Home / Ақоид ва Калом / Имомат / Фаззол ибн Ҳасан билан Абу Ҳанифа ўртасида бўлиб ўтган қизиқарли баҳс

Фаззол ибн Ҳасан билан Абу Ҳанифа ўртасида бўлиб ўтган қизиқарли баҳс

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Фаззол ибн Ҳасаннинг ҳанафий мазҳаби имоми Абу Ҳанифа билан қилган баҳси пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг у зотнинг ҳақиқий ворис ва давомчилари мўминлар амири ва тақводорлар сардори ҳазрати Али (алайҳис салом) эканлигини ҳамда ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг биринчи халифа Абу Бакрдан ва иккинчи халифа Умардан устун ва афзал эканлигини ошкора исботлаб берган.

Бошқа таъбир билан айтганда, ушбу баҳслашув олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)нинг шогирдларидан бири Фаззол ибн Ҳасан билан Абу Ҳанифа ўртасида юз берган бўлиб, бу баҳс энг нозик ва айни пайтда кенг қамровли ва қалтис масалаларни ўз ичига олган. Ушбу баҳсда биринчи халифа Абу Бакр ва иккинчи халифа Умарнинг мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)дан устун ва афзал эмаслиги ҳамда унда энг чиройли услубда Абу Бакр ва Умарнинг дафн этилган жойлари ғасбий, яъни эгасининг розилигисиз эгаллаб олинган эканлиги яққол кўрсатиб берилган.

Фаззол билан Абу Ҳанифа ўртасидаги баҳснинг бошланиши

Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) билан ҳанафий мазҳабининг пешвоси ва имоми бўлмиш Абу Ҳанифа даврлари эди. Бир куни Имом Содиқ (алайҳис салом)нинг «Фаззол ибн Ҳасан ал-Куфий» исмли зукко шогирдларидан бири ўзининг бир дўсти билан йўлда кетаётиб, Абу Ҳанифа дарс бераётган бир масжидга дуч келишди. Абу Ҳанифанинг кўп шогирдлари фиқҳ ва ҳадис илмларини ўрганиш учун унинг атрофида тўпланиб уни ўраб олишганди ва Абу Ҳанифа ҳам уларга дарс бераётганди. Бу жамоани кўрган Фаззол дўстига: «Аллоҳга қасамки, Абу Ҳанифага шиа мазҳаби тўғри ва ҳидоят йўлида эканлигини исботлаб бермагунимча, уни тинч қўймай, бу ердан кетмайман», деди. Дўсти унга: «Сен Абу Ҳанифани танийсан, унинг илмий мақоми ва баҳслашиш қобилиятидан хабардорсан. Нега у билан баҳслашмоқчисан?», деди. Фаззол унга жавобан: «Сен жим тургин! Бирор марта йўлдан адашганнинг далили мўмин кишининг далил-исботидан устун келганини кўрганмисан?», деди.

Кейин Фаззол Абу Ҳанифанинг дарс мажлисига кириб бориб, Абу Ҳанифа шогирдлари ёнида ўтирди ва уларга салом берди. У ерда ҳозир бўлган одамлар ҳам унинг саломига жавоб қайтаришди. Шунда Фаззол Абу Ҳанифага юзланиб деди:

Эй Пешво, Аллоҳ таоло сизни ўз раҳматига олсин! Мендан катта бир акам бор, лекин у шиа мазҳабида. Мен уни ўз мазҳабимга [Аҳли суннат мазҳабига] чақириш учун Абу Бакрнинг афзаллигига қанча далил-исботлар келтирсам-да, бироқ у менинг далилларимни рад этиб айтади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан кейинги энг афзал ва устун киши Али ибн Абу Толибдир. Лекин мен унга айтаман: Ундай эмас, балки одамларнинг энг афзали ва энг яхшиси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан кейин Абу Бакр бўлиб, ундан кейин эса Умардир. Энди мен сиздан Абу Бакр ва Умар Али ибн Абу Толибдан устун ва афзал эканлигининг далилини айтиб беришингизни сўрайман. Токи буни акамга айтиб уни қониқтира олсам, дейман.

Абу Ҳанифа деди: Акангга бориб айтгин, қандай қилиб Алини Абу Бакр ва Умардан устун қўясиз? Ҳолбуки, Пайғамбаримиз урушларда Абу Бакр ва Умарни ўз ёнларига ўтқизиб, Алини жанг майдонига юборардилар. Бунинг ўзи Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) у иккаласини Алидан кўра кўпроқ яхши кўрганликларига ва уларнинг жонини асрашга эътибор қаратганликларига ойдин далилдир.

Фаззол деди: Албатта, мен худди шу гапни акамга айтдим, лекин у бу сўзимга жавобан деди: Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Нисо” сурасида шундай марҳамат қилган:

﴿وَفَضَّلَ اللَّهُ الْمُجَاهِدِينَ عَلَى الْقَاعِدِينَ أَجْرًا عَظِيمًا﴾

«Аллоҳ молу жонлари билан жиҳод қилувчиларни ўтириб олувчилардан [жиҳодда иштирок этмаганлардан] буюк ажр-мукофот ила устун қўйди». (Нисо сураси, 95-оят)

Демак, ушбу оятга кўра, ҳазрати Али ибн Абу Толиб афзал ва устундир, қўрқанидан бир бурчакка яшириниб юрган ўша иккиси эмас.

Абу Ҳанифа бир оз ўйланиб, сўнг бошини кўтариб деди: Акангга айтгин, қандай қилиб Алини Абу Бакр ва Умардан устун деб биласиз? Ҳолбуки, Абу Бакр ва Умар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қабрлари ёнига дафн этилганлар, лекин Алининг қабри эса Пайғамбаримиз (с.а.в) қабрларидан анча масофа узоқда! Ва ушбу мавқе ва шараф у иккаласининг устунлиги учун етарлидир. У иккаласининг афзаллигига бундан ҳам яхшироқ далил борми?

Фаззол деди: Дарвоқе, мен акамга худди шу далилни айтдим, лекин акам менга: «Қуръон ўқимаганмисан?» Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу борада шундай буюрган:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَدْخُلُوا بُيُوتَ النَّبِيِّ إِلَّا أَن يُؤْذَنَ لَكُمْ﴾

«Эй мўминлар, Пайғамбарнинг уйларига сизларга рухсат берилмагунча кирманглар.» (Аҳзоб сураси, 53-оят)

Маълумки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг муборак жасадлари ўзларининг шахсий уйларида дафн этилган бўлиб, Пайғамбар ҳаётлик чоғларида Абу Бакр ва Умар у зотнинг шахсий уйларида дафн этилишига рухсат бермаганлар ва у зотнинг меросхўрлари ҳам у иккаласи Пайғамбар ёнларида дафн этилишига рози бўлмаганлар. Демак, улар ғасбий, яъни эгаси рози бўлмаган жойга дафн қилинганлар ва бу эса сира фазилат бўла олмас. Ва агар у жой Абу Бакр ва Умарники бўлиб, кейин улар ушбу жойни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ҳадя берган бўлишса, унда улар ўша жойга дафн этилиши билан жуда хунук иш қилганлар. Чунки, улар бу иши билан Пайғамбарга бахшида этган ҳадясини қайтариб олиб, уни яна эгаллаб олишган ва бу эса аслида ваъдани бузиш ва аҳд-паймонни оёқ-ости қилишнинг бир тури ҳисобланади, деди.

Абу Ҳанифа деди: Акангга айтгин, Абу Бакрнинг қизи Оиша ва Умарнинг қизи Ҳафса ўз умр йўлдошлари бўлмиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан талаб қилган ҳаққи-маҳрлари эвазига Пайғамбар (с.а.в) уйларидан жой олиб, ҳар бири ўша жойни оталарига беришган ва натижада Абу Бакр ва Умар Пайғамбар (с.а.в)нинг уйларида ва у зотнинг ёнларига дафн этилганлар.

Фаззол деди: Албатта, мен укамга худди шундай жавоб бердим, лекин акам менга деди: «Қуръон ўқимаганмисан?» Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ўз Пайғамбарига шундай марҳамат қилган:

﴿يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ إِنَّا أَحْلَلْنَا لَكَ أَزْوَاجَكَ اللَّاتِي آتَيْتَ أُجُورَهُنَّ﴾

«Эй Пайғамбар, албатта Биз сенга маҳрларини берган жуфтларингни ҳалол қилдик.» (Аҳзоб сураси, 50-оят)

Демак, ушбу ояти каримага кўра, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳаётлик чоғларида ўз завжаларига ҳаққи-маҳрларини берганлар ва ҳеч бир аёлнинг маҳри у зотнинг зиммаларида бўлмаган.

Абу Ҳанифа яна узоқ сукутга чўмиб бошини эгган ҳолда деди: Акангга бориб айтгинки, Оиша ва Ҳафса [Абу Бакр ва Умарнинг қизлари] Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг икки умр йўлдошлари эдилар ва шунинг учун ҳам, у иккаласи Пайғамбар (с.а.в)нинг уйларидан ўз улушларини мерос сифатида олиб, оталарига беришган. Шу боис, Абу Бакр ва Умарнинг жасади у ерда дафн этилган.

Фаззол Абу Ҳанифага деди: Албатта, мен худди шу далилни акамга айтдим, лекин у менинг сўзимга жавобан шундай деди: Сиз Аҳли суннатнинг эътиқодига кўра, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўз қариндош-уруғларига ҳеч бир нарсани мерос қолдирмайдилар ва шунга асосан, Абу Бакр Пайғамбар (с.а.в)нинг қизлари ҳазрати Фотимадан Фадак боғини тортиб олди. Лекин шунга қарамай, агар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўзларидан кейин мерос қолдирадилар, деб қабул қилсак-да, унда у зотнинг мерослари ҳамма аёлларига бўлиб берилиши керак эди. Пайғамбаримиз (с.а.в) вафот этганларида тўққизта аёллари бор эди. Улар:

  1. Оиша
  2. Ҳафса
  3. Умму Салама
  4. Умму Ҳабиба
  5. Зайнаб
  6. Маймуна
  7. Сафия
  8. Жувайрия
  9. Савда эдилар.

Бу аёлларнинг ҳар бири ўша уйдан оладиган мероси саккиздан бир қисм бўлади ва агар у уйнинг саккиздан бир қисми тўққиз кишига бўлиб берилса, унда ҳар бир аёлга «бир қарич» миқдорида ер тегади, инсон қоматининг бўйи ва эни миқдорида эмас. Шундай экан, қандай қилиб бу икки нафар аёл [Оиша ва Ҳафса] бунча кенг жойни эгаллаб олиб, оталарининг дафн этилишига рухсат беришган экан?!

Бу жавобни эшитган Абу Ҳанифа ожиз бўлиб қолди ва жаҳл билан шогирдларига юзланиб деди:

أَخْرِجُوهُ فَإنَّهُ رَافِضِيٌّ وَلا أَخَ لَهُ:

«Уни масжиддан чиқариб юборинглар! Зероки, унинг ўзи рофизийдир [яъни шиадир] ва унинг ҳеч қандай акаси йўқдир!».

Ушбу воқеани келтирган манбалар қуйидагилардан иборат:

  1. Шайх Муфид, «Ал-Фусул ал-Мухтаароҳ», Байрут-Ливан: Дорул Муфид лит-табоъати ван-нашри ват-тавзийъ нашриёти, 1414-ҳижрий йил, 74-бет.
  2. Карожукий, «Канзул Фавоид», Қум: Мактабат ал-Мустафавий нашриёти, 1369-ҳижрий шамсий йил, 135-бет.
  3. Аҳмад ибн Али ат-Табарсий, «Ал-Иҳтижож», Нажафи Ашраф: Дорун-Нуъмон Муфид лит-табоъати ван-нашр нашриёт, 1386-ҳижрий йил, 2-жилд, 149-бет.
  4. Жаъфар Субҳоний, «Мавсуъату табақотил фуқаҳо», Қум: Эътимод нашриёти, 1418-ҳижрий йил, 2-жилд, 182-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Imоmat payg`ambarimiz sunnatlarida

  Hazrat Rasulullоh (sallallоhu alayhi va оlihi vasallam) ning mubоrak hadislariga оid kitоblarni хususan, «Ahli …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.