إِنَّ اللَّـهَ لَا یَسْتَحْیِی أَن یَضْرِبَ مَثَلًا مَّا بَعُوضَةً فَمَا فَوْقَهَا ۚ فَأَمَّا الَّذِینَ آمَنُوا فَیَعْلَمُونَ أَنَّهُ الْحَقُّ مِن رَّبِّهِمْ ۖ وَأَمَّا الَّذِینَ کَفَرُوا فَیَقُولُونَ مَاذَا أَرَادَ اللَّـهُ بِهَـٰذَا مَثَلًا ۘ یُضِلُّ بِهِ کَثِیرًا وَیَهْدِی بِهِ کَثِیرًا ۚ وَمَا یُضِلُّ بِهِ إِلَّا الْفَاسِقِینَ>

  «Чиндан, Аллоҳ чивин ва ундан юқорироқ [ёки пастроқ]нарсаларни мисол қилиб келтиришдан ҳаё қилмайди. Имон келтирганлар, бу [мисол]нинг ҳақиқатан парвардигорлари ҳузуридан [бўлган]тўғри-ҳақиқат эканини биладилар. Аммо кофир бўлганлар эса: «Аллоҳ бу мисолдан нимани кўзлаган?», дейишади. [Аллоҳ]кўпларни ўша[мисол]билан адаштиради ва кўпларга ўша билан йўл кўрсатади. Бироқ [Аллоҳ]бу билан итоат сизларнигина адаштиради, холос.»

  Қуръондек китобни келтириш ва бу илоҳий китобнинг мустаҳкам мантиғи қаршисида ожиз қолган Ислом душманлари Қуръони Карим мисолларини баҳонага айлантириб, шундай айтишади: Аллоҳ таоло бундай мисолларни келтиришдан устунроқдир, мисол келтириш Худога эмас, инсонга хосдир. Аллоҳнинг мақомига чивин ёки ўргимчакни мисол қилиб келтириш ярашмайди.

  Аслини олганда Худонинг борлигига ҳам ишонмайдиган мухолифларнинг бундай гап –сўзларни айтишдан мақсадлари фақатгина мусулмонларни Қуръони Карим ва Пайғамбарга нисбатан шак – шубҳага дучор этиш ҳамда уларнинг имонларини сусайтириш эди.

  Ваҳоланки, Қуръони Каримнинг ҳамма мисоллари бундай эмас. Жумладан олдинги оятларда Аллоҳ таоло мунофиқларни ярим йўлда қолиб кетган, турли- туман ер ва самовий хавф – хатарлар қамраб олган ҳамда йўлини давом эттиришга ёруғлиги қолмаган йўловчига ўхшатган эди.

  Бу оятдан биринчидан, диний ҳақиқатлар ва маърифатни ўрганишда шарму ҳаё муносиб эмаслиги, бу нарсанинг ўзининг шаръий ёки ақлий мавридлари борлигини;

  Иккинчидан, диний ҳақиқат ва маърифат барча одамлар тушуниши учун содда қилиб айтилиши лозимлигини;

  Учинчидан, Қуръон мисоллари хаёлотга эмас, ҳақиқатга асосланганини;

  Тўртинчидан, гуноҳ, фосиқлик ва итоатсизлик ҳақиқатларни тўғри англашдан тўсиб, инсонни гумроҳликка олиб боришини;

  Бешинчидан эса, Аллоҳ таоло ҳақиқатларни баён этгани, ушбу ҳақиқатлар қаршисидаги инсон аксилҳаракатининг натижаси эса ҳидоятни қабул қилиш ёки гумроҳ бўлиш эканлигини ўрганиб оламиз.

  Суҳбатимиз сўнггида Бақара сурасининг 27- ояти таржимаси ҳамда тафсири билан танишамиз:

<الَّذِینَ یَنقُضُونَ عَهْدَ اللَّـهِ مِن بَعْدِ مِیثَاقِهِ وَیَقْطَعُونَ مَا أَمَرَ اللَّـهُ بِهِ أَن یُوصَلَ وَیُفْسِدُونَ فِی الْأَرْضِ ۚ أُولَـٰئِکَ هُمُ الْخَاسِرُونَ>

  [Улар] «шундай шахсларки, Аллоҳнинг аҳд-паймонини мустаҳкам қилганидан кейин бузадилар, Аллоҳ уланишига буюрган нарсалар [қариндошлик алоқалари]ни узадилар ва ер юзида фасод-бузғунчилик қиладилар. Ана ўшалар зиёнкорлардир.»

  Бу оятдан олинадиган маъно – мазмун шундан иборатки, ҳар бир банданинг Яратган билан боғлаган аҳди бор. Кофир ва мунофиқлар ўша аҳдни бузиш билан бошқалардан ажраб туришади. Аллоҳ кўп нарсаларни, жумладан, қариндошлик алоқаларини боғлашга, инсоний алоқаларни тузишга, имон ва диндошлик алоқаларини яратишга ва ҳоказо ишларга буюрган. Фосиқ, кофир ва мунофиқлар ушбу алоқаларни ҳам кесадилар. Фасод ва бузғунликнинг тури жуда кўп. Жумладан, юқоридаги икки сифат ҳам ер юзини фасодга тўлдирадиган сифатлардан ҳисобланади. Аммо энг катта фасод ва бузғунлик борлиқни яратувчи зот бўлмиш Аллоҳ таоло кўрсатган йўлни тарк этиб, бошқача яшашга ҳаракат қилишдир. Ҳамма фасод шундан келиб чиқади. Бунингоқибати эса, жаҳаннам ва унинг уқубатларидир.

  Бу оятдан биринчидан, аҳдни бузиш диндорликка тўғри келмаслиги, мўъмин киши ҳатто кофирлар билан ҳам аҳд – паймон тузган бўлса, уни бузмаслигини;

  Иккинчидан, фитрий нидони оёқ ости қилиш ҳар қандай гуноҳ ишга қўл уриш шароитини яратиб беришига ва ниҳоят ер юзида фасод ва бузғунчиликка боис бўлишини;

  Учинчидан чинакам зарар ва зиён фитрат ва шариат кўрсатмаларини оёқ ости қилиш билан умр ҳамда тафаккур сармоясини қўлдан бой бериш эканлигини;

  Тўртинчидан эса, энг катта фасод борлиқни яратган Аллоҳ таоло кўрсатган йўлни тарк этиб, бошқача яшашга ҳаракат қилиш эканлигини ўрганиб оламиз.

Share

Check Also

Муборак Бақара сурасининг 79 ва 84 – оятлари тафсири

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.