Home / Ақоид ва Калом / Маод / Ўлим тугашми ё бошланишми?

Ўлим тугашми ё бошланишми?

Нима учун инсонларнинг кўпчилиги ўлимдан қўрқадилар?

  Ўлим ҳамиша одамлар учун қўрқинчли бир ҳодиса сифатида кўз ўнгларида гавдаланиб, унинг борасида фикр юритмоқ кўплар учун ҳаётнинг лаззатини йўқотиб, кўнгилсиз ҳолатга айланиб қолган.

  Баъзилар нафақат ўлимнинг номини эшитишдан қўрқа-дилар, балки қабристон номидан ҳам нафратланадилар.

Улар қабр ва мақбараларни ҳашаматли қилиб, зебу зийнатлар бериш билан ўлимнинг асл моҳиятини унутишга ҳаракат қиладилар.

  Турли миллатларнинг урф-одати ва адабиётида бу қўрқувнинг белгилари батамом намоён бўлиб, доим «Ўлим даҳшати», «Ўлим чангали», «Ажал қаҳри» каби иборалар билан ўлимни ёдга олишади!

  Одамлар ўзаро бир-бирлари билан ўлим ва ўлган шахс ҳақида суҳбатлашаётганларида тингловчини қўрқувга солмаслик учун «Худо кўсатмасин!», «Тилим лол бўлсин», «Сизнинг жонингиздан йироқ бўлсин» «Ўлганнинг қолган умрини сизга берган бўлсин» қабилидаги ибораларни қўшиб айтиш билан эшитувчи ва ўлим хотираси ўртасида девор яратмоқчи бўлишади.

  Энди таҳлил қилиб кўрайликчи, одамларнинг ҳар доимги ўлимдан бунчалик қўрқишларининг сабаби нима? Нима учун баъзилар бу умумий тасаввурга мухолиф ўлароқ ўлимдан қўрқиш у ёқда турсин, балки ўлимга табассум билан боқадилар ва ифтихорли ўлим истиқболига ошиқадилар?

  Тарихдан маълумки, баъзи тоифа одамлар ўлимга қарши дармон топиш ва ёш ҳолда қолиш сир-асрорини излаб юрган бўлсалар, айрим инсонлар эса ошиқона ҳолда жиҳод майдонига шошилар ва ўлим чеҳрасига табассум билан боқар эдилар. Баъзан улар ҳаётларининг узоқ давом этганидан шикоят қилиб, ҳақиқий маҳбублари бўлмиш Аллоҳнинг дийдорига ноил бўлиш ва Унинг розилигини қўлга киритиш орзусида бўлурлар. Бугунги кунда ҳам ҳақ ва ботил орасида давом этаётган кураш майдонида шундай инсонлар ўз жонларини иккиланмай ҳаққоният йўлида тақдим этмоқдалар.

Ўлимдан қўрқишнинг асосий сабаби

  Агар диққат билан таҳлил қилиб қарайдиган бўлсак, ўлимдан қўрқишнинг асосий омили фақат икки нарсадан иборат:

1. Ўлимга йўқ бўлмоқ деб қараш

  Одамлар ҳамиша йўқ бўлишдан қочадилар; касаллик-дан қочадилар, чунки, касаллик бу саломатликнинг йўқ бўлишидир, қоронғиликдан қочадилар, зеро, у нур ва ёруғ-ликнинг йўқ бўлишидир, камбағаллик ва йўқсилликдан қўрқадилар, чунки, у бойлик ва тўқликнинг йўқ бўлишидир.

  Ҳатто гоҳида ҳеч ким бўлмаган бўш уйда ёлғиз қолишдан қўрқадилар ва баъзан очиқ бир чўлда қўрқувга дучор бўладилар, негаки, у ерда ҳеч ким йўқдир!

  Ажабланарлиси шундаки, айримлар ўликдан ҳам қўрқишади ва ўлик ётган хонага кириб, ўша ерда бир кеча тунашдан қўрқишади. Ҳолбуки, худди шу мурда тириклигида ундан ҳеч қўрқмас эди!

  Энди кўриб чиқайликчи, нимага одам йўқ ва нест-нобуд бўлишдан бунчалик қўрқар экан? Жавоби маълумдир. Зеро, инсон вужуд ва борлиқдан иборат бўлиб, вужуд ва борлиққа чамбарчас боғлиқдир ва шу боис, фақат вужуд ва мавжудотлар билан таниш ва ошнодир. У ҳаргиз йўқлик ва мавжудсизлик билан таниш эмасдир. Демак, биз инсонларнинг йўқлик ва мавжудсизлик билан ёт ва бегона бўлишимиз тамомила табиий ҳолдир.

  Энди агар ўлимни ҳамма нарсанинг ниҳояси ва тугалланиши деб билсак ва ўлмоқ билан барча нарсалар якун топади, деб ўйласак, ўлимдан қўрқишга ҳаққимиз бор, ҳатто унинг номидан ва хиёлдан ўтказишдан ҳам чўчимоққа ҳаққамиз бор. Негаки, ушбу тасаввур бўйича ўлим ҳамма нарсани биздан олиб қўяди.

  Аммо агар ўлимни янги бир ҳаётнинг бошланиши ва бу ҳаёт мангу ва абадий деб қарайдиган бўлсак ва ўлимни буюк бир жаҳон томон дарича деб билсак, нафақат ўлим ва ўлишдан ҳадиксирамаймиз, балки ўлим билан бу янги ҳаёт сари покиза ва иззатли ҳолда солиҳ амаллар билан йўл олганларга ҳатто табрик айтамиз.

2. Номаи амаллари қора бўлганлар

  Бир гуруҳ одамлар эса ўлимга фоний ва йўқ бўлиш деб қарамайдилар ва зинҳор ўлимдан кейинги ҳаётни инкор этмайдилар. Аммо шунга қарамай яна ўлимдан жуда қўрқадилар.

  Нега деганда уларнинг номаи амаллари шунчалик қора бўлиб кетганки, қилган гуноҳлари билан тўлиб тошгани учун ўлимдан кейинги дардли азоблардан қўрқадилар. Улар ўлимдан қўрқишга ҳақлидирлар. Улар зиндондаги оғир жиноятга қўл урган хавфли маҳбусларга ўхшаб, қамоқдан озод бўлишдан хавфсирайдилар, зеро, улар биладиларки, уларни қамоқдан чиқаришлари биланоқ ўлим жазосига тортиладилар.

  Улар қамоқнинг темир панжараларига қаттиқ ёпишиб оладилар. Бунинг сабаби озодликни ёмон кўришлари эмас, балки озодликнинг ортидан кутилаётган ўлим жазосига маҳкум бўлишларидир. Худди шундай ёмон ва қабиҳ амалларни бажарган шахслар ҳам уларнинг руҳлари бу тор қафасдан озод бўлиши биланоқ қилган зулму ситам, фасод-бузғунлик ва ёвуз амаллари туфайли тоқат қилиб бўлмайдиган азоб-уқубатларга дучор бўлишларини яхши биладилар ва шунинг учун ўлимдан қўрқадилар.

  Аммо ўлимни «йўқ» ва «нест-нобуд» бўлиш деб ҳисобламайдиганлар ҳамда «номаи амаллари қора» бўлмаганлар нима учун ўлимдан қўрқишлари керак?

  Шак-шубҳасиз, улар ҳам яшашни бутун вужудлари билан истайдилар. Аммо ўлимдан кейинги нариги дунёда ўзларининг янги ҳаётлари учун кўпроқ озиқа олиб, ҳозир бўлишлари учунгина яшашни истайдилар, холос. Шу боис, Парвардигори каримнинг ризолиги бўлган ҳақ йўлдаги ўлимни қаршилаб оладилар.

Икки хил дунёқараш

  Айтиб ўтганимиздек одамлар икки гуруҳга бўлинадилар. Кўпчиликни ташкил этадиган гуруҳ ўлимдан нафратланиб, ундан безор бўлсалар, иккинчи гуруҳ эса Аллоҳнинг йўлида шаҳид бўлиш каби юксак мақсад йўлида юз берадиган ўлимнинг истиқболига чиқадилар ёки ҳеч бўлмаса, умрлари охирига етганини сезганда асло хафа ва ғамгин бўлмайдилар.

  Бу икки хил қарашнинг сабаби ҳар икки гуруҳ вакилларининг дунёқараши фарқланишидадир.

  Биринчи гуруҳ: Бу гуруҳ одамлар ўлимдан кейинги охират диёридаги ҳаётга ишонмайдилар ёки ишонадиган бўлсалар-да имонлари заиф бўлгани учун ўлим лаҳзасини ҳамма нарса билан видолашиш деб биладилар. Албатта ҳамма нарсага алвидо деб тарк этиш ғоят мудҳиш бўлиб, ёруғлик ва нурдан бутунлай зулмат ва қороғилик сари қадам ташламоқ сингари ўта дардли ва аянчлидир.

  Шунингдек улар зиндондан озод қилиниб, ўлимга ҳукм қилинган жинояткор каби қўрқув ва даҳшатда бўладилар. Зеро, катта жиноятга йўл қўйган ва унинг жиноятини исботлаш учун етарли ва ошкор ҳужжатлар мавжуд бўлган шахс учун қамоқдан озод қилиниб, муҳокама қилиш учун маҳкамага юборилиши ўта хавфли ва даҳшатли ҳолатдир.

  Аммо иккинчи гуруҳ вакиллари эса ўлимни янги туғилиш деб биладилар. Уларнинг эътиқодича, одам ўлгандан сўнг қоронғи, тор ва чегараланган дунёдан кенг ва ёруғ оламга кўчиб ўтади.

Ушбу гуруҳ вакиллари бу дунёни зулм ва адолатсизлик-ларга, жанг ва қон тўкишларга ва гина-кудуратларга тўлиб тошган тор ва кичик қафас, деб билиб, ўлимга эса бундай қафасдан ва ундаги бузғунлик ва нопокликлардан қутулиб, бепоён, пок ва мусаффо осмонга қилинадиган парвоз каби боқадилар. Шу боис, уларнинг ўлимдан қўрқмасликлари табиий ҳолдир. Ҳазрат Али (алайҳис салом) ҳам шу гуруҳга мансуб бўлган зот бўлиб, ўлим ҳақида шундай деб марҳамат қилганлар:

«وَاللهِ لَاَبْنُ أَبي طَالِبٍ آنَسُ بالْمَوْتِ مِنَ الطِّفْلِ بِثَدْي أُمِّهِ»

  «Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, Абу Толиб ўғлининг (ўзларини назарда тутганлар) ўлимга бўлган иштиёқи – эмадиган боланинг онаси кўкрагига бўлган иштиёқидан ҳам кучлироқдир.[1]»

  Ислом тарихида имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул зотнинг фидокор ёронлари каби ўлим ва шаҳид бўлиш лаҳзаси яқинлашган сайин уларнинг юзлари қувноқ ва шодон ҳолда ёруғлашиб, Ёрлари Аллоҳнинг дийдорига ноил бўлиш иштиёқида ўзларига сиғмаган пок инсонларни учратишимиз бежиз эмасдир.

  Шунинг учун ҳазрат Али (алайҳис салом) нинг ифтихорли ҳаётларининг тарихида айтилишича, ўша жинояткорнинг қиличи зарбаси ул зотнинг бошларига келиб тушганида: «فُزْتُ وَرَبِّ الْکَعْبَةِ» «Каъбанинг Раббига онт бўлсинки, роҳат бўлдим (дунёдан қутулдим!)» – деганлар.

  Маълумки, бу сўзимизнинг маъноси; инсон ўзини хатарга солиб, Аллоҳнинг буюк неъмати бўлмиш ҳаётни менсимай ва ундан улкан мақсадларга эришиш учун фойдаланмай, ўлимини тезлаштириши керак дегани эмас. Балки инсон ҳаётидан тўғри фойдаланиши керак ва умрининг тугашидан, айниқса умрини олий ва юксак мақсад сари сарфлаган бўлса, қўрқиши керак эмас демоқчимиз, холос.


[1]. Наҳжул балоға, 5-хутба.

Share

Check Also

Ruhning bоqiyligi охirat bоrligidan dalоlatdir

  Оdamzоt qachоndan beri ruh haqida fikr yuritishni bоshlaganini hech kim bilmaydi. Faqat shuni ayta …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.