Home / Ақоид ва Калом / Маод / Қиёмат адолат тарозисида

Қиёмат адолат тарозисида

  Агар борлиқ оламнинг тузилмасига ва яратилиш қонун-қоидаларига бир оз диққат билан назар солсак, у ҳолда жаҳондаги ҳар бир нарса ўз ўрнида тартиб-интизом билан қўйилганлигини ва ҳар ерда қонун-қоида ҳукм сураётганини яққол кўрамиз.

  Инсон организмида ҳам одилона тузум ва тартиб – интизом шу қадар нозик ва ораста тарзда яратилганки,

агар бу тартиб ва тузум бир оз ўзгарадиган ёки бузиладиган бўлса, инсоннинг хасталикка чалинишига ёки ўлишига олиб келади.

  Чунончи, кўз, юрак, мия ва … ларнинг тузилишларида юқори аниқликда адолат ўрнатилган бўлиб, ҳар бир нарса ўз ўрнида жойлашган ва керакли миқдорда бу адолатли тузум нафақат инсон баданининг тузилмасида, балки худди шундай адолатли тартиб-интизом бутун яратилиш оламининг устидан ҳукмрондир. Негаки:

«بِالْعَدْلِ قَامَتِ السَّمَوَاتُ وَ الأَرْضُ»

  «Ер ва осмонлар адолат асосида барпо қилинган.»

  Ҳатто жуда майда заррача бўлмиш атомнинг тузилишида ҳам юқори аниқликда тартиб-интизом мавжуд бўлиб, миллионлаб атомларни игнанинг учига сиғдириш мумкин. Энди айтингчи, атомнинг тузилмаси қанчалик аниқ тартибда шаккиллантирилган бўлмоғи лозимки, миллионлаб йиллар давомида ўз ҳаётини давом эттира олсин.

  Бу эса электрон ва протонлар орасида ўта аниқ ва фавқулодда тузум ва адолатли мувозанат барқарорлиги туфайлидир ва ҳеч бир катта ва кичик нарса бундай ҳайратланарли тузумдан ташқарида эмас.

  Чиндан ҳам инсон ғоят кенг адолатли мувозанатга асосланган дунёнинг бир қисми бўла туриб, ушбу адолатли тузумдан бебаҳра ва мустасно мавжудот ҳисобланадими? Инсон бу улкан оламдан фарқланувчи бўлиб, озод ва эркин ҳолда истаган зулму жиноятини қилиб, адолатсизлик ва ноҳақсизликларга ғарқ бўлиб юраверадими? Ёки бу ўринда яширин бир нукта[1] борми?

Ихтиёр ва танлаш эркинлиги

  Ҳақиқат шундан иборатки, инсон жаҳондаги бутун мавжудотлардан фарқли ўлароқ «ихтиёр ва танлов» соҳибидир. Нимага Аллоҳ таоло инсонни эркин ва озод яратиб, унга танлаш ва қарор қилиш ҳуқуқини берган, токи, истаган нарсасини қила олсин?

  Бунинг далили шундан иборатки, агар инсон озод ва эркин бўлиб, ихтиёр соҳиби бўлмаганида эди, ҳеч вақт камолотга эриша олмас эди. Унинг бу эрки буюк имтиёз ва устунлик ҳисобланиб, маънавий ва ахлоқий камолотга етиш учун кафилдир. Масалан, агар бирор шахсни қурол-яроқ кучи билан зўрлаб, муҳтож ва йўқсилларга мадад бериш каби жамиятга хайрли иш қилишга мажбурлашса, шубҳасиз, у бундай хайрли ишларни бажарса-да, лекин ўша инсон учун ахлоқий ва инсоний фазилат ва камолотни юзага келтирмайди. Зеро, хайрли ишни ўз ихтиёри ва иродаси билан қилмади. Аммо агар кимда ким ўзининг истаги ва ихтиёри билан ўша хайрли ва яхши ишнинг юздан бирини бажарса, ўша миқдорда маънавий-ахлоқий такомиллашиш сари қадам қўйган бўлиб, унинг учун фазилат ва камолот ҳисобланади.

  Бинобарин, маънавий ва ахлоқий такомил топишнинг биринчи шарти ихтиёр ва озод иродага молик бўлмоқдир. То инсон табиат оламининг мажбурий омиллар кучи билан эмас, балки ўз ихтиёри ва иродасининг озодлиги билан камолот йўлидан борсин. Аллоҳ таоло инсонни камолотга етказиш мақсадида унга ана шундай буюк неъмат бўлмиш ихтиёр ва ирода озодлигини ато этган.

  Бу буюк неъмат худди тиканлари бор гулга ўхшаб, ўз озодлиги ва ихтиёрини суиистеъмол қилиб, зулм, гуноҳ ва фасод-бузғунликларга ботган шахслар тикан кабилардир.

  Албатта агар инсон зулму ситамга қўл уриши биланоқ Аллоҳ дарҳол бу ишлари учун унинг бошига бало ва азоб ёғдириб, қўлини фалаж ва шол, кўзини кўрмайдиган ва тилини сўзлолмайдиган қилиб қўйиб, шунинг билан бундай ёвуз ишлар унинг фикрига келмайдиган бўлиб қолса, Яратувчининг олдини тўсадиган ҳеч бир моне ва тўғон бўлмас.

  Тўғрики, у ҳолда ҳеч ким озодлиги ва ихтиёрини суиистеъмол қилмай, гуноҳ тарафга йўлланмаган бўлур эди. Бироқ бу ҳолда инсоннинг тақводорлиги ва парҳизкорлиги мажбурий тус олар эди. Шунга биноан, гуноҳ қилмаслик ва фасод-бузғунликларга қўл урмаслик инсон учун фазилат ва ифтихор ҳисобланмаган бўларди. Балки у шиддатли, суръатли ва тўхтовсиз азобдан қўрққани учунгина гуноҳни тарк этган ҳисобланарди, холос.

  Шундай экан, инсон турли имтиҳонлар ва синовлар қаршисида эркин ва озод бўлиб, шошилинч жазолардан (истисно ҳолатлардан ташқари) сақланган бўлмоғи даркор. Токи, тўғри йўлни ихтиёрий равишда танлаб, ўзининг қадр-қимматли хусусиятларини намоён этсин.

  Бу ўринда фақат муҳим бир масала ҳақида сўз юритилмай қолади, у ҳам бўлса агар ҳамма одамлар ўз ихтиёрларига ташлаб қўйиладиган бўлишса ва ҳар ким ўзи хоҳлаганидек бир йўлни танлаб олса, бутун жаҳонга ҳукм сураётган Парвардигори каримнинг адолатига путур етади.

  Ана шу ерда одамларнинг қилган амаллари устидан ҳукм чиқарувчи маҳкама бўлиши зарурлигига ишонч ҳосил қилиб, ҳамма инсонлар унда ҳозир бўлиб, ўз амалларига яраша жазо ёки мукофот кўриб, яратилиш оламининг умумий адолатидан ўз улушларини олишлари-ни тушуниб етамиз.

  Бутун умри давомида зулму ситам ва жабру жафо қилиб ўтган Намрудлар Фиръавнлар, Чингизлар ва Қорунлар ҳисоб-китоб қилинмасдан жазоланмай қолишлари мумкинми?

  Ахир золим ва жиноятчилар билан солиҳ бандалар Парвардигорнинг адолатли тарозисида баробар бўла оладиларми?

  Қуръони Каримда айтилишича:

<أَفَنَجْعَلُ الْمُسْلِمِينَ كَالْمُجْرِمِينَ! مَا لَكُمْ كَيْفَ تَحْكُمُونَ>

  «Ахир, Биз мусулмонларни жиноятчиларга баробар қилиб қўярмидик?! Сизларга не бўлди? Қанақа ҳукм чиқармоқдасизлар?!» (Қалам сураси; 35-36 оятлар).

<أَمْ نَجْعَلُ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ كَالْمُفْسِدِينَ فِي الْأَرْضِ أَمْ نَجْعَلُ الْمُتَّقِينَ كَالْفُجَّارِ>

  «Биз имон келтирган ва яхши амалларни қилган зотларни ерда бузғунчилик қилиб юрувчи кимсалар дек қилиб қўярмидик?! Ёки тақводор зотларни фисқу фужур қилиб юрган кимсалар каби қилармидик?!» (Сод сураси; 28-оят).

  • Тўғрики, ёмонларнинг бир тоифаси шу дунёнинг ўзидаёқ қилган зулмларининг азобини ёки қилмишларининг бир ҳиссасининг уқубатини кўрадилар.
  • Тўғрики, виждон номли маҳкама ҳам айрим жиноятчиларни бу дунёда азоблайди.
  •  Ва шунингдек, тўғрики, гуноҳ ва зулму ситамнинг инъикоси ва аксилҳаракати[2] ҳамда адолатсизликларнинг ёмон оқибати одамни ҳалокатга йўлиқтиради.

  Аммо агар диққат билан назар солсак маълум бўладики, юқорида айтилган дунёдаги бу маҳкамалар умумий ва кенг кўламли бўлмай, ҳар бир золим ва гуноҳкорни қилган зулми ва гуноҳига яраша жазолашга қодир эмас. Шу боис, амалига яраша жазоланиш ва виждон азоби чангалидан ҳамда ёвуз амаллар оқибатидан қочиб қутулганларнинг ёки етарли миқдорда жазоланмаганларнинг сони бир талай.

  Шунингдек, солиҳ бандаларнинг ҳаммалари ўз ажр-мукофотларини тўлиқлигича бу дунёда ололмайдилар. Шунинг учун ҳам солиҳларнинг ҳам ёмонларнинг қилган заррачалик яхши ёки ёмон ишлари муҳокама қилинадиган юқори аниқликдаги ўта адолатли маҳкама охиратда барпо этилмоғи зарурдир. Акс ҳолда асл адолат таъминланмай қолади.

  Шунга биноан, яратувчи «Тангрининг борлиги»га ва «Унинг адолатли Зот эканлиги»га имон келтириб қабул қилиш охират диёрига имон келтириш билан баробар ва тенг бўлиб, бу иккиси бир-биридан зинҳор ажралмас бир ҳақиқатдир.


[1]. Ингичка ва нозик масала

[2]. Аксилҳаракатнинг маъноси «акс садо» ва «реакция» демакдир.

Share

Check Also

Ruhning bоqiyligi охirat bоrligidan dalоlatdir

  Оdamzоt qachоndan beri ruh haqida fikr yuritishni bоshlaganini hech kim bilmaydi. Faqat shuni ayta …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.