Home / Аҳли-Байт / Имом Соҳибаз-Замон (а.ж) / Имом Маҳдий (а.ж)га интизор бўлишнинг маъноси ҳақида

Имом Маҳдий (а.ж)га интизор бўлишнинг маъноси ҳақида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Биз ҳазрат Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин)нинг келишларини кутиш ва ул зотнинг зуҳур қилишларига интизор бўлиш деганда нимани тушунишимиз керак? «Кутиш», «Интизор бўлиш» ибораси ҳам маданият соҳасида ва ҳам ҳарбий соҳада ўзига хос маънога эга. Ҳарбий маънода интизор бўлиш деганда, «Доим тайёр!» ҳолатида бўлиш тушунилади. Лекин ижтимоий ва маданий соҳада эса интизор бўлишнинг маъноси инсон ҳам ўзини ва ҳам жамиятдаги кишиларни ахлоқий ва маънавий жиҳатдан тайёрлаш тушунилади.

Энг яхши кутиш ва интизорлик инсон ўзини Аллоҳнинг танлаган валийси амрига таслим этиб, унинг итоатига шай бўлиб туришдир.

Бу борада саккизинчи пешвоимиз ҳазрат имом Ризо (алайҳис салом) шундай марҳамат қиладилар:

«رَحِمَ اللهُ امْرَءً حَدَثَ نَفْسَهُ عَلَیْنَا وَأَحْیَا أَمْرَنَا»

«Бизнинг йўлимизда жонини (фидо қилишга) тайёрлаган ва амримизни (айтганларимизни) қайта жонлантирган кишини Аллоҳ ўз раҳматига олсин»

Ҳадиснинг маъноси шуки, илоҳий маъсум имом кўзлардан ғойиб бўлган пайтда Аҳли-Байт (алайҳимус салом)нинг кўрсатган йўлларидан юриб, улардан бизга етиб келган илм-маърифатни одамлар орасида кенг ёйиш – бу маъсум имом келишини интиқлик билан кутиш демакдир. Кимки шундай йўлни тутса, шубҳасиз, Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлади. Аллоҳу таоло бизларни ҳам Ўз раҳматига ноил бўладиган ҳақиқий мунтазир солиҳ бандаларидан қилсин! Омин!

У бую зот келса нималар рўй беради?

Аҳли-Байтдан ривоят қилинган ҳадисларга асосан, ҳазрат Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин) зуҳур қилганларида бутун оламда ҳақиқат ва адолатни кенг жорий қиладилар. Бу улкан ва оғир иш уч босқичда амалга оширилади;

Биринчи босқич; Аллоҳнинг тавҳидини, яъни У яккаю-ёлғиз Зот эканлиги хусусидаги таълимотни ёйиш ва ширк билан курашиш.

Иккинчи босқич; Адолатга асосланган ҳақиқий исломий ҳукумат барпо қилиш.

Учинчи босқич; Одамлар орасида жамиятда бўладиган ўзаро муомала ва муносабатларда ҳақиқий адолатни ўрнатиш, ер юзидан зулм ва зўравонлик, ноҳақлик ва фасод-бузғунликни таг-томири билан йўқотиш.

Биринчи босқич ҳақида Оли Имрон сурасининг 18-оятида шундай дейилади:

شَهِدَ اللّهُ أَنَّهُ لاَ إِلَـهَ إِلاَّ هُوَ وَالْمَلاَئِكَةُ وَأُوْلُواْ الْعِلْمِ قَآئِمَاً بِالْقِسْطِ لاَ إِلَـهَ إِلاَّ هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ

«Адолатда (барқарор) туриб Аллоҳ ҳамда фаришталар ва илм эгалари «Ёлғиз Ундан ўзга илоҳ йўқдир», деб гувоҳлик берурлар. (Албатта,) Ундан ўзга илоҳ йўқ, У енгилмас ва ҳикматли Зотдир».

Агар ҳукумат ҳақиқат ва адолат юзасидан иш тутса, ҳақиқат ва адолат асосида ҳукм чиқарса ва бошқарилса ҳамда ҳақиқат ва адолатни ижро қиладиган бўлса, у ҳолда одамлар ҳам ҳақ ва адолатни қабул қиладиган бўладилар. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримда одамлар орасида адолатни барпо қилишга даъват этилади:

لَقَدْ أَرْسَلْنَا رُسُلَنَا بِالْبَيِّنَاتِ وَأَنزَلْنَا مَعَهُمُ الْكِتَابَ وَالْمِيزَانَ لِيَقُومَ النَّاسُ بِالْقِسْطِ

«Биз Ўз пайғамбарларимизни равшан ҳужжат-далиллар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон (тарози) туширдик…» (Ҳадид сураси, -оят)

Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) тавҳид ва яккахудолик ғоясини ўз ишларининг сарлавҳаси қилиб олгандилар. Худди шундай, ҳазрати Маҳдий (алайҳис салом)нинг режаларида ҳам энг асосий ва муҳим мақсад – бу тавҳид ёғдусида дунё бўйлаб ягона адолатли илоҳий ҳукуматни барпо этишдир.

Инсониятнинг орзу-истаги бўлган жамиятга эришиш учун ягона эътиқод ва ғояга эга бўлмоқ лозим. Фақат ягона эътиқод ва иймонгина турли халқ ва миллатларни бир-бирига яқинлаштира олади.

Олтинчи пешвоимиз имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

«Аллоҳ таоло номи билан қасамёд этаманки, агар ҳазрати Маҳдий бизнинг уйларимизга кириб келса, унинг ҳукуматининг усули тавҳид ва яккахудоликка асосланган бўлиб, ширк келтиришни бартараф этиш бўлгайдир. У турли халқ ва динлар ўртасида мавжуд бўлган ихтилофларга барҳам бериб барча динларни бир динга айлантиражак».

Ҳазрат Маҳдий (алайҳис салом)нинг дунё бўйлаб яратадиган ҳукумати диний қадриятлар ва ваҳий таълимотлари асосида бутун дунё саҳнасида намоён бўлади.

Илоҳий қонунларга риоя этиш, ижтимоий муносабатларда адолат бўйича иш кўриш, тинчлик ва иқтисодий фаровонлик каби барча масалалар тавҳид ва яккахудолик асосида амалга ошади.

Маъсум имомларимиздан ривоят қилинган ҳадисларга кўра шундай кунлар етиб келадики, дунёда зулму зўравонлик ва ноҳақлигу адолатсизлик кучайиб кетиб бутун дунёни қамраб олади. Зулму зўравонлик ва ноҳақлигу адолатсизлик шу даражага бориб етадики, иймонли одамлар иймонларини пинҳон сақлайдилар ва «Лаа илааҳа иллаллоҳ»га асосланган ўзларининг ҳақ ва тўғри эътиқодларини ҳеч кимга билдирмай ҳаёт кечирадилар. Мана шундай зулуматли ва оғир кунларда Сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг наслларидан бўлган Аллоҳ таолонинг сўнгги Ҳужжати ва Валийси, замонамиз Соҳиби ва Пешвоси бўлган Имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин) Аллоҳнинг амри билан кўзларга кўриниб ҳаммага намоён бўладилар, ер юзида тавҳид ва яккахудоликни қайтадан ўрнатадилар. Ул зотнинг байроқларида البيعة لله؛ (байъат-қасамёд фақат Аллоҳ учундир) деб ёзилган бўлади. Имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин) одамлар орасида тавҳид ва яккахудоликни кенг ёйиб барқарорлаштириш учун Исломи дини таълимотлари ва кўрсатмалари асосида адолатли ва инсонпарвар ҳокимият яратадилар. Ва бу ҳокимият Аллоҳ таолонинг изну фармони билан бўлгани учун ҳадиси шарифларда ИЛОҲИЙ ҲАҚ ҲОКИМИЯТ дейилган.

Бу борада Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли каломи бўлмиш Қуръони Каримда ваъда берган ва шак-шубҳасиз, Унинг ваъдаси ҲАҚ ва амалга ошажакдир. Ушбу ваъдани кўздан кечирамиз:

وَعَدَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَيَسْتَخْلِفَنَّهُم فِي الْأَرْضِ كَمَا اسْتَخْلَفَ الَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ وَلَيُمَكِّنَنَّ لَهُمْ دِينَهُمُ الَّذِي ارْتَضَيٰ لَهُمْ وَلَيبَدِّلَنَّهُم مِّن بَعْدِ خَوْفِهِمْ أَمْنًا يعْبُدُونَنِي لَا يشْرِكُونَ بِي شَيْئًا وَمَن كَفَرَ بَعْدَ ذَلِكَ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْفَاسِقُونَ

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва эзгу амалларни қилган зотларга худди илгари ўтган (иймонли) зотларни (ер юзига) халифа (ҳукмрон) қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун шак-шубҳасиз, ўзи рози бўлган динни (Ислом)ни мустаҳкам қилишни ҳамда уларни хавф-хатарларидан сўнг, тинчлик-осудалик ҳолатига айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирор нарсани шерик қилмаслар. Кимки, мана шу (ваъда)дан кейин, куфр келтирса, демак, ўшаларгина итоатсиз-фосиқлардир» (Нур сураси; 55 – оят.)

Мазкур ояти каримадан кўриниб турганидек, ахир-оқибат ер юзидаги ҳукуматларнинг ҳаммаси бир кун келиб золим-ситамкор, фосиқ-бузғунчи ва зўравонларнинг қўлидан чиқиб иймонли, пок ва солиҳ бандаларнинг қўлига ўтажак ва улар бутун ер юзида ҳукмронлик қилажаклар.

Мазкур оятда юқоридаги ваъдадан ташқари яна учта ваъда берилган; Биринчиси – қалбларнинг ислом динига мойил бўлиб, ислом динининг мустаҳкамланиши ва Аллоҳ ҳокимиятининг қалбларга маънавий нуфуз қилиши:

وَلَيُمَكِّنَنَّ لَهُمْ دِينَهُمُ الَّذِي ارْتَضَيٰ لَهُمْ

«Шак-шубҳасиз, улар учун ўзи рози бўлган динни (ислом)ни мустаҳкам қилгай»

Иккинчиси – ҳар қандай нотинчлик ва хавотирликнинг ўрнини тинчлик, осудалик ва хотиржамлик эгаллаши:

وَلَيُبَدِّلَنَّهُم مِّن بَعْدِ خَوْفِهِمْ أَمْنًا

«Шак-шубҳасиз, уларни хавф-хатарларидан сўнг тинчлик-осудалик ҳолатига айлантириб қўяжак»

Учинчиси – Қуръон таълимотига кўра энг катта зулм Аллоҳга ширк келтириш бўлгани учун солиҳ ва пок инсонлар ҳокимиятга келганда ширк ва бутпарастликнинг таг-томири билан йўқ қилиниши қатъий дастурлардандир:

يعْبُدُونَنِي لَا يُشْرِكُونَ بِي شَيْئًا

«Улар Менга ибодат қилурлар, Менга бирор нарсани шерик қилмаслар»

Юқоридаги оятнинг тафсирида тўртинчи пешвоимиз ҳазрати имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) шундай марҳамат қилганлар:

«هُمْ وَاللهِ شِيعَتُنَا يَفْعَلُ اللهُ ذٰلِکَ بِهِمْ عَلَيٰ يَدَيْ رَجُلٍ مِنَّا وَهُوَ مَهْدِيُّ هٰذِهِ الْأُمَّةِ»

«Аллоҳга қасамёд этиб айтаманки, оятда айтилган солиҳ бандалар бу бизнинг издошларимиз ва шиаларимиз бўлиб, Аллоҳ ўз ваъдасини бизнинг хонадонимиздан бўлган (солиҳ) кишининг қўли билан амалга оширади ва у – бу умматнинг Маҳдийсидир»

Манба: Амийнул Ислом Табарсий, «Мажмаъул баён тафсири», нур сурасининг 55 – ояти тафсирида келтирилган.

Инсонлар орасида ижтимоий адолатни барпо этиш учун Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) ҳукуматининг энг асосий дастурларидан бири – бу илмни қадрлаш ва жаҳолатга қарши курашишга асосланади.

Ҳозирги кунда инсоният илмининг шу даражада кенгайиши ва ривожланишига қарамай, ушбу илмий ютуқлар етарсиз ва нуқсонли эканини тан олишимиз керак.

Инсоният билимининг энг муҳим муаммоси – бу унинг инсон руҳи билан мувозанатда эмаслигидир.

Алексис Карел каби Ғарб мамлакатлари олимларининг эътиқодларига кўра:

«Инсоният бугунги кунда илмий кенг ривожланишига қарамай, ўзининг руҳий ва маънавий эҳтиёжларидан ғафлатда қолиб, анча тубанликка юз тутган. Қанчалик технология ва илм-фан кенг кўламда жадаллик билан ривож топмасин, шунчалик унинг руҳий эҳтиёжларининг мувозанати бўзилиши ошкор бўлмоқда».

Илмни ривожлантириш ва уни кенг ёйиш билан биргаликда инсон ақли ва онгини юксалтириш ҳазрат Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг келишларини тезлаштирсин) амалга оширадиган режанинг муқаддимаси ҳисобланади.

Инсониятга нажот берувчи Имом Маҳдий (а.ж)нинг зуҳур (чиқиш) қилган пайтлари жаҳл ва нодонлик ўз ўрнини билим ва заковатга бўшатиб беради. Инсон ўзининг қўлдан берган қадр-қийматини қайта тиклайди. Маълумки, инсон қадр-қийматининг асоси Аллоҳ томонидан унга бахшида этилган ҳақиқатларга оид бўлган маърифатдир. Ҳар бир инсон ана шу билим ва маърифатдан фойдаланганлик даражасига яраша қадр-қиймат, обрў-эътибор ва фазилат касб этади.

Имом Маҳдий (а.ж)нинг ҳукумат бошқарадиган даврлари илму маърифатнинг турли соҳаларда гуллаб яшнаши, инсониятнинг тарих давомида эгаллаган билимларининг авж нуқтаси бўлади. Бу даврда билим ва маърифат одамларнинг уйларигача кириб боради ва натижада ҳар бир инсон вужудининг қаъригача нуфуз қилади.

Олтинчи пешвоимиз имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) бу ҳақда шундай марҳамат қиладилар:

«Илм ва донишмандлик 27 ҳарфдан иборатдир. Илоҳий пайғамбарлар одамизотга келтирган барча билимлар эса фақат 2 ҳарфдан иборат эди. Одамлар мана шу 2 ҳарфни ҳам тўлиғича англаб олишгани йўқ. Имом Маҳдий (а) зуҳур этган пайти қолган 25 ҳарфни ҳам ошкор этиб, уларни одамлар орасида ёяди. Аввалги 2 ҳарфни ҳам унга қўшиб, 27 ҳарфдан барча одамларни огоҳ этади».

Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)нинг ушбу ҳикматли каломларида Имом Маҳдий (а.ж) ҳокимият тузган замонда илм-фан ривожида нақадар буюк сакраш юз беришига ишора қилинган. Маълумки, илоҳий илму маърифат нури ила равшан бўлган маконларда одамларнинг шахсиятини таҳқирлаш, уларни менсимаслик каби иллатлар орадан кўтарилади. Бунинг натижасида инсоний қадр-қиймат, каромат ва фазилатлар намоён бўла бошлайди. Табиий ҳолда илму фан соҳасида чуқур ўзгариш ва улкан инқилоб рўй беради.

Ўша кунни кўришни Тангри таоло ҳаммамизга насиб айласин! Омин! Бунинг учун албатта, Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) ғойиблик пардаси ортидан чиқиш қилганларида рўй берадиган чуқур ўзгариш ва улкан инқилобий ҳаракат учун ўзимизни тайёрлашимиз ва унинг интизорида бўлишимиз зарур.

Шуни унутмайликки, Аллоҳ таолонинг сўнгги Ҳужжати ва Валийси, замонамиз Соҳиби ва Пешвоси бўлмиш Имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин) ғойиблик пардаси ортидан чиқиб зуҳур қилишларини кутиш айнан ер юзида яхшилик, адолат ва ҳақиқат юзага келишини кутишдир!!!

Сўзимизни Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) марҳамат қилган ҳадиси шариф билан тугатамиз:

قَالَ الْإمَامُ الْمَهْدِيُّ (عَجَّلَ اللهُ تَعَالَيٰ فَرَجَهُ الشَّرِيفَ) «أَكْثِرُوا الدُّعَاءَ بِتَعْجِيلِ‏ الْفَرَجِ‏ فَإنَّ ذَٰلِكَ فَرَجُكُمْ‏».

«Менинг фаражим (зуҳурим) учун кўп дуо қилинглар. Зероки, бу (Менинг фаражим) сизларнинг ҳам фаражингиздир».

Манба: Шайх Садуқ, «Камолиддин ва Тамомун-Неъмаҳ», 2-жилд, 485-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди

Share

Check Also

ИНСОНИЯТ НАЖОТКОРИНИНГ ИНТИЗОРИДА (31)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Нажоткор томон глобал чақириқ Нажоткорнинг солиҳ ва адолатли ҳукуматининг ахлоқий хусусиятлари ДУШМАН БИЛАН …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.