Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Ҳамд сураси / Ҳамд сурасининг 1-4 оятлари тафсири

Ҳамд сурасининг 1-4 оятлари тафсири

 Муқаддима

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

  Маълумки, бугунги ривожланган ва саноат дунёсида ишлаб чиқариладиган ҳар бир маҳсулот эгаси ва ишлаб чиқарувчиси маҳсулотни харид қилиб оладиган кишига маҳсулот билан бирга алоҳида қўлланма дафтарчасини ҳам тақдим этади.

Ушбу дафтарчада эса, дастгоҳнинг техник маълумоти, ундан тўғри фойдаланиш йўллари, унга зарар етказадиган нарсалар аниқ кўрсатилади. Агар харидор бу дафтарчани ўқиса, дастгоҳдан тўғри фойдаланишни ўрганиб олади. Акс ҳолда уни тезда бузиб қўйиши мумкин.

  Биз билан сиз ва умуман барча одамлар ҳам борлиқни яратган Зотнинг қўли билан ижод этилган улкан бир дастгоҳмиз, аммо жисмимиз ва руҳимиздаги кўплаб заифликлар ва мураккабликлар туфайли ўз ҳақиқатимиз ҳамда саодат йўлини англашдан ожиздирмиз.

  Бошқа томондан, бизни бир музлатгич ёки телевизордан қаеримиз камки, уни ишлаб чиқарган киши ўз маҳсулотига қўлланма дафтарчасини тайёрлайди-ю, аммо бизни Холиқимиз ва Яратувчимиз бизлар учун дафтарча ёзмас экан?!! Ёки биз инсонлар башариятнинг жисмоний ва руҳий хусусиятлари изоҳ берилган ҳамда унинг вужудидаги имконият – истеъдодлар баён этилган, улардан қандай фойдаланиш йўл–йўриқлари кўрсатилган илоҳий қўлланмага эҳтиёжимиз йўқми? Бизни илм, раҳмат ва муҳаббатга асосан яратган Аллоҳ ўз ҳолимизга қўйиб юбориб, бизга саодат ҳамда хушбахтликка етишмоқ йўлини кўрсатмаганини қабул қилиш мумкин-ми?!

  Қуръони Карим Аллоҳ таоло башариятга қўлланма ўлароқ, юборган ва саодат йўлини кўрсатган, айни пайтда ҳалокат ва бадбахтлик омилларини баён этган сўнгги китобдир.

  Ҳа, азизлар, Қуръони Карим оилавий –ижтимоий тўғри алоқалар, жисмоний ва руҳий эҳтиёжлар, ижтимоий ва шахсий вазифалар, жамиятдаги тўғри ёки нотўғри удумлар, молиявий ва иқтисодий қонунлар, шунингдек шахс ва жамиятни фойдасига ёки зарарига бўлган бошқа кўплаб мавзуларни баён этган самовий бир китобдир.

  Агарчи Қуръони Каримда ўтмишдаги қавму қабилаларнинг ҳаёт тарзи ҳақида турли қиссалар келтирилган бўлса – да, бироқ Қуръон қисса китоби эмас, балки бугунги ҳаёт учун таълим ва сабоқ олинадиган томонини баён этган китобдир. Шунинг учун ҳам, бу китобнинг номи Қуръон, яъни ўқиладиган, ўқилиши лозим бўлган китобдир. Нафақат ўқиладиган ёки қироат қилинадиган, балки тафаккур ва тадаббур қилинадиган китобдир.

  Азиз биродарлар ва опа – сингиллар! Нур тафсирига асосланган Қуръони Каримнинг осон ҳамда равон тафсирига бағишланган янги туркум мақоламизни бошлаймиз. Бу хайрли ишга қўл уришдан мақсадимиз сиз ўқувчиларимизни Қуръони Каримнинг осон таржимаси ва тафсири билан таништириш ҳамда бу илоҳий ва муқаддас китоб кўрсатган саодат йўлига бошлашдир.

  Кўпчилик билишадики, Қуръони Каримда 114 та сура мавжуд бўлиб, ҳар бир сура бир неча оятлар мажмуидан таркиб топган. Ана шу муқаддима билан Қуръонни очиб, уни илк сурасининг тафсири билан танишамиз.

  Қуръони Карим ушбу сура билан бошлангани учун, «Фотиҳатул китоб» номини олган ва омма орасида Ҳамд сураси номи билан танилган. Унинг аҳамияти борасида тўхталадиган бўлсак, бор- йўғи етти оятдан иборат ушбу сурани барча намозларимизда ўқиймиз ва уни ўқимасдан бажо келтирилган намоз эса ботилдир. Бу сура Каломуллоҳни очиб берувчи сура бўлгани билан бирга, унинг ўзи шундай бир оят билан бошланганки, ҳар қандай иш мазкур оят билан бошланса, хайрли ва баракотли бўлади.

  Энди эса, Ҳамд сурасидаги 1 чи ва 2 – оятларнинг таржима ва тафсирига киришамиз:

<بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ/ الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ>

  «Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи билан бошлайман. Барча ҳамд-сано, мақтов, олқишлар оламларнинг тарбиячиси бўлмиш Аллоҳга хос.»

  Аллоҳ таоло Ўз китобини «бисмиллаҳ» билан бошлагани мусулмонларга ҳам ўрнак, улар ҳам доим ўз сўзларини ва ишларини «бисмиллаҳ» билан бошламоқлари лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳадисларидан бирида: «Эътиборли ҳар бир иш «бисмиллаҳ» билан бошланмас экан, унинг охири кесикдир», деганлар. Яъни, баракаси бўлмайди, охирига етмайди.

  Оламларни яратгани учун ҳам, уларнинг тарбиячиси бўлгани учун ҳам, улардаги барча жонзотларга ҳаёт, ризқи рўз бергани учун ҳам, Аллоҳ барча ҳамду саноларга сазовордир.

  Бисмиллаҳ фақатгина Исломга хос эмас, балки Қуръон оятларига асосан ҳазрати Нуҳни (алайҳис салом) кемаси «бисмиллаҳ» билан ҳаракатга тушган ва ҳазрати Сулаймон (алайҳис салом) Сабо юртининг қироличаси Билқисга йўллаган мактубини «бисмиллаҳ» билан бошлаганлар. Бизни эътиқодимизча, «Бисмиллаҳ» Фотиҳа сурасининг мукаммал оятларидан биридир.

  Аллоҳнинг номи ва ёдидан кейинги илк каломимиз Аллоҳга айтадиган шукронамиздир. Зеро, барча мақтов, олқиш ва шукрлар бутун оламу одамни, махлуқоту мавжудотни, ўсимлику ҳайвонотни ва осмонлару ерни яратган ҳамда уларни эгаси бўлган Зотгагина лойиқдир. Ҳа, айнан ана шу Зот асаларига ўт –гиёҳлардан қандай озиқланиш ва қай тартибда ин қуришни ўргатган. Чумолига эса қишги озуқасини қай йўсинда ғамлашни ўргатиб қўйган. Айнан ана шу Аллоҳ кичик данаклардан ўтлар ва дарахтларни ўсдиради. Шунчалик азамат ва шукуҳга эга осмонларни яратган ва ундаги ҳар бир курра ва сайёраларни муайян йўналишда жойлаштирган. Парвардигор биз инсонларни паст сувдан яратиб, она қорнида парвариш этади ва туғилганимиздан кейин эса, бизларни улғайишимизнинг шароитларини яратиб беради. Нафақат жисмимиз ва баданимизни тарбияси ҳамда улғайиши, балки ҳидоятимиз ва руҳий тарбиямиз ҳам Унинг қўлидадир. Рабб таоло бизларга ақл ва идрок берган ҳамда бизни тарбиямиз учун пайғамбарлар ва самовий китобларни юборган.

  Бу оятлардан, биринчидан, «Бисмиллаҳ» ва Аллоҳнинг номи барча ишлар баракоти ҳамда суғуртасининг омили ва Аллоҳга таваккул қилиш ва Ундан мадад сўрашнинг аломати эканлигини;

  Иккинчидан, нафақат дунёда, балки охиратда ҳам жаннат аҳлининг каломи Алҳамдулиллаҳи роббил оламийн бўлишини ўрганиб оламиз.

  Мақоламиз сўнггида Ҳамд сурасининг 3 чи ва 4 – оятларининг таржима ҳамда тафсири билан танишамиз:

<الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ/ مَالِكِ يَوْمِ الدِّينِ>

  «У Раҳмон ва Раҳийм… У қиёмат кунининг подшоҳи, эгасидир.»

  Оятнинг ибтидосидан олинадиган маъно-мазмун шундаки, Аллоҳ таоло барчага –кофирга ҳам, мўъминга ҳам меҳрибон ва неъмат берувчидир. «Раҳман» сифати фақат Аллоҳга хос бўлиб, ундан бошқа ҳеч кимга нисбатан бу сифатни ишлатиб бўлмайди. «Раҳийм» сифати, хосроқ бўлиб, фақат мўъминларга қиёмат куни раҳм қилувчи маъносини англатади ва Аллоҳдан ўзгаларга, жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га нисбатан ҳам ишлатилади.

  «Дин» сўзи арабчада ҳисоб, жазо, мукофот маъноларини билдиради. «Явмид дин» қиёмат кунида бандалар қайта тирилтирилиб, ҳисоб-китоб қилинадилар. Яхшига мукофот, ёмонга эса жазо берилади. Бу оятни ўқиганда қиёматни эслаб, ўша даҳшатли кунда фақат Аллоҳнинг Ўзи ҳукм чиқаришини, ўша ерда уялиб қолмасликни эслаб, унга тайёргарлик кўришга аҳд қилишимиз лозим.

  Бу оятлардан биринчидан, Аллоҳ таоло жонзотларни Ўз раҳмати ва муҳаббати билан тарбиялаши, зеро, Роббил оламийндан олдин ва кейин Ўзини раҳмон ва раҳим дея таништирганини,

  Иккинчидан эса, Аллоҳ таоло ҳам бу дунё ва ҳам охиратнинг молики, эгаси эканлигини ўрганиб оламиз.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.