Home / Ақоид ва Калом / Адл / Аллоҳнинг Адолати Ҳақида

Аллоҳнинг Адолати Ҳақида

АДОЛАТ НИМА?

  Нима учун Аллоҳ сифатлари орасидан Адолат сифатини дин асосларининг бири, деб тан олишган?
  Адолат билан тенглик ўртасидаги фарқ нимада?
  Бу дарсда биринчи бўлиб шу нарсага аниқлик киритиб олишимиз лозим бўладики, нима учун буюк уламолар Аллоҳ сифатларидан бири бўлмиш Адолат сифатини диннинг беш асосларидан бири, деб танлаб олишган?

 Аллоҳ Олимдир, Қодирдир, Одилдир, Ҳакимдир, Раҳмон ва Раҳимдир, Азалий ва Абадийдир, Холиқ ва Розиқдир; нимага энди барча сифатлар орасидан айнан Адолат сифатини танлаб, диннинг беш асосларидан бир асоси қилиб белгилаганлар?
 Бу муҳим саволга жавоб бериш учун аввал бир неча масалага эътиборингизни қаратмоқчимиз:
 1. Аллоҳнинг адолати бошқа сифатлар орасида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, кўпгина бошқа сифатлар бу сифат (яъни адолатга) келиб тақалади. Негаки, «Адолат» кенг маънода ҳар нарсани ўз ерига қўйиш тушунчасини англатади. Шунга биноан, Аллоҳнинг Ҳаким, Раззоқ, Раҳмон, Раҳим каби бошқа сифатлари Унинг одиллик сифатига мувофиқ келиб, Адолат сифати уларни ўз ичга олади.
 2. Қайта тирилиш ва Қиёмат масаласи ҳам Аллоҳнинг одиллигига чамбарчас боғлиқ бўлиб, пайғамбарларнинг юборилиши ва имомларнинг тайин этилиши ҳам Тангрининг адолатидан келиб чиққандир.
 3. Ислом дини кириб келган дастлабки давридаёқ Аллоҳнинг адолати хусусида мусулмонлар орасида келишмовчилик юзага келган эди. Аҳли суннат мусулмонлари тоифасидан бўлмиш «Ашоира» гуруҳи Аллоҳнинг адолатини бутунлай инкор қилиб, Аллоҳ борасида адолат ва зулмдан сўз очиш беманидир, негаки, бутун олам Унинг мулкидир, ҳар ишни бажарса – айни адолат бўлади, деб ўз фикр-мулоҳазаларини билдирганлар. Уларнинг фикрича, ақлимизнинг танҳо ўзи яхши ва ёмонни ажратиш қобилиятига эга эмасдир, ҳатто яхшилик қилишнинг яхшилигини ва зулм қилишнинг ёмонлигини ҳам тушунишдан ожиздир.
  Аҳли суннатга тегишли мўтазилийлар, деб номланган бошқа бир оқим ва шунингдек, «шиалар» жамиятининг ҳаммаси Аллоҳнинг адолатига ёндашганлар. Уларнинг эътиқодича, Аллоҳ ҳаргиз зулм қилмайди.
  Мана шу икки хил қарашни бир-биридан ажратиш учун «мўтазила» ва шиаларни адлия гуруҳи деб номлайдилар, Ашоира гуруҳига эса «ғайри адлия» дейишади. Шиалар ўзининг ғоясини бошқа адлия гуруҳидан ажратиб аниқлаш мақсадида имоматни ҳам дин асосларининг бири, деб қабул қилишган.
 Бинобарин, қайерда «Аллоҳнинг одиллиги» ва «имомат» ҳақида сўз юритилар экан, «ўн икки имомлик шиалар»нинг эътиқоди намоён бўлади.
 4. Диннинг шохлари бўлмиш аҳком диннинг негизи бўлган ақоид асосида қурилгани учун ва оламлар Парвардигорининг одиллиги инсонлар жамиятига чуқур ижобий таъсир кўрсатгани ҳамда ижтимоий адолат инсонлар жамиятида муҳим ўринга эга бўлагани сабабли, «жамиятда адолат қайта тикланиб, унга кўпроқ риоят қилинсин ва жамиятда юз берадиган ҳар қандай зулму зўравонликка қарши курашилсин», деган мақсадда «адолат» диннинг негизи ва асоси қилиб танланди.
  Шунингдек, Аллоҳнинг зоти ва сифатлари ягоналиги ва Ёлғиз У ибодат қилинишга сазовор эканлиги, инсонлар жамиятидаги бирлашиш ва якдилликнинг асоси ва негизи бўлиб, инсонлар ўртасидаги уюшқоқликни кучайтиради.
  Демак, пайғамбарлар ва имомларнинг инсонлар жамиятига раҳбарлик қилишлари «ҳақиқий раҳбарликнинг тимсоли» бўлганидек, бутун борлиқ устидан ҳукм сураётган Парвардигорнинг адолати инсонлар жамиятининг барча тармоқларида адолат ҳукмронлик қилиши зарур эканига рамзий ишорадир.
Яратилмиш буюк олам адолат асосида устивор ва барқарор бўлгани каби, башарият олами ҳам адолатсиз устивор ва бардавом бўла олмайди.

    2. Адолат нима?

  Адолатнинг икки фарқли маъноси бор:
 1. Ушбу сўзнинг кенг кўламли маъноси «ҳар нарсанинг ўз жойига қўйилиши» ва бошқа сўз билан айтганда: «Ҳар бир нарсанинг бир маромда ва бир тартибда бўлиши ва мувозанатининг сақлаб қолиниши» демакдир.
 Бу маънодаги Аллоҳнинг адолатини бутун яратилган оламда кўришимиз мумкин. Коинот, сайёралар, атомлар оламида, инсоннинг тузилишида, ўсимлик ва ҳайвонот оламида Аллоҳнинг адолати ҳукм сураётганлигини мушоҳада қилишимиз мумкин.
 Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи ва саллам)нинг қуйидаги ҳадиси шарифларида ана шу адолат ҳақида қуйидагича сўз юритилган:

(بِالعَدلِ قَامَتِ السَّمَوَاتِ وَ الأَرضِ)

 «Аллоҳнинг адолати туфайли еру осмонлар барпо бўлди». Агар ернинг «тортиш» ва «итариш кучи» ўз мувозанатидан чиқиб кетиб, у иккала кучдан бири иккинчисининг устидан ғолиб келса эди, қуйидаги икки ҳолдан бири юз берган бўлур эди:
 Ё қуёш кучи кўпайиб кетиб ерни ўзига тортиб уни куйдириб кул қилар эди, ёки ер курраси ўз орбитасидан чиқиб кетиб, чексиз фазода саргардон бўлиб, ахир оқибат йўқ бўлиб кетар эди.
 Шоир ўз шеърида ушбу маънодаги адолат ҳақида шундай дейди:

    Адл нимадир? Ҳар нарсани ўз ўрнига қўйишдир
    Зулм нимадир? Ўз ўрни бўлмаган ерга қўйишдир!  
    Адл нимадир? Дарахтларга сув бермоқдир
    Зулм нимадир? Тиканларга сув беришдир!

  Маълумки, агар сувни гул, мевали дарахт ва фоидали экинларни суғориш учун қўйсангиз, сувни ўз ўрнида ишлатган бўласиз ва бу айни адолатдир. Бироқ сувни кераксиз ва зарарли ўтлар ва тиканларни суғориш учун ишлатсангиз, ноўрин ишлатган бўласиз ва бу айни зулм бўлади.
 2. Адолатнинг бошқа маъноси эса «инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқига риоя қилиш» бўлиб, унинг акси бўлмиш зулм эса «бошқанинг ҳақ-ҳуқуқига тажовуз қилиб, уни поймол қилиш ёки бировнинг ҳаққини тортиб олиб, бошқага бериш ёхуд ўзиники қилиш»дир. Бошқа сўз билан айтганда; «зулм- бу инсонлар ҳақ-ҳуқуқи ўртасида фарқ қўйиб, бўлмаганга айримларни бошқалардан устун қўйишдир».
 Иккинчи маънодаги адолат «хос маъно»да бўлиб, биринчи маънодаги адолат эса умумлашма ва кенг маънодадир. Аллоҳнинг адолати ҳақида ҳар иккала маъно қўлланади, лекин калом илмида иккинчи маънодаги адолат ҳақида кўпроқ баҳс олиб борилади.
 Аллоҳнинг адолати деганда; бировнинг ҳаққини зое қилмаслиги ва бировнинг ҳаққини бошқа шахсга бермаслиги тушунилади. Ва шунингдек, Тангри таоло инсонлар ўртасида уларнинг ҳақ-ҳуқуқини ато этишда фарқ қўймайди. Аллоҳ ҳар томонлама ва бутун маънода адолатли Зотдир ва биз Аллоҳнинг одиллигига оид бўлган далилларни кейинги дарсда келтиражакмиз.
 Зулм- хоҳ бировнинг ҳаққини олиб қўйиш бўлсин ёки бошқанинг ҳаққини бировга бериб юбориш ёхуд яратилганлар ҳуқуқини тўкис қилиб беришда уларнинг ўртасида фарқ қўйиш бўлсин, бутун нуқсонлардан пок ва муназзаҳ бўлган Аллоҳдан йироқдир. Демак, Аллоҳ таолонинг зоти зулмнинг ҳар қандай кўринишидан пок бўлиб, У ҳаргиз солиҳ ва яхшиларни жазоламайди, ёмонларни эса мукофотламайди. Ҳеч кимни бошқа шахснинг гуноҳи сабабли азобламайди ва ҳеч қачон қуруқ ва ҳўлни биргаликда ёндирмайди.
 Ҳатто агар бирор бир жамиятда ҳамма одамлар фосиқ ва гуноҳкор бўлса-ю фақат бир нафар солиҳ бўладиган бўлса, Аллоҳ таоло албатта ана шу одамнинг ҳисобини бошқалардан ажратиб, гуноҳкорлар қаторида уни азобламайди.
 «Ашоира» гуруҳининг бу сўзи: «Агар Худо ҳамма пайғамбарларни жаҳаннамга равона қилса ва бутун гуноҳкорларни жаннатга йўлласа, Унинг бу иши зулм бўлмайди», қабиҳ, номаъқул ва асоссиз бўлган иддаонинг ўзидир. Хурофот ва мутаассибликка берилмаган ҳар бир одамнинг ақли бу каби фикрларнинг қабиҳлигига гувоҳлик бериб, уни рад этади.

Адолат ва тенглик орасидаги фарқ нимада?

  Айтиб ўтилиши муҳим бўлган баҳслардан яна бири шундан иборатки, гоҳида «баробарлик ва тенглик» билан «адолат»нинг бир-биридан фарқи йўқ, деган тушунчага бориб, кўпинча адолат- бу тенг ҳуқуқликка риоя қилиш, деб гумон қилганлар.
  Ваҳоланки, ҳаргиз адолатда тенг ҳуқуқли бўлиш шарти мавжуд эмасдир, балки ўз ҳақ-ҳуқуқига тўлалигича эришиш биринчи даражада назарга олинмоғи лозим. Масалан; ўқувчилар орасида адолатга риоя қилиш мақсадида ўқитувчи ўқувчиларининг ҳаммасига беш баҳо қўйса, шунда ҳаракат қилиб машаққат чеккан яхши ўқувчилар билан ишёқмас, дангаса ва ҳеч дарс ўқимай ўзлаштирмаган ўқувчига бир хил баҳо қўйиш, қандайига адолат бўлади? Бу ўринда муаллим тенгликка риоя қилган, лекин шу пайтнинг ўзида адолатга риоят қилмади. Ёки икки ишчининг ўртасида адолатни жорий қилишнинг маъноси- бу ҳар иккаласига бир хил меҳнат ҳаққи тўлаш эмас. Бу ерда тенглик- зулмга уйғун келади, адолатга эмас. Балки, юқоридаги икки ўринда адолатга риоя қилиш ҳар бир шахснинг меҳнатига ва қилган саъй-ҳаракатига яраша баҳо бериш ёки меҳнат ҳаққи тўлаш билангина амалга ошади.
  Табиат оламида ҳам кенг маънодаги ушбу адолатни кўрамиз ва бу адолат тенглик маъносида бўла олмайди. Масалан; катта бир наҳанг балиққа чумчуқнинг юрагини қўйиш адолатдан эмас. Соддароқ қилиб айтганда, тенгликка риоя қилиш мақсадида бир тонна чамали наҳанг балиқ юраги билан бир гирамчалик бўлган қушча юрагининг андозаси бир хил қилиб қўйилса, адолат бўладими ёки зулмми? Агар узун бўйли йўғон бир дарахтнинг илдизи кичик бир ниҳолнинг илдизи билан баробар бўлса, адолат эмас, балки зулм бўлади.
  Адолат- бу ҳар бир мавжудотнинг ҳақ-ҳуқуқига, қобилият ва истеъдодига ҳамда лаёқатига яраша, эҳтиёжидан келиб чиқиб, унга улуш ажратилишидир.

Share

Check Also

Irоda va iхtiyorga оid aniq dalil

1. Jami insоnlarning vijdоni jabrni inkоr qiladi;   Ilоhiy dоnishmand va faylasuflarning insоn iхtiyoriga оid …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.