Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳодий (а.с) / Имом Ҳодий (алайҳис салом)нинг ҳаётлари ҳақида (1)

Имом Ҳодий (алайҳис салом)нинг ҳаётлари ҳақида (1)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

  Ёлғиз Парвардигоримизнинг тинчлик ва раҳмат элчиси бўлмиш Муҳамад Мустафо (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи вассаллам)га салому салавот йўллаб, ул зотнинг Аҳли-Байтларидан бўлган ўнинчи пешвоимиз имом Али ибн Муҳаммад ал-Ҳодий, ан-Нақий (алайҳис салом)нинг ҳаётлари ҳақидаги ушбу мақоламизни сиз азизларга тақдим этамиз.

  Имом Ҳодий (алайҳис салом) ҳижрий қамарийнинг 254-йили, Ражаб ойининг 3-кунида 42 ёшларида Сомирро шаҳрида Аббосийларнинг ўн учинчи халифаси Ал-Муътаззу биллоҳнинг буйруғи билан заҳарланиб, ул маъсум имом ва пешво шаҳид қилинадилар.

 Ушбу муносабат билан барча ўқувчилармизга чин дилдан ҳамдардлик ва таъзия билдириб, бу буюк имомнинг ҳаёт ва фаолиятлари уммонидан пок қатраларни тақдим этамиз.

Имом Ҳодий (алайҳис салом)нинг ноҳақ сиёсий ва ғоявий оқимларга қарши курашлари

  Пайғамбаримиз Аҳли-Байтларининг сиёсий ва ижтимоий фаолиятлари, ўта мураккаб, оғир ва айни пайтда ибратли ҳаётлари динни сақлаб қолиш, халқни огоҳ ва ҳушёр қилиш йўлида қанчалар жасорат ва фидокорлик кўрсатганларини ислом тарихида яққол намоён этади. Улар яшаган давр; гоҳида халқнинг жаҳолат ва огоҳсизлигига ва баъзан эса, зўравон ҳокимларнинг зулмидан келиб чиқадиган ислом жамиятига хавф-хатар туғдирадиган воқеа-ҳодисаларга тўлган эди. Айниқса, имом Ҳодий (алайҳис салом) яшаган замонда ислом жамиятида турли мафкуравий, ғоявий тафаккурлар ва иртижоий (реакцион) оқимлар пайдо бўлганди.

  Ушбу илоҳий ислом динига номатлуб ва номақбул ўзгаришлар киритилишининг илдизи Аббосийлар ҳукуматининг жорий этган мафкуравий сиёсати таъсирида, ёт-бегона халқларнинг моддиюнлик (материалистик) фалсафалари томир ёйган эди. Аббосийлар ҳукумати, Маъмун ва ундан кейинги даврларда давлат хазинасининг кўп қисмини асосан юнонлик файлсуфларнинг китобларини таржима ва нашр этилишига сарф қиларди. Нақл қилишларича, ҳатто таржимонларга таржима қилган китобларининг оғирлиги баробарида олтин беришарди. Албатта, бу ҳайратланарли харажатларнинг моҳияти илм ва маърифатпарварликдан узоқ эди.

  Мустабид Аббосийлар ҳукуматининг илм маърифатни ривожлантиришидан, Аҳли-Байт ва турли мазҳаблар уламоларининг орасида кўп илмий баҳслашувларни ташкил этишидан мақсади; олдиндан белгилаб қўйган режасини амалга ошириш эди. Кўзлаган мақсадларидан бири, Аҳли-Байт мактабини заифлаштириш эди, бироқ ҳамиша муваффақиятсизликка дуч келарди. Иккинчи томондан эса, турли фирқаларни пайдо бўлиши мусулмон умматининг мафкуравий иттифоқи ва ҳамжиҳатлигига халал бериб, улар орасида низо ва тортишувларни келтириб чиқарарди. Ушбу вазият Аҳли-Байт издошларининг мафкуравий- ғоявий иқтидорларини заифлаштириш учун Аббосийлар хукуматига қўл келарди.

  Имом Ҳодий (алайҳис салом) ўзларининг ўткир ақл ва заковатлари билан, Аббосийларнинг ғоявий фитналарини ошкор этардилар. Аббосийлар ҳукуматининг ул ҳазратни қаттиқ назорат остига олиши ва ўз издошлари билан алоқа қилишларини чеклаб қўйишига қарамасдан имом Ҳодий (алайҳис салом) иртижоий (реакцион) мафкураларга қарши ақл-заковат ила курашдилар.

  Имом Ҳодий (алайҳис салом) Қуръони Каримнинг дахлдор оятлари ва мавжуд ҳадисларга суяниб, ақл ва заковатнинг мутаассиблик (фанатизм)га қарши туришини таъкидлаганлар. Ул ҳазрат ақлнинг юксак мартабасига ишора қилиб, шундай буюрганлар:

  «Инсонга Аллоҳ инъом этган биринчи олий неъмат – бу соғлом ақлдир. Худованди карим инсонга комил ақл бериб, уни бошқа махлуқотлардан афзал қилган.»

  Имом Ҳодий ҳазратлари ақл ва тафаккурнинг олий мақоми ҳақида айтиб, инсонлар хос қудрат эгалари эканликларини таъкидлаб, ақлни маърифат касб қилиш, англашнинг энг муҳим омили, деб биладилар.

Имом Ҳодий (алайҳис салом) нинг оғишган суфийлик тафаккурига қарши курашлари

  Зотан, ақл ва тафаккур инсонни ҳидоят манбаи бўлмиш Аллоҳ, Унинг элчилари ва элчиларининг ворислари сари етаклайди. Ва одамзод ҳидоят манбаларидан огоҳ бўлгач, йўлни тўғри ё нотўғри эканлигини англаб олади. Имом Ҳодий (алайҳис салом) замонларида жамоатчилик фикрини ташвишга солган иртижоий оқимлардан бири суфийлик ҳаракати эди. Ушбу оқимнинг издошлари; зоҳид, ориф, худопараст қиёфаларида, дунёга рағбатсиз эканликларини намойиш этиб, халқни йўлдан оздиришарди, бу усуллардан шариатга зид мақсадларига етиш учун фойдаланишарди. Суфийлар пайғамбар масжиди каби муқаддас маконларда тўпланиб, биргаликда зикр айтишарди. Ўз асоссиз ва кўр-кўрона эътиқодлари билан ўзларини шу даражада худопараст қилиб кўрсатишардики, оддий халқ уларни энг тақводор инсонлар, деб билишарди.

  Имом Ҳодий (алайҳис салом) риёкор суфийларга қарши курашиб, уларнинг асл башараларини ошкор этардилар. Масалан; кунлардан бир куни бир гуруҳ суфийлар Ан-набий масжидига кириб, масжиднинг бир гўшасида ҳалққа юзланиб, «Ло иллоҳа иллаллоҳ», деб зикр айта бошлашади. Имом Ҳодий (алайҳис салом) ушбу манзарини кўриб, ўз ёронларига шундай дейдилар:

  «Ҳийлагар бу жамоага эътибор берманглар. Булар шайтоннинг шериклари, диннинг устувор пояларини бузувчиларидир. Ўз нопок мақсадларига эришиш учун зоҳидлар (дунёга рағбатсиз бўлганлар) қиёфасига кириб олишган ва ўз тузоқларига халқни илинтириш учун кечаларни тонга қадар уйғоқ ҳолда қолишади. Улар фақат одамларни алдаш учун, «Ло илоҳа иллаллоҳ», дейишади, халос. Билинглар, барча суфийлар бизга, Пайғамбарнинг Аҳли-Байтларига қаршидирлар ва уларнинг йўллари бизнинг йўлимиздан айри ва жудодир. Улар илоҳий нурни хиралаштиришга ҳаракат қилишади. Лекин Аллоҳ, кофирларнинг қайғуришларига қарамай, барчани Ўз нуридан баҳраманд қилади».

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.