Home / Долзарб мавзулар / Ислом ва ҳуқуқшунослик / Ислом нуқтаи назаридан матбуот эркинлиги

Ислом нуқтаи назаридан матбуот эркинлиги

1911255_page__2Ушбу мақоламизда матбуот эркинлиги масаласини Ислом дини нуқтаи назаридан кўриб чиқмоқчимиз. Шак-шубҳасиз, матбуот таъсири жамиятда шу даражадаки, бошқа ҳеч бир восита бундай таъсирга эга эмас.

Шунинг учун давлат ва ҳукуматлар бу мавзуга оид қонун-қоидалар қабул қилишга мажбурлар. Ислом дини таълимотларида ҳам сўз эркинлиги ва фикр-мулоҳаза билдириш ҳақида қатор чора-тадбирлар кўрилган.

Матбуот эркинлиги деганда, мутлақ эркинликни тушуниш ўринли эмас. Ахборот воситалари ҳар нимани ҳам чоп қилишга ҳақли эмаслар. Чунки, жамиятдаги тартиб-интизом ва руҳий саломатлик биринчи ўринда туради. Ахборот воситалари жамиятни тўғри йўлга бошқариш ёки гумроҳлик сари етаклашда муҳим роль ўйнайди.

Киши тил билан бировни ҳақоратлайдими ёки ахборот воситалари орқалими, ҳеч фарқ қилмайди.

Баъзи вақтлар ахборот воситаларида золзарб бир мавзу ўртага қўйилади ва унинг атрофида баҳс-мунозаралар юритилади. Албатта, бир мавзуни ахборот воситаларида чоп этишдан кўзланган мақсад ҳамма вақт ҳам уни тарғиб қилиш эмас, балки долзарб бир масалани ўртага қўйиб, бошқалар билан ўртоқлашган ҳолда тўғри ечим топишдан иборат.

Ислом дини таълимотлари бирор мавзу ҳақида маълумот сўраш ва у борадаги билимни оширишга қарши эмас. Ҳатто бир мавзу ҳақида тўлиқ маълумот олишга шу даражада такидлайдики, агар мусулмонлар ва ғайримусулмонлар билан урушаётган пайтда ҳам бир ғайримусулмон киши мен сизларнинг динларинг ҳақида саволим бор деб сўраса, мусулмон киши унга сўраган саволига тўғри жавоб олиши учун муносиб шароит яратиб бериши лозим. Бу борада муборак “Тавба” сурасининг 6-ояти каримасида шундай айтилган:

وَإِنْ أَحَدٌ مِّنَ الْمُشْرِكِينَ اسْتَجَارَكَ فَأَجِرْهُ حَتَّىٰ يَسْمَعَ كَلَامَ اللَّـهِ ثُمَّ أَبْلِغْهُ مَأْمَنَهُ ۚ ذَٰلِكَ بِأَنَّهُمْ قَوْمٌ لَّا يَعْلَمُونَ ﴿٦﴾

«(Эй Муҳаммад), агар мушриклардан биронтаси сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ҳимоя қилинг, токи, у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнг уни ўзи учун тинч бўлган жойга етказиб қўйинг. Бу (ҳукм) улар билмайдиган қавм бўлганлари учундир.»

Савол бериш ва унга жавоб олиш ислом динида қабул қилинган бўлиб, сўраладиган савол шариат доирасидан четда бўлмаслиги лозим. Яъни савол бериш шароити шундай бўлиши лозимки, савол-жавоб бошқаларга зарар етказмасин.

Ислом дини нуқтаи назаридан эркинлик жамият яшовчи одамлар учун ҳар томонлама қабул қилинган бўлиб, аммо ушбу эркинлик моддий ва маънавий, дунёвий ва ухравий масалаларга зид ва қарама-қарши ҳолатни юзага келтирмаслиги лозим.

Матбуот эркинлиги масалаларидан бири шуки, баъзи бирларнинг фикрига кўра, матбуот эркинлиги бошқа эркинликларга қараганда озод бўлиб, унда ҳеч қандай моне йўқ.

Қайд қилиш жоизким, жамиятда муҳим ва аниқ бир қадриятлар мавжуд бўлиб, мумкин ва номумкин бўлган турли ишлар ўшаларга қараб аниқланади.

“Ахборот асри” деб ном олган ҳозирги даврда ахборот воситаси энергия манбалари ва табиий бойликлар қаторида стратегик ресурсга айланмоқда.

Мутахасислар бир овоздан ахборот тараққиётнинг бош омилига айланганини қайд қилишмоқда.

Таҳлилчиларнинг фикрича, матбуот фақат ахборот тарқатувчи восита бўлмай, у ёки бу давлатлар ҳамда маълум гуруҳлар ўз манфаатларини турли йўллар билан ҳимоя қиладиган, ўз қарашлари, турмуш тарзларини ўзгаларга сингдиришга уринаётган энг ишончли қуролга айланиб қолган.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.