Home / Аҳли-Байт / Фотимаи Заҳро (с.а) / Марҳум Аллома Аминий билан Аҳли суннат уламолари ўртасидаги суҳбатдан олинадиган хулосалар

Марҳум Аллома Аминий билан Аҳли суннат уламолари ўртасидаги суҳбатдан олинадиган хулосалар

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Марҳум Аллома Аминий билан Аҳли суннат уламолари ўртасида бўлиб ўтган суҳбатлардан олинадиган хулосаларни сиз азизларга тақдим этмоқчимиз:

Аҳли суннат уламолари марҳум Аллома Аминийни Макка шаҳрига таклиф қилишади.

Ташкил этилган йиғилишда Аҳли суннатнинг буюк уламолари ҳам бор эди. Шунда Аллома Аминий Аҳли суннат уламоларига: «Бу ерда баҳс ва суҳбат қилишимизнинг фойдаси йўқ. Бу йиғилишда қатнашган ҳар бир шахс шиа ва суннийлар қабул қилган Пайғамбаримизнинг муборак ҳадисларидан бир ҳадисни ўқисин! Баҳслашиш, тортишиш ва ихтилоф қилишга ўрин йўқ», дедилар.

Ҳар бир киши ҳадис ўқий бошлади, токи навбат Аллома Аминийга етиб келди. Аллома Аминий дедилар: Шиа ва суннийлар ривоят қилган мутавотир[1] ҳамда санад жиҳатидан саҳиҳ ва мўътабар бўлган ҳадисни сизларга ўқиб бераман. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилганлар:

«مَن مَاتَ وَلَا يَعْرِفُ إِمَامَهُ مَاتَ مِيتَةً جَاهِلِيَّةً».

«Кимда ким ўлса-ю, ўз замонасининг имоми ва пешвосини танимай оламдан ўтса, жоҳилият ўлими билан вафот этган бўлади, яъни ислом динидан олдинги жоҳилият, ширк ва бутпарастлик даврида оламдан ўтган бўлади».

Ушбу ҳадис Аҳли суннатнинг кўплаб мўътабар манбаларида бир оз лафзий ихтилоф билан пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан қуйидагича ривоят қилинган:

«مَن مَاتَ بِغَيْرِ إِمَامٍ مَاتَ مِيتَةً جَاهِلِيَّةً».

«Кимки ўз замонасининг имомисиз (яъни уни танимай) дунёдан ўтса, жаҳолат ўлими билан ўлган бўлади».[2]

Аллома Аминий мажлисдаги уламолардан: «Биродарлар, ушбу ҳадисни қабул қиласизми?», деб сўрадилар. Ҳамма бир овоздан: «Ҳа, ушбу ҳадис Пайғамбаримиздан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадис бўлиб, бизнинг китобларимизда келган», деб жавоб беришди.

Шунда Аллома Аминий дедилар: Демак, сизлар ҳаммангиз қабул қиласиз, кимки ўз замонасининг имомини танимай оламдан ўтса, унинг ўлими жоҳиллик давридаги ўлимдир. Энди менинг сизларга фақат бир саволим бор. У ҳам шундан иборат: Сарвари оламнинг қизлари ҳазрати Фотимаи Заҳронинг имоми ким эди? Саволим фақат шуки, ҳазрати Фотимаи Заҳронинг имоми ким бўлган?

Агар мажлисдаги Аҳли суннат уламолари ҳазрати Фотимаи Заҳронинг имоми йўқ эди, дейишса, унда нуъузу биллаҳ у ҳазрат жоҳилият ўлими билан вафот этган бўлади. Чунки, Пайғамбаримизнинг юқоридаги ҳадисларига кўра, имомсиз оламдан ўтган киши жоҳиллик ўлими билан ўлган бўлади ва агар улар ҳазрати Фотимаи Заҳронинг имоми бор эди дейишса, хўш унда у ҳазратнинг имоми ким эди? У ҳазратнинг имоми биринчи ва иккинчи халифалар бўлганми? У ҳазратнинг имоми ким бўлган? деган савол ўртага келарди.

Аллома Аминий бу гапни айтишлари билан мажлисни сукут ва жимлик қамраб олди. Ҳеч ким ҳеч нарса дея олмасди. Чунки, агар улар ҳазрати Фотимаи Заҳронинг имоми бўлмаган, десалар, бу гапнинг маъноси ҳазрати Фотимаи Заҳро жоҳилият ўлими билан оламдан ўтганлар дегани. Жаҳолат ва жоҳилият ўлимининг маъноси кофирлик ва мушриклик ҳолатидаги ўлим дегани! Наъузу биллаҳ, Сарвари коинотнинг қизлари ҳазрати Фотимаи Заҳро ҳақларида бу гапни айтиб бўлмайди! Бу гапга мутлақо ўрин йўқ!

Агар улар ҳазрати Фотимаи Заҳронинг имоми бор эди, дейишса, демак, ўша имом ким бўлган? Ўша имом мўъминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)дан бошқа ким бўла олади? Биринчи ва иккинчи халифалар ҳазрати Фотимаи Заҳронинг имоми бўлмагани ҳаммага маълум. Чунки, у ҳазрат у иккисини қабул қилмаганлар! Хўш, агар ҳазрати Фотимаи Заҳронинг имоми мўъминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) бўлганлар, дейишса, унда ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг имом ва пешво эканликлари исботланади. У ҳолда нимага сизлар бошқаларга эргашиб, уларни ўзингизга имом қилиб олгансиз?! деган навбатдаги савол олдинга сурилади.

Аллома Аминий бу саволни бериши билан ҳамма жим бўлиб, сукутга чўмди… ҳеч ким жавоб беришга журъат эта олмай, бирма-бир ўринларидан туриб кетишди.

Бу ерда туғиладиган яна бир савол шуки, ҳазрати Фотимаи Заҳрони ким шаҳид қилди? У ҳазратга зарба бериб, оламдан ўтишларига сабаб бўлганлар кимлар эди? Ҳазрати Фотимаи Заҳро охиригача кимнинг тарафида турдилар? Ҳар оқшом Муҳожир ва Ансор саҳобаларнинг уйларига кимни ҳимоя қилиш учун борганлар? Маълумки, мўъминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) учун боргандилар.

Мусулмонлар ўз имоми ва пешвосидан юз ўгириш натижасида юзага келган оғиш ва адашиш шу даражага етиб боргандики, мусулмонларнинг имоми ва пешвосини ўртадан олиб ташламоқчи бўлишди. Шундай оғир бир вақтда ҳазрати Фотимаи Заҳро бутун тарих бўйлаб ҳақиқатни изловчи ҳар бир кишига ҳақ ва тўғри йўл қайси йўл эканини кўрсатиб қўйдилар. У буюк ва улуғ инсон ҳеч ким йўлдан адашиб қолмаслиги учун бир чироқ ёқдилар. Ушбу чироғ қиёматга қадар, ҳақиқатни ва тўғри йўлни инсонларга кўрсатаверади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) вафотларидан кейин ислом умматида катта бир хавф пайдо бўлди. Ушбу хавф йўлдан оғиш ва адашиш бўлиб, одамларни ўз имоми ва пешвосидан узоқлаштира бошлади, имомат ва пешволикни ўртадан кўтармоқчи бўлди.

Бошқалар халифаликни мўъминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)дан тортиб олиб, у ҳазратни четга суришди. Имомат ва пешволикни ўртадан олиб ташлашнинг маъноси нима эканлигини биласизми? Пайғамбаримизнинг умрлари маҳдуд ва чекланган, аммо у зотнинг олиб келган динлари ва “Қуръон” китоби қиёматгача давом этиши керак.

Пайғамбаримизнинг қадам босган изларидан бориб, худди Пайғамбарнинг ўзларидек ислом динининг ҳомийси, Қуръоннинг ҳомийси бўлган киши имомдир. Имом деганда Аллоҳ таоло томонидан ваҳийни қабул қилиб олишдан ташқари Пайғамбаримизга хос бўлган барча хислатларга эга бўлган киши тушинилади.

Шунинг учун имом Пайғамбарнинг давомчисидир. Агар имомат ва пешволик ислом динидан олиб ташланса, ушбу дин қиёматгача давом этмай, ўзгариш ва бузилишга дучор бўлади. Яъни имом ўртадан олиб ташланса, ислом динига катта зарба етади.

Бу нарса фақат ҳазрати Фотимаи Заҳро ва мўъминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) замонларига хос эмас, балки қиёматгача шундай бўлади… Мисол қилиб айтадиган бўлсак, яҳудийлар ва насронийларнинг дини бузиб ва ўзгартириб юборилди. Уларнинг Таврот ва Инжил китоблари ўзгариш ва бузилишга дучор бўлди. Шундай эмасми? Албатта, шудай бўлди!

Аммо Ислом динида Аллоҳ таоло шундай бир тузумни яратдики, Пайғамбаримиз оламдан ўтганларидан кейин, у зотнинг келтирган китоби ва динини ўзгариш ва бузилишдан қўриқлайган бир ҳимоячини тайин этди. Ўша ҳимоячи айнан имомдир.

Пайғамбаримизнинг маъсумлик ҳамда хато, камчилик ва гуноҳга йўл қўймаслик каби хусусиятлари имомда ҳам бор бўлгани учун имом Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримни ўзгаришларга дучор бўлишдан сақлаб қолиб, ислом динини ҳимоя қила олади.

Имомнинг шундай юқори мақоми ва даражаси бўла туриб, имомат ва пешволикни рад этиш, имомни четга суриб ташлаш ислом уммати учун жуда катта таҳдид эди. Мана шундай оғир ва қалтис бир вазиятда ҳазрати Фотимаи Заҳро майдонга чиқдилар. Ўшанда мўъминлар амири ва тақводорлар сардори ҳазрати Али (алайҳис салом) эса сукут сақлашга буюрилган эдилар.

Ҳазрати Али (алайҳис салом) уруш қила олмасдилар. Чунки у ҳазрат жанг қилсалар эди, мусулмонлар ўртасига тафриқа ва ихтилоф тушарди.

Ўша даврда ҳали қабилавий тузум бор эди. Бир қабила бошқасининг орқасида туриб, у бир қабила ҳам бошқа бир қабиланинг орқасида туриб, мусулмонлар ўзаро кўп қонли тўқнашувларга дуч келишлари аниқ эди. Ва ҳазрати Али (алайҳис салом) бу нарсани яхши билардилар.

Ҳазрати Али (алайҳис салом) агар ўша оғиш ва адашиш жараёнига қарши чиқиб, уруш қилсалар эди, иттифоқдош қабилалар бир-бирларининг ёрдамига келиб, нариги тарафдан эса бошқа қабилалар келиб урушга қўшиларди ва натижада мусулмонлар орасида тафриқа ва бўлиниш юзага келиб, ўзаро катта қонли тўқнашув юз берарди ва бунинг оқибатида эса ислом дини бутунлай нобуд бўлиши аниқ эди. Шунинг учун ҳазрати Али (а.с)га сукут сақлаш буюрилган эди. Ҳазрати Али (алайҳис салом) бу оғиш ва адашиш жараёни қаршисида сукут сақлашлари керак эди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва ва олиҳи васаллам) қизлари ҳазрати Фотимага аввалдан махсус илтифотлар кўрсатиб, у ҳазратни мусулмонларга бошқача таништиргандилар. Сарвари олам ўзларининг ҳадиси шарифларида Фотима танамнинг бир бўлагидир, Аллоҳнинг ғазаби ва розилиги қизим Фотиманинг ғазаби ва розилигига боғлиқ деб мусулмонларга кўп айтардилар.

Барча шиа ва сунний олимларининг ёзишларича, Пайғамбаримиз олти ойдан тўққиз ойгача ҳар куни эрталаб ҳазрати Фотимаи Заҳро ва ҳазрати Али (алайҳис салом) хонадонларига келиб, “Ассалому алайкум, Йаа Аҳлал-Байт” деб салом берардилар. Токи, ҳамма мусулмонлар Қуръони Каримда:

﴿إِنَّمَا يُرِيدُ اللهُ لِيُذْهِبَ عَنْكُمُ الرِّجْسَ أَهْلَ الْبَيْتِ وَيُطَهِّرَكُمْ تَطْهِيرًا﴾

«Эй Пайғамбар хонадони аҳли, Аллоҳ фақатгина сизлардан нопокликни кетказишни ва сизларни буткул покиза қилишни истайди, холос». (Аҳзоб сураси, 33-оят) деб айтилган Аҳли Байт кимлардан иборат эканлигини тушуниб етсинлар, деб Сарвари коинот шундай қилгандилар.

Ҳазрати Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳар гал ҳазрати Фотимани кўрсалар, ўринларидан туриб қизларини кутиб олар ва эгилиб қўлларини ўпардилар ва бу ҳолат ҳаммага аён ва маълум бўлган эди.

Бу ерда ингичка бир масалага эътибор қаратиш ўринлидир. Сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мўъминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)ни айрим жойлар ва пайтларда майдонга чиқа олмаслигини билганлари учун нуридийдалари ҳазрати Фотимаи Заҳрони ҳақиқат ва тўғрилик меъёри ва асоси сифатида ҳаммага таништиргандилар. Чунки, Пайғамбаримиз қизлари ҳазрати Фотима бир куни ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг жойларига майдонга чиқишини яхши билардилар ва шундай ҳам бўлди. Ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) ўз имомини ҳимоя қилиш учун майдонга чиқиб, ўша оғиш ва адашиш жараёнининг қаршисида турдилар ва у ҳазрат ўз имомини ҳимоя қилиш йўлида ўзлари ҳамда ҳали дунёга келмаган бўйларидаги «Муҳсин» исмли фарзандлари шаҳид бўлиб оламдан ўтдилар. Аммо ҳазрати Фотима шаҳид бўлишлари билан шундай бир иш қилдиларки, қарши турган томоннинг ноҳақ ва ботил эканини яққол кўрсатиб бердилар. Чунки агар қарши турган томон ҳақ ва тўғри йўлда бўлса эди, Пайғамбарнинг қизини ўлдирмаган бўларди.

ХУЛОСА ВА НАТИЖА

Юқорида юритилган илмий баҳс ва суҳбатдан шундай хулосалар олинади:

Сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан мутавотир даражасида ривоят қилинган ушбу саҳиҳ ҳадисга кўра, барча замонларда Аллоҳ таоло томонидан тайин этилган маъсум имом ва пешво бор бўлиб, уни танимоқлик ҳамда унга эргашмоқлик ҳар бир мусулмоннинг зиммасига юкланган фарз амалдир ва бу фақат ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) ва мўъминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) замонларига хос бўлмай, қиёматга қадар шундай давом этади.

Агар бирор мусулмон киши ўз замонасининг имомини у ҳали дунёга келмаган деган асоссиз гаплар ва баҳоналар билан таниб олмай, имомсиз ҳаёт кечириб юрса ва шундай ҳолда оламдан ўтса, юқоридаги ҳадиси шарифга кўра, ислом динидан олдинги жаҳолат ва жоҳилият давридаги ўлим билан дунёдан ўтган бўлади. Бунинг маъноси эса дунёдан ўтаётиб, кофирлик ва мушриклик ҳолатидаги ўлимга дучор бўлади, дегани!

Шунинг учун, биз Аҳли-Байт издоши бўлган мусулмонлар ўз замонамизнинг имоми ва пешвоси бўлган Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш-шариф)ни ўн иккинчи имом деб билиб, у зот 255 ҳижрий қамарий йили, Шаъбон ойининг 15 куни Ироқнинг Сомирро шаҳрида дунёга келганлар, оталари ўн биринчи пешвоимиз Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) ва оналари эса Наржис ёки Милико исмли покиза бир аёл бўлган, деб эътиқод қиламиз.

Ҳозирги кунда Имом Маҳдий (алайҳис салом)нинг муборак ёшлари 1190 ёшда бўлиб, Аллоҳ таолонинг амри билан кўзлардан ғойиб бўлган ҳолда ҳаёт кечирмоқдалар. Вақти соати келганда, ул ҳазрат Аллоҳ таолонинг амр-фармони билан қирқ ёшли киши кўринишида ғойиблик ҳолатидан чиқиб, ҳамманинг кўзига намоён бўладилар. Шунда ул ҳазрат ўзларининг илоҳий чақириқлари билан ер юзида адолат ва ҳақиқатга асосланган ягона илоҳий ҳокимият тузиб, бутун ер юзини зулму зўравонлик ва ноҳақликка тўлиб тошгандан сўнг адолат ва ҳақиқатга тўлдирадилар.

Бу ерда ўта бир ингичка масалага эътибор қаратмоқ лозим. У ҳам бўлса, Имом Маҳдий (алайҳис салом)дан олдинги ота-боболари кимлар эканини танимоқликдан иборат. Ислом тарихида келган аниқ ва қатъий маълумотларга кўра, Имом Маҳдий (алайҳис салом)дан олдинги ота-боболари Аллоҳ таоло ҳаммага тайин этган ўн бир имом ва пешволар бўлиб, Имом Маҳдий (алайҳис салом) у зотларнинг давомчиси сифатида ўн иккинчи имомдирлар. Чунки, олдинги ўн бир имом ва пешвони танимай ва тан олмай туриб, Имом Маҳдий (алайҳис салом)нинг раҳнамо ва йўлбошчи эканликларини қабул қилиш мусулмоннинг эътиқод тизимида бўшлиқ борлигидан ва ақидавий норасоликдан дарак беради.

Агар биз чинакам мусулмон бўлишни истасак, замонамиз имоми ва пешвоси ҳамда соҳиби ва сарвари бўлган Имом Маҳдий (алайҳис салом)ни таниб, ул зотнинг кўрсатмалари-ю йўл-йўриқларига тобе бўлиб, итоаткорлик йўлини тутишимиз керак ва шунингдек, Аллоҳ таоло биз-у сизга тайин этган олдинги ўн бир имом ва пешвони таниб ва қабул қилиб, у зотларнинг йўлини тутмоғимиз даркор. Акс ҳолда эътиқодимиз нуқсонли ва суст бўлиб, ҳидоят ва нажот йўлидан ортда қоламиз.

Сўзимиз ниҳоясида қўлимизни дуога кўтариб, Аллоҳ таолодан бизни Аҳли-Байтдан бўлган ўн икки имомнинг изидан бориб ва ул зотларга эргашиб, ҳидоят ва нажот йўлини тутган мусулмонлардан қилишини сўраб Унинг даргоҳига юзланамиз.

Фойдаланилган манбалар ва кўрсаткичлар: 

[1]. Агар бирор ҳадис бутун асрлар давомида ишончли ровийлар томонидан шу даражада кўп ривоят қилинган бўлсаки, ўша ҳадис Пайғамбаримиз (с.а.о) томонларидан айтилганига ҳеч қандай шак-шубҳа қолмаса, ҳадисчи олимлар бундай ҳадисни «мутавотир» деб аташади.

[2]. Ушбу ҳадиснинг Аҳли суннат наздидаги айрим манбалари қуйидагилардан иборат:

  • Муслим ибн Ҳажжож, «Саҳиҳи Муслим», Байрут, 3-жилд, 1475 ва 1478-бетлар.
  • Аҳмад бин Ҳанбал, «Муснади Аҳмад», 28-жилд, 88-бет.
  • Ҳоким Нисобурий, «Ал-Мустадраку алас-саҳийҳайн», 1-жилд, 203-бет.
  • Абу Довуд, «Ал-Муснад», 3-жилд, 425-бет.
  • Ибн Ҳиббон, «Саҳиҳи Ибн Ҳиббон», 10-жилд, 434-бет.
  • Ҳофиз Байҳақий, Аҳмад бин Ҳусайн, «Сунану Байҳақий» ёки «Ас-Сунанул Кубро», 8-жилд, 270-бет.
  • Абул Қосим Табароний, Сулаймон ибн Аҳмад, «Ал-Мўъжамул Кабийр», 19-жилд, 388-бет.
  • Ҳайтамий, Аҳмад бин Ҳажар, «Мажмаъуз-завоид ва манбаъул-фавоид», 5-жилд, 218-бет.

Ушбу маълумотни қуйидаги тугманинг устига босиб қўйиш билан ўзингизга юклаб олишингиз мумкин: 

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ҳазрат Фотима –дунё аёллари учун энг яхши ибрат-намуна

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан Азизлар, эртага жумодиус-соний ойининг 20-куни пайғамбаримиз Муҳаммад …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.