Home / Аҳли-Байт / Имом Али (а.с) / ҒАДИЙР ҲАДИСИДАН ОЛИНАДИГАН ХУЛОСАЛАР

ҒАДИЙР ҲАДИСИДАН ОЛИНАДИГАН ХУЛОСАЛАР

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ғадийр ҳадисини турли иборалар билан баъзан муфассал ва баъзан эса қисқартириб мухтасар шаклда буюк ислом уламоларининг кўпчилиги ўз китобларида келтириб, ривоят қилишган. Ушбу ҳадис мутавотир[1] ҳадислар қаторидан жой олган бўлиб, ҳеч ким бу ҳадиснинг Пайғамбаримиздан содир этилгани ҳақида шак-шубҳага бора олмаган. Аллома Аминий ўзининг «Ал-Ғадийр» номли китобида бу ҳадисни бир юз ўн саҳоба ривоят қилганлигини ва шунингдек, ушбу ҳадис уч юз олтмиш нафар ислом уламолари, уларнинг аксарияти Аҳли суннатга мансуб бўлган уламолар тарафидан турли китобларда келтирилганлигини баён қилганлар. Ушбу ҳадис Аҳли суннат олимларининг тафсир, тарих ва ҳадис китобларининг кўпларида келтирилган. Ҳатто ислом уламоларининг буюк бир тоифаси мазкур «Ғадийр ҳадиси» ҳақида мустақил китоб битганлар. Жумладан қимматли, арзирли ва нодир китобнинг муаллифи бўлган аллома Аминий ўзининг «Ал-Ғадийр» номли ушбу китобида «Ғадийр ҳадиси» ҳақида алоҳида китоб ёзган ислом уламоларидан йигирма олти нафарнинг номини келтирган.

Ҳадиснинг санадини инкор қилиб бўлмаслигини кўрган баъзилар мазкур «Ғадийр ҳадиси» ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг халифа, пешво ва раҳбар эканликларини англатишида шак-шубҳа туғдириб, ҳадисдаги «мавло» сўзининг маъносини ўзгартириб, «раҳбар» ва «йўлбошчи» эмас, балки «дўст» деган маънони англатишини айтиб, ўзларича саъй-ҳаракат қилганлар. Ҳолбуки, ҳадиснинг маъно-мазмунига, айтилган вақти ва маконига, содир этилган ҳолат ва шароитига ҳамда қолган белги ва нишоналарга диққат билан назар ташласак, ушбу хутба ва ҳадисдан кўзланган мақсад; имомат ва вилоят [раҳбарлик] масаласи экани ва бутун мусулмонларга Сарвари оламдан сўнг ҳар томонлама раҳнамолик қилиш тўғрисида экани яққол ошкор ва намоён бўлади:

  1. Таблиғ оятининг Ғадийр воқеасидан олдин нозил бўлиши; Ушбу оятдаги таҳдид оҳанги ва бошқа белги-нишоналар оддий бир дўстлик масаласи эмас, балки муҳимроқ масала ҳақида суҳбат кетаётганлигини билдиради. Негаки, дўстлик масаласида Пайғамбаримизнинг хавотирланишларига ўрин бўлмай, бу даражада аҳамият бериб, таъкидлашларига ҳожат йўқ эди. Шунингдек, бунинг устига диннинг комил бўлиши ҳақидаги ояти кариманинг Ғадийр воқеасидан сўнг нозил бўлиши пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг халифа ва раҳбарлик масаласи ўта муҳим хабар бўлганидан дарак беради.
  2. Ҳадиснинг одамларга етказилиш услуби; Сарвари коинот томонларидан чўл ва биёбоннинг жазирама иссиқ ҳавосида турли чора-тадбирлар билан узун ва муфассал хутба ўқилиши ҳамда халифалик ва раҳнамолик хабари юқори даражали аҳамият билан айтилгани ҳамда замон ва макон жиҳатидан ўта қалтис шароитда халойиқдан иқрор ва эътироф олинишининг ҳаммаси, Ғадийр ҳадисининг имомат ва вилоят масаласи бўйича содир этилганига очиқ-ойдин ва қатъий далилдир.
  3. Турли шахслар ва гуруҳларнинг ҳазрати Али (алайҳис салом)га «мўмин ва мусулмонларнинг мавлоси ва раҳнамоси» сифатида билдирган табриклари ва шунингдек, ўша куни Ғадийр воқеасидан сўнг ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг халифа ва пешво бўлишлари муносабати билан саҳобаларнинг мўъминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)га қилган байъат-қасамёдлари ҳамда шоирларнинг ушбу мавзуга атаб айтган шеърлари ва шунга ўхшаш ҳодисаларнинг барчаси ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг имомлик ва раҳбарлик мақомига тайин этилганлигидан ошкора далолат беради.
  4. Баъзи Аҳли суннат уламоларининг айтишича, Ғадийр ҳадисидаги مَفْعَل вазнида келган مَوْلا мавло сўзи, أَوْلَىٰ яъни «ҳақлироқ» ва «устунроқ» деган маъноларни англатмай, балки «дўст» ва «мададкор» деган маъноларни англатади. Шу боис, مَوْلا мавло сўзи раҳнамо ва йўлбошчи маъносини билдирмайди. Ҳатто улардан бири бу борада шундай деган: «Ҳеч бир луғат китобида бирор шахс مَوْلَا сўзи أَوْلَىٰ ҳақлироқ ва устунроқ маъносида келган, деб ҳам даъво қилмаган.» Ҳолбуки, Каъбий, Зужжож, Абу Убайда, Ахфаш ва Мубарқаъ каби Араб тили ва адабиёти асосчиларининг айтишларича, مَوْلَا мавло сўзининг маъноларидан бири أَوْلَىٰ ҳақлироқ ва устунроқ деганидир.[2]

Бундан ташқари, مَوْلَا мавло сўзи أَوْلَىٰ ҳақлироқ ва устунроқ маъносида келганлигига далолат қилувчи аломат ва белгилардан бири Сарвари оламнинг халойиқдан иқрор ва эътироф олиш учун марҳамат қилган ушбу жумлаларидир:

أَلَسْتُ أَوْلَىٰ بِکُمْ مِنْ أَنْفُسِکُمْ «Мен сизларга нисбатан ўзларингиздан ҳам ҳақлироқ ва устунроқ эмасманми?» Ушбу жумладан маълум бўладики, مَوْلا сўзидан кўзланган маъно айнан أَوْلَىٰ ҳақлироқ ва устунроқ маъноси бўлган.

  1. مَوْلَا мавло сўзи раҳбар ва йўлбошчи маъносида келганига яна бир далил, Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Ғадийр хутбасини ўқиётганларида халойиқдан Аллоҳнинг ягоналиги, ўзларининг пайғамбар эканликлари ва маод – қайта тирилиш ҳақ эканлиги борасида гувоҳлик олгач, бу гувоҳликнинг кетидан дарҳол мўъминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг барча мусулмонларга раҳнамо ва йўлбошчи эканлигини ошкора эълон қилганликларидир. Агар مَوْلَا мавло сўзи Ислом динининг устунларидан бўлган имом ва раҳбар маъносида бўлмаганида эди, Сарвари оламнинг имомат ва раҳбарлик масаласини тавҳид – Аллоҳнинг ягоналиги, нубувват – пайғамбарларга иймон ва маод – қайта тирилиш билан бирга баён қилишлари маъносиз ва номутаносиб бўларди.

Чуқурроқ қилиб айтганда, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) хутбаларининг аввалида «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У Ягона ва Ёлғиз Зот. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Унинг бандаси ва элчисидир, жаннат ва жаҳаннам ҳақ, ўлим ҳақ ва шак-шубҳасиз, Қиёмат куни келгайдир деб, гувоҳлик бермайсизми?», деб халойиқдан иқрор ва гувоҳлик олишдан кўзлаган мақсадлари мусулмонларнинг онгини ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг раҳнамолик ва йўлбошчилик мақомларини қабул қилишга тайёрлаш эди. Токи, мусулмонлар ислом динининг асоси бўлган тавҳид, нубувват ва маодни қабул қилганларидек, ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг раҳбарлик ва йўлбошчилик мақомларини ҳам қабул қилсинлар.

Ушбу баёнимиздан яққол маълум бўлдики, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Ғадийр хутбасида марҳамат қилган сўзлари ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг «дўст» ва «мададкор» эканлигини баён қилишга мутлақо алоқадор бўлмаган. Зероки, бу масала Ислом динининг асосларига умуман алоқаси йўқдир.

Юқорида келтирилганлардан ташқари, Аҳли суннат наздида ақоид ва калом илмининг буюк алломаси Саъдиддин Тафтозоний ўзининг «Шарҳул Мақосид» номли китобида مَوْلَا мавло сўзининг асл маъноси ҳақида айтади:

قال الله تعالى: ﴿مَأْوَاكُمُ النَّارُۖ هِيَ مَوْلَاكُمْ﴾ أيْ أَوْلَىٰ بكم. ذكره أبو عبيدة وقال النَّبيُّ صلَّى الله عليه آله وسلَّم: «أيُّما امرأة نكحت نفسها بغير إذن مولاها»، أي الأولىٰ بها والمالك لتدبير أمرها، ومثله في الشِّعر كثيرٌ. وبالجملة استعمال المولَىٰ بمعنى المُتَولِّي والمالك للأمر، والأَوْلَىٰ بالتَّصَرُّفِ شائعٌ في كلام العرب منقول عن كثير من أئمَّة اللُّغة.

«Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади: «Жойларингиз дўзахдир! У сизларнинг мавлоингиздир» (Ҳадид сураси, 15-оят). Яъни сизларга ҳақлироқ ва муносиброқдир. Абу Убайда уни зикр қилган ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дедилар: «Ҳар бир аёл мавлосининг изнисиз ўзини никоҳласа – турмушга чиқса», ушбу ҳадисда мавлоси деганда, «унга ҳақлироқ» ва «унинг ишларини бошқарадиган эгаси» тушинилади. Араб тили шеъриятида шунга ўхшаш сўзлар кўпдир. Умуман, мавло сўзининг «бошқарувчи», «иш эгаси-хўжайин» ва «тасарруф қилишда-амалга оширишда ҳақлироқ ва устунроқ» деган маънода қўлланиши араб тилида кенг тарқалган ва ушбу маъно кўплаб тилшунос пешволардан нақл қилинган».[3]

Шунингдек, тафсир илмининг йирик алломаси Имом Шавконий ҳам ўзининг «Фатҳул қодийр» номли китобида مَوْلَا мавло сўзининг асл маъноси ҳақида шундай ёзади:

﴿هِيَ مَوْلَاكُمْ﴾ أيْ: هي أَوْلَىٰ بكم، والمولى في الأصل من يَتَوَلَّىٰ مصالحَ الإنسان، ثم استعمل فيمن يلازمه.

«Аллоҳнинг каломидаги «Дўзах сизларнинг мавлоингиздир» сўзининг маъноси, у сизларга ҳақлироқ ва муносиброқдир, дегани ва аслида مَوْلَا мавло сўзи инсон манфаатларини бошқарадиган, яъни раҳнамолик қиладиган киши маъносини англатади. Кейин эса шунга ҳамроҳ бўлган киши ҳақида ҳам қўлланган».[4]

  1. Шиа ва суннийларнинг барча тафсирчи олимлари эътироф этишича, Аллоҳ таоло «Мубоҳала» оятида ҳазрати Али (алайҳис салом)ни Сарвари оламнинг жонлари деб атаган ва ҳеч ким бу масалага норозилик ва эътироз билдирмаган. Шак-шубҳасиз, Сарвари оламнинг жонлари бўлиш дўст ва мададкор бўлишдан анча юқори даражада туради. Агар ушбу ҳадиси шарифдаги«مَن کُنتُ مَوْلَاهُ فَهٰذَا عَلِيٌّ مَوْلَاهُ» мавло сўзининг маъноси дўст ва мададкор бўлганида эди, у даражада аҳамият ва эътибор касб этмаган бўларди ва натижада, Ҳорис бин Нуъмон каби бир шахс бу мавзуга норозилик ва эътироз билдирмаган бўларди. Чунончи «Мубоҳала» воқеасида ҳатто бир нафар ҳам эътироз билдирмагани каби. Демак, Ҳорис бин Нуъмоннинг Ғадийр ҳадисига нисбатан норозилик ва эътироз билдиришидан ошкора аён бўладики, Ғадийр ҳадисида баён этилган мавзудан кўзда тутилган мақсад, ҳазрати Али (алайҳис салом)ни раҳнамо ва йўлбошчи этиб тайинлаш масаласи бўлган, холос.
  2. Ислом тарихида ёзиб қолдирилган маълумотларга кўра, ҳижратнинг биринчи йили Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) саҳобалар ўртасида биродарлик аҳд-паймонини тузиб, уларни бир-бирларига биродар қилгач, ўзлари билан ҳазрати Али (алайҳис салом) ўрталарида биродарлик аҳд-паймонини туздилар. Сарвари оламнинг бу ишлари етарли даражада ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг дўст ва биродарликдаги ўрин ва мартабаларини ҳаммага ошкор ва намоён этган эди. Шунинг учун, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Арабистон чўлининг жазирама иссиқ ҳавосидаги ўта оғир ва машаққатли бир шароитда юз мингдан ортиқ саҳобаларни бир ерга тўплаб ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг дўст ва биродар эканлигини уларга етказишга асло ҳожат йўқ эди. Бундан маълум бўладики, Сарвари олам анча юқори аҳамиятга эга бўлган бошқа бир мавзуни баён этмоқчи бўлганлар.
  3. Қуръони Каримнинг баъзи оятларида мусулмонлар ўзаро дўст ва биродар эканликлари ошкора баён қилинган. Улардан айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз:

﴿إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ﴾

«Шак-шубҳасиз, мўминлар ўзаро биродардирлар» (Ҳужурот сураси, 10-оят)

﴿وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاءُ بَعْضٍ

«Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар». (Тавба сураси, 71-оят)

Мазкур оятлар Сарвари оламнинг саҳобаларига маълум ва ошкор эди. Улар ушбу оятларни ўқиганликларида шак-шубҳа йўқдир. Демак, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Ғадийр хутбасини баён қилишдан кўзлаган мақсадлари ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг дўстлигини етказиш бўлмаган. Балки ул ҳазратнинг кўзлаган мақсадлари улкан аҳамиятга эга масала бўлиб, Сарвари коинот ўзларидан сўнг мусулмонларга раҳбар ва йўлбошчи тайинлаш бўлган.

  1. Ғадийри Хум минтақаси мусулмонлар бир-бирларидан ажраладиган макон бўлгани учун ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг раҳнамо ва йўлбошчи эканликларини етказиш учун энг яхши макон эди. Зеро, ушбу ҳассос маконда имомат ва вилоят мавзусининг баён қилиниши саҳобаларнинг онгига сингиб, уларнинг ёдидан чиқмаслигига сабаб бўларди. Махсусан, ушбу тадбирнинг ўзказилиши уч кун давом этгани сабаб ҳожилар ўз шаҳар ва диёрларига кечроқ етиб борардилар ва бу эса халойиқнинг нима сабабдан кечикиб келганликлари борасида сўрашларига сабаб бўларди ва бунинг натижасида, Ғадийри Хумда етказилган хабар мусулмонлар орасида кенг тарқалиб, уларнинг онгига сингиб қолишига олиб келарди. Мана шу томонларини ўйлаган ҳолда Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Ғадийри Хум маконини ушбу оғир масъулиятни адо этиш учун муносиб кўрган эдилар. Ва албатта, ҳазрат Жаброил ҳам ўша ерда нозил бўлиб, мазкур оятни Сарвари оламга туширдилар.
  2. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Ғадийр воқеасида ҳозир бўлиб яқиндан ҳодисанинг шоҳиди бўлганларга ушбу муҳим ҳодисани ғойиб бўлганларга етказишни буюрдилар. Ул зотнинг бу сўзларидан Ғадийр воқеаси нақадар улкан аҳамиятга эга эканлиги ва ушбу ҳодиса мусулмонларнинг келажагига чуқур таъсир кўрсатиши маълум бўлади.
  3. Ғадийр ҳодисасидан сўнг қуйидаги ояти карима ҳам нозил бўлди:

﴿الْيَوْمَ يَئِسَ الَّذِينَ كَفَرُ‌وا مِن دِينِكُمْ﴾

«Бугун кофир бўлган кимсалар динингизга зарар етказишдан ноумид бўлдилар». (Моида сураси, 3-оят) Ушбу ояти каримадан ошкора тушуниладики, ҳазрати Али (алайҳис салом)ни Сарвари оламдан кейин ворис ва ўринбосар этиб тайинлаш билан ислом душманлари Исломга зарба бериш ва зарар етказишдан маъюс бўлган эдилар. Зеро, Ислом динини тўғри йўналишда давом эттирадиган ва инсонларни доим ҳидоят йўлига чорлайдиган илоҳий раҳнамо ва йўлбошчи тайин этилганди.

  1. Сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ олаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Ғадийр хутбасида ўз «Аҳли-Байт»ларини Қуръони Карим билан бирга бўлиб ундан ажралмас эканлигини уқтириб, бу иккаласини биргаликда маҳкам тутиш ҳидоят йўли экани ва бу иккисидан узоқлашиш эса залолат ва гумроҳлик эканини таъкидлаб баён қилганларидан ошкора маълум бўладики:

1. Аҳли-Байтнинг сўзи xудди Қуръоннинг ўзи каби ҳаммага ҳужжатдир ва диний масалаларда, хоҳ ақидавий бўлсин ёки фиқҳий, Расулуллоҳ олаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларга итоат этиш лозим бўлади. Демак, Сарвари олам «Аҳли-Байт»ларининг сўзлари ва тутган йўллари барча мусулмонларга далил ва ҳужжат эканини назарга олган ҳолда бошқаларга юзланиб бўлмаслик аён бўлади. Агарчи мусулмонлар ҳар қандай масалада ихтилоф қилсалар-да, бироқ Аҳли-Байтнинг илм-маърифат нуқтаи назаридан пешво ва раҳнамо эканлиги ҳақида ихтилоф қилмасликлари керак. Зеро, ҳар иккала гуруҳ «Ғадийр» ва «Сақалайн» ҳадислари саҳиҳ ва тўғри эканини бирдамлик билан қабул қилишади ва ушбу ҳадислар бизга Қуръон ва Аҳли-Байтни ақидавий ва фиқҳий масалаларда илм-маърифат пешвоси ва йўлбошчиси деб таништиради. Шу боис, агар Ислом уммати ушбу ҳадисларга амал қилишганида эди ва ҳар қандай тушунмовчилик юзага келганда, «Аҳли-Байт»га мурожаат қилганларида эди, келишмовчиликларнинг доираси торайиб, умматнинг ўртасида якдиллик, бирдамлик ва иноқлиқ кенг тарқалган бўлар эди.

2. Қуръони Карим Аллоҳнинг каломи бўлиб, ҳар қандай саҳв-хатодан йироқдир. Ҳеч бир саҳв-хато ва нуқсонлик Қуръони Каримга йўл топа олмаслиги шак-шубҳасиздир. Негаки, Фуссилат сурасининг 42-оятида бу борада шундай айтилган:

﴿لَا يَأْتِيهِ الْبَاطِلُ مِنْ بَيْنِ يَدَيْهِ وَلَا مِنْ خَلْفِهِ تَنْزِيلٌ مِّنْ حَكِيمٍ حَمِيدٍ

«Ботил ва ноҳақлик бу китобнинг на олд тарафидан ва на орқасидан кира олади. Чунки, уни ҳикматли ва мақтовга сазовор бўлмиш Аллоҳ нозил қилгандир.»

Шундай экан, саҳв-хатодан йироқ бўлмиш Қуръоннинг маъносини очиб берувчи ва ундан ажралмас бўлган «Аҳли-Байт» қандайига xатокор ва гуноҳкор бўла олади?!

Манбалар ва Кўрсатгичлар:

[1]. Агар бирор ҳадис бутун асрлар давомида ишончли ровийлар тарафидан шу даражада кўп ривоят қилинган бўлсаки, ўша ҳадис Пайғамбаримиз (с.а.о) томонларидан айтилганига ҳеч қандай шак-шубҳа қолмаса, ҳадисчи олимлар бундай ҳадисни «мутавотир» деб аташади.

[2]. Имом Фахри Розий, «Ат-Тафсирул Кабийр ав Мафаатийҳул ғайб», 29-жилд, 227-бет.

[3]. Масуд бин Умар бин Абдуллоҳ, Саъдиддин Тафтазоний номи билан танилган (вафот этган сана: 793-ҳижрий йил), «Шарҳул Мақосид», 4-жилд, 273-бет, тадқиқот: Доктор Абдураҳмон Умайра.

[4]. Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад, Аллома Қозий Шавконий номи билан танилган, «Фатҳул қодийр», 27-жилд, 1458-бет, Ҳадид сурасининг 15 ояти тафсирида.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди. 

Share

Check Also

Фаззол ибн Ҳасан билан Абу Ҳанифа ўртасида бўлиб ўтган қизиқарли баҳс

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Фаззол ибн Ҳасаннинг ҳанафий мазҳаби имоми Абу Ҳанифа билан қилган баҳси пайғамбаримиз …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.