Home / Аҳли-Байт / Фотимаи Заҳро (с.а) / Қуръони Каримда Ҳазрати Хадичанинг мақом ва мартабалари ҳақида

Қуръони Каримда Ҳазрати Хадичанинг мақом ва мартабалари ҳақида

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб айтадики, وَالسَّابِقُونَ السَّابِقُونَ «Ва пешқадамлар, пешқадамлар» кимки иймон келтириб мусулмон бўлишда пешқадам бўлган бўлса, мисол тариқасида, Мадина шаҳрида мусулмон бўлганлар Мадинадан кейингиларга нисбатан пешқадам ҳисобланадилар. Аммо Макка шаҳрида мусулмон бўлганлар эса Мадинада мусулмон бўлганларга нисбатан ҳам пешқадам бўлиб, улар Қуръони Каримнинг ушбу оятида айтилган: وَالسَّابِقُونَ السَّابِقُونَ «Ва пешқадамлар, пешқадамлар»дан бўладилар. Ҳазрати Хадича (саломуллоҳи алайҳо)

وَالسَّابِقُونَ السَّابِقُونَ ‏ أُولَٰئِكَ الْمُقَرَّبُونَ

«Ва пешқадамлар, пешқадамлар. Ана ўшалар, [Аллоҳга] яқин бўлганлар»  қаторида эдилар. (Воқеа сурасининг 10 ва 11-оятлари)

Том ва ҳақиқий маънода Уммул мўъминин, яъни мўминларнинг онаси бўлган онамиз Хадичаи Кубро (саломуллоҳи алайҳо) бир неча пешқадамлик хислатига эга бўлганлар:

1. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг завжалари ва умр йўлдошлари бўлишда пешқадам бўлганлар. Зероки, ҳазрати Хадича (саломуллоҳи алайҳо) Сарвари коинотнинг биринчи умр йўлдошлари бўлганлар ва Пайғамбаримиз ҳазрати Хадича (саломуллоҳи алайҳо) билан 25 йил биргаликда ҳаёт кечириб, бу вақт мобайнида у зотнинг бошқа аёллари бўлмаган.

2. Исломда пешқадам бўлмоқлик; Ҳазрати Хадича (саломуллоҳи алайҳо) иймон келтириб, мусулмон бўлишда барча аёллардан пешқадам бўлганлар.

3. Фидойиликда пешқадамлик; Қуръони Каримда айтилишича, Макка фатҳ этилишидан олдин инфоқ-эҳсон қилган киши билан Макка фатҳ қилингандан кейин инфоқ-эҳсон қилган одам, бир хил ва бир даражада бўлмайди. Шак-шубҳасиз, Макка фатҳ этилишидан олдинги инфоқ-эҳсон Макка фатҳ қилингандан кейинги инфоқ-эҳсонга қараганда анча юқори ажр-мукофотга эга.

Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

لَا يَسْتَوِي مِنكُم مَّنْ أَنفَقَ مِن قَبْلِ الْفَتْحِ وَقَاتَلَ ۚ أُولَٰئِكَ أَعْظَمُ دَرَجَةً مِّنَ الَّذِينَ أَنفَقُوا مِن بَعْدُ وَقَاتَلُوا

«Сизлардан [Макка] фатҳ бўлишидан илгари инфоқ-эҳсон қилган ва [Расулуллоҳ билан бирга кофирларга қарши] урушган кишилар [Макка фатҳидан кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилар билан] баробар бўлмаслар. Улар [Макка фатҳидан] кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилардан кўра улуғроқ мартабададирлар». (Ҳадид сураси, 10-оят)

Худди шундай, Ислом динидан олдинги инфоқ-эҳсон [Ислом дини шаклланиб кучайиши йўлида, албатта] Исломдан кейинги инфоқ-эҳсон билан бир хил ва бир даражада бўладими? Шак-шубҳасиз, бир хил ва бир даражада бўлмайди.

4. Пайғамбар (с.а.о)ни ҳимоя қилишдаги пешқадамлик; Ҳазрати Хадича (саломуллоҳи алайҳо) бутун мол-мулклари билан Сарвари оламни ҳимоя қилиб, уларнинг ҳаммасини Ислом дини кенг ёйилиши ва тарқалиши йўлида сарфладилар.

Бинобарин, ҳазрати Хадича (саломуллоҳи алайҳо) ҳаммадан олдин иймон келтириб, мусулмон бўлишда пешқадам бўлганлар, Ислом дини кенг ёйилиши учун Аллоҳ таоло йўлида инфоқ-эҳсон ва фидойилик қилишда бошқалардан кўра олдинда борувчи ва пешқадам бўлганлар ва Пайғамбаримизнинг завжалари ва умр йўлдошлари бўлишда пешқадам бўлганлар ҳамда Сарвари коинотни ҳимоя қилишда пешқадам бўлганлар. Демак, ҳазрати Хадича (саломуллоҳи алайҳо):

وَالسَّابِقُونَ السَّابِقُونَ ‏ أُولَٰئِكَ الْمُقَرَّبُونَ

«Ва пешқадамлар, пешқадамлар. Ана ўшалар, [Аллоҳга] яқин бўлганлар»дан эдилар. (Воқеа сурасининг 10 ва 11-оятлари)

Баъзи уламоларимиз ҳазрати Хадича (саломуллоҳи алайҳо) ҳақида шундай деганлар:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг бошқа аёллари у ҳазратнинг умр йўлдоши бўлиш шарафига эришдилар. Дарҳақиқат, улар Сарвари коинотнинг шарофатлари билан ҳурмат ва эътиборга эга бўлдилар. Чунки, у ҳазрат Мадинада бўлган чоғларида ҳукумат бошлиғи эдилар ва моддий аҳволлари ҳам анча яхшилашган эди. Ҳар ҳолда Ислом дини тараққий топган эди. Шу боис, у зотни ҳамма мусулмонлар, ҳатто мусулмон бўлмаганлар ҳам ҳурмат қилардилар ва муборак номлари билан эмас, балки «Ё Расулаллоҳ», деб чақирардилар.

Аммо Сарвари оламга нисбатан ҳеч бир ҳурмат-иззат бўлмаган бир пайтда ҳазрати Хадичаи Кубро (саломуллоҳи алайҳо) пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг завжалари ва умр йўлдошлари бўлдилар. У пайтда Ислом динининг илк даври эди, Ислом динининг бошланиши эди. У пайтда Пайғамбарга тош отиш, у зотни ҳақоратлаш, сеҳргарликда айблаш ва туҳмат қилиш авж олган бир пайт эди. Ислом динидан олдин Сарвари олам оталари Абдуллоҳнинг етим боласи деб танилгандилар ва қўлларида ҳеч нарса йўқ эди. Шундай бир оғир шароитда ҳазрати Хадичаи Кубро (саломуллоҳи алайҳо) Пайғамбарнинг аёли ва умр йўлдоши бўлдилар. Шунинг учун ушбу оятлар:

وَالسَّابِقُونَ السَّابِقُونَ  أُولَٰئِكَ الْمُقَرَّبُونَ

«Ва пешқадамлар, пешқадамлар. Ана ўшалар, [Аллоҳга] яқин бўлганлар» бу олижаноб ва буюк аёлга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган оятлардандир.

Аллоҳ таоло Қуръондаги “Зуҳо” сурасининг оятларида Сарвари коинотга қарата: Пайғамбар, биз сенга қулайликлар ва имкониятлар бердик. Сен етим эдинг, сенга бошпана бердик;

أَلَمْ يَجِدْكَ يَتِيمًا فَآوَىٰ

«У сени етим ҳолда топгач, бошпана бермадими?» (Зуҳо сураси, 6-оят)

Сен камбағал эдинг, Биз сени беҳожат ва бой қилдик;

وَوَجَدَكَ عَائِلًا فَأَغْنَىٰ 

«У зот сени камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўйди-ку!» (Зуҳо сураси, 8-оят)

Аллоҳ таоло Пайғамбарни қандай қилиб беҳожат ва бой қилиб қўйди? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) фақир ва камбағалликдан қутулиб, мол-давлатга эга бўлишларига сабабчи бўлган омиллардан бири ҳазрати Хадича (саломуллоҳи алайҳо)нинг бойликлари эди.

Ҳазрати Хадичаи Кубро (саломуллоҳи алайҳо) нафақат Арабистон ярим оролининг энг бой аёли, балки бутун дунёнинг ўз давридаги энг бой аёли эдилар. Бу буюк ва олижаноб аёл кўп йиллар олдин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни назарга олгандилар ва шунинг учун Пайғамбарга ҳамкорлик қилиш таклифини берадилар ва Пайғамбар ҳам ушбу таклифни қабул қиладилар. У зот ҳазрати Хадичадан тижорат молини олиб, Шом диёри томон сафарга йўл оладилар. Сафардан қайтиб келгач, у зот барча мол-мулкларни фойдаси билан бирга омонат сифатида ҳазрати Хадича (саломуллоҳи алайҳо)га тақдим қиладилар.

Шунда ҳазрати Хадича (саломуллоҳи алайҳо) Сарвари оламдан: «Эй Муҳаммад, уйланиш ниятингиз йўқми?» деб сўрадилар. Пайғамбар ҳам: «Уйланишнинг шароити ҳали муҳайё эмас», деб жавоб қайтардилар. Ҳазрати Хадича (саломуллоҳи алайҳо) яна: «Агар молиявий муаммо бўлса, мен сизнинг хизматингиздаман», дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу сўзни эшитиб, бошларини эгдилар.

Ўша пайт ҳазрати Хадича (саломуллоҳи алайҳо) неча ёшда эдилар? Мўътабар тарих китобларида ва Пайғамбаримиз Аҳли-Байтларидан ривоят қилинган ҳадисларнинг ҳаммасида ҳазрати Хадича (саломуллоҳи алайҳо) Пайғамбар билан турмуш қурган вақтда йигирма беш ёшда эканликлари айтилган ҳамда турли мўътабар манбаларда бу буюк аёл бокира, тоҳира [покиза] ва беғубор бир қиз деб келтирилган ва шундай деб ҳам таништирилган. Ҳазрати Хадича (саломуллоҳи алайҳо) Пайғамбар билан турмуш қуришларидан олдин одамлар орасида «Тоҳира» [покиза аёл] унвони билан танилган эдилар. Энди ўзингиз айтинг, қандайига Макка шаҳрида «Тоҳира» унвони билан танилган бир қиз икки марта мушрикларга турмушга чиқиб, улардан фарзанд кўрган бўлиши мумкин?

Ҳазрати Хадича (саломуллоҳи алайҳо) Пайғамбар билан турмуш қурган вақтда қирқ ёшда эдилар деб айтилган гаплар, ҳазрати Хадича (саломуллоҳи алайҳо) вафотларидан кейин бани Умайя ҳукмдорларининг пуллари ва баъзи ҳасадгўй кимсаларнинг ҳазрати Хадича (саломуллоҳи алайҳо)га қарши гижгижлашлари, фитна-иғволари билан уйдирилган туҳмат ва ёлғон гаплардир. Балки ҳақиқат шуки, ҳазрати Хадичаи Кубро (саломуллоҳи алайҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га турмушга чиққан вақтларида йигирма беш ёшда бўлганлар.

Энди бу «Тоҳира» унвони билан танилган қиз Пайғамбарга турмуш қуришни таклиф қилди ва дунёнинг энг бадавлат аёли турмушга чиқиш чоғида бутун мол-мулкини Расулуллоҳга тақдим этди. Ҳазрати Хадичаи Кубро (саломуллоҳи алайҳо)нинг бойликлари Ислом дини ривож топиши ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дин таълимотларини одамларга кенг тарғиб қилишлари учун жуда катта таъсир кўрсатди. Агар ҳазрати Хадичанинг бойликлари бўлмаганида, биз ва сиз бугун мусулмон бўлмас эдик. Бинобарин, ҳазрати Хадичаи Кубро (саломуллоҳи алайҳо) қиёмат кунига қадар,

أشهد ان لا اله إلا الله وأشهد أن محمَّدًا رسول الله

деб Аллоҳнинг ягоналигига ва Муҳаммад (с.а.о) Аллоҳнинг Расули [Элчиси] эканлигига гувоҳлик берадиган ҳар бир кишининг бўйнига ҳаёт ва ҳидоят ҳуқуқига эга. Биз ва сиз тавҳид ва яккахудолик неъматидан баҳраманд бўлиб, шаҳодатайн калимасини тилимиз ва дилимизда жорий этишда ҳазрати Хадичаи Кубро (саломуллоҳи алайҳо)га қарздормиз.

Ҳазрати Хадичаи Кубро (саломуллоҳи алайҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан турмуш қурганлари учун Макка аёллари у ҳазратни тарк этиб, ёлғиз қолдиришганида, ўзларини ғариб ва яккаю ёлғиз ҳис қилдилар. Орадан бир неча кун ўтгач, ҳазрати Хадичаи Кубро (саломуллоҳи алайҳо) қизлари Фотимага ҳомиладор бўлдилар ва она қорнидаги бу ҳомила гапира бошлади: «Онажоним, ғамгин ва маҳзун бўлманг! Мен сизнинг улфатингизман, сизнинг сирдошингизман. Отам Расулуллоҳ Аллоҳ таоло наздида юқори мартабага эга. Мен сизга хушхабар бериб айтаманки, Худо сизнинг фидокорлигингизни шундай мукофотлайдики, шунда ҳамма сизга қараб ҳавас қилади».

Аллоҳ таоло ҳазрати Фотима дунёга келиш вақтида Ўзининг маҳбуби ва суюкли бандаси туғилиб, бу дунёга қадам қўйиши учун ҳазрати Иброҳим Халилуллоҳнинг завжалари Ҳожарни, ҳазрати Исо Руҳуллоҳнинг онаси Марям бинти Имронни, Фиръавннинг хотини Осияни ва жаннат аёлларини Хадичанинг доялари қилиб юборади.

Энди бу олийжаноб аёл Макка мушриклари томонидан мусулмонлар «Шиъбу Аби Толиб» деган икки тоғ орасида қамал қилингани сабабли қаттиқ очликдан касал бўлиб, оламдан ўтиш ҳолатига келдилар. Шунда ҳазрати Хадича (саломуллоҳи алайҳо) кичик ёшдаги қизалоғи Фотима Заҳрони [ўшанда беш ёшда эдилар] чақириб дедилар: Қизим, отангиз Расулуллоҳ ҳузурларига бориб, менинг саломимни етказинг ва у зотга: «Онам Хадича оламдан ўтиш ҳолатидалар, ҳолбуки, дунё молидан ўзларини ёпиш учун бир кафанга ҳам эга эмаслар. Буни сизга айтишга уяладилар», деб айтинг. Ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, у зотга оналари ҳазрати Хадича Кубро (саломуллоҳи алайҳо)нинг сўзларини етказишлари биланоқ, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг елкалари титрай бошлади ва Раҳматан лил-оламийн, яъни оламларга раҳмат элчиси бўлган Сарвари коинотнинг муборак кўзларидан ёш жорий бўлди.

Шу пайт, ваҳий фариштаси ҳазрати Жаброили Амин Сарвари олам ҳузурларига келиб: «Ё Расулаллоҳ, Нега ўтирибсиз? Хадича бор нарсасини бизнинг йўлимизда ва сизнинг йўлингизда сарфлади. Энди бизнинг навбатимиз, унинг қилган фидокорликларини қадрлайлик!», деб Расулуллоҳга жаннатий кофур билан бирга жаннатдан бешта кафан олиб келди ва: «Ё Расулаллоҳ, бу кафанлардан бири Хадичаи Кубро учундир ва Хадичага айтингки, Аллоҳ таоло сизга салом йўллаб, сизни қабул қилиб олишни кутмоқда», деди. Ушбу кафан Расулуллоҳ ва Фотимаи Заҳро қўллари билан аёллардан биринчи бўлиб иймон келтириб мусулмон бўлган ва унинг мол-давлати билан Сарвари олам Исломни кенг тарғиб қилган ҳазрати Хадича мазлум ва ғарибларча вафот этганидан сўнг у буюк аёлнинг жасадига кийдирилди.

Ривоятларда айтилишича, ҳазрати Хадичаи Кубро (саломуллоҳи алайҳо) қиёмат кунида Аъроф деган маконда туриб, Маҳшар майдонида тўпланган одамлар орасидан ҳазрати Фотима ва унинг фарзандларининг ошиқлари ва дўстларини бирма-бир ажратиб олиб, ўзлари билан жаннатга олиб борадилар.

Тарихда ёзилган маълумотларга кўра, ҳазрати Хадичаи Кубро (саломуллоҳи алайҳо) жуда меҳрибон, жонкуяр, очиқ кўнгил, иймонли ва фидойи аёл бўлганлар. Шунинг учун, Сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ушбу олижаноб ва буюк аёлни қаттиқ яхши кўрар эдилар, шу даражадаки, ҳазрати Хадичанинг ўлимидан сўнг Сарвари коинот жуда ғам-қайғуга ботиб, вафоли умр йўлдошларининг айрилиғида кўп йиғладилар. У ҳазрат узоқ йиллар давомида кўп ўринларда ҳазрати Хадичаи Кубро (саломуллоҳи алайҳо)ни эслаб, кўзлари ёшга тўлиб кетар, бу олижаноб аёлга Аллоҳнинг салому дурудини йўллаб дуо қилар ва шундай деб марҳамат қилар эдилар:

«ما أبدلني اللّه خيرا منها، لقد آمنت بي حين كفر بي‌ الناس، وصدّقتني حين كذّبني النَّاس وأشركتني في مالها حين حرمني النَّاسُ، ورزقني اللّهُ ولدها، وحرمني ولدَ غيرها»

«Аллоҳ таоло менга Хадичадан яхшисини бермади, одамлар менга куфр келтиришганида, у менга имон келтирди. Одамлар мени ёлғончига чиқаришганида, у мени тасдиқлади. Одамлар мендан ёрдамини дариғ тутганида, у мени ўз молига шерик қилди. Аллоҳ таоло менга бошқа аёллардан эмас, фақат ундангина фарзанд ато этди».

Ҳазрати Хадича барча мусулмонлар наздида энг ҳурматли аёллардан биридир. Бу олижаноб ва юксак аёл беъсатнинг [Сарвари олам пайғамбарликка танланганликларининг] ўнинчи йили, Рамазон ойининг ўнинчи куни [ҳижратдан уч йил олдин] Макка шаҳрида оламдан кўз юмдилар ва ўша йили Ражаб ойининг йигирма олтинчи куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг фидокор амакилари ҳазрати Абу Толиб (алайҳис салом) ҳам вафот этгандилар. Шунинг учун Сарвари коинот ушбу йилни «Омул-Ҳузн», яъни “Ғам-ғусса йили” деб атадилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу икки вафодор ва холис фидокор ҳомийларини қўлдан бергач, у ҳазратнинг жонлари Макка шаҳрида хатар остида қолди. Шунинг учун, Сарвари коинот Аллоҳ таолонинг амр-фармони билан Маккани тарк этиб, Мадинага ҳижрат қилишга буюрилдилар.

Уммул мўъминин, онамиз ҳазрати Хадичаи Кубро (саломуллоҳу алайҳо) вафот этган кунларини барча мўмин-мусулмонларга таъзия ва ҳамдардлик билдирамиз.

Ушбу маълумотни қуйидаги тасмадан юклаб олишингиз мумкин:

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Ҳазрат Фотима –дунё аёллари учун энг яхши ибрат-намуна

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан Азизлар, эртага жумодиус-соний ойининг 20-куни пайғамбаримиз Муҳаммад …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.