Home / Аҳли-Байт / Фотимаи Заҳро (с.а) / Аҳли байтнинг нури.

Аҳли байтнинг нури.

  Маъсуманинг номлари: Фотима, Сиддиқа, Муборака, Тоҳире, Закия, Розия, Марзия, Муҳаддиса, Заҳро, Уммул Ҳасан, Уммул Ҳусейн, Уммул Муҳсен, Уммул Аимма, Уммул Абиҳа.

  Энг машҳур исмларидан: Заҳро, Батул, Сиддиқатал Кубро, Муборака, Азра, Тоҳира, Сайидатун Нисо.

 Оталари: Расули Худо, Аллоҳ элчиси Муҳаммад ибни Абдулло, исломнинг буюк пайғамбари (с.а.в.с.)

Оналари: Хадичаи Кубро, исломни қабул қилган биринчи аёл.

Туғилиши: Макка шаҳри, пайғамбарлик берилганидан кейин 5 йил ўтгач.

  Азобли ўлими: Мадина шаҳри, пайғамбар вафотларидан икки ярим ой ўтгач хижрий 11-йилда.

   Дафн қилинган жойлари: Маъсума Фотима(с)нинг васиятларига кўра ва сиёсий сабаблар туфайли у киши кечаси махфий ҳолда имом Али(а) томонидан дафн этилганлар ва шу кунгача дафн қилинган жойлари  номаълум.

 Ҳазрати Фотима(с) фарзандлари: имом Хасани Мужтабо(а), имом Ҳусейни Саййиди Шуҳадо(а), Зайнаби Кубро(с), Умм Кулсум ва туғилмай бўйларида шаҳид бўлган Муҳсен.

   Жумодис сони ойининг 20 – куни, жума кунида, пайғамбарлик ваҳийси келганига беш йил тўлганида, Ҳижознинг муқаддас осмони остида, Макканинг тошли тоғи ёнида, илоҳий ваҳий келган хонада расули Худо қуръон ўқиб, атрофга илоҳий калом нурини таратаётган муқаддас Каъба ёнида бир қиз дунёга келди. Фаришталарга жуда таниш бўлган, кечаю-кундуз намоз ва дуолар ўқилган, етимлар ва заруратда қолганларга умидгоҳ бўлган, камбағал ва ночорлар учун уй бўлган Муҳаммад (с.а.в.с) ва Хадича (с) уйларида Фотима (с) дунёга келадилар. Фотиманинг туғилишлари билан пайғамбар хонадони меҳр ва нурга тўлиб борди. Пайғамбарнинг будпарастларга қарши буюк қаршиликларида, жуда қийналган пайтларида ана шу жажжи Фотима (с) оталарига ишонч берар, чарчоғини олар ва сокинлик бағишлар эди. Бу мужиза эмасми?! Қизнинг мартабаси шунчалик улуғ эдики, Аллоҳ элчиси унинг ёнида сокинлик топар эдилар.

  Ҳазрати Заҳро (с) ҳақида пайғамбар: «У мендандир ва мен ундан жаннат ҳидини нафас оламан» деб айтардилар. Пайғамбарнинг ҳазрати Фотима(с) ҳақида бундай деб гапиришлари кутилмаган тасодифий ҳол эмас, чунки у инсониятнинг энг буюк аёлларидан биридир. Ахир буюк Аллоҳ унинг олий мартабаси ҳақида Қуръонда «Аҳзааб» сурасининг 33 оятида (33:33) бундай дейди: «Иннама йуридуллаҳу лиюзҳиба анкумур рижса аҳлал байти ва йутоҳҳиракум тотҳиро»  яъни «Эй (пайғамбарнинг) хонадон аҳли! Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни обдон поклашни истайди, холос». Фотимаз-Заҳро ҳазратларида пайғамбарнинг хислатлари жамланган эди. Илоҳий нур билан ёритилган ҳазрати Фотима(с)нинг ҳаёт йўллари Илоҳийнинг оқилона танлови эди. Муқаддас Фотима (с) дунё аёллари ичидан 

  Аллоҳ томонидан танлаб олинган аёлдир. Пайғамбар қизлари Фотима(с)нинг мавжудликларининг ўзи аёл ҳам буюк илоҳий шахслар каби, улар билан тенгликда, энг олий илоҳий етукликка эришиши ва белгиланган вазифасини амалга ошириши мумкинлигининг исботи, далилидир.

Ота билан биргаликда

   Ҳазрати расули Худо Муҳаммад (с.а.о)ни қандайликларини тасвирлашга ҳожат йўқ. У кишини Аллоҳ Қуръонда «Қалам» сурасининг 4-оятида «Ва иннака лааъла хулуқин азим» яъни «Албатта, сиз буюк хулқ

узрасиздир!» деб таништирган. (68:4) Пайғамбар ҳақида Худо яна «Нажм» сурасининг 3,4 оятларида бундай дейди: «Ва маа йантиқу аънил ҳаваа. Ин ҳува илла ваҳйун йуҳа» яъни «(Яна у Қуръонни) хомхаёлдан олиб сўзлаётгани ҳам йўқ! У(Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) нозил қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир» (53:3, 4).

   Фотима(с) бутун умрлари давомида илоҳий ваҳий(башорат) билан равшан бўлган оталари тарбияларида бўлганлар. У киши 2 ёшликларида оталари билан биргаликда динсизларнинг иқтисодий қуршовида қолдилар. 3 йил атофида «Шаъб Абу Толиб» деган жойда  ота-оналари ва бошқа мусалмонлар билан биргаликда ислом учун очлик ва сувсизликка чидаб яшаганлар. Пайғамбарлик бошланишининг ўнинчи йили иқтисодий қуршов тўхтади. Бутпарастлар билан бўлган 10 йиллик кураш, очлик азоблари ва қийинчиликлар ҳазрати Хадича (с) соғликларига путур етказди ва бунинг натижасида у киши вафот этдилар. Кичик Фотима (с) онасиз қолдилар. Бундай оғир жудоликдан сўнг Фотима(с)нинг тарбияси тўлиғича буюк пайғамбар қўлларига ўтди. Саккиз ёшликларида ҳазрати пайғамбар Муҳаммад(с.а.в.с) кўчганларидан сўнг бироз вақт ўтмай туриб Фотима (с) ва пайғамбар оиласидан бир неча аёл Али(а) билан биргаликда Маккадан Мадина шаҳрига кўчишди. Пайғамбарнинг Мадина шаҳридаги барча муаммолари ҳазрати Фотима (с)га маълум эди, ва у киши қийинчилик пайтларида оталарига доимо ёрдам берардилар.

   Уҳуд жангги пайтида (бу мусулмонларнинг ғайри динлар билан жанги бўлиб, бу жангда мусалмонлар пайғамбарга бўйин сўнмаганликлари учун мағлуб бўлгандилар) мусалмонлар ўз жонларини қутқариш мақсадида тоққа чиқиб чекинганларида, Фотима (с) тезда Мадинани тарк этиб жанггоҳга келадилар ва амирал мўъминин Али (а) билан биргаликда ислом пайғамбари  жароҳатларини боғлаб даволайдилар.

   Хазрати Фотима(с) Ислом ва қуръон билан биргаликда вояга етдилар. У киши илоҳий ваҳий ва пайғамбарлик билан ҳамнафас бўлиб яшадилар ва бу билан фахрланар эдилар.

   У кишининг ҳаётлари пайғамбар билан ёнма-ён ўтди ва ҳеч қачон у кишидан ажралмаган эдилар. Ҳатто Фотима(с) турмушга чиқиб, бола тарбияси билан овора бўлган пайтларида ҳам оталари билан яқин алоқани узмаган эдилар. Ҳазрати пайғамбар ҳам ҳазрати Фотима (с)нинг уйларига бошқаларникидан кўра кўпроқ борардилар. 

   Ҳар эрталаб пайғамбар масжидга намозга боришдан олдин Фотима (с)ни кўришга борардилар. Пайғамбар хизматкорининг айтишича «Расули Худо ҳар доим сафарга отланганларида энг охирида ўз қизлари Фотима(с) билан хайрлашардилар, қайтганда эса энг аввал севимли қизларини бориб кўрардилар». Пайғамбарнинг энг сўнгги дамларида Фотима (с) кўз ёш қилиб  ёнларида ўтирганларида, ҳазрати пайғамбар уни тинчлантириб, аҳли байт ичида (пайғамбар оиласидан) у киши биринчи бўлиб жаннатда ёнларига келиб қўшилишларини хабар берган эдилар.

Ҳазрати Фотима (с)нинг оналари

   Ҳазрати Фотима (с)ни беш йил давомида исломни биринчи қабул қилган оналари Хадича(с) тарбияларида бўлганлар. Расули Худо Хадича (с) ҳақида «Хадича – умматнинг энг яхши аёлларидандир» деб айтганлар. Пайғамбар ҳазрати Хадича (с)ни жуда севиб ҳурмат қилардилар. Ҳазрати Хадича (c) вафотларидан кейин пайғамбар уни доимо эслар эдилар ва ҳатто унинг дўстларига эҳтиром кўрсатардилар. Баъзан пайғамбарга совға олиб келишганда ҳазрат: «Совғаларни фалон аёлнинг уйига, Хадичанинг дўстига беринг!»  деб айтардилар.  Ойшанинг айтишича «Расули Худо Хадичани кўп эслардилар. Бир куни мен бунга чидай олмай дедим, Эй расулаллоҳ, Хадича бир қари аёл эди. Аллоҳ сизга ундан кўра яхшироқ хотин берган-ку!  Пайғамбар жаҳл қилиб дедилар, Худога қасам! Хадича энг яхши эди. Бошқалар имонсиз бўлганида, у имонда эди. Бошқалар мендан юз ўгирганда, у мени қўллаб-қувватлади, у ўз мулкини мени ихтиёримга берди, буни бошқа ҳеч ким қилмаган эди. Ва буюк Аллоҳ мени авлодимни у орқали давом эттирди…!».

   Хадича(с)нинг бундай чин садоқатли эканлиги пайғамбарлик ҳаракатида муҳим ўрин тутганидан далолат беради. Кўпгина олимларнинг фикрича ислом ва пайғамбарликнинг муваффақияти имом Али(а) жиҳоди ва Хадича(с)нинг садоқатлиги асосида бўлди. Буюк Аллоҳ уларни пайғамбарликни буюк вазифасини қўллаб-қувватлашлари учун танлаган эди. Ҳазрати Али (а)   жиҳодлари      ва   Хадича (с)нинг     сидқидилликлари исломни тарқатиш ва ғалаба қозонишидаги икки ҳаракатлантирувчи куч эди. Бутун дунё ва барча давр мусалмонлари авваламбор буюк Аллоҳга, унинг расулига ва бу икки буюк шахсларга миннатдор бўлишлари керак. Ҳа, ҳазрати Фотима(с) ана шундай ажойиб аёл ва буюк инсон фарзанди эдилар.

Маккага хижрат (кўчиш)

   Ўша йили (Хадича(с) вафотлари йилида) ҳазрати расулаллоҳ яна бир содиқ тарафдорлари ҳақиқий, чин ёрдамчилари, амакилари Абу Толибдан жудо бўладилар. Абу Толиб қурайшнинг энг ҳурматли кишиларидан ва Мадина оқсоқолларидан эдилар. Унинг катта ҳурмати бўлиб, бу пайғамбар ва унинг тарафдорларига зарар етказувчи будпарастларни жиловлаб турарди. То Абу 

  Толиб тирик экан, қурайшнинг динсизлари Ислом пайғамбарини тўғридан – тўғри сиқиб чиқаришга йўл топа олмасдилар. Абу Толиб бутун умрлари давомида Ислом пайғамбарига хизмат қилиш ва ҳимоя қилишда бир қадам ҳам чекинмаган эди. Динсизларнинг айёрликлари ва фитналарига қарши туриш мақсадида ўзининг Исломда эканлигини яширар, тақия қилар эди. Абу Толиб пайғамбарни ўз қариндоши деб ҳимоя қилар, ва динсизлар уни «ўзиники» деб қабул қилар, ҳурматини сақлаб, расулаллоҳга зиён келтирмасдилар.

  Шунинг учун узоқни кўра олмайдиган турли Ислом оқимлар мутафаккирлари Абу Толиб имонига ишончсизлик билан қарашади. Бундай кишилар у кишини имонсизлик ва бутпарастликда айблашади, ваҳоланки у киши ҳақиқий мусалмон намунаси бўлган. Шундай қилиб амакиларининг  вафотидан сўнг пайғамбар аҳволлари оғирлашди, будпарастлар мусалмонларни ҳар тарафлама камситиб сиқа бошладилар, азоб берардилар. Иш шунга бориб тақалдики, маккалик будпарастлар пайғамбарни ўлдириш мақсадида унга суиқасд уюштирдилар.  Бу қабиҳ ишлари учун улар ҳар бир қабиладан бир киши олишди ва ўз мақсадларига эришиш учун улар пайғамбар уйига тўсатдан ҳужум қилиб, ҳар бир киши бир қилич уриши керак эди.

  Бу ҳолда пайғамбар қатли турли қабилалар устига тушар ва Бани Ҳошим авлоди араб қабилаларидан қасос ололмас ва уни ўрнига пул қабул қилишга мажбур бўлар эди. Аммо Аллоҳ ўз расулини бутпарастлар ниятидан огоҳ қилди ва Маккадан Мадинага ҳижрат қилишни (кўчишни) буюрди. Шуни таъкидлаш керакки, расулаллоҳ Маккада бўлганларида Ясриб (Мадина)нинг зодагонлари ҳазрат билан яширинчи учрашиб, исломни қабул қилишган эди.

  Пайғамбар уларнинг шаҳрига кўчиб келсалар, улар ислом ва пайғамбарни ўз мол ва жонларини аямай ҳимоя қилишга қасамёд қилишганди. Айни суиқасд кечаси пайғамбар Муҳаммад (с.а.о) Маккани тарк этдилар. Ҳазрати Али (а) пайғамбар ўрниларига ётдилар, ва бутпарастлар уйга бостириб келишганда пайғамбар ўрнида Али(а)ни кўришди. Расулаллоҳ 12 кундан кейин Кўба деган жойга етиб тўхтадилар ва Али(а)ни кутиб турдилар. Бу ерда Али (а) пайғамбарга етиб олиб қўшилдилар. Имом Али (а) Маккада пайғамбарнинг баъзи топшириқларини бажариш учун қолгандилар. Бу ишларни тугатгач, Али (а) пайғамбар авлодининг баъзи аёллари ва қизлари Фотима (с) билан биргаликда Маккага йўл олишди. Улар йўлини баъзи бир будпарастлар тўсмоқчи бўлишганда Али(а) қилич билан улардан бирини енгдилар, қолганлари қўрқувдан қочиб кетишди. Бир неча кун ўтгач Али(а) ўз ҳамроҳлари билан пайғамбар кутиб турган жойга етишди ва улар биргаликда  йўлни давом эттиришди.

Share

Check Also

ФОТИМАИ ЗАҲРО (саломуллоҳи алайҳо) ҲАЁТИНИНГ ПОРЛОҚ НУҚТАСИ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ  Бу буюк шахсият (Фотимаи Заҳро (с.а))нинг оддий ҳаётида муҳим бир нуқта бор; …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.