Home / Аҳли-Байт / Имом Соҳибаз-Замон (а.ж) / Нега Имом Маҳдий (а.ж) келмаяптилар?!

Нега Имом Маҳдий (а.ж) келмаяптилар?!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ушбу масала хусусида:

«يَملَأُ الاَرضَ قِسطاً وَ عَدلاً بعد ما مُلِئَت ظُلماً و جَورًا»

«Имом Маҳдий (а.ж) зулму ноҳақлик ҳамма жойни қамраб олгандан сўнг адолат ва ҳақиқатни барча ерларда кенг ёяди» қуйидаги савол ҳар доим айтиб келинади: ахир зулму адолатсизлик ҳамма жойни қамраб олди-ку, нега ул ҳазрат келмаяптилар?

Жавоб: Бу фаръий, яъни иккинчи даражали шарт бўлиб, зулмнинг кенг тарқалиши одамларнинг қийналиб ҳолдан тойишларига ва бутун тарих давомида кўрган ва эшитган барча зулмлар ва алдовлардан чарчашларига сабаб бўлади. Одамлар буткул ҳолдан тойиб буларнинг ҳаммаси ёлғондир, Худо томонидан бир киши келиб бу зулмларни ўртадан кўтариши керак, деб айтишлари керак.

Зулм ва адолатсизлик ҳамма жойни қамраб олган. Бу янгилик эмас, Сақифа воқеаси юз берганидан кейин зулму ноҳақлик бутун ерларни қамраб олган. Зулмнинг юзага келиши ва зулмнинг ҳамма жойга тарқалиши Сақифадан кейин бўлди.

Аммо исботий зулм ҳалигача амалга ошмаган, яъни ҳали ҳам одамлар зулму адолатсизлик ичида эканликларини ва уларга мунтазам равишда зулм ва жабр ўтказилиб келаётганини тушунишгани эмас. Худди бир балиқ каби сув ичида бўлса-да, лекин у сувда эканлигини билмайди. Шак-шубҳасиз, зулм ва ноҳақлик ҳамма жойни қамраб олган, аммо ҳамма ҳам айни пайтда зулм ва адолатсизлик гирдобида ғарқ бўлганини тушуниб етмаган.

 Кўпчилик одамлар уларга ўтказилаётган зулм ва ноҳақликка кўникиб яшамоқдалар, шу ҳолатга ўрганиб қолганлар. Аниқроқ қилиб айтганда, одамлар зулму адолатсизлик ичида қолиб кетишгани уларга исботланиши ва маълум бўлиши керак ва бу эса ҳозиргача ҳамма жойни қамраб олмаган.

Бу дунёда кўплар ҳали ҳам зулм остида эканликларини тушунишгани эмас, бу ҳолат кенг тарқалиши керак. Агар одамлар бу ҳолатни тушуниб етсалар, шунда улар музтар ва ночор ҳолга тушиб: «эй Аллоҳим, адолат ва ҳақиқатни ер юзида кенг ёядиган кишини бизга юбор! Биз зулму ноҳақлик остида қолиб кетдик», деб дуо-илтижо қилгайлар.

Худди шундай Бани Исроил қавми Фиръавн ўтказаётган зулму зўравонлик остида бўла туриб, аммо зулмни кўрмаганларида, яъни бу зулмни қабул қилиб, унга одатланиб яшаётганларида, Аллоҳ таоло томонидан ҳазрати Мусо (алайҳис салом) уларга юборилмади. Лекин Бани Исроил аста-секин азоб чека бошлаганида, улар Аллоҳ таолонинг даргоҳига: «Парвардигоро, адолат ўрнатадиган кишини бизга юбор», деб оҳу нола қилиб йиғлашганида, ўша вақт ҳазрати Мусо (алайҳис салом)нинг уларга келиши амалга ошди.

Бу борада олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) шундай марҳамат қиладилар:

»فَلَمّا طالَ عَلى‏ بَنی إسرائیلَ العَذابُ، ضَجّوا و بَکَوا إلَى اللهِ أربَعینَ صَباحاً، فَأَوحَى اللهُ إلى‏ موسى‏ و هارونَ أن یُخَلِّصَهم مِن فِرعَونَ، فَحَطَّ عَنهُم سَبعینَ و مِئَةَ سَنَةٍ. قالَ: و قالَ أبو عَبدِ اللهِ(ع): هکَذا أنتُم لَو فَعَلتُم لَفَرَّجَ اللهُ عَنّا، فَأَمّا إذا لَم تَکونوا فَإِنَّ الأَمرَ یَنتَهی إلى‏ مُنتَهاهُ

«Азоб ва қийинчилик Бани Исроилга узоқ давом этгач, улар қирқ кун фарёд этиб йиғлашди. Сўнгра Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорунга уларни Фиръавн чангалидан қутқаришни ваҳий қилди ва шу тариқа уларнинг азоб ва қийинчилиги юз етмиш йилга камайтирилди. Агар сиз шиалар ҳам шундай йўл тутсангиз, Аллоҳ таоло сизнинг ишингиз тугунини очади. Аммо сиз бефарқ бўлсангиз, унда бу иш охирига қадар давом этади (яъни Имом Маҳдийнинг келиши чўзилиб кетади)»

Манба: Айёший, Муҳаммад ибн Масъуд, «Ат-Тафсир», 2-жилд, 154-бет, Теҳрон, ал-матбаъатул илмиййа, биринчи чоп, 1380-ҳижрий қамарий йили.

Ушбу ҳадиси шарифга кўра, Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) келишларининг тезлашиши азоб ва қийинчикка учраган кишиларнинг дуо-илтижосига боғлиқ. Агар улар ҳеч қандай қийинчилик ва мушкул сезмай, дуо-илтижога қўл очмасалар, Аллоҳ таоло уларни ўша ҳолатда қолдиради.

 Шунингдек, агар мўминлар астойдил муштоқона дуо-илтижо қилиб Аллоҳ таолодан Имом Маҳдий (алайҳис салом)нинг келишларини сўрасалар, ул ҳазратнинг ғойиблик вақти қисқариши мумкин.

Биз шуни билишимиз керак!

Имом Маҳдий (а.ж)нинг келишини Аллоҳ таоло ваъда берган ва У Буюк Зотнинг берган ваъдаси биз хоҳлаймизми ёки йўқми, шак-шубҳасиз, амалга ошади… Лекин агар биз Имом Маҳдий (а.ж)нинг келишини тушуниб ва билиб, ақл-идрок ва имон-ишонч билан хоҳласак, унда Ҳақ таоло бизга марҳамат назари билан қараб, Имом Маҳдий (а.ж)ни бизга юборади. Акс ҳолда, агар биз буни хоҳламасак, у ҳолда шундай оғир кунлар ва бало-мусибатлар бошимизга ёғиладики, буюк қудрат эгаси бўлган давлатлар жанжал ва тўполон кўтариб бизни оёқ-ости қилиб янчиб ташлашади.

 Шунда юрагимиз қонга тўлиб, ночор аҳволга тушганимиздан ва оғир азоб-уқубатлардан фарёдга келиб: «Илоҳим, бизга Имом Маҳдий (алайҳис салом)ни етказгин», деб оҳу нола қилишимиз керак бўлади.

 Бироқ агар иш у даражага етиб боришидан олдин Аллоҳ таолодан Пешвоимиз, Йўлбошчимиз ва Мавломиз Имом Маҳдий (а.ж)ни бизга юборишини сўрасак, Ўзи ваъда берганидек ул ҳазратнинг келишларини тезлаштириб, ғойибликнинг қолган муддатидан воз кечиб, ул ҳазратни бизга юборади …

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

ИНСОНИЯТ НАЖОТКОРИНИНГ ИНТИЗОРИДА (31)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Нажоткор томон глобал чақириқ Нажоткорнинг солиҳ ва адолатли ҳукуматининг ахлоқий хусусиятлари ДУШМАН БИЛАН …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.