Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида

Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида оёққа масҳ тортиш ҳақидаги дастлабки тоифа ҳадисларга зид ва қарама-қарши бўлган икки тоифа ҳадис борлигини инкор этмаймиз. Ўша икки тоифа ҳадисдан бири пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) таҳоратда оёқларини ювганликлари ҳақидаги ҳадислар бўлса, бошқаси эса оёққа масҳ тортиш ҳақида эмас ва оёқларни ювиш ҳақида ҳам эмас, аксинча, ул зот оёқ кийимларига масҳ тортганликлари ҳақидаги ҳадислардир!!

Таҳоратда оёқларни ювиш кераклигига далолат қиладиган ҳадислардан бири Усмон ибн Аффон озод қилган Ҳамрон исмли шахснинг ривоят қилган ҳадисидир. Ҳамрон айтади:

أخرج مسلم، عن أبي الطاهر أحمد بن عمرو بن عبد اللَّه بن عمرو بن سرح، وحرملة بن يحيى التجيبي، قالا: أخبرنا ابن وهب، عن يونس، عن ابن شهاب، أنّ عطاء بن يزيد الليثي أخبره، أنّ حمران مولى عثمان أخبره، أنّ عثمان بن عفان دعا بوضوء فتوضأ فغسل كفيه ثلاث مرات، ثمَّ مضمض واستنثر، ثمَّ غسل وجهه ثلاث مرات، ثمَّ غسل يده اليمنى إلى المرفق ثلاث مرات، ثمَّ غسل يده اليسرى مثل ذلك، ثمَّ مسح رأسه، ثمَّ غسل رجله اليمنى إلى الكعبين ثلاث مرات، ثمَّ غسل اليسرى مثل ذلك، ثمَّ قال: رأيت رسول اللَّه صلَّى اللَّه عليه وآله وسلَّم توضّأ نحو وضوئي هذا، ثمَّ قال رسول اللَّه صلَّى اللَّه عليه وآله وسلَّم: من توضّأ نحو وضوئي هذا، ثمَّ قام فركع ركعتين لا يحدث فيها نفسه غفر له ما تقدّم من ذنبه.

«Усмон ибн Аффон таҳорат учун сув сўраб, таҳорат олди. Шунда у уч марта қўлларини ювиб, сўнг оғиз ва бурнини чайқади. Кейин уч марта юзини ювди. Сўнг ўнг қўлини тирсагигача уч марта ювиб, чап қўлини ҳам худди шундай ювди. Ундан сўнг бошига масҳ тортди. Сўнгра ўнг оёғини тўпиқларигача уч марта ювиб, чап оёғини ҳам худди шундай ювди. Кейин эса у шундай деди: Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни менинг ушбу таҳоратим каби таҳорат олаётган ҳолларида кўрдим. Сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «Ким менинг ушбу таҳоратим каби таҳорат олиб, кейин ўрнидан туриб таҳорати бузилмаган ҳолда икки ракъат намоз ўқиса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади», дедилар».[1]

Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Осим Ансорийнинг ҳадисида ҳам таҳорат олганда оёқларни ювиш айтилган. Бухорий ўзининг «Ал-Жомиъус-Соҳийҳ» номли китобида шундай ривоят қилади:

حدثنا موسى قال: حدثنا وهيب، عن عمرو، عن أبيه قال: شهدت عمرو بن أبي حسن، سأل عبد اللَّه بن زيد عن وضوء النبي صلَّى اللَّه عليه وآله وسلَّم، فدعا بتور من ماء، فتوضّأ لهم وضوء النَّبي صلَّى اللَّه عليه وآله وسلَّم: فأكفأ على يده من التور فغسل يديه ثلاثًا، ثم أدخل يده في التور فمضمض واستنشق واستنثر ثلاث غرفات، ثم أدخل يده فغسل وجهه ثلاثًا، ثم غسل يديه مرتين إلى المرفقين، ثم أدخل يده فمسح رأسه فأقبل به وأدبر مرة واحدة، ثم غسل رجليه إلى الكعبين.

«Амр ибн Абу Ҳасан, Абдуллоҳ ибн Зайддан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг таҳоратлари ҳақида сўради. У [Абдуллоҳ ибн Зайд] бир идишда сув сўраб, уларга Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг таҳоратлари каби таҳорат олиб кўрсатди. Шунда у идишдан сув олиб, уч марта қўлларини ювди. Сўнг қўлини идишга киркизиб, уч марта оғзини ва бурнини чайқади. Сўнгра қўлини идишга киркизиб, юзини уч марта ювди. Кейин қўлларини икки марта тирсакларигача ювди ва сўнгра қўлини идишга киргизиб, бошига масҳ тортди. Олдинга ва орқага қилиб, бир марта масҳ тортди. Кейин эса оёқларини тўпиқларигача ювди».

Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Осим Ансорий ҳадиснинг охирида: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг таҳоратлари мана шундай эди», деди.[2]

Энди қачонки бир-бирига зид ва қарама-қарши бўлган икки тоифа ҳадисга дуч келсак, усул илмининг қатъий қоидасига кўра, икки тоифа ҳадис бирор масалада зиддиятли маъно-мазмунни англатса, дастлаб улар далолат қиладиган маъно-мазмунни ягона бир нарсага жамлаш ва татбиқ этиш лозим, яъни ҳар икки тоифа ҳадисни бир-бирига ҳамоҳанг ва мувофиқ келадиган тарзда изоҳлаш ва тафсир қилиш керак. Албатта, бу ишни урф тушунчасининг мезонлари асосида амалга оширмоқлик зарур.

Агар бу ишнинг имкони бўлмаса, унда ушбу зиддиятли икки тоифа ҳадисни Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримга тақдим этиш ва таққослаш керак, яъни уларнинг қайси бири Қуръонга мувофиқ ва мутобиқ бўлса, ўшани қабул қилиб, иккинчисини эса четга суриш керак. Ушбу қоида қатъий далиллар билан исботланган кўрсатмадир.

Демак, усул илмининг ушбу қоидасига биноан, оёққа масҳ тортиш ҳақидаги ҳадислар билан оёқни ювиш борасидаги ҳадислар ўртасини жамлаб, шундай хулоса чиқариш мумкин; Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) таҳоратда оёққа масҳ тортишни фарз амал сифатида адо этганлар. Сўнгра таҳоратнинг фарзи бўлмаса-да, оёқларини тоза ва покиза сақлаш учун баъзан оёқларни ювганлар. Ушбу манзарани кузатган баъзи ровийлар оёқларни ювиш таҳоратнинг фарзи, деб ўйлашган.

Дарвоқе, шиалар орасида ҳам кўп кишилар шундай қилишади, яъни таҳоратнинг фарзи сифатида оёққа масҳ тортгандан кейин оёқларни тоза сақлаш учун уларни ювадилар.

Арабистон ярим оролининг жарима иссиқ ҳавоси туфайли усти ёпиқ оёқ кийим кийишдан кўра, усти очиқ чориқ кийиш кенг тарқалган ўша муҳитда оёқларни ювиш зарурроқ бўлиб туюларди. Зеро, усти очиқ чориқ оёқларни ифлосланишдан тўлиқ ҳимоя қилмасди. Шу боис, оёқларни ювишга кўп эҳтиёж сезиларди.

Ҳар ҳолда таҳоратнинг охирги фарз амали оёқларга масҳ тортишдан иборат бўлиб, оёқларни одатий ювишдан буткул фарқ қилади. Шунингдек, нассга қарши ижтиҳод қилиш, яъни Қуръон оятлари ва ҳадисларга қарши ижтиҳод қилиб, ҳукм чиқариш бир гуруҳ уламоларни таҳоратда оёқларни ювиш ҳақида фатво беришга ундаган бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Чунки улар оёқларнинг ифлосланишини фақат ювиш билан кетказиш мумкин, деб ўйлашган. Кейин эса улар таҳоратда оёқларга масҳ тортишни буюрган Моида сурасининг 6-ояти маъно-мазмунини четга суриб қўйишган. Чунки юқоридаги маълумотларда баъзи сунний уламоларнинг сўзларида келганидек, оёқларни ифлосланганлиги учун ювиш афзал ва оёққа масҳ тортишнинг ўзи етарли эмас деб айтишганди.

Агар юқоридаги маъно-мазмун жиҳатидан бир-бирига зид бўлган икки тоифа ҳадисларнинг ўртасини урф тушунчаси мезонлари асосида жамлаш мумкин эмас деб айтадиганлар бўлса, у ҳолда ушбу икки тоифа ҳадисларнинг қайси бири Қуръонга мувофиқ бўлса, ўшани қабул қилиб, бошқасини эса четга суришимиз керак бўлади. Бу ҳақда ўз назаримизни қуйидагича келтирамиз:

Биринчидан; Таҳоратда оёқларни ювиш ҳақидаги ҳадислар Қуръони Каримга ҳамда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтларидан бўлган имомлар ижмосига зиддир. Қуръон ва Итрат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бизга қолдирган икки бебаҳо мерос бўлиб, улар зинҳор бир-биридан ажралмаслар ва Ислом уммати бу иккисини маҳкам тутиши билан тўғри йўлдан адашмайди. Шунинг учун, нимаики бу икки бебаҳо мероснинг таълимотларига зид ва мухолиф бўлса, уни деворга уриш керак.

Таҳоратда оёқларни ювиш ҳақидаги ҳадислар заиф ва асоссиз эканлигини билиш учун айрим масалаларни кўздан кечирамиз. Умматнинг зийнати ҳамда Аллоҳнинг китоби Қуръонни ва Сарвари олам Суннатларини мукаммал билгувчи Абдуллоҳ ибн Аббос таҳоратда оёққа масҳ тортиш кераклиги ҳақида шундай далил-исбот келтирган:

افترض اللَّه غسلتين ومسحتين، ألا ترى أنّه ذكر التيمم وجعل مكان الغسلتين مسحتين وترك المسحتين؟! وكان يقول: الوضوء غسلتان ومسحتان.

«Аллоҳ таоло таҳоратда икки аъзони ювинишни ва икки аъзога масҳ тортишни фарз қилди. Таяммумда эса икки аъзони ювиш ўрнига ўша икки аъзога масҳ тортишни айтиб, таҳоратда бажариладиган икки масҳни тарк этганини кўрмаяпсизми?!» Ибн Аббос доим: «Таҳорат икки аъзони ювиш ва икки аъзога масҳ масҳ тортишдир», дер эдилар.[3]

Муъаввиз ибн Афроъ Ансорий қизи Рабийънинг Расулуллоҳ (с.а.в) унинг кўзи олдида таҳорат олиб, таҳоратда оёқларини ювганликлари ҳақидаги хабари Абдуллоҳ ибн Аббосга етгач, Ибн Аббос ўша аёлнинг олдига келиб, ундан: Бундай гапни қаердан олиб айтаяпсиз? деб сўради. Ибн Аббос у аёлнинг гапларини эшитгач, деди:

قال: غير مصدّق بل منكرًا ومحتجًّا – إنّ الناس أبوا إلَّا الغسل، ولا أجد في كتاب اللَّه إلَّا المسح.

«Бундай ривоят тасдиқланмаган, балки инкор ва рад этилгандир. Одамлар бош тортиб, таҳоратда фақат оёқларни ювиш керак, деб оёқ тираб олишди. Ҳолбуки, мен Аллоҳнинг китобида фақат оёққа масҳ тортишни топганман».[4]

Иккинчидан; Юқорида келтирилган далил-исботлардан ташқари, ушбу ингичка фикр-мулоҳазани ҳам илгари сурмоқ лозимки, агар таҳоратда оёқларни ювиш ҳақидаги ривоят тўғри бўлиб, таҳоратда оёқларни ювиш керак бўлса, унда бу мавзу мутавотир[5] тарзда ривоят қилиниши керак эди. Юқори аҳамиятга эга бўлган таҳорат каби бир масалага барча мусулмонлар – ёш, кекса, аёл ва эркак ҳар куни эҳтиёж сезишади.

Бинобарин, бундай юқори аҳамиятли масала мутавотир тарзда ривоят қилинмай, ўзга чора йўқдир. Агар мусулмонларнинг вазифаси ояти каримада ошкор айтилган оёқларга масҳ тортишдан бошқа нарса бўлса эди, мусулмонлар уни пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) замонларидаёқ билиб олишлари зарур бўлиб, мусулмонлар наздида аниқ ва қатъий бир масала бўлиши керак эди ҳамда уни инкор этиш ёки шубҳа қилишга ўрин бўлмаслиги керак эди. Бундай бўлмаганидан таҳоратда оёқларни ювиш кераклиги ҳақидаги ҳадислар заиф ва асоссиз эканлиги маълум бўлади.

Фойдаланилган манбалар:

[1]. Ушбу ҳадиснинг манбаи:

  • Муслим ибн Ҳажжож Қўшайрий, «Саҳиҳул Муслим», 3-жилд, 107-бет, таҳорат китоби, 226-рақамли ҳадис.
  • Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳийҳул Бухорий», 1-жилд, 51-бет, таҳорат китоби, бобул вузуъи салосан салосан.
  • Аҳмад ибн Шуайб Ан-Нисоий, «Сунанун-Нисоий», 1-жилд, 80-бет, таҳорат китоби, бобу ҳаддил ғосл.
  • Ҳофиз Нуриддин Али ибн Абу Бакр Ал-Ҳайсамий, «Мажмаъуз-завоид ва манбаъул-фавоид», 1-жилд, 229-бет.

[2]. Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳийҳул Бухорий», 1-жилд, 81-бет, таҳорат китоби, 186-рақамли ҳадис.

[3]. Ал-Муттақил Ҳиндий, «Канзул уммол», 5-жилд, 103-бет, 2211 ва 2213-ҳадислар.

[4]. Ибн Можаҳ Қазвиний, «Сунани Ибн Можаҳ», 1-жилд, 56-боб: Ғаслул қодамайн ва шунингдек, Ал-Муттақил Ҳиндий, «Канзул уммол», 9-жилд, 432-бет, 26837-ҳадис.

[5]. Агар бирор ҳадис бутун асрлар давомида ишончли ровийлар томонидан шу даражада кўп ривоят қилинган бўлсаки, ўша ҳадис Пайғамбаримиз томонларидан айтилганига ҳеч қандай шак-шубҳа қолмаса, ҳадисчи олимлар бундай ҳадисни «мутавотир» деб аташади.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ҳазрат Али (а.с) барча Бомдод намозларини жанобат ғусли билан ўқиганларми?

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўп ўринларда ҳазрат Али (алайҳис салом) Бомдод намозларининг ҳаммасини жанобат ғусли билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.