Home / Ақоид ва Калом / Имомат / Имомат хусусида уммат орасидаги баҳслашувлар

Имомат хусусида уммат орасидаги баҳслашувлар

  Ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дан сўнг мусулмонлар икки гуруҳга бўлиниб кетганини биламиз:
  Бир гуруҳ Пайғамбаримиз ўзларидан кейин ўринбосар ва ворис тайинламай, бу ишни умматнинг зиммасига топширганлар

ва улар ўз ораларидан ўзлари учун раҳбар сайлаб олишлари лозим деб этиқод қиладилар. Ушбу гуруҳга «аҳли суннат» деб айтилади.
  Иккинчи гуруҳ эса Пайғамбаримизнинг халифа ва ворислари ул зотнинг ўзларидек гуноҳ ва саҳв-хатолардан маъсум ва пок, умматга маънавий ва моддий жиҳатдан раҳбарлик қила оладиган ҳамда Исломнинг пойдеворини сақлаб қолиб, уни давом эттира оладиган даражада теран илмга эга бўлмоғи зарур, деб эътиқод қиладилар.
  Уларнинг эътиқодича, бундай хусусиятларга эга бўлган шахсни раҳбар ва йўлбошчи этиб тайинлаш фақат Аллоҳ тарафидан ва Пайғамбаримизнинг тилларидангина амалга ошиши мумкиндир. Пайғамбаримиз бу ўта муҳим ишни амалга ошириб, ҳазрат Али (алайҳис салом) ни ўзларининг ўринбосар ва ворислари этиб тайинлаганлар. Бу гуруҳ эса «имомия» ёки «шиа» деб ном олган.
  Бизнинг ушбу мавзуда кўзлаган мақсадимиз- имомат масаласини ақлий, тарихий ва Қуръоний далилларга таяниб ҳамда Пайғамбаримизнинг суннатларига асосланиб исботлашдан иборат. Ушбу масалага киришишдан олдин бир неча нукталарни айтиб ўтишни зарур топдик:

1. Имомат масаласи ихтилоф келтириб чиқарадими?

  Баъзилар имомат мавзусида сўз очилиши биланоқ дарҳол бугунги кунда бу ҳақда баҳслашадиган замон эмас деб айтадилар! Улар «бугунги кун мусулмонларнинг бирлашиш кунидир ва биз шу ҳақда сўз юритишимиз керак ва Пайғамбаримизнинг ворислари ва ўринбосарларидан сўз очмоқ ихтилоф ва парокандалик келтириб чиқаради. Ислом душманлари бўлмиш бизнинг муштарак душманимиз: Сионистлар, шарқ ва ғарб мустамлакачиларидан иборат. Улар эндиликда бизга ҳар тарафлама таҳдид қилаётганда имомат масаласини чекага чиқариб, улар ҳақида сўзламаслигимиз лозим»– дейдилар. Бироқ бу тарзда фикр юритмоқ нотўғри ва хатодир. Зеро:
  Биринчидан: Ихтилоф ва тарқоқликни келтириб чиқарувчи омиллар таассубомуз ва ғайримантиқий тортишув ва низолар ҳамда душманлик-адоват юзасидан қилинадиган қўпол муомалалардир. Аммо агар мантиқий равишда фикрлаб илмий далиллар келтириб, мутаассиблик, ўжарлик ва қўполликдан йироқлашиб, холисона ва самимий ҳолда суҳбат қилинса имомат масаласи нафақат ихтилоф ва тафриқа келтирувчи эмас, балки қайтанга мусулмонларнинг ўртасидаги масофани озайтириб, уларнинг бирлашувини кучайтиришда хизмат қилади.
  Мен ҳам Ҳижозга қилган кўплаб сафарларимда аҳли суннат уламолари билан имомат ҳақида баҳслашганман. Шунда ҳам сунний олимлари ва бизлар ҳам бу масала нафақат бизнинг ўзаро алоқа сақлашимизга салбий таъсир кўрсатмайди, балки ўзаро тушунишга ва бир-биримизга яхши фикрда бўлишга олиб келиб, ўртамиздаги оралиқларни озайтириб, нотўғри тушунчадан ҳосил бўладиган гина-кудуратларга барҳам беради, деган хулосага келганмиз.
  Муҳим нарса шундан иборатки, имомат масаласини кўпроқ ёритиш билан биз ва аҳли суннатнинг ўртасида кўплаб муштарак нуқтаи назарлар борлиги ойдинлашади ва шунинг билан бирга биз Исломнинг муштарак душманлари қаршисида бирлашишимизга ёрдам беради.
  Аҳли суннатнинг ўзи ҳам тўрт мазҳабга бўлинган (ҳанафий, шофеий, ҳанбалий, моликий). Аммо бу тўрт мазҳабнинг борлиги уларнинг ўртасига ихтилоф ва тафриқа тушишига сабаб бўлмаган. Агар улар ҳеч бўлмаганда шиаларни ҳам фиқҳий жиҳатдан бешинчиси мазҳаб ўрнида кўриб уни қабул қилишса эди, кўпгина тафриқа, ихтилоф ва ажратишларнинг олди олинган бўлар эди. Шунингдек бу охирги йилларда аҳли суннатнинг буюк муфтиси ва Мисрнинг «Ал-азҳар» номли олий ўқув юрти раиси «Шайх Шалтут» ҳазратлари улкан бир ишга асос солиб, шиа мазҳабининг фиқҳини исломий бир мазҳаб деб расмий равишда тан олди ва шу орқали исломий гуруҳларнинг ўзаро тушунишларига ижобий таъсир кўрсатди. Бу ўринда марҳум оятулоҳ «Буружердий» (шиаларнинг йирик уламолари ва мужтаҳидларидан бири)нинг ҳиссаси ҳам жуда каттадир. Бу икки буюк шиа ва сунний олимлари орасида эса дўстона алоқа тузилди.
  Иккинчидан: Бизнинг эътиқодимизча, шиа мазҳаби Исломнинг асл тўғри йўлида бўлиб, бошқа мазҳабларга қараганда Исломни яхшироқ намоён эта олади. Айни пайтда биз барча Ислом мазҳабларига эҳтиром кўзи билан қараймиз, бироқ шиа мазҳаби ҳақиқий Исломнинг бутун қирраларини тўлақонли ва баркамол шаклда таниттира олади ва исломий ҳукумат қуришга оид масалаларни яхши еча олади, деб эътиқод қиламиз.
  Нега биз ўз фарзандлари-мизга шиа мазҳаби моҳиятини мантиқ ва далилга асосланиб, таълим бермас эканмиз?! Агар бу ишни қилмасак шак-шубҳасиз уларга хиёнат қилган бўламиз.
  Биз қатъият билан айтамизки, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўзларидан сўнг ўринбосар, халифа ва ворис тайинлаб кетганлар ва шунинг учун бу ҳақда мантиқий равишда далиллар келтириш билан баҳс юритадиган бўлсак нима ёмонлик жойи бор?
  Лекин бу суҳбатларда эҳтиёт билан иш кўришимиз керак бўлади, то бошқа мазҳабдагиларнинг ҳиссиётига тўқиниб, уларнинг қалбини жароҳатлантириб қўймайлик.
  Учинчидан: Ислом душманлари мусулмонлар бирлиги-нинг асосига барҳам бериш учун шиалар ҳақида суннийларга ва шунингдек суннийлар ҳақида шиаларга шунчалик ёлғон-яшиқ сўзлар, туҳматлар ва уйдирма гаплар тўқиганларки, айрим Ислом ўлкаларида уларни буткул бир-биридан узоқлаштириб қўйганлар.
  Агар бу икки гуруҳ ўтириб имомат каби масалалар устида биргаликда очиқ-ойдин сўз юритсалар ва шиа эътиқод қиладиган масалаларни Қуръон ва суннатдан далиллар келтириб, ёритиб берсак, шунда душманнинг тарғиботи ёлғон экани ва муштарак душманимиз заҳар сочаётгани маълум бўлади.
  Мисол тариқасида Арабистонга қилган сафарларимдан бирида Саудия мамлакатининг биринчи даражали диний олими билан мулоқотда бўлиб, унинг билан илмий баҳс юритганимда менга қараб: «Эшитишимча, сиз шиаларнинг Қуръонингиз бизникидан фарқ қилиб, бошқача Қуръонингиз бор экан» – деб айтди.
  Мен унинг бу сўзидан жуда ажабланиб унга шундай дедим: Биродар, бу масалани аниқлаб олиб унинг тагига етиш жуда осон!
  Мен сизни ўз юртимга таклиф этаман, шахсан ўзингиз ёки вакилингиз умра амалларини бажаргандан сўнг олдиндан маълумот бермай туриб, биргаликда Эронга борамиз. У ерда бутун хиёбон ва кучаларда масжид бор ва ҳар бир масжидда кўп миқдорда Қуръон мавжуддир, ундан ташқари, ҳамма мусулмонларнинг уйида Қуръон бор. Сиз истаган масжидингиз, хоҳлаган хонадонингиз эшигини қоқиб, улардан Қуръон беришларини сўраймиз. Сиз ўз кўзингиз билан кўриб шоҳид бўласизки, сизларнинг қўлингиздаги Қуръон билан бизнинг қўлимиздаги Қуръон орасида бир калимада ҳаттоки, бир нуқтада ҳеч қандай фарқ ва ихтилоф йўқдир! Биз фойдаланадиган Қуръонлар-нинг кўпи Ҳижозда, Мисрда ва бошқа Ислом ўлкаларида чоп этилган.
Шубҳасиз, бу дўстона суҳбатимиз таниқли буюк олимнинг онгида бўлган ана шундай катта туҳмат ва шубҳанинг олдини олиб ҳақиқатни ойдинлаштирди. Шунинг учун бизнинг фикримизча, юқорида айтиб ўтганимиздек, имоматга оид холис илмий баҳслар юритмоқлик мусулмонлар ўртасидаги бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди ҳамда ҳақиқат маълум бўлишига ва ўртадаги масофалар озайишига кўмаклашади.

2. Имомат нима?

  «Имом» сўзи мусулмонлар пешвоси ва раҳбари маъносини англатади. Шиалар ақоидининг асосида эса «маъсум имом» деб ҳар жиҳатдан ва ҳамма нарсада Пайғамбаримизнинг ўринбосари ва ворисига айтилади. Фақат фарқи шундаки, Пайғамбар янги таълимотнинг асосчиси бўлса, имом ушбу таълимотни асровчи ва давом эттирувчидир. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) га ваҳий нозил бўлади, аммо имомга эса ваҳий нозил бўлмайди ҳамда имом илмини Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дан ўрганиб олади ва шунинг учун имом фавқулодда теран илм соҳибидир.
  Шиаларнинг эътиқодича, маъсум имом фақат Ислом ҳукуматининг раҳбари бўлмай, балки Ислом жамиятининг маънавий ва моддий, зоҳирий ва ботиний ҳамда сиёсий ва иқтисодий, хуллас ҳар тарафлама етакчиси ва йўлбошчисидир ва Ислом умматини ҳар томонлама бошқариш ва уларга раҳнамолик қилиш имомнинг зиммасига юкланган. Ақоид таълимотларини ва шариати исломия ҳукмларини – ҳеч бир саҳв-хато ва оғишларга йўл қўймай – муҳофазат этиш вазифаси имомнинг зиммасига юкланган бўлиб, у Аллоҳ тарафидан танланган Унинг холис ва пок бандасидир.
  Бироқ аҳли суннат имоматни бундай таъриф ва тафсир қилмайдилар. Улар имомни фақат Ислом умматига ҳукмронлик қилувчи ҳукуматнинг раиси деб биладилар, холос. Бошқача таъбир билан айтганда; суннийлар ҳар бир аср ва замондаги ҳукмдорларни Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг халифа ва ўринбосарлари ҳамда мусулмонларнинг имоми ва раҳбари деб ҳисоблайдилар!
  Биз келгуси баҳсларимизда ҳар бир аср ва замонда ҳақ динни сақлаб қолувчи ва ҳақиқатни изловчиларга раҳнамолик қилувчи Аллоҳнинг намояндаси бўлмиш пайғамбар ёки маъсум имом ер юзида мавжуд бўлиши зарур эканини исботлагаймиз, иншо Аллоҳ. Агар бир куни ҳар қандай сабабларга кўра, бундай илоҳий инсон халойиқ кўзидан ғойиб бўлса, унинг томонидан тайин этилган вакиллар (фақий ва мужтаҳид олимлар) Ислом аҳкомини тарғиб этиш ва Ислом ҳукуматини қуриш ишларини кўрадилар.

Муаллиф: Оятуллоҳ Макорим Шерозий ҳазратлари

Share

Check Also

Qayta tirilishning fitratdagi o`rni

 O`tgan darslarda aytib o`tganimizdek, хudоshunоslik insоnning fitrati va tabiatida jоy оlgan. Agar insоnning ichki dunyosidagi …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.