Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Нимага Пайғамбарлар Маъсумдирлар?

Нимага Пайғамбарлар Маъсумдирлар?

 

Гуноҳ ва саҳв-хатолардан пок бўлиш

 Шак-шубҳасиз, ҳар бир пайғамбар ўз вазифасини ўташдан олдин инсонлар ишончини қозонган бўлмоғи лозим, токи одамлар унинг сўзлари ёлғон ёки саҳв-хато эканига бормай туриб, унинг ростгўйлигига иқрор бўлсинлар. Акс ҳолда, унинг раҳбарлигига путур етади.

Агар Аллоҳнинг танлаган пайғамбарлари маъсум (бегуноҳ) бўлмасалар, у ҳолда баҳона қидирувчилар «пайғамбарлар янглишяптилар», деб узру-баҳона келтирсалар, ҳақиқатни изловчилар эса «пайғамбарлар даъватининг мазмун-моҳиятига бўлган ишончлари сусайиб», пайғамбарларнинг даъватини қабул қилишдан бош тортган бўлар эдилар ёки ҳеч бўлмаса, уларнинг даъватини жону-диллари билан қабул қила олмаган бўлардилар.
 «Ишонч ва эътимодга сазовор бўлиш», деб номлай олиш мумкин бўлган юқоридаги далил пайғамбарлар барча гуноҳлардан йироқ (маъсум) эканликларига далолат қилувчи энг муҳим далиллардан биридир.
 Бошқа таъбир билан айтганда; қандай қилиб Аллоҳ таоло инсонларга саҳв-хатога ёки гуноҳга йўл қўйиши мумкин бўлган бир инсонга сўзсиз итоат этишни буюради? Мазкур ҳолда агар одамлар гуноҳкор ва хатокор шахсга итоат қиладиган бўлсалар, шунда улар саҳву хато ва гуноҳ сари боришларига тўғри келади. Аммо агар саҳв-хато ва гуноҳга йўл қўядиган пайғамбарга бўйинсунмасалар, ушбу ҳолда уларнинг раҳбарлик мақоми хатар остида қолади, айниқса пайғамбарларнинг раҳбарлик ва йўлбошчилик мартабаси бошқалар билан мутлақо фарқли эканини назарга олсак, ушбу масала янада аниқроқ бўлади. Нега деганда, инсонлар ўзларининг бутун эътиқод ва дунёқарашларини ва ҳаётларининг барча дастуриламал ва йўл-йўриқларини пайғамбарлардан ўрганиб оладилар.
 Мазкур далилга кўра, буюк тафсирчи олимлар Нисо сурасининг 59-ояти

«يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الأَمْرِ مِنكُمْ»

 «Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилингиз ва Пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган йўлбошчиларга итоат этингиз.» тафсирига келганларида қуйидаги тушунчани билдирганлар:
 Бу оятдаги итоат қилиш фармони Аллоҳ таоло томонидан ҳеч бир қайд-шартсиз (шарт-шароитсиз) содир этилгани ҳам пайғамбар (с.а.о) ва ҳам пайғамбар(с.а.о)нинг йўлини давом эттирувчи бошлиқлар барча гуноҳлардан йироқ бўлган маъсум зотлар эканига ёрқин далилдир. Расулуллоҳ йўлларини давом эттирувчи бошлиқлардан мурод, ўн икки маъсум имомлар бўлиб, ушбу ояти карима уларнинг гуноҳсиз ва маъсум эканликларига далолат қилади, акс ҳолда Аллоҳ таоло мўъминларга ҳеч бир қайд-шартсиз (шарт-шароитсиз) ўша зотларга итоат этишни буюрмаган бўларди.
Иккинчи далил: Пайғамбарлар гуноҳсиз-маъсум бўлишларининг яна бир сабаби «уларнинг вужудларида гуноҳга бошловчи омилнинг йўқлигидир
Изоҳ: Биз ўзимизнинг ҳолимизга назарга ташлаб, ҳолатимизни кўздан кечирсак, айрим гуноҳ, нопок ва қабиҳ амаллардан тақрибан пок ва маъсум эканимизга амин бўламиз.

Қуйидаги мисолларга эътиборингизни қаратамиз:

 Ақл-ҳуши ўз жойида бўлган қайси бир одамни оловни ейдиган ёки супуринди, ахлат ва ифлос нарсаларни ютаётган ҳолда кўргансиз?
Ёки фаҳм-фаросатли бирор инсонни онадан туғилган пайтидек яп-яланғоч бўлган ҳолда кўча ва бозорда юрганини кўрганмисиз?
 Албатта «йўқ» деб жавоб берамиз. Агар юқорида зикр қилинган амаллардан бирор бирини бажарган шахсни кўриб қолсак, табиий ҳолдан чиққан руҳий бемор эканига ишончимиз комил бўлади, акс ҳолда одатда ақл-ҳуши ўз жойида бўлган шахс бундай ишларга қўл урмайди.
 Агар бундай иш ва ҳолатларни «синчиклаб кўздан кечирсак», ушбу амаллар ақл-ҳушли инсон назарида ўта кетган даражада қабиҳ ва жирканч экани ошкор бўлгани учун ҳеч бир инсон улар томон бормайди.
 Бу ерда шу хулосага келамизки, ҳар бир ақл-ҳушли ва соғлом инсон айрим қабиҳ ва жирканч амаллардан йироқ ва покдир. Бошқа сўз билан айтганда; мазкур амаллар баробарида маъсумлик хусусиятига эгадир.
 Агар назаримизни бир оз юқорироққа қадасак, маълум бўладики, баъзи етукли инсонлар қолган бошқа амалларнинг нопок ва қабиҳлигини ҳис қилган ҳолда уларни тарк этадилар ва ушбу амаллар баробарида маъсумлик даражасига эгадирлар, ҳолбуки, қолган оддий инсонлар бундай хусусиятга эга эмаслар.
 Чунончи; моҳир ва огоҳ шифокор микробларнинг юзлаб хилларини яхши танигани учун ҳеч қачон юқумли касалликка дучор бўлган беморларнинг ювилган кийимидан тўпланган ифлос сувни ичмайди. Лекин саводи йўқ одам бу сувни ҳеч иккиланмай ичиши мумкин.
 Шундай қилиб одам қанчалик амаллар натижаси ҳақида кўпроқ ва чуқурроқ маълумотга эга бўлса ва унинг илму маърифати бу хусусида ошиб борса, шунчалик унда қабиҳ ва жирканч амаллар баробарида дахлсизлик ва поклик хусусияти вужудга келиб, саҳв-хато ва гуноҳ ишларга йўл қўймай, пок ва маъсум ҳолда қолади
 Ушбу таҳлилга биноан, ҳар кимнинг «имон ва билим даражаси» ортиб борса, Аллоҳга ва Унинг қиёмат кунидаги адолатли муҳокамасига бўлган имон-этиқоди шу даражада комил бўлсаки, гуё буларнинг ҳаммаси ўзининг кўз ўнгида гавдаланиб турадиган бўлса, бундай одам ҳар қандай гуноҳ ва саҳв-хатога йўл қўйишдан сақланади ва ҳар бир қабиҳ амал унинг назарида онадан туғилган вақтдаги каби яланғоч ҳолда бўлиб, куча-бозорда юргандек бўлиб кўринади.
 Бундай улуғвор зотлар учун ҳаром молни ейиш ёниб ётган олов чуғини оғзига қўйиш билан баробардир. Бизлар ёниб ётган олов чуғини оғзимизга қўя ололмаганимиз каби улар ҳам ҳаром молни оғизларига яқинлаштирмайдилар!
Ўтган суҳбатларимиздан хулоса чиқариб айтадиган бўлсак, пайғамбарларнинг илму-маърифатлари ва уларнинг имонлари юқори даражада бўлганлиги учун гуноҳга бўлган мойилликни жиловлаб, ўз нафсларини гуноҳ томонга йўналишдан сақлай оладилар ва натижада гуноҳ қилишга ундайдиган омиллар уларнинг ақл ва имонлари устидан ғолиб кела олмайди ва шунинг учун оддий гуноҳга ҳам қўл урмайдилар. Ушбу мантиққа асосланиб шундай хулосага келамиз: Пайғамбарларнинг ҳаммаси- маъсум ва барча гуноҳлардан покдирлар ва улар гуноҳлар баробарида суғурталангандирлар.

Маъсумлик даражаси фахрланишга арзийдими?

 Баъзилар маъсумлик тушунчаси ва гуноҳлардан сақланиш омиллари ҳақида тўғри маълумотга эга бўлмаганликлари учун: «Агар Тангри таолонинг Ўзи бирор шахсни гуноҳ қилишдан қайтариб, гуноҳга мойил бўлиш омилларини ундан бартараф этса, бундай покликка эга бўлиш фахрланишга арзимайди, нимага деганда, бундай поклик мажбурий бир ҳолат бўлиб, инсоний фазилат ҳисобланмайди!»- деб шубҳа туғдирганлар.
 Юқорида бу хусусида батафсил келтирган далилимизга таяниб, ушбу шубҳага жавобан шуни айтишимиз лозим:
Пайғамбарларнинг барча гуноҳлардан пок бўлишлари мажбурий ҳолатда бўлмай, балки уларнинг гуноҳлардан узоқлашиб, маъсум ва пок инсонлар бўлишлари уларнинг кучли имони, юқори савиядаги огоҳлик ва илму-маърифатидан келиб чиққан. Шу боис, маъсумлик хусусияти улар учун энг юқори ифтихор ва фазилат ҳисобланади.
 Масалан: Агар юқори даражали билимга эга бўлган табиб касаллик тарқатувчи нарсалардан сақланса, бу унинг мажбур эканига далил бўла оладими? Агар шундай бир шахс тозалик ва гигиенага риоя қилса, унинг учун фазилат ҳисобланмайдими?
 Ёки хавфли жиноятнинг ёмон оқибатидан хабардор бўлган ҳуқуқшунос ўзини ушбу жиноятдан қаттиқ қўриқласа, «бу жиноятни қилмасликка мажбур бўлган, шунинг учун унинг бу иши фазилат эмас», дея оламизми?
 Шунга кўра, қўйидаги хулосага келамиз: пайғамбарларнинг гуноҳлардан йироқ-маъсум бўлишлари уларининг ўз ирода-ихтиёрларига боғлиқ бўлиб, улар учун фазилат ҳисобланади.

 

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.