Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳасан (а.с) / Имом Ҳасан (а.с)нинг Ҳаётларидан Намуналар

Имом Ҳасан (а.с)нинг Ҳаётларидан Намуналар

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Имом Ҳасани Мужтабо (алайҳис салом) ҳижратнинг учинчи йили Рамазон ойининг 15-куни, сешанба кунига ўтар кечаси дунёга келдилар. Имом Ҳасан (алайҳис салом)нинг оталари ҳазрат Али (алайҳис салом) ва оналари эса пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қизлари Фотимаи Заҳродирлар.

Имом Ҳасаннинг муборак исмларини Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аллоҳ таоло томонидан йўлланган ваҳий асосида қўйганлар. Имом Ҳасаннинг Тавротдаги номлари ШИБРдир. Сарвари олам невалари имом Ҳасанга нос ва фалақ сураларини ўқиб дам солар эдилар.

Ҳазрати Имом Ҳасани Мужтабо (алайҳис салом) йигирма беш марта яёв [пиёда] ҳаж қилганлар. Ул зот икки марта ва айрим ривоятларга кўра, уч марта бор-йўқ мол-мулкларини тенг иккига бўлиб, бир қисмини Аллоҳ йўлида фақир-муҳтожларга берганлар. 

Ҳазрати Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) икки набиралари ҳақида шундай деб марҳамат қилганлар:

«Ҳасан ва Ҳусайн Аршнинг икки зийнатидирлар».

Имом Ҳасан (алайҳис салом) 40-ҳижрий қамарий йили, Рамазон ойининг 21-кунида имомат мақомига етишиб, Ислом умматининг пешвоси ва раҳбари бўлдилар. Ул зот имоматга етган вақтларида 37 ёшда эдилар. Имом Ҳасани Мужтабо (алайҳис салом)нинг имомат ва пешволиклари ўн йил давом этиб, 50-ҳижрий йили, сафар ойининг 28-кунида шаҳид бўлдилар. 

Имом Ҳасан завжа ва умр йўлдошларининг исми «Жаъда бинти Ашаъс ибн Каис» эди. Жаъда Муовиянинг амрига биноан, имом Ҳасаннинг овқатларига бир неча маротаба заҳар аралаштириб берди ва охирги мартасида заҳар ул ҳазратга ёмон таъсир қилди ва оқибат, 47 ёшларида оламдан шаҳид бўлиб ўтдилар.  

Муовия Жаъдага, агар у Имом Ҳасан (алайҳис салом)ни заҳарлаб ўлдирса, 100 минг дирҳам беришни ҳамда ўзининг Язид исмли ўғлига никоҳлаб беришни ваъда қилганди. Бироқ Имом Ҳасан (алайҳис салом)ни заҳарлаб шаҳид этгач, Муовия Жаъдага 100 минг дирҳамни берди, лекин Язидга никоҳлаб бермади. Унинг гапига қараганда: «Ҳасанга вафо қилмаган хотин Язидга ҳам вафо қилмайди».

Имом Ҳасани Мужтабо (алайҳис салом)нинг муборак жасадлари Мадинаи Мунавварадаги «Бақийъ» қабристонига дафн этилди. Ул зотни дафн этиш маросимида боболари Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ёнларига дафн этишга Абу Бакрнинг қизи Оиша қаршилик кўрсатгани учун унинг тарафдорларидан бўлган Марвон ибн Ҳакам ва унинг одамлари томонидан Имом Ҳасан (алайҳис салом)нинг тобутларига ўқ ва найзалар отилди. Шунинг учун ул зотни боболарининг ёнига эмас, «Бақийъ» қабристонига олиб бориб тупроққа топширишди.

Имом Ҳасан (алайҳис салом)нинг ўн бешта фарзандлари бўлиб, саккиз ўғил ва етти қиздан иборат. Ҳазрати Имом Ҳасан (алайҳис салом)нинг Қосим, Абдуллоҳ, Абу Бакр, Асғар ва Аҳмад исмли беш нафар ўғиллари Карбалода шаҳид бўлишган. 

ИМОМ ҲАСАННИНГ СИЙРАТЛАРИ

Аҳмад бин Муҳаммад ал-Муғайрадан қуйидагича ривоят қилинган: 

«Имом Ҳасаннинг сочлари қўнғир, қоматлари келишган, серсоқол бўлганлар».

Восил ибн Ато айтади:

«Имом Ҳасанда анбиёлар сиймоси ва подшоҳлар шукуҳи жамъ бўлган».

Манба: “Ал-Маноқиб” 4-жилд, 9-бет. 

Биринчи халифа Абу Бакрадан шундай ривоят қилинган:

«Пайғамбаримиз одамлар билан жамоат намози ўқиётганларида, саждада Ҳасан ул зотнинг бўйинларига миниб олар эди. Ул ҳазрат бошларини саждадан кўтарганларида, секингина Ҳасанни ўтказиб қўяр эдилар, токи, набиралари ҳеч ранжимасин деб».

Манба: “Канзул уммол” 13-жилд, 667-бет.

Абу Фотиҳдан шундай ривоят қилинади: 

«Ҳасан ибн Али етти ёшлигида Расулуллоҳ мажлисларида ҳозир бўлар, ваҳийни эшитиб, ёдлаб олар, сўнгра эса оналари Фотимаи Заҳро ҳузурида уни ёддан айтиб берар эди».

Манба: “ал-Аволим” 19-жилд, 108-бет.

Саккизинчи пешвоимиз Имом Али ибн Мусо Ар-Ризо (алайҳис салом)дан ривоят қилинишича:

«Имом Ҳасан узукларининг қошига «Буюклик Аллоҳга хосдир» деб битилган эди».

Манба: “Аъёнуш-шиъа” 1-жилд, 563-бет. “Биҳорул Анвор” 43-жилд, 58-бет.

Тўртинчи пешвоимиз Имом Али ибн Ҳусайн Зайнулобидин (алайҳис салом) айтадилар: 

«Ҳеч бир вақт бўлмаганки, Имом Ҳасан Аллоҳни зикр қилмаган бўлсинлар».

Манба: “Амолий Садуқ” 150-бет.

Бешинчи пешвоимиз Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) айтадилар: 

«Имом Ҳасан ибодатда ва садақа беришда жуда фаол ва ҳаракатчан бўлганлар».

Имом Зайнулобидин (алайҳис салом) айтадилар: 

«Имом Ҳасан намозда турганларида, Парвардигори оламнинг азамат ва қудрати қаршисида оёқлари титрар эди».

Манба: “Биҳорул-Анвор” 84-жилд, 285-бет.

Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) айтадилар: 

«Имом Ҳасан: -Мен Худонинг уйига Унинг билан мулоқот қилиш учун пиёда бормасликка хижолат тортаман,- деганлар».

Манба: “Биҳорул-Анвор” 43-жилд, 339-бет.

Имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) айтадилар: 

«Имом Ҳасан ўз даврининг энг обиди, энг зоҳиди ва одамларнинг афзали эдилар».

Манба: “Биҳорул-Анвор” 43-жилд, 331-бет. 

Имом Ҳасан (алайҳис салом) доим шундай дердилар: 

«Масжид аҳли Худонинг зиёратчиларидир ва Аллоҳнинг Ўзи меҳмонларига ҳадя беражакдир».

Манба: Шайх Муфид, “Иршодул-қулуб” 72-бет. 

Имом Ҳасан (алайҳис салом) яна шундай деб марҳамат қилганлар:

Бобом Расуллуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) менга қунут ва витрда ўқишим учун қуйидаги дуони ўргатганлар: 

«Худоё, мени ҳам ҳидоят қилган бандаларинг қатори ҳидоят қилгин, хотиржамлик ато этган бандалартинг қатори хотиржамлик ато этгин, менга берган ризқингни баракотли қилгин».

Манба: “Муъжамул-кабир” 3-жилд, 73-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Расулуллоҳ (с.а.о) риҳлатлари ва имом Ҳасан (а) шаҳодат кунлари

  Индин, сешанба, ҳижрий қамарийнинг 1435-йили, сафар ойининг йигирма саккизинчиси ва милодийнинг 2013- йили 11- …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.