Home / Ақоид ва Калом / Адл / Парвардигори Оламнинг Одиллига Далиллар

Парвардигори Оламнинг Одиллига Далиллар

 1. Ақлнинг яхши ва ёмонни ажрата олиш қобилияти

  Шу нарсани айтиб ўтиш керакки, инсоннинг ақли диққатга сазовор бўладиган маълум бир ҳудудгача айрим нарсаларнинг яхши ва ёмонлигини ажрата олиш қобилиятига эгадир. Шу боис, донишмандлар инсон ақли маълум бир миқдоргача яхши ва ёмонликни ажрата олиш қобилиятига эга, деб эътиқод қилганлар.

 Масалан: Адолат ва эҳсонни яхши эканлиги, зулм ва бахилликнинг ёмон эканлиги динда айтилишидан илгари ҳам бизга аён бўлган эди. Лекин шундай бир масалалар борки, уларни тушуниб етишга бизнинг илм савиямиз етарли даражада эмасдир. Негаки, инсон ақли ҳамма нарсани идрок қилишдан ожиздир. Шунга кўра, Аллоҳ йўлига ҳидоят қилувчи илоҳий раҳбарлар ва пайғамбарларнинг кўрсатган йўлларидан бориш зарур экани яққол намоён бўлади.
 Бинобарин, агар мусулмонларнинг «Ашоира» вакиллари ақлнинг айрим нарсалар яхши ва ёмонлигини ажрата олиш қудратини инкор этиб, ҳамма нарсанинг яхши ва ёмонлигини фақатгина дин ва шариат орқали била оламиз, дин ва шариат бўлмаганида эди, инсон ақли ҳатто адолатнинг яхшилигини ва зулмнинг ёмон эканлигини тушуниб етолмаган бўлур эди, деб эътиқод қилишлари нотўғри ва асоссиздир.
 Агар инсон ақли айрим нарсаларнинг яхши ва ёмонлигини тушуна олишга қодир бўлмаса, Аллоҳнинг ёлғончи шахс ихтиёрига мўжиза қилишни топшириб қўймаганлигини қайердан била оламиз? Бироқ ақлимиз ёлғон сўзлаш қабиҳ ва ёмон иш эканини билгани учун Аллоҳдан ёлғон сўзлаш каби қабиҳ ва ёмон иш содир бўлиши маҳолдир, деб эътиқод қиламиз. Шу эътиқодга биноан, Унинг ваъдаси ҳақ бўлиб, У ҳаргиз ваъдасига хилоф қилмайди ва Унинг барча сўзлари рост ва тўғридир ва У ҳеч қачон мўжизаларини ёлғончи одамнинг ихтиёрига бериб қўйиб, уни қўллаб-қувватламайди, деб ишонамиз.
 Шунинг учун шариат ва динда келтирилган таълимотларга эътимод қиламиз. Шундай экан, ақлнинг айрим нарсаларнинг яхши ва ёмонлигини ажрата олиш қудратига эга эканига эътиқод қилиш диннинг асосини ташкил қилади (диққат қилинг!).
 Энди эса Аллоҳнинг адолатига далиллар келтирамиз:

2. Зулм қайердан келиб чиқади?

 Зулм қилинишига қуйидаги сабабларнинг бири омил бўлади:
  1. Жаҳолат; зулм қилаётган одам гоҳида чиндан ҳам ўзи зулм қилаётганлигини ва кимнингдир ҳақ-ҳуқуқини поймол қилаётганини билмай, қилаётган ишидан бехабар бўлади.
  2. Эҳтиёж ва муҳтожлик; гоҳида одамнинг бошқалар қўлида бўлган нарсаларга эҳтиёжи бўлгани учун васвасага тушиб, инсонларга зулм қилади. Ҳолбуки, агар ўша нарсаларга эҳтиёжи бўлмаганида эди, зулм қилишга ҳеч бир ҳожат қолмас эди.
  3. Ожизлик ва кучсизлик; баъзида инсон зулм қилиб, бошқалар ҳақ-ҳуқуқини оёқ-ости қилишни истамайди, бироқ ундаги ожизлик ва кучсизлик нохосдан уни «зулм қилиш» томонига ундагандек бўлади.
  4. Худбинлик, гина-кудурат ва интиқом олиш ҳиссиёти; баъзан одам зулм қилиши учун юқорида айтилган сабабларнинг ҳеч бири мавжуд эмас, аммо унинг «худбинлиги» бошқалар ҳуқуқига тажовуз қилишига сабаб бўлади. Ёки «интиқом олиш» ва «кек-араз сақлаш  ҳиссиёти» одамни бировга зулму зўравонлик қилишга ундайди ва ёхуд «танҳо ҳукмронлик қилиш ва ҳамма яхши нарсаларни ўзига ихтисос бериш» хусусияти ва шунга ўхшаш хусусиятлар бошқалар ҳуқуқини оёқ-ости қилишга боис бўлади.
 Юқорида айтиб ўтилган қабиҳ сифатлар ва нуқсонларнинг ҳеч бири, бутун борлиқ эгаси бўлмиш Аллоҳ таолода мавжуд бўлмагани учун ва барча яхши сифатлар ва чексиз камолот соҳиби бўлмиш Аллоҳ- ҳамма нарсадан огоҳ, барчадан беҳожат (ҳеч нарсага муҳтож эмас), ҳар нарсага қодир, ҳаммага меҳрибон бўлгани учун зулм қилишга ҳеч қандай асос ва омил қолмайди ва шу боис, У ҳеч вақт бандаларига зулм қилмайди.
 Чексиз вужуд ва борлиққа молик ва бениҳоят камолот эгаси бўлган Зотдан яхшилик ва адолатдан бошқа нарса ва ғамхўрлик ва меҳрибонликдан ўзга хислат пайдо бўлмайди.
 Худди спиртли ичимлик ёки наркотик моддалар истеъмол қилган одам ўлимга олиб келадиган турли касалликларга йўлиққани каби, агар Тангри таоло ёмон бандаларини жазоласа, бу жазо дарҳақиқат, уларнинг қилган амаллари натижаси бўлиб, Қиёмат куни уларнинг ўзига кўрсатилажак. Қуръони Карим бу хусусида шундай дейди: 

  (هَلْ تُجْزَوْنَ إِلَّا مَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ)

 Сизларнинг жазоларингиз ўзларингиз қилган амаллардан ўзга нарсами? (Намл сураси, 90-оят.)

3. Қуръон ва Аллоҳнинг адолати

 Қуръони Каримда Аллоҳнинг адолати ҳақида кўплаб оятлар келтирилган ва уларнинг бирида шундай буюрилади:

(إِنَّ اللّهَ لاَ يَظْلِمُ النَّاسَ شَيْئاً وَلَـكِنَّ النَّاسَ أَنفُسَهُمْ يَظْلِمُونَ)

  Албатта, Аллоҳ одамларга бирор нарсада зулм қилмайди. Лекин одамлар ўзларига зулм қиладилар. (Юнус сураси; 44-оят)
Бошқа оятда эса :

(إِنَّ اللّهَ لاَ يَظْلِمُ مِثْقَالَ ذَرَّة)

 Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорича (ҳам) ҳеч кимга зулм қилишни раво кўрмайди. (Нисо сураси; 40-оят)
Қуйидаги оятда қайта тирилиш кунининг ҳисоб-китоби тўғрисида шундай дейилади:

(وَنَضَعُ الْمَوَازِينَ الْقِسْطَ لِيَوْمِ الْقِيَامَةِ فَلَا تُظْلَمُ نَفْسٌ شَيْئاً)

  Биз қиёмат куни учун адолат тарозиларини қўюрмиз, демак, бирор жонга заррача зулм қилинмас. (Анбиё сураси; 47-оят)
  Диққатга сазовор бўлган нарса шуки, Қиёмат кунида «тарози»дан яхши ва ёмон амалларни бир-биридан ажратиб, уларни баҳолайдиган ўлчов воситаси назарда тутилган ва у эса дунёдаги тарозилар сингари нарсалар вазнини оғир ёки енгил қилиб урадиган тарозилардан эмасдир.

4. Адолатга даъват қилиш

 Айтиб ўтганимиздек, инсоннинг хусусиятлари Аллоҳ сифатлари ёғдусида бўлиши лозим. Инсонлар жамиятида ҳам Аллоҳ сифатларининг нури кенг ёйилмоғи даркор. Шу эътиқодга асосан, Қуръон Аллоҳнинг адолатига таянган ҳолда инсонлар жамиятини ҳам адолатли бўлишга чақириб, бутун инсонларга адолат юзасидан иш юритишларини буюрган. Қуръон Каримда зулм ва адолатсизликнинг инсонлар жамиятини бузғунчиликка учратиб нобуд бўлишига олиб келиши баён этилиб, золимларнинг тақдири ўта дардли бўлиши уқтирилган.
 Қуръонда илгариги қавмлар тарихини баён этиш билан бирга уларнинг қилган зулмлари туфайли Аллоҳнинг аламли азобига дучор бўлиб, нобуд бўлганлари зикр қиланади ва золимларнинг оқибати жуда оғир бўлиши таъкидланади ва бизларни ҳам зулм-адолатсизлик оқибатида бундай аянчли тақдирга мубтало бўлишдан қайтаради.
 Қуръон ўтган қавмларнинг саргузаштларни ҳикоя қилиб, унда зулм қилган қавмлар оқибатидан сабоқ олиб, тўғри хулоса чиқаришга даъват этади:

(إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالإِحْسَانِ وَإِيتَاء ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ وَالْبَغْيِ)

 Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёвуз ишлар ва зулм-зўравонликдан қайтарур. (Наҳл сураси, 90-оят)
  Диққатимизни ўзига жалб қиладиган нарса шундан иборатки, зулм қилиш қанчалик хунук ва қабиҳ бўлса, бошқанинг зулмини қабул қилиш ҳам Ислом ва Қуръон нуқтаи назаридан нотўғри ва номаъқул иш ҳисобланади. Чунки, зулмга нисбатан бепарво бўлиш золимларни зулм қилишга рағбатлантиради.
Бақара сурасининг 279 –оятида айтилишича :

(لاَ تَظْلِمُونَ وَلاَ تُظْلَمُونَ)

 Ҳам зулм қилманг ва ҳам сизга зулм қилишларига йўл қўйманг.
Асосан, золим ва зўравонларга таслим бўлиш зулмга рағбатлантиришга ва жамиятда зулм кўпайиб, золимлар кучайишига сабаб бўлади.

 

Share

Check Also

Irоda va iхtiyorga оid aniq dalil

1. Jami insоnlarning vijdоni jabrni inkоr qiladi;   Ilоhiy dоnishmand va faylasuflarning insоn iхtiyoriga оid …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.