Home / Долзарб мавзулар / Саҳобалар / Асрларнинг энг яхшиси менинг асрим деган ҳадиснинг таҳлили

Асрларнинг энг яхшиси менинг асрим деган ҳадиснинг таҳлили

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Саҳобаларни одил ва солиҳ кишилар қилиб кўрсатиш ва уларга эргашиш тўғри ва ҳидоят йўли эканлигини исботлаш учун пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан «Асрларнинг энг яхшиси менинг асрим» деган ҳадис кўп ўринларда ривоят қилиб келтирилади.

Биз ушбу ҳадиснинг қай даражада саҳиҳ ва тўғри эканлигини ва унинг маъно-мазмуни тарихий воқеа-ҳодисаларга уйғун ва мутаносиб эканлигини ёки эмаслигини илмий-тадқиқий услубда холисона ўрганиб чиқишга баҳоли қудрат ҳаракат қиламиз.

أخرج البخاري في كتاب فضائل أصحاب النَّبي صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ عن عمران بن حصين يقول: قال رسول الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ: خير أُمَّتي قرني، ثمَّ الّذين يلونهم، ثمّ الّذين يلونهم، قال عمران: فلا أدري أذكـر بعد قرنه قرنين أو ثلاثاً، ثمَّ إنّ بعدكـم قـوماً يشهدون ولا يستشهدون، ويخونون ولا يؤتمنون، وينذرون ولا يفون، ويظهر فيهم السمن.

Ал-Бухорий “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) саҳобаларининг фазилатлари” китобида Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Имрон ибн Ҳусойн айтади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дедилар: «Умматимнинг энг яхшиси менинг асримдагилар, кейин уларнинг ортидан келадиганлар, сўнгра уларнинг ортидан келадиганлардир». Имрон деди: «Ул ҳазрат ўз асрларидан кейин икки асрни айтдиларми ёки уч асрними, билмайман». Сўнгра ул ҳазрат сўзларида давом этиб: «Сизлардан кейин гувоҳ бўладиган, лекин гувоҳликни қабул қилмайдиган, хиёнат қиладиган, бироқ ҳеч кимни омонатли билмайдиган, аҳд-паймон қилиб, лекин унга вафо қилмайдиган одамлар келади ва уларда семириш пайдо бўлади».[1]

Муслим ўзининг “Саҳиҳ” китобида ушбу ҳадисни Имрон ибн Ҳусайндан ривоят қилиб келтирган[2] ҳамда Аҳмад ибн Ҳанбал эса мазкур ҳадисни ўзининг “Ал-Муснад” китобида Бурайда ал-Асламийдан ривоят қилиб келтирган.[3]

Ушбу ҳадиснинг санади қанчалик саҳиҳ бўлмасин ҳамда “Сиҳоҳ”, “Масонид” ва “Сунан” китобларида ривоят қилиб келтирилган бўлмасин, бироқ одамларнинг яшаш аҳволини асрлар бўйлаб диққат-ла қайд этган тарихий маълумотлар мазкур ҳадиснинг маъно-мазмунини инкор этади. Биз бу ерда ушбу масалага бир оз ойдинлик киритамиз:

Араб тилида қўлланиладиган “Қарн”, яъни Аср луғатда юз йилдан иборат оралиқ вақт маъносини англатади ва агар “Қарн” юз йилга нисбатан қўлланса, у ҳолда бир аср давомида содир бўлган воқеа-ҳодисалар ушбу ҳадиснинг маъно-мазмунига мутлақо зиддир. Ушбу қисқача изоҳдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳазрат Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) пайғамбар этиб танланган аср фақат ул ҳазратнинг баракотли вужудлари ҳисобига барча асрларнинг энг яхшисидир. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) зулматда таралаётган нур бўлиб, ул ҳазратнинг баракотли вужудлари туфайли ширк ва бутпарастлик устунлари қулади ҳамда тавҳид-яккахудолик ва ҳанафийлик-художўйлик пойдеворлари барпо этилди.

Демак, ушбу хайру баракотларнинг барчаси фақат Сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўзларига бориб тақалади. Энди бошқаларга келсак, мазкур ҳадиснинг маъно-мазмунидан кўриниб турибдики, ўша даврдаги одамларни фазилат ва устунлик нуқтаи назаридан қуйидагича тақсимлаш мумкин:

  1. Саҳобалар; Ҳазрат Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) пайғамбар этиб йўлланган аср.
  2. Тобеинлар; Саҳобалар ортидан келганлар.
  3. Тобеинларга тобе бўлганлар; Тобеинлар ортидан келганлар.

Демак, мазкур ҳадисга кўра, ҳар бир кишининг яшаш замони пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг яшаш замонларига яқин бўлса, демак, у кейинги замонларда яшаганлардан афзал ва устундир.

Мазкур ҳадис ифода этадиган маъно мана шудир. Аммо таассуфки, Сарвари коинот вафотларидан сўнг содир бўлган аччиқ воқеа-ҳодисалар бунинг аксини исботлайди, айниқса, Ислом тарихини синчиклаб диққат билан ўрганиб чиққанда, ушбу ҳадиснинг маъно-мазмунига мутлақо зид бўлган ҳақиқатларга дуч келасан киши. Имом ал-Бухорий ҳам ўзининг “Саҳиҳ” китобида саҳобаларнинг жоҳилият даврига қайтганликлари билан боғлиқ бўлган бир неча ҳадисларни ривоят қилган. Намуна сифатида ушбу мазмундаги ҳадислардан бирини шу ерда келтирамиз:

6215 حدثنا إبراهيم بن المنذر الحزامي حدثنا محمد بن فليح حدثنا أبي قال حدثني هلال بن علي عن عَطَاءِ بْنِ يَسَارٍ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنِ اَلنَّبِيِّ صَلَّى اَللَّهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ قَالَ: بَيْنَا أَنَا قَائِمٌ إِذْ أَقْبَلَتْ زُمْرَةٌ حَتَّى إِذَا عَرَفْتُهُمْ خَرَجَ رَجُلٌ مِنْ بَيْنِي وَبَيْنِهِمْ، فَقَالَ: هَلُمَّ، فَقُلْتُ أَيْنَ؟ فَقَالَ إِلَى اَلنَّارِ وَاَللَّهِ، قُلْتُ: مَا شَأْنُهُمْ؟ قَالَ: إِنَّهُمُ اِرْتَدُّوا بَعْدَكَ عَلَى أَدْبَارِهِمُ اَلْقَهْقَرَى. ثُمَّ إِذَا زُمْرَةٌ حَتَّى إِذَا عَرَفْتُهُمْ خَرَجَ رَجُلٌ مِنْ بَيْنِي وَبَيْنِهِمْ، فَقَالَ: هَلُمَّ، فَقُلْتُ: أَيْنَ؟ قَالَ إِلَى اَلنَّارِ وَاللَّهِ، قُلْتُ: مَا شَأْنُهُمْ؟ قَالَ: إِنَّهُمُ اِرْتَدُّوا بَعْدَكَ عَلَى أَدْبَارِهِمُ اَلْقَهْقَرَى. فَلاَ أُرَاهُ يَخْلُصُ مِنْهُمْ إِلَّا مِثْلُ هَمَلِ اَلنَّعَمِ.

Иброҳим ибн Мунзир Ҳазомий бизга ҳадис ривоят қилди, Муҳаммад ибн Фалиҳ бизга ҳадис ривоят қилди, отам ривоят қилиб деди: Ҳилол ибн Али, Ато ибн Ясордан ривоят қилди ва Ато ибн Ясор Абу Ҳурайрадан ривоят қилди ва Абу Ҳурайра эса Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ҳадис ривоят қилди. Ул ҳазрат шундай деб марҳамат қилдилар:

«Мен қиёмат кунида Кавсар Ҳовузи ёнида турган бўламан. Шунда ногаҳон бир гуруҳ менга кириб келади. Токи, мен уларни таниганимда, мен билан уларнинг орасидан бир киши чиқиб [ва улар билан учрашишимга тўсқинлик қилиб] уларга: «Келинглар», дейди. Шунда мен: «Қаерга», деб айтаман. У эса: «Аллоҳга қасамки, дўзах олови томонга», дейди. Мен: «Улар нима иш қилдилар?», деб сўрайман. У сўзимга жавобан: «Сиздан кейин улар орқаларига, жоҳилият даврига қайтдилар», дейди. Сўнгра яна бир гуруҳ менга кириб келади. Токи, мен уларни таниганимда, мен билан уларнинг орасидан бир киши чиқиб [ва улар билан учрашишимга тўсқинлик қилиб] уларга: «Келинглар», дейди. Шунда мен: «Қаерга», деб айтаман. У эса: «Аллоҳга қасамки, дўзах олови томонга», дейди. Мен: «Улар нима иш қилдилар?», деб сўрайман. У сўзимга жавобан: «Сиздан кейин улар орқаларига, жоҳилият даврига қайтдилар», дейди. Оқибат, улар орасидан ташлаб кетилган туялар каби жуда оз сонли кишиларгина дўзах оловидан нажот топгани менга кўрсатилади».[4]

Қизиғи шундаки, «Саҳиҳул Бухорий» ва «Саҳиҳул Муслим» китобларида дўзах аҳлидан бўлган саҳобалар ҳақида ўн еттита ҳадис ривоят қилиб келтирилган.

Кейин мазкур ҳадисдаги «هم الذين يلونهم» “Саҳобалар ортидан келадиганлар” деган иборадан “ТОБЕИНЛАР” назарда тутилган бўлиб, ушбу ибора Бани Умайя тоифасини ҳам ўз ичига олади. Демак, Бани Умайя тоифаси ҳам тобеинлардан ҳисобланади. Энди ўзингиз айтинг-чи, қандайига Умавийлар асрини асрларнинг энг яхшиси деб аташ мумкин?! Ҳолбуки, Бани Умайя тоифаси ер юзини кўплаб бегуноҳларнинг қонини тўкиш билан бўяган, Карбало заминида Сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суюкли набиралари Имом Ҳусайн (алайҳис салом)ни ташна ва сувсиз ҳолда қатл этиб, у кишининг болалари-ю ёру-ҳамроҳларининг бошини кесган, қолган хонадонлари аҳлини ва аёлларини эса асирликка олиб шаҳарма-шаҳар олиб юрган, Макка шаҳрига бостириб кириб, Каъбани бузиб ташлаш билан унинг ҳаққи-ҳурматини буткул оёқ ости қилган ҳамда Ислом тарихида машҳур бўлган “Ҳарра воқеаси”да Мадина шаҳрига ҳужум қилиб, уч кун давомида Мадина аҳлининг жон-у моли ва номусини ҳалол билиб, уларга шиддатли тажовуз қилган ўта жиноятчи кишилар бўлишган.

Ислом тарихи манбалари билан озгина таниш бўлган ҳар киши “ТОБЕИНЛАР”дан бўлган Умавийларнинг бундай жирканч кирдикорларини яхши билади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг вафотларидан 50 йил ўтиб, мусулмонлар орасида мана шундай даҳшатли жиноятлар содир бўлган. Демак, бундай оғриқли воқеа-ҳодисалар Сарвари оламнинг асрларида рўй берган.

Бунга мисол тариқасида, Бани Умайя халифаси бўлмиш Марвон ибн Ҳакам томонидан Куфа шаҳрига ҳоким этиб тайинланган Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафий ўзининг содир этган даҳшатли жиноятлари билан инсониятни шарманда қилди. Бу ҳақда муфассал сўз юритиб, узоқ тўхталишга ҳожат йўқ ва Ислом тарихи «Асрларнинг энг яхшиси менинг асрим» деган ҳадиснинг ёлғонлигига энг яхши гувоҳдир! Чунки, ҳадис даллоллари Умавийлар ҳукмронлиги тузумини уларнинг ножўя ва нопок кирдикорларидан тозалаш учун Бани Умайя тоифасининг манфаатига Пайғамбар (с.а.в) номларидан кўп ҳадислар тўқишган.

Бу борада йирик ҳадисчи олим Абул Маъолий ал-Жувайний ушбу ҳадисни шарҳида айтган сўзлари эътиборга сазовордир:

وما يدلّ على بطلانه أنّ القرن الذي جاء بعده بخمسين سنة، شرّ قرون الدنيا وهـو أحد القرون التي ذكرهـا في النص، وكان ذلك القرن هـو القرن الذي قُتل فيه الحسين، وأُوقع بالمدينة، وحـوصرت مكـة، ونقضت الكعبـة، وشربت خلفاؤه والقائمون مقامه المنتصبون في منصب النبوة، الخمورَ وارتكبوا الفجور، کما جرى ليزيد بن معاوية ولزيد بن عاتكة وللوليد بن يزيد، وأريقت الدماء الحرام، وقتل المسلمون وسُبي الحريم، واستعبـد أبنـاء المهاجرين والأنصار ونُقش على أيديهم كما يُنقش على أيدي الروم، وذلك في خلافة عبد الملك، وإمـرة الحجاج، وإذا تأمَّلتَ كتب التواريخ وجـدتَ الخمسين الثانية، شرًّا كلَّهـا، لا خير فيها ولا في رؤسائها وأمرائها، والناس برؤسائهم وأمرائهم أشبه، والقرن خمسون سنة فكيف يصح هذا الخبر؟

«Ушбу ҳадиснинг ботил эканлигига далолат қилувчи нарса шуки, у ҳазратдан эллик йил ўтиб келган аср дунёдаги асрларнинг энг ёмони бўлиб, ушбу аср ҳадис матнида зикр қилинган асрлардан биридир. Ўша аср Имом Ҳусайн қатл этилган, Мадинага ҳужум қилинган, Макка қамал қилинган, Каъба вайрон этилган аср эди. Бу асрнинг халифалари ва пайғамбарлик ўрнига ўтириб, халифалик мақомини эгаллаган кимсалар майлар ичиб, бузуқ ва фаҳш ишлар қилишди. Бундай ишлар Язид ибн Муовия, Зайд ибн Отика ва Валид ибн Язид даврида содир бўлганди. Бу халифалар даврида муқаддас қонлар тўкилди, мусулмонлар ўлдирилди, ҳарам аҳли асирга олинди, муҳожирлар ва ансорларнинг ўғиллари қул қилиниб, римликларнинг асир сифатида қўлларига ўйиб ёзилганидек уларнинг қўлларига ҳам ўйиб ёзилди. Бу ишлар Абдулмалик халифалиги ва Ҳажжожнинг амирлиги даврида содир бўлди.

Агар сиз тарих китобларига назар ташласангиз, иккинчи эллик йилнинг ҳаммаси ёмон эканини, унда ҳамда унинг раҳбарлари-ю амирларида ҳеч бир яхшилик йўқлигини кўрасиз. Одамлар ўзларнинг раҳбарлари-ю ва амирларига кўпроқ ўхшайдилар. Бир аср эллик йилми? Демак, бу ҳадис қандай саҳиҳ бўла олади?»[5]

ХУЛОСА ВА НАТИЖА

«Асрларнинг энг яхшиси менинг асрим» деган ҳадисни ўрганиб чиқиш натижасида шундай хулосага келиш мумкинки, саҳобалар ва тобеинлар ҳам қолган одамлар қатори оддий инсонлар бўлиб, улар мусулмонларга намуна ва ўрнак бўла оладиган даражада эмаслар. Шу боис, саҳобалар ва тобеинларни намуна қилиб кўрсатган ёки уларга эргашишни ҳидоят йўли деб изоҳлаган ҳадисларнинг ҳаммаси Умавийлар ҳукмронлиги даврида уларнинг номақбул ва нопок кирдикорларини оқлаш учун ҳадис даллоллари томонидан тўқилган ёлғон ҳадислардир. Демак, Ислом тарихининг илк даридаёқ юз берган оғриқли воқеа-ҳодисаларга ва даҳшатли жиноятларга зид ва қарама-қарши бўлган «Асрларнинг энг яхшиси менинг асрим» мазмунли ҳадис ҳам тўқима ҳадислар жумласидандир.

Қуръони Карим оятлари ҳамда саҳиҳ ҳадисларга кўра, барча мусулмонларга, қолаверса, бутун инсониятга энг чиройли ўрнак ва намуна бўла оладиган кишилар илк навбатда Сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўзлари бўлиб, ул ҳазратнинг вафотларидан сўнг Аҳли-Байтларидан бўлган ўн икки маъсум имомлардир. Бу зотларнинг барчалари Аллоҳ таоло томонидан Ислом умматига раҳбар ва йўлбошчи этиб тайинланганлар.

Фойдаланилган манбалар:

[1]. Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳийҳул Бухорий», 2-жилд, 249-бет, 3650-рақамли ҳадис Фазоилу асҳобин Набий (с.а.в) китоби.

[2]. Муслим ибн Ҳажжож Нишобурий, «Саҳийҳул Муслим», 7-жилд, 185 ва 186-бетлар, Фазлус-соҳаабаҳ суммаллазийна ялуунаҳум боби, яъни саҳобалар ва сўнг улар ортидан келадиганларнинг фазилати ҳақидаги боб.

[3]. Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснаду Аҳмад ибн Ҳанбал», 5-жилд, 357-бет.

[4]. Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳиҳул Бухорий», 81-Китобур-Риқоқ, 53-бобун фил-Ҳавз, 6215-ҳадис, аммо Байрут-Ливан Дорул фикр литтобааъати ван-нашр чопида эса 6587-ҳадис.

[5]. Ибн Абил Ҳадид, «Шарҳу Наҳжил Балоға», 20-жилд, 29-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.