Home / Аҳли-Байт / Имом Ризо (а.с) / Имом Ризо (а) жисм ва руҳ пешвоси

Имом Ризо (а) жисм ва руҳ пешвоси

  Бугун Али бин Мусо Ризо (алайҳис салом) зиёратгоҳларини бағрига олган Муқаддас Машҳад шаҳри азага чўмган. Негаки, бугун Али бин Мусо Ризо (алайҳис салом) шаҳодат топган кундир.

Шу боис, сон-саноқсиз азадорлар мотам рамзи бўлган қора байроқларни кўтариб, Ҳарамга кириб боришади. «Рауф имом» сифати билан танилган саккизинчи имом ўз қўноқлари қалбига оромлик ва осойишталик бахш этади.

  Ўзларининг баракали ҳаётлари давомида халойиқ юзига ҳикмат ва маърифат эшикларини очган, одамларни саодат манзили сари ҳидоят этган меҳрибон имомнинг шаҳодат куни муносабати билан барча мусулмонларга ҳамдардлик изҳор этамиз.

  Имом Ризо (алайҳис салом) ҳаётларининг бир қисми аббосийлар халифаси Маъмун замонасига тўғри келди. Маъмун ўта маккор сиёсатчи эди. У ўзини илм-фаннинг ҳомийси сифатида кўрстишга ҳаракат қиларди. Вақти-вақти билан турли дин ва мазҳаб олимларини йиғиб, Имом Ризо (алайҳис салом) ҳазратлари иштирокида баҳс-мунозаралар ташкил қиларди. Унинг мақсади имом ҳазратларини обрўсизлантириш эди. Аммо бу баҳс-мунозаралар имом ҳазратларининг обрўй-эътиборларини янада юксалтирди. Зеро, имом ҳазратлари бирор-бир саволни жавобсиз қолдирмас, барча илмларда мислсиз салоҳиятга эга эдилар. Шу сабабли, Маъмуннинг «Ер юзида билим ва тафаккурда имом Ризо (алайҳис салом)га тенг келадиган бирор- бир кишини кўрмадим», дея иқрор бўлишдан ўзга чораси қолмайди.

  Ўз замонасининг барча илмларидан мукаммал баҳраманд бўлган имом Ризо (алайҳис салом) ҳазратлари ҳақиқий Исломни қайта жонлантириш, кишиларни ҳақ ва ҳақиқат сари ҳидоят қилиш борасидаги вазифаларини энг яхши услубларда бажарар эдилар. Илоҳий тафаккурлари ила кишиларнинг руҳ ва жонларини тўғри йўлдан адашиб қолишдан қайтарар, уларни борлиқни яратган Зот билан таништирардилар.

  Ул ҳазрат худди бандалар ва Яратгувчи ўртасидаги кўприкни эслатар, кишиларни Исломнинг салмоқли маърифати билан таништирар эдилар. Улуғ имомлар сафида «Олими оли Муҳаммад», яъни «Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) хонадони аҳлининг олими» хусусияти ила шуҳрат қозонган Имом Ризо (алайҳис салом) одамнинг Аллоҳ наздида тавозе ва хоксорлик ила туришини инсоннинг энг гўзал ҳолати, деб айтар эдилар.

  Имом ҳазратлари буюрадилар:

  «Бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган ҳолат саждадир.»

  Аллоҳ таоло буюради: «Сажда қил ва яқинлаш».

  Али бин Мусо Ар-Ризо (алайҳис салом) бебаҳо ўгитларидан бирида буюрадилар:

  «Уч хислати бўлмаган банда имон ҳақиқатига эришолмайди. Бу хислатлар: диний сергаклик, ҳаётда мўътадилликка риоя қилиш, мусибат чоғи сабрли бўлишдир.»

  Дарвоқе, инсон ўз дини ҳақида етарли маълумотга эга бўлиб, диний фаризаларини идрок ва тафаккур ила бажарган, кундалик сарф-харажатларида ҳаддан ошмайдиган, бошига келган машаққат ва мушкулларга сабр-тоқат қиладиган, Аллоҳнинг тақдирига рози бўлган ҳолатдагина кишининг имони комилликка эришади.

  Маъмун ўзининг обрў-эътиборини ошириш иштиёқида гоҳида шифокор олимларни йиғиб, илмий музокаралар ўтказарди.

  Ҳазрат имом Ризо (алайҳис салом) ва аббосий халифа Маъмун қатнашаётган ана шундай илмий анжуманлардан бирида файласуфлар йиғилишганди. Улар табобат илми ҳақида узундан-узоқ суҳбатлашдилар. Имом ҳазратлари эса сукут сақлаб ўтирар эдилар. Маъмун имом Ризо (алайҳис салом)га қараб деди: «Ё Абул-Ҳасан, бу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай?»

  Имом ҳазрлатлари буюрадилар: «Бу ҳақда менинг қатъий тажрибамда синалган нуқтаи назарим бор. Улар ўтган аждодларим менга мерос қолдирган ва ҳар бир киши билиши лозим бўлган масалалардир.. Уларни тўплаб, махсус бир рисола тузмоқчиман».

  Имом Ризо (алайҳис салом) бу рисолани ёзиб тугатгач, Маъмунга тақдим этдилар. Халифа рисоланинг аҳамиятини элга намойиш қилиш мақсадида уни олтин суви билан кўчиртириб, давлат хазинасида сақлаш топшириғини берди. Шу сабабли, ушбу рисолани «Рисолаи Заҳабия» деб аташади. Шундай қилиб, имом ҳазратларининг инсон саломатлиги ҳақидаги қарашлари «Заҳабия» номли рисолада жамланди. Имом ҳазратлари бу рисолада руҳий ва жисмоний касалликларга қарши курашиш усулларини баён этадилар.

  Ибн Ҳиббон Бастий шофеий ёзади: «Али бин Мусо Ризо (алайҳис салом) Аҳли-Байт улуғларидан ҳисобланади. Ул ҳазратдан ривоят қилинган ҳадислар мўътабар саналмоғи вожиб. Мен бир неча маротаба бу улуғ имомнинг қабрини зиёрат қилдим. Тусда бўлган чоғим ҳар қандай қийинчилик ва мушкулга дуч келганимда Али бин Мусо Ризо (унинг ота-боболари ва ўзига Аллоҳнинг саломи бўлсин), марқадини зиёрат айлаб, мушкулимнинг осон бўлиши учун дуо қилардим. Дуоларим мустажоб, мушкулим осон бўларди. Бу ишни кўп марталаб тажриба қилдим. Доимо яхши натижаларга эришдим.»

  Ҳижрийнинг бешинчи асрида яшаб ўтган буюк олим Ҳоким Нишопурий Шофеий ёзади: Фақиҳ Абу Ҳасан Муҳаммад бин Али бин Саҳл деди: «Диний ва дунёвий бирор бир мушкулга дуч келганимда, доимо имом Ризо (алайҳис салом)нинг муборак қабри зиёратига бориб, қабри наздида ҳожатимни сўраб, Аллоҳга илтижо қилардим, Ҳожатим раво бўлиб, Аллоҳ таоло мени ўша ғам-ғуссадан қутқарарди. Бу нарса мен учун одатга айланди. Чунки, ҳаётий тажрибамда қайта-қайта синовдан ўтказган эдим.»

  Ҳоким Нишопурий Шофеий яна бу хусусида ёзади:

  «Парваригори карим ўз ҳабиби Муҳаммад Мустафо (с)нинг азиз невараси бўлмиш имом Ризо (алайҳис салом) турбатида менга энг яхши кароматни ошкор айлади. Бўғимларимдаги суюқликнинг қуриб қолиши дардига гирифтор бўлгандим. Азоб-машаққат ила ҳаракат қилардим. Имом ҳазратларининг зиёратига бордим. Пок марқадларини зиёрат айлаб, Нўқон деган маҳаллага бориб тунадим. Эрталаб туриб, ҳайратланган ҳолда лол қотдим. Бўғимларимда оғриқ сезилмасди. Соғлом одам каби ўз оёғим билан Нишопургача юриб бордим.»

  Ҳоким Нишопурий Шофеий қўшимча қилади:

  «Имом Ризо (алайҳис салом) муборак қабрларини зиёрат қилгач, Аллоҳдан шифо топганим ҳақида кўпгина Ислом донишмандлари гувоҳлик беришади. Ва у имом ҳазратларининг мутаҳҳар марқадлари зиёратидан файз топган бир неча ҳожатмандларнинг эътирофларини келтиради.»

  Аллоҳ бизнинг жонимизни ўзининг ҳабиби Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳамда ул ҳазратнинг Аҳли-Байтига бўлган дўстлик ва муҳаббат ҳиссиёти ила қабз айласин!

Share

Check Also

Имом Ризо (алайҳис салом)нинг ҳаёт йўллари

Пайғамбаримиз сарвари олам ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зотга нозил …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.