Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / ИККИНЧИ ХАЛИФА УМАР ИБН ХАТТОБ ҲАЗРАТИ АЛИНИНГ ҚИЗИ УММУ КУЛСУМГА УЙЛАНГАНМИ?

ИККИНЧИ ХАЛИФА УМАР ИБН ХАТТОБ ҲАЗРАТИ АЛИНИНГ ҚИЗИ УММУ КУЛСУМГА УЙЛАНГАНМИ?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Кўпинча ушбу масала Аҳли суннат биродарларимиз томонидан илгари сурилиб бу борада шундай дейилади: Тарихдан маълумки, мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг халифалар билан муносабатлари яхши бўлган. Чунки у ҳазратнинг қизи Умму Кулсум иккинчи халифа Умар ибн Хаттобга турмушга чиққан. Шундай экан, қандайига Умар ўз қайнонасини, яъни ҳазрати Фотима онамизни ўлдириши мумкин? Ахир киши ўз қайнонасини ўлдирмайди-ку!

Бунга жавобан айтамиз: Аввало, Умар Умму Кулсумни ўз никоҳига олгани ҳақида уч назар ва қараш бор;

Биринчи назар ва қарашга кўра, Умму Кулсум деган аёл умуман бўлмаган, балки Умму Кулсум ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо)нинг кунясидир.[1] Айрим сунний уламолар ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)нинг уч ёки тўртта фарзандлари бўлганини айтганлар, аммо Умму Кулсумнинг исмини тилга олмаганлар.[2]

Бу қарашнинг уч далили бор: Бири шуки, Карбалода ўқилган хутбалар ва маърузалар Умму Кулсум томонидан эканлиги айтилган, ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) томонидан эмас. Баъзан ҳам битта хутба икки киши томонидан ўқилгани айтилган ёки масалан, Умму Кулсумнинг қабри Шом диёрида, яъни Сурияда эканлиги айтилган.[3] Ҳолбуки Шом диёрида ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо)нинг қабри бор, Умму Кулсумнинг қабри эмас. Учинчидан, баъзи тарихий китобларда Умму Кулсум Карбалода бўлган, деб ёзилган ва ҳазрати Зайнабнинг исми эса тилга олинмаган. Ҳолбуки ҳазрат Зайнабнинг Карбалода бўлгани тарихда маълум. Демак, ушбу тарихий маълумотлардан Зайнаб ва Умму Кулсум бир кишининг номи эканлиги маълум бўлади.

Иккинчи назар ва қарашга кўра, Умму Кулсум Абу Бакрнинг ўз қизи ҳамда ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг асранди фарзанди бўлган. Яъни Абу Бакрнинг хотини Асмо бинти Умайс Абу Бакрдан олдин ҳазрати Алининг акалари Жаъфар Тайёрнинг хотини бўлган ва Жаъфар шаҳид бўлгач, Асмо бинти Умайс Абу Бакрнинг хотини бўлди ва Абу Бакр вафотидан кейин эса у ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг хотини бўлди. Бу аёл мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг тарафдори эди. Асмо бинти Умайснинг Муҳаммад ибн Абу Бакр ва Умму Кулсум исмли икки фарзанди ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг хонадонида улғайиб катта бўлишди. Кейинчалик Умар ибн Хаттоб ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг асраб олган ушбу қизига, яъни Абу Бакрнинг қизига уйланди.

«Саҳиҳул Муслим» китобига шарҳ ёзган Имом Нававий ўзининг «Таҳзийбул асмааъи валлуғот» номли китобида ушбу иккинчи қарашни қабул қилиб, Умар Абу Бакрнинг Умму Кулсум исмли қизига уйланганини ёзган.[4]

Аммо учинчи назар ва қарашга биноан, ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)нинг Умму Кулсум исмли қизлари бўлган. Бироқ Умму Кулсумнинг Умарга никоҳлангани тўғрисида жуда кўп ихтилофлар мавжуд. Ушбу ихтилофларни қисқача шаклда кўздан кечирамиз:

Умму Кулсум Умарга турмушга чиқишидан олдин Умар ўлдирилганми ёки Умму Кулсум Умарга турмушга чиқиб фарзандли бўлганми? Умму Кулсум узоқ умр кўрганми ёки девор Умму Кулсумнинг устига қулаб, боласи билан бирга ҳалок бўлганми? Умму Кулсумнинг маҳри кўп бўлганми ёки кам? Умму Кулсумнинг Умарга турмушга чиқиши мажбурий ҳолда бўлганми ёки ўз ихтиёри ва танлови билан бўлганми? Бу айтилганларнинг ҳаммаси уламолар томонидан илгари сурилган фикр-мулоҳазалардир.

Мисол тариқасида, Ибн Асокир ўзининг «Тарихи мадинати Дамашқ» номли китобида Умму Кулсумнинг боласи билан бирга ҳалок бўлганини ёзган.[5] Умму Кулсумнинг маҳри ҳақида ҳам икки хил айтилган; «Тарихул Яъқубий» китобида Умму Кулсумнинг маҳри 10 минг дийнор[6] деб айтилган бўлса, Ибн Абдул Барр Ал-Қуртубий ўзининг «Ал-истийъоб фий маърифатил асҳоб» номли китобида Умму Кулсумнинг маҳрини 40 минг дирҳам деб ёзган.[7] Усули Кофий китобида ҳам Умму Кулсумнинг Умарга никоҳланиши мажбурий ҳолда рўй бергани айтилган.[8]

Кўриб турганингиздек, бу қадар турли фикр-мулоҳазаларнинг илгари сурилиши учинчи қарашнинг асоссиз эканлигидан далолатдир.

Аммо Аҳли суннат уламолари кўпинча ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг қизи Умму Кулсум Умарга турмушга чиқиши мажбурий ҳолда эмас, ихтиёрий тарзда рўй берган деб айтишади. Ҳаттоки наъузу биллаҳ улардан баъзилари мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) ўз ихтиёри билан қизи Умму Кулсумни безаб, уни Умарнинг олдига юборди ва Умар ҳам қизни ўпиб, оёғини очиб яланғоч қилди. Кейин эса Умар унга уйланди деб ёзишган.[9]

Бироқ на мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) у қадар ориятсизки, ўз қизини безаб Умарнинг олдига юборади на Умар халифа сифатида номаҳрам бир қизни ўпиб, унинг оёғини очади.

Лекин шиалар Умму Кулсумнинг Умарга никоҳланишини мажбурий ҳолда бўлган деб айтадилар. “Усули Кофий” китобида айтилишича, Умар Умму Кулсумга совчи бўлганида, Умму Кулсумдан тахминан 50 ёш катта эди. Умму Кулсум тахминан 8-9 ёшда бўлса, Умар эса 59 ёшда эди. Умар Пайғамбар (с.а.в) қизлари ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) билан қариндош бўлиш баҳонасида Умму Кулсумга совчиликка келди. Лекин мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) Умарга қизини бермай, менинг қизим ёш, сенинг ёшинг эса катта деб унга рад жавоб бердилар. Шунда Умар хафа бўлиб, ташқарига чиқди-да, ҳазрат Алининг амакиваччаси бўлмиш Ибн Аббосга: «Агар Али менга қизини бермаса, мен икки кишини Али ўғирлик қилди, деб ёлғон гувоҳлик бериши учун ёллайман ва Алининг қўлини ўғирлик айби билан кесаман ҳамда Замзам қудуғини кўмиб ташлайман. Чунки мен халифаман ва бу ишни қилишга қудратим етади», деди.

Ҳазрати Али (алайҳис салом) ёмон билан ёмонроқ ўртасида қолиб, ёмонни танлашга мажбур бўлдилар. Шу боис, ул ҳазрат Умму Кулсум Умарга никоҳланишига ночор ҳолда рози бўлдилар. Лекин орадан оз вақт ўтиб Умар вафот этди ва ҳазрати Али (алайҳис салом) ҳам қизлари Умму Кулсумни уйларига олиб келдилар. Тарихда ҳам мажбурий ҳолда уйланишлар ва турмушга чиқишлар кўп бўлган. Мисол тариқасида, Лут пайғамбар ўз қавмини лавот (бесоқолбозлик) амалидан қайтариш учун ночорлик юзасидан ўз қизларини икки лавотбоз ва нажас кофирга уйланиш учун таклиф қиладилар. Қуръони Каримда Лут пайғамбар тилидан шундай дейилган:

﴿قَالَ يَا قَوْمِ هَٰؤُلَاءِ بَنَاتِي هُنَّ أَطْهَرُ لَكُمْ ۖ فَاتَّقُوا اللَّهَ﴾‏

«Лут пайғамбар: «Эй қавмим, мана бу қизларим сизлар учун покроқ-ку. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар!», деди» (Ҳуд сураси, 78-оят). Лекин улар Лут пайғамбарнинг таклифини қабул қилмадилар.

Яна тарихда пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) душман бўлмиш Абу Суфённинг қизи Умму Ҳабибага уйланганлари айтилган[10] ёки тарихда Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг қизи Сакина Мухторнинг қонхўр қотили бўлмиш Мусъаб ибн Зубайрга турмушга чиққанлиги қайд этилган.[11] Ёки тарихда ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо)нинг қизларидан бири тарихнинг қонхўр жаллодларидан бўлмиш Ҳажжож ибн Юсуф Сақафийга мажбурий ҳолда никоҳлангани айтилган.[12]

Ёки Аббосийлар сулосаласининг халифаси бўлган Маъмун ўз қизлариларини Имом Али ибн Мусо Ар-Ризо (алайҳис салом)га ва Имом Муҳаммад Жавод (алайҳис салом)га мажбурий тарзда узатгани тарихда битилган.[13]

Ёхуд ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг душмани бўлмиш Ашъаснинг қизи Жуъда Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)га турмушга чиққач, ул ҳазратни заҳарлаб қатл этгани ҳам тарихда ёзиб қолдирилган.

Демак, юқорида келтирилган мажбурий уйланишлар ва турмушга чиқишларни яхши муносабатларнинг исботи деб бўлмайди. Умму Кулсумнинг Умарга турмушга чиқиши ҳам худди шундай. Умар ибн Хаттобнинг ўзи “Саҳиҳи Муслим” китобида ўз сўзлари билан шундай дейди: Али бизни, яъни мени ва Абу Бакрни ёмон кўради ва бизни ёлғончи, гуноҳкор, фирибгар ва хоин деб билади:

فَلَمَّا تُوُفِّىَ رَسُولُ اللَّهِ – صلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ – قَالَ أَبُو بَکْرٍ أَنَا وَلِىُّ رَسُولِ اللَّهِ – صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ – فَجِئْتُمَا تَطْلُبُ مِيرَاثَكَ مِنَ ابْنِ أَخِيكَ وَيَطْلُبُ هَذَا مِيرَاثَ امْرَأَتِهِ مِنْ أَبِيهَا فَقَالَ أَبُوبَکْرٍ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ – صلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ- «مَا نُورَثُ مَاتَرَکْنَا صَدَقَةٌ». فَرَأَيتُمَاهُ کَاذِبًا آثِمًا غَادِرًا خَائِنًا وَاللَّهُ يعْلَمُ إِنَّهُ لَصَادِقٌ بَارٌّ رَاشِدٌ تَابِعٌ لِلْحَقِّ ثُمَّ تُوُفِّىَ أَبُو بَکْرٍ وَأَنَا وَلِىُّ رَسُولِ اللَّهِ -صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ- وَوَلِىُّ أَبِى بَکْرٍ فَرَأَيتُمَانِى کَاذِبًا آثِمًا غَادِرًا خَائِنًا.

«Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) вафот этгач, Абу Бакр деди: «Мен Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг вориси ва ўринбосариман. Сиз иккалангиз [яъни Аббос ва Али] келдингиз, ҳолбуки, сен эй Аббос, оғайнинг ўғли меросидан ўз улушингни талаб қилдинг ва бу [Али] эса завжаси Фотима Пайғамбар қизининг меросини талаб қилди. Шунда Абу Бакр деди: Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «Биз мерос қолдирмаймиз, биз қолдирган нарса садақадир», деб марҳамат қилганлар. Ва сиз иккалангиз эса Абу Бакрни ёлғончи, гуноҳкор, фирибгар ва хоин деб, билардингиз. Ваҳоланки, Аллоҳ Абу Бакрнинг ростгўй, солиҳ, ҳидоятда юрувчи ва ҳаққа эргашувчи эканини билади. Сўнгра Абу Бакр вафот этгач, Мен Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ва Абу Бакрнинг вориси ва ўринбосари бўлдим ва сизлар эса мени ҳам ёлғончи, гуноҳкор, фирибгар ва хиёнаткор деб билдиларингиз».[14]

“Саҳиҳи Бухорий”да келган ривоятга кўра, мўъминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) Абу Бакрни «мустабид ва золим» деб билганлар:

وَلَكِنَّكَ اسْتَبْدَدْتَ عَلَيْنَا بِالْأَمْرِ وَکُنَّا نَرَىٰ لِقَرَابَتِنَا مِن رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ نَصِيبًا حَتَّىٰ فَاضَتْ عَيْنَا أَبِي بَكْرٍ.

«Лекин сен хилофат масаласида бизга нисбатан зулм ва истибдод йўлини тутдинг ва биз Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га яқин бўлганимиз учун халифаликда ҳаққимиз ва насибамиз бор деб билардик [ул ҳазрат ушбу сўзларни айтавердилар] токи, Абу Бакрнинг кўзи ёшга тўлди».[15]

Юқоридаги ривоятнинг аввалида ҳазрати Али (алайҳис салом) Умарни ёмон кўрганликлари айтилган:

«فَأَرْسَلَ إلَىٰ أبي بَكْرٍ أَنْ ائْتِنَا ولا يَأْتِنَا أَحَدٌ مَعَكَ كَرَاهِيَةً لِمَحْضَرِ عُمَرَ فَقَالَ عُمَرُ لَا واللهِ لَا تَدْخُلْ عَلَيْهِمْ وَحْدَكَ فَقَالَ أَبُو بَكْرٍ وَمَا عَسَيْتَهُمْ أَنْ يَفْعَلُوا بِي»

«Ҳазрати Али (алайҳис салом) бир кишини Абу Бакрнинг кетидан юбориб, ўзинг бизга келгин ва ҳеч кимни ўзинг билан бирга олиб келмагин, деб айтдилар. Чунки, ҳазрати Али (алайҳис салом) Умарнинг келишини ва унинг билан ҳамсуҳбат бўлишни ёқтирмасдилар. Шунда Умар: «Уларнинг ёнига бир ўзинг борма», деди. Абу Бакр унга жавобан: «Менга бирор нарса қилишларининг эҳтимоли йўқ», деди.[16]

Абу Бакр ва Умар каби халифаларнинг ўзлари ушбу эътирофларни қабул қилганларида, биз ўзимизни қийнаб халифалар билан ҳазрати Али (алайҳис салом) ўртасидаги алоқа ва муносабат яхши бўлган, деб айта олмаймиз.

ХУЛОСА ВА НАТИЖА

Юқорида юритилган суҳбатлардан келиб чиқиб шу хулосага келамизки, Умму Кулсумнинг Умарга никоҳланиши масаласи тарихчи олимлар ўртасида ихтилофли масала ҳисобланади. Зеро, бу борада уч хил назар ва қараш илгари сурилган бўлиб, учинчи қарашга кўра, ҳазрати Али (алайҳис салом) билан ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)нинг Умму Кулсум исмли қизлари бўлган ва ушбу қарашга биноан, Умму Кулсум 8-9 ёшида 59 ёшли Умарга унинг таҳдид солиши билан мажбурий ҳолда турмушга чиққан.

Аммо бундай мажбурий ҳолда никоҳланиш ва турмушга чиқиш тарихда кўп юз берган бўлиб, ушбу ҳолат ҳазрати Али (алайҳис салом) билан Умар ўртасидаги муносабат яхши бўлганидан дарак бермайди. Аксинча, “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим” китобларида ҳазрати Али (алайҳис салом) Абу Бакр ва Умарни ёмон кўриб уларни қабул қилмаганлари ошкора айтилган.

ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБАЛАР: 

[1]. Розиюддин Али ибн Юсуф ал-Мутаҳҳар ал-Ҳиллий, «Ал-Адад ал-қовийяҳ лидафъил-маховиф ал-явмийяҳ», тадқиқотчи: Саййид Маҳдий Ражоий, Маръаший Нажафий кутубхонаси нашриёти, 1408 ҳижрий ва 1999 йил, 242-бет.

[2]. Муҳаммад ибн Юсуф Ас-Солиҳий Аш-Шомий (942 ҳижрий йилда вафот этган), «Субул ал-ҳудо варрашод фий сийрати хойрил-ибод», Байрут – Ливан: Дорул кутубил илмийя, 1414 ҳижрий ва 1993 йил, 11-жилд, 288-бет.

[3]. Муҳаммад Ибн Абдуллоҳ «Ибн Батута» номи билан танилган, «Субул ал-ҳудо варрашод фий сийрати хойрил-ибод», тадқиқотчи: Абдулҳодий Ат-Тозий, Работ – Ал-Мағриб: Марокаш Қироллиги Академияси, 1417 ҳижрий ва 1997 йил, 1-жилд, 323-бет.

[4]. Абу Закариё Муҳиддин Яҳё ибн Шараф ан-Нававий (676 ҳижрий йилда вафот этган) «Таҳзийбул асмааъи валлуғот», Байрут – Ливан, Дорул кутубил илмийя, 2-жилд, 630-бет.

[5]. Ибн Асокир, «Тариху Мадинати Дамашқ» ёки «Тарихи Ибн Асокир» номи билан танилган, 19-жилд, 487-бeт.

[6]. Аҳмад ибн Аби Яъқуб «Яъқубий» номи танилган, «Тарихул Яъқубий», 2-жилд, 150-бет.

[7]. Ибн Абдул Барр Ал-Қуртубий, «Ал-истийъоб фий маърифатил асҳоб», 4-жилд, 1955-бет.

[8]. Муҳаммад ибн Яъқуб Кулайний, «Усули Кофий», 5-жилд, 346-бет ва 6-жилд, 115-бет.

[9]. Ушбу сўзнинг Аҳли суннат наздидаги манбалари қуйидагилардан иборат:

  • Ҳофиз Абу Бакр Абдураззоқ бин Ҳамом Санъоний (вафот санаси: 211 ҳижрий), «Ал-Мусанниф», 6-жилд, 163-бет, 10352-ҳадис.
  • Ибн Ҳажар Асқалоний, «Ал-Исобаҳ фий тамйизис-саҳобаҳ», 8-жилд, 293-бeт.
  • Ал-Хатиб Ал-Бағдодий, «Тарихи мадинатис-салом» ёки «Тариху Бағдод» номи билан танилган, 6-жилд, 182-бет.
  • Мусъаб ибн Абдуллоҳ ибн Мусъаб Зубайрий, «Насабу Қурайш», 10-жилд, 349-бет.

[10]. Ушбу тарихий маълумотнинг манбалари:

  • Ибн Саъд, «Ат-табақотул кубро», 8-жилд, 70-бет.
  • Ал-Балозирий, Аҳмад ибн Яҳё ибн Жобир (вафот санаси: 279-ҳижрий йил) «Ансобул Ашроф», 1-жилд, 439-бет.

[11]. Сибт ибн Ал-Жавзий Ал-Ҳанафий, «Тазкирату хавосил уммаҳ», 249 ва 250-бетлар.

[12]. Ибн Ҳазм Али ибн Аҳмад ал-Андулусий ал-Қуртубий, «Жамҳарату ансобил-араб», Байрут – Ливан: Дорул кутубил илмийя, 1403 ҳижрий ва 1983 йил, 1-жилд, 38-бет.

[13]. Ибн Касир, «Ал-Бидояту ван-Ниҳояҳ», ёки «Тaриxи Ибн Кaсир» номи билан танилган, 10-жилд, 269-бeт.

[14]. Муслим ибн Ҳажжож Абул Ҳусайн Ал-Қушайри Ан-Нисобурийнинг (вафот этган санаси: 413-ҳижрий қамарий йили) «Саҳиҳул Муслим» номли китоби, 3-жилд, 1378-бет, 1757-ҳадис, китобул жиҳоди вас-сияр, бобу ҳукмил файъ, тадқиқотчи: Муҳаммад Фуод Абдул Боқий, ношир: Дору иҳёит-туросил арабий, Байрут.

[15]. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад бин Исмоил Ал-Бухорий Ал-Жуъфийнинг (вафот этган санаси: 256-ҳижрий қамарий йили) «Саҳиҳул Бухорий» номли китоби, 4-жилд, 1549-бет, 3998-ҳадис, китобул мағозий, бобу ғазвати Хайбар, тадқиқотчи: Мустафо Дайбул биғо, ношир: Дору Ибн Касир, Ал-Ямома – Байрут, учинчи чоп, нашр этилган йили; 1407-ҳижрий қамарий йили ва 1987-милодий йили.

[16]. Юқоридаги манба.

Қуйидаги юклаб олиш тугманинг устига босиб қўйиш билан ушбу мақолани ўзингизга кўчириб олишингиз мумкин:

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.