Home / Ақоид ва Калом / Нубувват / Илоҳий раҳбарларга бўлган эҳтиёжимиз

Илоҳий раҳбарларга бўлган эҳтиёжимиз

Илмимизнинг маҳдудлиги ҳақида

 Баъзиларга; «асосан пайғамбарларнинг Аллоҳ таоло томонидан инсонларга тўғри йўл кўрсатиш учун юборилишлари зарурми ёки йўқми?»– деган савол уларнинг фикрларида туғилиши мумкин.

  Уларнинг фикрича; инсон ақли ва онги воқелик ва ҳақиқатни англашга етарли эмасми? Башарият илму фанининг ривожланиши сир-асрорларнинг кашф этилишига ва натижада бутун ҳақиқатларнинг ошкор бўлишига сабаб бўлмайдими?

 Юқоридаги фикрларга биноан, Пайғамбарлар бизга ўргатишлари мумкин бўлган илмлар икки ҳолдан холи эмас: Ё бизнинг ақл-идрокимиз ўша илмларни тушуниб ета олади ёхуд англай ололмайди?

 Биринчи ҳолатда, пайғамбарларнинг саъю ҳаракатларига ҳеч қандай эҳтиёжимиз бўлмайди, аммо иккинчи ҳолатда эса ақл-идрокимизга зид бўлган масалаларда пайғамбарларга таслим бўла олмаймиз!

 Бошқа тарафдан қараганда; инсон ўз ихтиёрини бировнинг қўлига топшириб қўйиб, сўзсиз унинг кўрсатган йўлини қабул қилиши тўғри бўладими? Пайғамбарлар ҳам бизлар каби инсон эмасларми? Биз қандай қилиб ўзимизни бизга ўхшаш инсонлар ихтиёрига топшира оламиз?

Жавоблар:

 Қуйидаги бир нечта масалаларни назарга олиш билан юқоридаги саволларнинг жавоби ойдинлашиб, пайғамбарларнинг инсонлар ҳаёти тузумидаги ўрни маълум бўлади.

 1. Билишимиз керакки, биз инсонларнинг қўлга киритган илму-маълумотларимиз жуда ҳам чегараланган бўлиб, бутун илму фанларда юксак тараққиётга эришиб, инсониятнинг илм-саноати анча ривожланган бўлишига қарамай, ҳануз ҳам бизнинг биладиган нарсаларимиз билмайдиганларимиз олдида денгиздан бир қатра холос ёки тоғ баробарида кўринмас бир сомондек, деб айтсак ҳам, янглишмаган бўламиз. Айрим йирик олимларнинг айтишларича; биз инсонлар эндиги замонда эгаллаган барча илмларимиз борлиқ оламнинг улкан китоби учун алифбо ҳисобланади, холос.

 Бошқача айтганда: Бизнинг маълумотларимиз фақат ақлимизнинг қудрати етадиган тор доирада бўлиб, илму фан тараққиёти ўша миқдорни ёритган ва биз бу доирадан ташқаридаги маълумотлардан буткул бехабардирмиз.

  Аллоҳ томонидан йўлланган пайғамбарлар ўзларининг ваҳий асосидаги таълимлари билан бизнинг эҳтиёжимиз бўлган илму маърифатни келтириб, маълумотларимизнинг тор доирасини кенгайтирадилар. Дарҳақиқат, ақлимиз нур тарқатадиган ва ёритадиган кучли чироқ каби бўлса, бироқ пайғамбарларнинг келтирган ваҳийлари оламни ёритувчи қуёш кабидир. Ким кучли прожектирга ишора қилиб, менга бунинг нури етади ва қуёшга эҳтиёжим йўқдир, деб айта олади?

 Аниқроқ тушунча киритмоқчи бўлсак; ҳаётдаги масалаларни уч қисмга бўла оламиз: «Маъқул», «номаъқул» ва «номаълум».

 Пайғамбарларнинг ҳеч бири «номаъқул», ақлга зид нарсани айтмайдилар ва агар ақлга зид нарсани айтадиган бўлсалар, у ҳолда пайғамбар бўлишмайди, балки пайғамбарлар номаълум ва мажҳул нарсаларни англаб олишимизда бизга ёрдам берадилар ва бу биз учун ўта муҳим масаладир.

 Шунга биноан, ўтмишда Ҳиндустонда ва дунёнинг бошқа жойларида истиқомат қилувчи Бираҳманлар: «Инсон ақл-идрокка эга бўлгани учун пайғамбарларга эҳтиёжи йўқдир», дейишган бўлса, бугунги кунда эса vилм-фан тараққий этган, шунинг учун пайғамбарларнинг ва уларнинг биз инсонларга келтирадиган таълимотларининг кераги йўқ», дейдиганлар, на башарият қўлга киритган илм-фаннинг аҳволидан хабардордирлар ва на пайғамбарлар юборилишининг моҳиятини тўғри тушуна олганлар.

 Уларни биринчи синфни тугатган гўдакка ўхшатиш мумкинки, vҳарфларни ўрганиб олиб, энди менга ўқитувчининг кераги йўқb, деб айтади. Ҳолбуки, унинг устозга бўлган эхтиёжи ортади. Унинг бу сўзи асоссиз эмасми?

 Шуни унутмаслик керакки, пайғамбарлар фақатгина башариятнинг муаллими бўлиб қолмай, уларни тўғри йўлга етакловчи раҳбар ва йўлбошчидирлар. Бу боради кейинчалик муфассал сўз юритгаймиз.

 2. Ҳеч ким vинсон «ўз ихтиёрини ўзига ўхшаган бирор шахснинг қўлига буткул топшириб қўйсинb, деб айтмайди. Муҳим масала шундан иборатки, пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг йўллаган ваҳийи ва Унинг чексиз илми билан алоқададирлар ва биз аввало қатъий далиллар билан уларнинг Аллоҳ билан алоқада бўлганларини ва уларнинг ҳақиқий пайғамбар эканликларини билиб олишимиз лозим. Шундагина ушбу илоҳий раҳбарларнинг сўзларига қулоқ солиб, уларнинг арзирли таълимотларини жону-дилимиз билан қабул қилгаймиз.

 Агар тузалиб кетишимиз учун моҳир, тажрибали ва жонкуяр шифокорнинг айтганларига амал қилсак, ихтиёримизни қўлдан бериб қўйиб, ножуя ишни қилган бўламизми?!

 Шубҳасиз, пайғамбарлар инсониятнинг руҳий шифокорларидирлар. Агар мен устозимнинг онг-у фикримга монанд бўлган ҳикматли сўзларига қулоқ солиб, айтганларини бажарсам, номаъқул иш қилган бўламанми?! Пайғамбарлар бутун инсониятнинг буюк устозидирлар.

 Пайғамбарларнинг Аллоҳ томонидан юборилиши зарур эканлигига далиллар келтириб, бу масалани кўздан кечирсак, яхши ва муносиб иш бўлар эди.

 Шунинг учун, пайғамбарлар юборилиши ва уларнинг кўрсатмалари нақадар зарур эканлигини билишимиз учун учта далилни кўриб чиқамиз:

1. Таълим-тарбия юзасидан бўлган эҳтиёжимиз

 Бизлар агар нур тўлқинларидан ясалган афсонавий бир кемага минсак-да ва унинг тезлиги нур тезлигида (ҳар бир сонияда 300 000км) бўлса, бу бепоён фазода сайр қилишимиз учун шубҳасиз, ҳазрат Нуҳ(алайҳис салом) умрларидан минглаб йил керак бўлади, то бу кенг жаҳоннинг фақатгина кичик бир қисмини томоша қила олайлик.

 Ақлни ҳайратлантирадиган ўта кенг бу олам ўзидан-ўзи беҳудага яратилмагани шубҳасиздир ва шунингдек, худошунослик дарсларида ўрганганимиздек бу кенг оламнинг яратилиши Аллоҳ учун ҳеч қандай фойдаси йўқдир, негаки, Аллоҳ ҳар жиҳатдан комил, ҳожатсиз ва чексиз Зот бўлгани учун Унда ҳеч қандай камчилик ва нуқсон йўқдир, токи, жаҳон ва башариятни яратиш орқали Ўзидаги камчилик ва нуқсонни бартараф этсин.

 Шунга биноан, яратишдан мақсад; бу дунёдаги мавжудотларга марҳамат кўрсатиб, уларга фазл-карам билан назар солиб, уларни кўзланган камолотга етказиш бўлгандир. Чунончи, осмондаги қуёш бизлардан беҳожат бўлган ҳолда биз ердагиларга ўз нурини сочади. Қуёшнинг нур сочиши фақат бизларнинг фойдамизгагина, холос ва акс ҳолда, бизнинг қуёшга қандай фойдамиз тегиши мумкин?

 Бошқа томондан қарасак; бизнинг олган билим ва маълумотларимизнинг танҳо ўзи камолот сари етаклаб, ҳар томонлама комил инсон бўлишимиз учун етарлими?

 Биз жаҳоннинг сиру-асрорларидан қанчалик хабардордирмиз? Ҳаётнинг ҳақиқати ва моҳияти нимадир? Бу жаҳон қачон яралган? Ҳеч ким бу саволларнинг аниқ жавобини билмайди. Қачонгача бу жаҳон боқий қолажак? Яна ҳеч ким бунга ҳам жавоб бера олмайди.

 Ижтимоий ва иқтисодий масалаларда ҳам донишмандлар турлича назарияларни билдириб, ўзаро ихтилофга эгадирлар.

 Масалан: Бир гуруҳ олимлар «капитализм ва сармоядорлик тузумиbни тавсия этишса, бошқалар эса «социализм ва коммунизм»ни тавсия қилганлар. Учинчи тоифага мансуб олимлар эса ҳар иккала тузумни қоралаб, бу фикр-мулоҳазалар инсониятга зарар етказкади, деб бошқа тузумни тавсия этадилар.

 Ҳаётнинг бошқа масалаларда ҳам айнан шундай ихтилофлар донишмандлар ўртасида мавжуддир. Инсон бу назариялар қаршисида ҳайратланиб, қайси бирига эргашиш кераклигига ақли етмай қолади?!

 Шу боис, инсоф юзасидан бу ҳақиқатни эътироф этишимиз лозимки, биз инсонлар яратишдан кўзланган асл мақсад, яъни «инсониятнинг ҳаётнинг бутун тармоқларида такомил топиб, униб-ўсиш»га етишиш учун инсонни ҳаётнинг воқелик томонига етаклайдиган ва камолотга етказадиган ҳамда хато ва камчиликлардан холи бўлган тўғри таълимотлар тизимига эҳтиёжимиз бордир. Ушбу таълимотлар шундай хусусиятга эга бўлиши лозимки, инсонга бу узоқ йўлни босиб ўтиб, яратилишнинг асл мақсадига эришишда ёрдам бера олсин.

 Бундай таълимотлар ёлғиз Аллоҳнинг пайғамбарларга йўллаган ваҳийи орқали башариятга етказилади. Ушбу далилга кўра; ҳидоят йўлидан бориш учун бизни яратган Аллоҳ таоло бундай илм-маърифатни бизга етказиши лозим.

2. Ижтимоий ва ахлоқий масалаларда раҳбарга бўлган эҳтиёжимиз.

 Ҳаммамизга маълумки, вужудимизда ақл-идрокдан ташқари, «ғаризалар[1] ва табиий майллар», деб номланган кучли ҳис-туйғулар бордир. Чунончи; ўзни яхши кўришлик ғаризаси, ғазаб қилиш ғаризаси, шаҳватга келиш ғаризаси ва бошқа шунга ўхшаш кўплаб ғаризалар мавжуд.

 Бешак, агар биз бу ғаризаларимизни жиловламасак, улар ақл-онгимиз устидан ҳукмрон бўлиб олишади ва натижада, ақл-идрокимиз уларнинг асирига айланиб, қамоққа олинади. Шунда инсон ўз ғаризаларини жиловламаган тарихнинг ситамгар ва золимлари каби ваҳший ва йиртқич бўрига айланиб, чўлда юрган бўрилардан ҳам бир қанча хатарлироқ бўлади.

 Ахлоқий нуқтаи назардан тарбияланишимиз учун юксак мартабали мураббийга муҳтождирмиз, токи уларнинг юриш-туришлари бизлар учун гўзал намуна бўлсин ва биз уларнинг хатти-ҳаракатларига тутган йўлларига эргашайлик.

 Бизларнинг фасод ва қоронғуликларга тўлиб-тошган бу дунёда қўлимиздан тутадиган, ғаризаларимиз (табиий майлларимиз) туғён қилиб ўз ҳаддидан чиқишининг олдини олиш учун уларга қарши курашиш йўлларини бизга кўрсатадиган ва ўз амали ва сўзи билан ахлоқий фазилатларни бизнинг жону дилимизга сингдириб, шижоатли ва жасур бўлишни, инсонсеварликни, кечиримли ва мурувватли бўлишни, вафодорлик ва тўғриликни ҳамда омонатдор ва иффат-ҳаётли бўлишни ҳаётда кўрсатиб, ушбу олий хислатларни бизнинг руҳимизда парваришлайдиган, бизларни тўғри йўлга бошлайдиган ва ҳар томонлама тарбия топган юксак ва комил инсоннинг бўлиши зарурдир.

 Ана шу айтилган оғир вазифаларни барча гуноҳлардан йироқ бўлган пайғамбарлардан ўзга ким ўташи мумкин?!

 Шунинг учун раҳмли, меҳрибон ва қодир бўлган Парвардигоримиз бизларни мана шундай илоҳий раҳбарлар, йўлбошчилар ва мураббийлардан маҳрум этиши мукин бўлмаган ишдир.

 Бу мақоланинг давомини кейинги мақолада ўқийсиз.



[1] «Ғариза» сўзи арабча бўлиб, биология фанида «инстинкт», деб айтилади. Ушбу истилоҳнинг маъноси: «Тирик ораганизмнинг ташқи ва ички муҳит таъсирларига нисбатан онгсиз равишда, аммо туғма, мақсадли ҳаракатлар йиғиндиси» ёки бошқача айтганда: «Бир-бирига боғлиқ бўлган туғма ва ғайришуурий рефлекслар.» Ғариза сўзини ўзбек тилида: «Ҳис-туйғу, табиий майл ва интилиш», деб таржима қилиш мумкин.

Share

Check Also

Ilоhiy rahbarlarga bo`lgan ehtiyojimiz

Ilmimizning mahdudligi haqida   Ba’zilarga; «asоsan payg`ambarlarning Allоh taоlо tоmоnidan insоnlarga to`g`ri yo`l ko`rsatish uchun …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.