Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Абу Толиб дунёдан имонли ўтганми? Нимага шиалар унинг зиёратига боришади? (3)

Абу Толиб дунёдан имонли ўтганми? Нимага шиалар унинг зиёратига боришади? (3)

2. Абу Толибнинг Пайғамбаримиз (с.а) га бўлган муносабати унинг имонидан далолат беради;

  Исломнинг ҳамма машҳур тариxчилари Абу Толибнинг Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ни ҳимоя қилиш йўлидаги беназир фидокорликлари ҳақида ёзишган. Бунинг ўзи эса,

у кишининг етук ва мустаҳкам имон соҳиби эканлигини билдиради.

  Абу Толиб Исломни ҳимоя қилиш ва Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг ҳаётларини сақлаб қолиш учун уч йил мобайнида «Шиъб Аби Толиб» (икки тоғ оралиғидаги жой) деган ерда мусулмонлар Макка мушриклари томонидан қуршовга олинган чоғи, Абу Толиб Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг ёнларида қолиб, оворагарчилик ва оғир кунларни кечиришни Қурайшга риёсат қилишдан афзал ва устун кўрди. Абу Толиб мусулмонлар иқтисодий қамалининг охирига қадар ўша ерда қолди ва ушбу оғир шароитда чидаб бўлмайдиган кўпгина қийинчиликларга бардош берди.[1]

  Бунга илова, Абу Толиб ўзининг азиз фарзанди Али (алайҳис салом) га ҳамиша ва ҳар қандай шароида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан бирга бўлишини буюриб, ўз ўғлидан Исломнинг илк давридаги барча оғир шароитларда ул зотга ҳамроҳ бўлишини истаган эди.

  Ибн Абил Ҳадид Мўътазилий «Наҳжул балоға» китобига ёзган шарҳида Абу Толибнинг фарзанди Али (алайҳис салом) га қилган насиҳатини қуйидагича келтиради:

  «Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) сени фақат эзгуликка чақиради, шунинг учун, доимо ҳар ерда унинг билан бирга бўлгин.[2]»

  Маълумки, Абу Толибнинг Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) га қилган холисона фидокорликлари, барча арзирли хизматлари ва Исломни ҳимоя қилиш йўлидаги курашлари, унинг мустаҳкам имон соҳиби бўлганлигига ёрқин далилдир. Шунга биноан, Ислом оламининг йирик донишмандларидан ҳисобланмиш Ибн Абил Ҳадид Абу Толибнинг муқаддас Ислом динини қўллаб-қувватлашга қўшган ҳиссаси ва Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни фидокорона қилган ҳимояси ҳақида шундай шеър ёзади:

ولولا أَبوطالب وابـــنه                               لَمَا مثَّل الدِّينُ شخصًا فقاما

فَذاکَ بِمکَّةَ آوَي وَحَــامَي                        وهذا بِيَثرِبَ جسَّ الحـماما

وما ضرَّ مجدَ أبی طالب                           جَهُولٌ لغَـي أو بصيرٌ تَــعَامَي

  «Агар Абу Толиб ва унинг ўғли (Али) бўлмаганларида эди, Ислом дини ҳеч қачон мустаҳкамлана олмасди. У Маккада Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) га бошпана берди ва ул зотни ўз ҳимоясига олди. Унинг фарзанди (Али) эса, Ясриб (Мадина)да Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) га фидокорлик қилиш йўлида ўлим гирдобига ўзини ташлаган эди. Ҳеч ким Абу Толибнинг юксаклигига рахна сола олмайди, на беҳуда сўзловчи нодон ва жоҳиллар, на ўзини нодонлик ва жоҳилликка солувчи донолар.[3]»

 3. Абу Толибнинг қилган васияти унинг имон соҳиби бўлганлигидан дарак беради;

  Ислом оламининг машҳур тариxчи олимлари; масол учун, Ҳалабий – Шофеий ўзининг «Ас-Сийрат ал-Ҳалабийя» номли китобида ва Муҳаммад Диёр Бакрий «Тариxул xомис» китобида Абу Толибнинг Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни ҳимоя қилиш борасидаги ўз қавмига қилган сўнгги васиятини келтиришган. Унда жумладан бундай дейди:

«يا معشرَ قريش کونوا له وُلَاةً، ولحزبه حُمَاةً، واللهِ لايسلک أحدٌ منکم سبيلَهُ إلَّا رشد وَلَا يأخذ أَحدٌ بِهُدَيهُ إِلَّا سعد، و لو کان لنفسي مدّةٌ ولِأَجلي تأخّرٌ لَکَفَفْتُ عنه الْهزائز ولدفعْتُ عَنْه الدَّوَاهِي. ثُمَّ هلک.»

  «Эй менинг Қурайш қавмим, Муҳаммаднинг дўсти ва издоши бўлинглар. Унинг ҳизбини (исломни) ҳимоя қилинглар. Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, кимда ким унинг йўлидан борса, ҳидоят топади ва кимки унинг ҳидоятига эргашса, саодатга эришади. Агар умрим тугамаган ва ажалим етмаган бўлса эди, шубҳасиз, унинг зиммасидаги оғир мушкулотларни бартараф қилган бўлур эдим. У шундай дедию, сўнгра вафот этди.[4]»

 4. Ҳазрат Расулуллоҳ (с.а.о) нинг Абу Толибга бўлган муҳаббатлари унинг имонига очиқ далил бўла олади;

  Ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) турли йиғилиш ва маросимларда амакилари Абу Толибни эъзозлар ва унга бўлган муҳаббатларини изҳор қилар эдилар. Биз бу ўринда нақл қилинган ривоятларнинг фақат иккисини эътиборингизга ҳавола этамиз:

  А); Тариxчилардан бир гуруҳи қуйидаги ҳадисни нақл қилишган. Унда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Ақил бин Абу Толибга қараб шундай дедилар:

«إِنِّي أُحِبُّک حُبَّيْن حُبًّا لقرابتک مِنِّي وحُبًّا لما کنْتُ أعلم من حُبِّ عَمِّي إِيَّاکَ.»

  «Мен сени икки жиҳатдан яxши кўраман; бири қариндошим бўлганинг учун ва иккинчиси эса биламанки, амаким Абу Толиб сени яxши кўрар эдилар.[5]»

  Б); Ҳалабий ўзининг «Ас-Сийрат ал-Ҳалабийя» номли китобида ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дан амакилари Абу Толибни эъзозлаганлари ҳақида шундай нақл қилади:

«مَا نالت قريش منِّي شيئًا أکرهه ( أي اشدّ الکراهة) حتَّي مَاتَ أبوطالب.»

  «То Абу Толиб тирик экан, Қурайшликлар менга қаттиқ озор ва азият етказа олмас эдилар.[6]»

  Маълумки, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг Абу Толибга бўлган муҳаббатлари ва уни доимо ёдга олиб эъзозлашлари, у кишининг мустаҳкам имон ва эътиқод соҳиби бўлгани учун эди. Чунки, Қуръоннинг ошкора айтишича, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) фақат мўъмин одамларни яxши кўриб, уларга раҳм-шафқатли, аммо кофир ва мушрикларни эса, ёмон кўриб, уларга қаттиққўл ва қаҳрли бўлганлар:

<مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللَّهِ وَالَّذِينَ مَعَهُ أَشِدَّاءُ عَلَى الْكُفَّارِ رُحَمَاءُ بَيْنَهُمْ>

  «Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлган (мўъмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўъминларга нисбатан) эса раҳм- шафқатлидирлар.[7]»

  Бошқа бир оятда эса бундай дейилади:

<لا تَجِدُ قَوْمًا يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ يُوَادُّونَ مَنْ حَادَّ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَلَوْ كَانُوا آبَاءَهُمْ أَوْ أَبْنَاءَهُمْ أَوْ إِخْوَانَهُمْ أَوْ عَشِيرَتَهُمْ أُولَئِكَ كَتَبَ فِي قُلُوبِهِمُ الإيمَانَ…> [8]

  «Аллоҳга ва оxират кунига имон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг Расулига душманлик қилувчилар билан- гарчи улар (душманлик қилувчилар) ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндошлари бўлсалар-да, дўстлашаётганларини топмассиз. Айнан ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) имонни битиб қўйгандир …[9]»

  Келтирилган Қуръон оятларини назарга олиб, уларни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Абу Толибга бўлган муҳаббатлари ва турли ўринларда у кишини эъзозлаб ёдга олганлари билан ўзаро таққосласак, Абу Толибнинг юқори даражали имон соҳиби бўлганлигига ҳеч қандай шак-шубҳа қолмайди.



Фойдаланилган адабиётлар:

[1]. Муфассалроқ маълумот олиш учун, қуйидаги адабиётларга мурожаат қилишингиз мумкин:

  1. «Сирату Ҳалабий» китоби, 1- жилд, 134- бет, Миср нашри;
  2. «Тарихул хомис» китоби, 1- жилд, 253 ва 254- бетлар, Байрут нашри;
  3. «Сирату Ибн Ҳишом» китоби, 1- жилд, 189- бет, Байрут нашри;
  4. «Шарҳу Наҳжул балоға», Ибн Абил Ҳадид, 14- жилд, 52- бет, 2- нашри;
  5. «Тариху Яъқубий» китоби, 2- жилд, Нажаф нашри;
  6. «Ал-исобаҳ» китоби, 4- жилд, 115- бет, Миср нашри;
  7. «Ат-табақотул кубро» китоби, 1- жилд, 119- бет, Байрут нашри, 1380- ҳижрий қамарий йили.

[2]. «Шaрҳу Нaҳжул бaлoғa», Ибн Aби Ҳaдид, 14- жилд, 53- бeт, 2- нaшри.

[3]. Oлдинги мaнбa, 84- бeт.

[4]. «Тaриxул xомис», 1- жилд, 300 ва 301- бeтлaр, Байрут нaшри; Ҳaлaбий «Ас-Сийрaт ал-Ҳалабийя», 1- жилд, 391- бeт, Миср нaшри.

[5]. «Тaриxул Xомис», 1- жилд, 163- бeт, Байрут нашри, «Aл- истиъoб», 2- жилд, 509- бeт.

[6]. «Ас-Сийрaт ал-Ҳaлaбийя», 1- жилд, 391- бeт, Миср нaшри.

[7]. Фaтҳ сурaси, 29- oят.

[8] Мужoдaлa сурaси, 22- oят.

[9]. Шунингдeк, Мумтaҳaнa сурaси, 1- oят, Тaвбa сурaси, 23- oят, Мoидa сурaси, 54 ва 81- oятлaр ҳaм шу мaзмундa кeлгaн.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.