Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Бақара сураси / Муборак Бақара сурасининг 44 ва 49 – оятлари тафсири

Муборак Бақара сурасининг 44 ва 49 – оятлари тафсири

images (12)

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, Бақара сурасининг 44 ва 45 – оятлари таржимаси ва тафсирини эътиборингизга ҳавола этамиз:

<أَتَأْمُرُونَ النَّاسَ بِالْبِرِّ وَتَنْسَوْنَ أَنفُسَکُمْ وَأَنتُمْ تَتْلُونَ الْکِتَابَ أَفَلاَ تَعْقِلُونَ! وَاسْتَعِینُواْ بِالصَّبْرِ وَالصَّلَوةِ وَإِنَّهَا لَکَبِیرَةٌ إِلَّا عَلَى‏ الْخَاشِعِین>

  1. «Одамларни яхшиликка буюриб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, сизлар [Аллоҳнинг юборган] китоби [бўлмиш Таврот ва Инжил]ни тиловат қиласизлар. Ақлингизни ишга солмайсизларми?!»
  2. «[Ишларингизда Аллоҳдан] сабр [рўза] ва намоз ила мадад сўрангиз. Ва чиндан ҳам, бу [намоз ўқиш] худотарслардан бошқаларга жуда оғир [иш]дир.»

Ўтган суҳбатимизда келтирилган оятларда Аллоҳ таолонинг яҳудий олимларга «нега ҳақиқатни яширасиз ва одамлар ҳақдан огоҳ бўлишларига йўл қўймайсиз» деган каломи баён этилди. Бу оят ҳам уларга қарата шундай буюрмоқда: «сизлар ислом пайғамбарининг беъсатидан олдин одамларга ул ҳазрат зуҳурининг башоратини берардингиз ва уларни унга иймон келтиришга чорлардингиз. Нега энди вақти келганида унга ўзингиз иймон келтирмаяпсиз. Ваҳоланки, сизлар Тавротдан кўпроқ хабардор эдингиз.»

Ояти кариманинг давомида Аллоҳ таолодан сабр ва намоз ила ёрдам сўраш ҳақида сўз юритилган. Чунки, ташқи қийинчилик – машаққатлар ёки ички шаҳватлар ва ғаризалар (табиий майл ва интилишлар) қаршисида сабр – тоқат қилмоқ ва намоз ўқимоқ инсонга куч – қудрат бағишловчи энг афзал ҳамроҳдир. У ана шу куч – қудрат билан Аллоҳга ибодат қилишга киришиб, фақат Унинг амри олдида таслим бўлади.

Биз «мадад сўрангиз» деб таржима қилган ибора араб тилида «истаъийну» деб келган. Бу сўзнинг маъноси бир ишга уриниб туриб, яна қўшимча ёрдам сўрашни англатади. Демак, мусулмон киши ҳар бир ишга астойдил уринар экан, шу уриниш билан бирга, Аллоҳдан мадад сўрайди. Сабр ҳам, кўпчилик тасаввур қилганидай салбий маънода, яъни нима бўлса ҳам сабр қиламан, деб жим-ҳаракатсиз ўтириш эмас, балки Аллоҳнинг айтганини бажариш жараёнида дуч келадиган турли машаққатларни енгишдаги сабрдир. Энг асосий сабр ҳаво-ю нафсни, роҳат-фароғатни, мансаб кетидан боришни тарк этиб, Аллоҳнинг айтганига юришга чидашдир.

Бу оятлардан биринчидан бошқаларни яхшиликка чорлашнинг энг яхши йўли тил билан эмас, амалий қилинидаган даъват эканлиги, яъни барчадан олдин ўзимиз айтганимизга амал қилишимиз зарур эканлигини;

Иккинчидан эса қийинчилик – муаммоларни енгишда икки нарса; биринчиси сабр – бардошли бўлиб, қатъийлик ўлароқ ички кучли таянчиқ бўлса, иккинчиси намозни барпо этиш ва Аллоҳ таоло билан алоқа ўрнатиш бўлган ташқи мустаҳкам таянч муҳим эканлигини ўрганиб оламиз.

Энди Бақара сурасининг 46 ва 47 – оятлари таржимаси ва тафсирига қулоқ тутамиз:

<الَّذِینَ یَظُنُّونَ أَنَّهُمْ مُّلَاقُواْ رَبِّهِمْ وَأَنَّهُمْ إِلَیْهِ رَاجِعُونَ! یَابَنِى إِسْرَآءِیلَ اذْکُرُواْ نِعْمَتِىَ الَّتِى أَنْعَمْتُ عَلَیْکُمْ وَأَنِّى فَضَّلْتُکُمْ عَلَى‏ الْعَالَمِینَ>

  1. «[Ўша худотарслар] шундай зотларки, [Қиёматда] Парвардигорларини мулоқот қилувчи эканларига ва шубҳасиз, Унинг ҳузурига қайтувчи эканликларига аниқ ишонадилар
  2. «Эй Исроил фарзандлари, сизларга ато этган неъматимни ва сизларни [ўз замонингиздаги] оламлар аҳлидан устун қилиб қўйганимни эслангиз.»

Қиёматга, Аллоҳ таоло ҳузурига қайтишга бўлган иймон ва ишонч инсонда хушуъ, яъни Аллоҳдан қўрқиш ва жавобгарликни ҳис этиш туйғусини уйғотади. Айни пайтда ҳаёт майдонини қиладиган ҳар бир амалига жавоб бериши керак бўлган маҳкама қароргоҳига айлантиради.

Ояти каримадаги «Лиқоуллоҳ»дан мурод қиёматда Аллоҳ таолони ҳиссий идрок билан мулоқот қилиш эмас. Зеро, Аллоҳ кўз билан кўриладиган жисм ёки жисмоний бир нарса эмас, балки бундан мурод Унинг жазо ва мукофот беришдаги қудратини кўрмоқликдир.

Оятнинг давомида Аллоҳ таоло ўз даврида бани Исроилни бошқа халқлардан устун қилиб қўйгани эслатилади. Яъни ўша пайтларда пайғамбарлик, самовий китоблар ва бошқа афзалликлар бани Исроил қавмига берилган эди. Лекин улар бу неъматларга шукр этмадилар, аҳдга вафо қилмадилар. Шундан сўнг, Аллоҳ уларни лаънатлади, уларга ғазаб қилиб, хорлик ва зорликни уларга раво кўрди.

Бу оятлардан биринчидан инсонни ҳар қандай гуноҳ ва фасоддан қайтаришда нафақат қиёматга иймон келтириш ва ишониш, балки ҳатто бундай куннинг борлигини гумон этиш ҳам муҳим эканлигини;

Иккинчидан эса инсон илоҳий пайғамбарлар раҳнамолиги ёғдусида нафақат қиёматда жаннатга кириши, балки шу дунёда ҳам турли ютуқларга эришиб, бошқалардан устун бўлишини ўрганиб оламиз.

Суҳбатимиз сўнггида Бақара сурасининг 48 ва 49 – оятлари таржимаси ва тафсири билан танишамиз:

<وَاتَّقُواْ یَوْماً لَّاتَجْزِى نَفْسٌ عَن نَّفْسٍ شَیْئًا وَلَا یُقْبَلُ مِنْهَا شَفَاعَةٌ وَلَایُؤْخَذُ مِنْهَا عَدْلٌ وَلَاهُمْ یُنصَرُونَ!‏ وَإِذْ نَجَّیْنَاکُم مِّنْ ءَالِ فِرْعَوْنَ یَسُومُونَکُمْ سُوءَ الْعَذَابِ یُذَبِّحُونَ أَبْنَآءَکُمْ وَیَسْتَحْیُونَ نِسَآءَکُمْ وَفِى ذَلِکُمْ بَلَآءٌ مِّن رَّبِّکُمْ عَظِیمٌ>

  1. «[Ўзингизни] у кун [Қиёмат куни]нинг азобидан сақлангизким, ҳеч ким бошқа бир шахснинг ҳожатини чиқара олмайди ва ундан бирор нарсани [азобни] узоқлаштира олмайди ва ҳеч нарсани [ҳақ-ҳуқуқни] бошқа бир шахс томонидан адо қила олмайди ва ундан шафоат қабул қилинмайди ва [азобдан қутилиши учун] ундан товон ҳам олинмайди ҳамда уларга ёрдам берилмайди.»
  2. «Ва Сизларни (Мусо қавмини) Фиръавн аҳли [қийноғи]дан нажот берганимиз замонни [эслангиз, ҳолбуки, улар] сизларни энг ёмон азоблар билан қийнашар, ўғилларингизни сўйишар ва қизларингизни эса тирик қолдиришар эди. Ва ана шу [ишлар]да Парвардигорингиз томонидан [сизлар учун] улкан синов бор эди

Яҳудийлар оталаримиз азоб – уқубатни узоқлаштира олишади ёки диний раҳбарларимиз Аллоҳ таолонинг наздида шафоат қила олишади ё дўстларимиз ёрдамга келишади ёхуд товон тўлаш билан қиёматда азобдан қутила оламиз, деб гумон қилишар эди. Қуръони Карим уларга жавобан: «у кунда ҳеч ким ва ҳеч нарса гуноҳкор шахсларни Аллоҳнинг аламли азобидан қутқаролмайди. Ҳамма ўзини нажот бериш фикрида бўлади, шунинг учун иймон ва амали солиҳдан бўлак ҳеч нарсага умидвор бўлмангиз» деб буюрмоқда. Ояти кариманинг давомида Фиръавн ўз ҳукуматини сақлаб қолиш учун турли баҳоналар билан бани Исроил қавмининг ўғил болалари ва эркакларини ўлдирар, уларнинг хотин – қизларини эса тирик қолдириб қуллик ва чўриликка олар эди, деб уқтирилади. Бу ишдан кўзда тутилган мақсад яҳудийларнинг Фиръавн ҳокимиятига қарши курашиш кучини йўқотиш эди. Аллоҳ таоло бани Исроил қавмини ана шундай азоб – уқубат ва зулм – ситамлардан қутқарганини баён этган.

Фиръавн – қадимги Миср подшосининг лақаби бўлиб, кимки Мисрнинг подшоси бўлиб унга ҳукмронлик қилса, «Фиръавн» деб аталарди. «Фиръавн аҳли» деганда Фиръавннинг одамлари тушунилади. Фиръавн бани Исроил қавмида туғилган ўғил болаларни ўлдириб, қизларни тирик қолдириши ҳам улар учун улкан бир азоб эди.

Бу оятлардан биринчидан, кундалик турмушимизда қиёматни кўз олдимизга келтиришимиз ва дўст, ошна ёки мол – дунё ва обрўга эришиш учун гуноҳга қўл урмаслигимиз лозимлигини, зеро қиёмат кунида инсонга ҳеч ким наф келтиролмаслигини;

Иккинчидан эса Фиръавн каби тоғутлар энг аввало ёшларни нишонга олишгани, бугунги кунда ҳам империалист қудратлар фасод, бузғунчилик, гиёҳвандлик ва ахлоқсизликни ривожлантириш билан ёшларни жисман ҳамда руҳан ҳалокатга учратишаётганини ўрганиб оламиз.

Share

Check Also

Муборак Бақара сурасининг 79 ва 84 – оятлари тафсири

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.