Home / Шариат қонунлари / Хумс / Совға ва ҳадя қилинган нарсаларнинг ҳам хумси борми?

Совға ва ҳадя қилинган нарсаларнинг ҳам хумси борми?

Салом алайкум ҳурматли биродарлар! Хумс тўғрисида сизларга мурожаат қилаётган эдим. Ўғлим манга бир авто машина ҳадя қилди. Мани бошқа машинам йўқ, фақат шу машинани ҳайдайман. Шу ҳадяга берилган машинани хумси борми? Яъни хумсини тўлашим керакми? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Ҳурмат билан

Нурхон

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ва алайкум ассалом. Бизга кўрсатган илтифотингиз учун раҳмат. Сўралган масаланинг ҳукмига келсак, совға ва ҳадя қилинган нарсаларнинг хумси бор ёки йўқлиги борасида мужтаҳидларимизнинг фатволари уч қисмга бўлинади. Уларни бу ерда келтириб масаланинг тафсилотини баён этамиз:

Биринчи назар; Совға, ҳадя, туҳфа, мукофот ва шунга ўхшашлардан мутлақ ҳолда хумс берилади, яъни совға ва ҳадя ёки мукофот ҳар қандай шакл ва ҳажмда бўлса ҳам, агар бир йиллик сарф-ҳаражатлардан ортиқ қолса, улардан хумс чиқарилади.

Ушбу фатвони берган мужтаҳидлар қуйидагилардан иборат: Оятуллоҳ Баҳжат, Макаром Широзий, Фозил Ланкароний (раҳматуллоҳ алайҳ), Арокий (раҳматуллоҳ алайҳ), Хуъий (раҳматуллоҳ алайҳ), Систоний, Софий Гулпойгоний ва Субҳоний.

Манба: Саййид Мужтабо Ҳусейний, «Хумс ҳукмлари», 49-бет.

Албатта, юқоридаги мужтаҳидлардан Оятуллоҳ Макаром Широзий, Баҳжат (раҳматуллоҳ алайҳ) ва Фозил Ланкароний (раҳматуллоҳ алайҳ) совға ва ҳадялардан хумс чиқаришни эҳтиёт вожибга кўра, зарур биладилар ва қолганлари эса фатво бўйича вожиб деб биладилар. Демак, совға ва ҳадялардан хумс чиқаришни эҳтиёт вожиб деб билган мужтаҳидларга тақлид қилувчилар учинчи назарияни илгари сурувчи мужтаҳидларга мурожаат қилишлари мумкин.

Иккинчи назар; Берилган совға, ҳадя, туҳфа ва мукофотлар оз ва кичик деб ҳисобланмаган тақдирда улардан хумс чиқарилади ва агар улар оз қийматли деб кўрилса, у ҳолда улардан хумс чиқарилмайди.

Ушбу назарияни қабул қилган мужтаҳидларимиз қуйидагилардан иборат; Оятуллоҳ Мирзо Жавод Табризий (раҳматуллоҳ алайҳ), Ваҳид Хуросоний ва Занжонийлардир. Албатта, Оятуллоҳ Занжоний ҳадяга берилган оз қийматли нарсалардан хумс чиқаришни эҳтиёт вожибга кўра зарур деб билишлари билан фарқланадилар. Лекин у кишига тақлид қилувчилар фақат ушбу масалада кейинги назарияга ёндашувчи мужтаҳидларга мурожаат қила оладилар.

Ва шунингдек, Оятуллоҳ Макорим Широзий «Ал-Урватул вусқо» номли китобнинг ҳошиясида ушбу назарияга ёндашганлар.

Учинчи назар; Ҳадя, совға, туҳфа ва мукофотлар агарчи қимматбаҳо ашёлар ҳисобланиб бир йиллик сарф-харажатлардан ортиқ қолса-да, уларнинг хумси бўлмайди, лекин эҳтиёт мустаҳабга кўра бир йиллик сарф-харажатлардан зиёд қолса, улардан хумс чиқарилсин.

Буюк Оятуллоҳлар Имом Хумайний, Хоманаий, Нурий Ҳамадоний ва олдинги фуқаҳоларнинг аксарияти юқоридаги фатвони бериб ушбу назарияга ёндашганлар.

Манба: http://farsi.khamenei.ir/treatise-content?id=74#851

Диққатга сазовор бир неча

Биринчидан, эътибор қилмоқ лозимки, ҳадя ва совғадан хумс чиқарилади ёки чиқарилмайди деб айтилганда, ҳадя ва совғани қабул қилувчи шахс назарда тутилади ва мужтаҳидларимиз томонидан илгари сурилган юқоридаги уч назария ҳадяни қабул қилувчи шахсга қаратилган. Аммо совға берувчи шахс борасида ҳеч қандай ихтилофли фатво йўқ, яъни агар ҳадя берувчи кишининг моли унинг йиллик даромадидан бўлса ва унинг учун бу миқдорда совға бериш оддий ҳол бўлса ҳамда хумсий йил (хумс чиқариш учун белгиланган йил)дан ўтмаган бўлса, у ҳолда хумс чиқармайди. Бироқ агар бир йил совғага ўтган бўлса, ёки бу ҳадя унинг шаъни ва даражасидан ортиқроқ бўлса, унда хумс чиқариш унга вожиб бўлади.

Иккинчидан, «агар ҳадя қимматли бўлган тақдирдагина ундан хумс чиқарилади» дейилганда, ҳадянинг қийматли ёки қийматсиз ҳамда унинг кам ёхуд зиёд эканлигини аниқловчи меъёр ва мезон – бу урфдир. Бошқача айтганда, совға берувчининг ўзи яшаган жойида ёки ўша жамиятда берган ҳадяси диққатга сазовор қийматга эга эканлиги ёки эмаслигига диққат қилиши керак. Агар берган ҳадяси диққатга сазовор қийматга эга бўлса, унда хумс чиқариш керак. Албатта, бу иккинчи назарияга мувофиқдир.

Учинчидан, совға, ҳадя, туҳфа ва мукофотлардан хумс чиқариш вожиб деб фатво берган мужтаҳидларнинг ҳаммаси бир шарт билан вожиб деб биладилар. Ўша шарт шуки, ҳадя қилинган мол бир йиллик сарф-харажатлардан зиёди қолса. Мисол тариқасида, агар бир киши бизга одатда эҳтиёжимиз бўлган бир гилам ҳадя қилса ва биз уни уйга тўшасак, хумсий йил (хумс чиқариш учун белгиланган йил) бошида ўша гилам қолган бўлса ҳам, унинг хумси бўлмайди. Ёки саволда биздан сўралганидек, бир авто машина совға сифатида бирор кишига берилса ва у ўша машинадан ўзи ва оиласи учун фойдаланса, хумсий йил бошида ва ҳаттоки қанча йил ўтса ҳам, ўша машинадан хумс чиқариш вожиб бўлмайди. Аммо агар фараз қилайлик, 50 килограмм гуруч бизга совға ёки садақа деб берилса ва хумсий йил бошида ундан 10 килограмм қолса, ўша 10 килограмм гуручдан 2 килограммни хумс сифатида чиқариш вожиб бўлади.

Ва агар масалан 50 килограмм гуручнинг ҳаммасини хумсий йил ўртасида истеъмол қилиб тугатсак, унда хумс чиқариш вожиб эмас.

Худди шундайдир, агар бизга олтин ёки кумушдан ясалган узук ҳадя сифатида берилса ва биз уни зийнат учун тақсак (албатта, эркакларга олтин қўллаш ҳаром қилингани каби шаръий ҳукмларга риоя қилиш билан бирга), ундан хумс чиқариш вожиб эмас, чунки, у сарф-харажатдан ортиқча эмас.

Ва охирги нуқта шуки, бир мол инсоннинг турмушдаги эҳтиёжлари ҳисобланиб, унинг бир йиллик сарф-харажатидан ортиқча қолмаса, деб айтишдан мурод ҳаётнинг зарурий эҳтиёжлари кўзда тутилмайди, балки ҳаётнинг оддий эҳтиёжлари назарда тутилган, агарчи ушбу эҳтиёж зарурий ва ночор шакл бўлмаса ҳам. Масалан, саёҳатга чиқиш ёки зиёрат сафарига бориш каби эҳтиёжларни ҳам ўз ичига олади.

Эҳтиром ила:
Нажот Кемаси таҳририяти
Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.