Home / Ақоид ва Калом / Маод / Жисмоний ва руҳий маод-қайта тирилиш (2)

Жисмоний ва руҳий маод-қайта тирилиш (2)

Ақлий далиллар

  Ақлнинг айтишича, руҳ ва бадан ўзаро бир-биридан айри ва жудо бўлмиш икки ҳақиқат эмас, балки у иккиси мустақил бўлиши билан бирга, бир-бири билан ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, инсоннинг икки таркибий қисмидир. Шу боис, у иккиси биргаликда тарбияланиб, биргаликда такомил топишади. Табиийки, улар ўзларининг абадий ва мангу ҳаётларини давом эттириш учун бир-бирларига муҳтождирлар.

  Агар-ки руҳ ва бадан барзах оламида (бу дунё ва охират олами ўртасидаги оралиқ) маълум муддатга қадар бир-бирларидан ажралишса-да, бироқ бу ҳолат узлуксиз охиригача давом эта олмайди. Бадан руҳсиз ноқис ва норасо бўлгани каби, руҳ ҳам бадансиз ноқис ва норасодир. Зеро, руҳ баданга фармон берувчи ва уни ҳаракатлантирувчи бўлса, бадан эса бажарувчи, фармонни ижро этувчи ва асбоб-ускуна ҳисобланади. Ҳеч бир буйруқ берувчи итоат қилувчи ва фармонни ижро этувчидан ҳамда ҳеч бир ҳунарманд ва уста асбоб-ускунадан беҳожат бўлмай, унингсиз яшай олмайди. Ҳар иккиси бир-бирини тўлдирувчи ва такомиллаштирувчидир.

  Фақат руҳ қиёмат кунида бу дунёдан юқорироқ ва юксакроқ даражада бўлгани учун бадан ҳам унга мос ва монанд бўлиб, такомил топмоғи лозим ва шундай ҳам бўлғўсидир. Яъни қайта тирилиш куни бўлмиш қиёматда инсон бадани бу дунёдаги эскирганлик, айбу нуқсонлар, камчиликлар ва норасоликлардан холи ва йироқ бўлган ҳолда қайта тирилади.

  Ҳар ҳолда руҳ ва бадан бир-бирини тўлдирувчи, комиллаштирувчи ва бир-бирига тенгдош бўлганлиги учун маод ва қайта тирилиш бу иккисининг биригагина, яъни фақатгина руҳга ёки фақатгина баданга тааллуқли деб айтолмаймиз. Бошқа таъбир билан айтганда; руҳ ва бадан пайдо бўлишиданоқ ҳамиша бирга бўлгани ва ўзаро чамбарчас боғлиқ ва алоқадор бўлгани маод ва қайта тирилиш фақат бу иккисининг биригагина эмас, балки ҳар иккисига тегишли эканига очиқ-ошкор далилдир.

  Бошқа тарафдан қараганда эса адолат қонуни ҳам ҳар иккаласининг қайта тирилишини тақозо этади. Нимага деганда одам ёвуз ва гуноҳ амални содир этган бўлса, ўзининг руҳ ва бадани билан бажарган, шунинг учун ҳар иккисини ҳам жазоламоқ ва жавобгарликка тортмоқ даркор. Агар қандайдир яхши ва эзгу амал қилган бўлса, ҳам руҳ ва ҳам бадан билан бажарган. Демак, ҳар иккисини мукофотламоқ лозим бўлади. Агар ёлғиз руҳ ёки танҳо бадан қайта тирилиб, жазоланадиган ёки мукофотланади-ган бўлса, у ҳолда Аллоҳнинг адолатига муғойир ва зид бўлган бўлур эди.

Жисмоний маодга доир саволлар

  Донишмандлар маод ва қайта тирилишга алоқадор кўплаб саволларни илгари сурганлар. Бу ўринда суҳбатимиз янада мукаммалроқ бўлиши учун улардан баъзиларини келтириш мақсадга мувофиқдир:

  1. Биология ва табиий илмлар олимларининг тадқиқоти-га кўра, инсоннинг бадани бутун умри давомида бир неча марта ўзгаради. Бу нарсани худди ҳовузнинг ичига бир томондан доимо узлуксиз равишда сув қуйиб турилган ва бошқа томондан эса сув аста-секинлик билан чиқаётган ҳолатга ўхшатиш мумкин. Маълумки, бир муддатдан сўнг ҳовузнинг суви буткул алмашади.

  Бу алмашиниш ва ўзгариш жараёни инсон баданида тахминан ҳар етти йилда бир марта рўй беради. Демак, биз инсонлар умримиз давомида бир неча бор ўзгарамиз.

  Энди бу ўринда ушбу савол туғилади: «Агар инсоннинг бадани умри давомида бир неча марта ўзгарадиган бўлса, қайта тирилиш куни унинг қайси бадани қайтарилади?»   Мазкур саволнинг жавобида айтамиз:

   Энг сўнгги бадан қайтарилади, юқоридаги Қуръон оятларида кўриб чиққани-миздек Аллоҳ таоло инсонларни ўша чириб кетган суяклардан яна қайта тирилтириб, уларга янгитдан ҳаёт бахшида этади. Бу сўзнинг маъно-мафҳуми шулки, инсоннинг энг охирги бадани қайтарилади. Шунингдек, инсонларнинг қабрлардан шошиб чиқишларининг маъноси энг сўнгги баданнинг қайтарилиши демакдир.

  Аммо муҳим нукта (нозик фикр) шундан иборатки, инсоннинг ўлишдан бурун энг охирги бадани бутун умри давомида эга бўлган аввалги барча баданларининг хосиятлари ва асарларини тўла-тўкис ўзида сақлаб қолади.   Бошқача айтганда; тадрижан ва аста-секинлик билан ўзгараётган ва алмашинаётган бадан ўзида мавжуд бўлган барча хусусиятлар, асарлар ва хосиятларни кейинги баданга кўчиради. Бинобарин, энг сўнгги бадан олдинги баданларнинг бутун хусусият ва сифатларига ирсий шаклда эга бўлади. Бу ҳолда Аллоҳнинг адолатли қонунига биноан, энг охирги баданнинг жазоланиши ёки ажр-мукофот олиши тўғри бўлади.

  2. Баъзиларнинг айтишига қараганда, одам ўлганидан сўнг унинг бадани тупроқнинг таркибий қисмига айланиб, гиёҳ-ўсимликларнинг ёки мевали дарахтларнинг бир бўлаги бўлиб қолади. Натижада гиёҳлар билан озиқланиш ва дунёнинг занжирли ҳаракати туфайли бошқа инсон баданининг бир қисмига айланади. Хўш қиёмат кунида қайта тирилиш юз берганда инсонлар баданларининг қайтарилиши қай тарзда амалга ошади? Бу савол ва шубҳага фалсафа ва калом илмида (илоҳиётда) «Окил ва маъкул» деб айтилади.

  Агарчи ушбу саволга жавоб бериш учун муфассал баҳслашишга тўғри келса-да, бироқ биз бу ерда қисқа қилиб, зарур миқдорда тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Юқоридаги саволнинг жавобида аввало шуни айтишимиз керакки, бир инсоннинг бадани тупроққа айланиб, бошқа одамнинг баданига ўтган бўлса, қайта тирилганда сўзсиз биринчи баданга қайтарилади. Бу дарсда келтир-ганимиз оятлар мана шу фикримизни очиқ-ошкор тасдиқлайди.

  Бу ерда қоладиган ягона муаммо ва мушкул шундан иборатки, у ҳолда иккинчи одамнинг бадани ноқис ва норасо бўлиб қолади-ку. Аммо шуни айтмоқ керакки, иккинчи одамнинг азоси ноқис бўлмайди, балки кичикроқ бўлади. Чунки, биринчи одамдан иккинчисига кўчиб ўтган заррачалар майда-майда бўлиб, унинг бутун баданига тарқалиб кетган. Ана шу майда заррачалар ундан олинганида ўша миқдорда унинг бадани озиб кичраяди.

  Шунга биноан, на биринчи одамнинг бадани йўқ бўлиб кетади ва на иккинчи одамнинг бадани ноқис ва норасо бўлиб қолади. Бу ерда юзага келадиган ягона мушкул иккинчи баданнинг кичрайишидир ва иккинчи инсон баданининг кичрайиши эса қийинчилик туғдирмайди. Зеро, ҳаммамизга маълумки, қиёмат куни қайта тирилиш юз берганда бутун инсонларнинг бадани нуқсонлардан холи бўлган ҳолда такомил топади ҳамда барча камчилик ва норасоликлар барҳам топади. Бу нарса худди униб-ўсаётган боланинг организмидек ёки бадани шикастланган одамнинг териси ва гўштининг янгиланишидек бўлади ва бу ҳолат инсон шахсиятининг ўзгаришига боис бўлмайди ва ноқис, норасо ва кичик баданлар камол топиш олами бўлмиш қиёматда комил ва мукаммал шаклда қайта тирилишади.

  Шундай қилиб, баданнинг қайта тирилишига доир ҳал бўлмаган ҳеч бир шубҳа ва мушкул қолмайди (диққат қилинг!). Агарда бу ҳақда батафсилроқ билмоқчи бўлсангиз, «маод ва ўлимдан кейинги олам» деб номланган китобни мутолаа қилишингизни тавсия этамиз.

Share

Check Also

Ruhning bоqiyligi охirat bоrligidan dalоlatdir

  Оdamzоt qachоndan beri ruh haqida fikr yuritishni bоshlaganini hech kim bilmaydi. Faqat shuni ayta …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.