Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Бақара сураси / Бақара сурасининг 13-15 оятлари тафсири

Бақара сурасининг 13-15 оятлари тафсири

   Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

  Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, Бақара сурасининг 13 – ояти таржимаси ва тафсирини эътиборингизга тақдим этамиз:

<وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ ءَامِنُواْ كَمَآ ءَامَنَ النَّاسُ قَالُواْ أَنُؤْمِنُ كَمَآ ءَامَنَ السُّفَهَآءُ أَلآ إِنَّهُمْ هُمُ السُّفَهآءُ وَلَكِن لَّا يَعْلَمُونَ>

  «Ва уларга: «Одамлар имон келтирганидек, сизлар ҳам имон келтирингларb, дейилган вақтда, «Фаросатсизлар имон келтирганидек биз ҳам имон келтирайликми?» дейдилар. Огоҳ бўлингизким, уларнинг ўзлари фаросатсизлардир ва лекин [буни] билмайдилар.»

  Мунофиқликнинг аломатларидан яна бири кибру ҳаво, манманлик ва бошқаларни таҳқирлашдир. Улар ўзларини оқил, доно ва сергак, деб билишади ҳамда айни пайтда тез ишонувчан ва қалблари беғубор бўлган мўъминларни «фаросатсиз ва эси пастлар», деб ҳисоблашади. Шунинг учун, уларга нега иймон келтирмайсиз дейилса, мунофиқлар барча қийинчилик – машаққатларга чидаб, динларини ҳимоя этувчи мўъминларни фаросатсизлик ва эси пастликда айблашади ҳамда ўз шайтонликлари ва иккиюзламачиликларини заковат ва сергаклик белгиси деб, ҳисоблашади.

  Бу оятдан мунофиқларнинг равишларидан бири мўъминларни ҳақоратлаш ва ўзларини улардан афзал ва устун деб, билишлари эканлигини;

  Иккинчидан, мутакаббирлар билан ўзларидек муносабатда бўлиш лозимлигини;

  Учинчидан эса, Аллоҳ таоло мунофиқларни шу дунёнинг ўзидаёқ шармандаю шармсор этишини ўрганиб оламиз.

  Энди Бақара сурасининг 14 – ояти таржимаси ва тафсирини биргаликда кўриб чиқамиз:

<وَإِذَا لَقُواْ الَّذِينَ ءَامَنُواْ قَالُواْ ءَامَنَّا وَإِذَا خَلَوْاْ إِلَى‏ شَيَطِينِهِمْ قَالُواْ إِنَّا مَعَكُمْ إِنَّمَا نَحْنُ مُسْتَهْزِءُونَ>

  «Имон келтирганларга йўлиққанларида: «Имон келтирдик», дейдилар-у, ўз шайтонлари билан ёлғиз қолганларида эса: «Биз сизлар билан биргамиз, фақат биз [имонли кишиларни] масхара қилмоқдамиз холос», дейдилар.»

  Мунофиқликнинг аломатларидан яна бири шуки, мунофиқ мустақил ва қатъий ўзликка эга эмас. Шунинг учун, ҳар қандай муҳитга кириб боришига қараб, ўзини ўшанга мослаштиради. Масалан, мўъмин –мусулмонлар орасида ўзини иймонли қилиб кўрсатади. Аммо дин ва умматга ашаддий душман бўлганларнинг орасига кириб қолса, уларни қўллаб- қувватлайди ҳамда душманлар билан бирга мусулмонларга қарши сўзлайди, ҳатто уларни хурсанд қилиш учун мусулмонларни масхара ҳам қилади.

  Бу оятдан, биринчидан, шайтон фақат жин эмаслиги, балки бошқаларни гумроҳ этувчи кишилар ҳам шайтон эканликлари, шунинг учун улардан узоқлашиш зарурлигини;

  Иккинчидан, мунофиқлар жамиятда Ислом душманларининг билаги эканликлари ва уларнинг хоҳиш –иродасига қараб иш юритишларини ўрганиб оламиз.

  Мақоламиз сўнггида Бақара сурасининг 15- ояти таржимаси ва тафсири билан танишамиз:

<اللَّهُ يَسْتَهْزِى‏ءُ بِهِمْ وَيَمُدُّهُمْ فِى طُغْينِهِمْ يَعْمَهُونَ>

  «Аллоҳ уларни масхара қилади ва уларни туғёнларида сарсону саргардон бўлган ҳолларида қолдиради.»

  Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли- Байтларидан бўлган саккизинчи пешвоимиз имом Али бин Мусо ар-Ризо (алайҳис салом) шундай марҳамат қиладилар:

  «Аллоҳ таоло макру ҳийла ва истеҳзо аҳлидан эмас, лекин душманларнинг макрига ва истеҳзосига муносиб жазо беради. Аллоҳ таоло ўз хоҳиш – иродасига асосан гуноҳкорлар ва золимларга муҳлат беради, аммо бу муҳлат инсон унга диққат – эътибор қаратган пайтдагина раҳмат бўлади. Акс ҳолда банда янада кўпроқ ва чуқурроқ гуноҳ гирдобига кириб бориши ва охир –оқибат, ғарқ ҳамда ҳалок бўлишига олиб келади».

  Аллоҳ таоло мунофиқларга берган жазолардан бири эса уларни ўз ҳолларига қўйиб юборганидир. Бунинг ўзи уларни овора-ю сарсон қилиб қўяди. Чунки, уларда аниқ бир мақсад, ирода, осудалик ва ишонч бўлмайди.

  Бу оятдан биринчидан, Аллоҳ таолони жазолари банданинг гуноҳларига мувофиқ бўлиши, яъни туғён ва истеҳзонинг жазоси истеҳзо бўлишини;

  Иккинчидан, Аллоҳ таоло бериб қўйган муҳлат ва лутфу марҳамат билан мағрур бўлмаслик лозимлиги, чунки, бу нарса раҳматнинг нишонаси бўлмаслиги мумкинлигини;

  Учинчидан эса, Аллоҳ таоло мўъминларнинг ҳимоячиси эканлиги, агар мунофиқлар уларни масхара қилишса, Аллоҳ таоло ҳам мунофиқларни масхара қилиши ва қаттиқ азоб-уқубатни туширишини ўрганиб оламиз.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Муборак Бақара сурасининг 79 ва 84 – оятлари тафсири

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.