Home / Ақоид ва Калом / Нубувват / Қонун Чиқаришда Пайғамбарларга Эҳтиёжимиз

Қонун Чиқаришда Пайғамбарларга Эҳтиёжимиз

 Олдинги мақолада башариятнинг пайғамбарларга бўлган эҳтиёжининг икки жиҳатини «таълим» ва «тарбия» масалалари юзасидан кўриб чиқдик. Энди эса пайғамбарларнинг ижтимоий ҳаёт учун қонун-қоидалар тузишдаги муҳим ўрнини ўрганиш вақти келди.

  Биламизки, инсон ҳаётидаги ҳамма муваффақиятлари ва бутун соҳаларда қўлга киритган ютуқлари унинг такомил йўлидаги ижтимоий ҳаётидан келиб чиққан.
  Агар инсонлар бир-бирлари билан алоқда бўлмай, ажралган ҳолда яшаганларида эди, фикрлаш ва маданийлашиш жиҳатидан «тош асри» одамларининг тафаккури каби саёз фикрлайдиган бўлар эдилар!
 Бирлашиб қилинган фаолиятлар сабабли маданият ва тамаддун чироғи оламга нур таратмоқда, биргалашиб қилинган саъю ҳаракатлар туфайли илмий кашфиётлар ва тараққиёт рўй бермоқда.
 Масалан: Ойга қилинган парвозни кўриб чиқсак, бу иш бир ёки бир неча донишманднинг тафаккури натижасида амалга ошмаган, балки милионлаб олим ва донишмандларнинг биргалашган ҳолда минглаб йиллар давомида қилган илмий татқиқотлари ва қўлга киритган тажриба ва кашфиётлари ижтимоий ҳаёт кечириш сабабли бизларгача етиб келиб, бир ерга тўплангани учун ҳаётнинг бутун тармоқларида улкан ривожланишларга олиб келган.
  Ёки бизнинг давримиздаги бир моҳир шифокор агар ҳануз ҳам фойдаланиш мумкин бўлган ўлик одамнинг юрагини жарроҳлик амали билан тирик одамга ўтказиб, уни қатъий ўлимдан қутқазган бўлса, бу ўтмишдаги минглаб моҳир табибларнинг қўлга киритган тажрибалари ва бу тажрибалар уларнинг шогирдлари орқали бизгача етиб келгани сабаблидир.
 Бироқ бу ижтимоий ҳаётнинг фойдалари қаршисида унинг ўзига яраша камчиликлари ҳам бордир. У ҳам бўлса, Одамлар манфаатлари ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларининг бир-бири билан тўқнашуви бўлиб, гоҳида бир-бирларига тажовуз қилиш ва ҳатто қонли урушларгача борганлар.
  Мана шу ерда қонун-қоидалар ва дастуриламалларга бўлган эҳтиёжимиз ошкор бўлади, нима учун деганда, қонун-қоидалар ҳаётдаги учта катта мушкулни бизга ҳал қилиб беради:
 1. Қонун ҳар бир шахснинг жамият олдидаги вазифасини, жамиятнинг ҳар бир инсон баробаридаги вазифасини аниқлаб, инсонлар истеъдодининг гуллаб-яшнашига ва уларнинг саъй-ҳаракатларининг бир-бири билан уйғунлашишига сабаб бўлади.
 2. Қонун одамларнинг ўз вазифаларини қанчалик бажаётганликлари устидан назорат қилишга йўл очиб беради.
 3. Қонун инсонларнинг бир-бирларининг ҳақ-ҳуқуқларига тажовуз қилишларининг олдини олиб, тартибсизликка ва шахс ва гуруҳларнинг тўқнашувига барҳам беради. Керакли ўринларда эса қонундан бўйин товлаган тажовузкорларга қилмишига муносиб жазо беришни таъйин этади.

Энг яхши қонун чиқарувчи кимдир?

  Энди эса юқоридаги асосий уч талабга жавоб бера оладиган, яъни инсонлар ва жамиятнинг вазифаларини, ҳақ-ҳуқуқларини кўрсатиб берадиган ва улар устидан тўлақонли ва тўғри назорат қиладиган ҳамда қонунбузар тажовузкорларнинг олдини оладиган қонун-қоидаларни ким ҳаммадан кўра яхшироқ туза олишини кўриб чиқамиз.
  Ижозат беринг масалани ёритиш учун аввало бу ерда содда бир мисол келтирайлик:
  Инсонлар жамиятини улкан бир пойездга ўхшатсак, ундаги ҳукмдор шахслар локомотив жиҳози каби ушбу буюк пойездни муайян йўлда ҳаракатга келтирувчидирлар.
  Қонун эса темир йўллар ўрнида бўлиб, ушбу пойезднинг манзилга етиши учун унинг муайян йўналишини кўрсатади. Ушбу йўналиш пойездни тепа-пастликлардан, тоғлар оралиғидан ва эгик ва букик йўллардан олиб боради. Шунинг учун бу темир йўлларнинг (релсларнинг) мустаҳкам бўлиши ва шунингдек, пойезд ўтадиган ерлар катта босимни кўтара оладиган бўлиши нақадар зарур эканлиги ҳаммага аён.
  Бундан ташқари, релсларнинг ўртасидаги оралиқ пойезд ғилдиракларига мос келиб, ўзаро мувозий (параллел) бўлиши лозим. Шунингдек, пойезд тунеллардан ўтаётганда уларнинг баландлиги пойезднинг баландлигига муносиб бўлмоғи шарт. Йўлнинг паст-баландлиги пойезднинг тормозини ишдан чиқариб қўядиган даражада шиддатли бўлмаслиги лозим.
  Шунингдек, атрофдаги тоғ-адирлар тошларининг қулаб тушиши, ёки сел келиши ва тоғ қорларининг силжиши хавфи аниқ ҳисобга олиниши керак, токи, пойезд ҳар қандай шароитга дуч келганда ҳам эсон-омон йўллардан ўтиб, ўз манзилига етиб борсин ва шунга ўхшаш масалалар назарга олинмоғи даркор.
  Юқорида келтирган мисолимизни инобатга олган ҳолда инсонлар жамиятига қайтамиз:
  Энг яхши қонун-қоидаларни инсонлар учун чиқармоқчи бўлган шахс қуйидаги сифатларга эга бўлиши лозим:
 1. Инсоннинг қандай хусусиятга эгалигини тўлиқ ва мукаммал танимоғи, унинг ғаризаларидан, табиий майлларидан, ҳис-туйғуларидан, эҳтиёжларидан ва ҳаётдаги муаммоларидан тамоман огоҳ ва хабардор бўлмоғи лозим.
 2. Инсонларда мавжуд бўлган барча истеъдодларини ва яроқли хусусиятларини назарга олиб, уларнинг юзага чиқиши учун қонун-қоидалар чиқармоғи даркор.
 3. Келажакда инсон жамиятида рўй берадиган ҳодисаларни олдиндан кўра олиши ва бу ҳодисалар қаршисида қандай чора-тадбирлар кўриш кераклигини билиши керак.
 4. Жамиятда ҳеч қандай манфаатни кузламайдиган бўлмоғи лозим, то қонун чиқараётганда ўзининг шахсий манфаатини ёки қавм-қариндошларининг ва ўз тоифасининг фойдасини назарга олмасин.
 5. Қонун чиқарувчи инсонларнинг қўлга киритиши мумкин бўлган илмий ихтиролар ва ривожланишлардан ёки тубанликка юз тутишлар ва инсоний таназзулга учрашлардан бохабар ва огоҳ бўлиши керак.
 6. Қонун чиқарувчи унутувчанлик ва саҳв-хатога йўл қўйиш хусусиятидан юқори даражада сақланган ва дахлсиз бўлмоғи даркор.
 7. Ниҳоят, қонун чиқарувчи шундай куч-қудратга эга бўлмоғи лозимки, жамиятдаги қудрат ва мақом соҳибларининг ҳеч биридан қўрқмайдиган, айни ҳолда инсонларга меҳрибон ва жонкуяр бўлиши керак.
  Юқорида санаб ўтилган шароитларнинг ҳаммаси кимда мавжуд?
Инсон энг яхши қонун чиқарувчи бўла оладими? Шу пайтгача бирор ким одамзотни тўла-тўкис таний олганми? Асримизнинг буюк донишмандларидан бири инсон хусусида муфассал бир китоб ёзиб, унга «Инсон танилмаган мавжудотдир», деб ном берган. Шундай бир даврда инсонни яхши таниб олдик, дея оламизми?
  Инсонларнинг ҳамма руҳий хусусиятлари, табиий майллари, ғаризалари ва ҳис-туйғулари тўлиқ ўрганиб чиқилганми?
  Инсониятнинг жисмий ва руҳий эҳтиёжлари яратган Тангридан бошқа бирор кимга маълум бўлганми?
  Жамиятда оддий инсонлар орасида маълум бир фойда-манфаатларга эга бўлмаган бирор шахсни топа оласизми?
  Ёки оддий инсонлар орасидан саҳв-хатога йўл қўймайдиган, ҳеч нарсани унутмайдиган ва инсонлар жамияти мубтало бўладиган турли-хил муаммолар ва масалаларга огоҳ шахсни танийсизми?
  Шундай экан, Аллоҳдан ўзга ва Унинг йўллаган ваҳийи асосида жамиятни бошқарадиган пайғамбарлардан бошқа ҳеч ким инсонлар жамияти учун яхши, ҳар томонлама ва мукаммал қонун чиқара олмайди!
  Шунга асосланиб, қуйидаги хулосага келамиз: Башариятни такомил топиш йўлини тутиши учун яратган Аллоҳ таоло уларни ҳидоятга бошлаш учун муайян инсонларни (пайғамбарларни) тайин этмоғи лозим, то улар инсонларнинг моддий ва маънавий манфаатларини таъминловчи Аллоҳнинг муфассал ва мукаммал қонун-қоидаларини уларга етказсинлар.
 Муҳаққақки, инсонлар ушбу қонун-қоидалар Аллоҳ таоло томонидан эканлигини билсалар, чуқур ишонч ва эътимод билан уларни ҳаётга татбиқ этадилар. Бошқа сўз билан айтганда; инсонларнинг огоҳ бўлиши ушбу илоҳий қонун-қоидалар улар орасида жорий бўлишининг гаровидир.

Яккахудолик ва пайғамбарлик ўртасидаги боғлиқлик

  Шунингдек, диққатга сазовор бўлган ингичка бир масалани қайд этишни зарур, деб биламиз: Яратилишдаги тартиб-интизомнинг ўзи Аллоҳнинг юборган элчилари ва пайғамбарларининг мавжудлигига ва улар ўз рисолатлари (вазифалари)ни тўлиқ бажарганликларига очиқ бир гувоҳ ва шоҳиддир.
 Масаланинг изоҳи: Борлиқнинг ҳайратланарли тузумига қисқача бир назар солсак, бу ҳақиқатнинг шоҳиди бўламиз: Аллоҳ таоло жаҳондаги барча мавжудотларни яратиши билан бирга уларнинг зарурий эҳтиёжлари Унинг марҳаматли назари ва фазл-карамидан четда қолмаган. Чунончи, Аллоҳ таоло бизнинг кўришимиз учун кўзни яратган бўлса, бу кўзни турли-хил офатлардан муҳофаза этиб, нурнинг унга киришини тартибга солиш учун қовоқ ва киприклар билан ҳам таъминлаган.
  Кўзлар бурчагида жойлашган безлар эса кўз ёши ишлаб чиқариб, кўз юзасини нам ва ҳўл ҳолда сақлайди ва шу туфайли уни қуриб қолишдан сақлайди. Нега деганда, кўзнинг қуриб қолиши унинг нобуд бўлишига сабаб бўлади.
  Шунингдек, мазкур безлар яна кўз бурчагида ўта кичик каналлар яратади ва кўзнинг ортиқча ёшлари ўша каналлар орқали бурун ичига тўкилади ва агар бу кичик каналлар бўлмаганида эди, кўз ёшларимиз юзимизга оқиб тушган бўлур эди.
  Аллоҳ таоло инсоннинг кўз қорачиғида шундай бир сезувчанлик хусусиятини яратганки, агар қоронғиликда ва заиф нурлар баробарида кенгаяди ва ёруғликда ва кучли нурларга қарши тораяди, то кўзга тушадиган нур керакли миқдорда уюштирилиб, нурнинг кўзга етказадиган зарарининг олдини олади.
  Аллоҳ таоло кўз соққалари атроф-теварагида турли-хил мушакчалар билан ўраб қўйган бўлиб, улар орқали кўзларимизни хоҳлаган томонга айлантира оламиз ва бошни у ён-бу ёнга бурмай туриб, бизга ён-атрофни кўриш имконини беради.
  Энди айтингчи, инсон кўзини керакли жиҳозлар билан таъминлаган буюк Зот бўлмиш Аллоҳ- бутун бошли башариятни Ўзининг йўллаган ваҳийи билан алоқадор, бутун гуноҳлардан йироқ (маъсум) ва ишончли бир раҳбар ва йўлбошчисиз қолдириши мумкинми?!
  Машҳур файласуф ва табиб Абу Али Ибн Сино ўзининг «Ал-шифо» номли китобида бу борада шундай дейди: «Инсоннинг кўз киприкларига, қошга ёки оёқ кафтининг чуқурлиги ва товонига бўлган эҳтиёжидан кўра, инсоният туркумининг сақланиб қолиниши ва камолотга эришиши учун Аллоҳ томонидан юбориладиган пайғамбарларга бўлган эҳтиёжи кўпроқ ва шиддатлироқдир. Шунинг учун, Аллоҳ таоло инсоннинг бундай эҳтиёжини азалий илми ва инояти билан била туриб, бошқа эҳтиёжларини таъминлаганидек инсонни унинг билан таъминламаслиги асло мумкин эмас!»

Share

Check Also

Ilоhiy rahbarlarga bo`lgan ehtiyojimiz

Ilmimizning mahdudligi haqida   Ba’zilarga; «asоsan payg`ambarlarning Allоh taоlо tоmоnidan insоnlarga to`g`ri yo`l ko`rsatish uchun …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.