Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ

Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун асрлар ва замонлар бўйлаб ер юзидаги барча минтақалардаги халқлар учун Аллоҳ таоло томонидан юборилгандир. Айни ҳолда, ушбу илоҳий дин абадий ва умумбашарий бўлгани учун буткул осон ва енгил тузилган. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, бир кеча-кундузда таҳорат учун беш марта оёқларни ювиш дунёнинг турли юртларидаги одамларга кўп муаммо ва қийинчиликлар туғдириши турган гап. Ушбу қийинчилик ва муаммолар айрим инсонларни таҳорат ва намоздан узоқлашишига олиб келади.

Ва бу ҳолат нассга қарши, яъни Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадисларга қарши ижтиҳод қилиб, ҳукм чиқаришнинг ва оёққа масҳ тортиш ҳақидаги саҳиҳ ҳадисларни тарк этишнинг натижасидир.

Энди бу ҳақда туғиладиган савол шундан иборат: Таҳоратда оёқларни ювишга далолат қилувчи ҳадисларга қандай муносабатда бўлишимиз керак? Биз бу борада иккита ечим борлигини айтамиз:

А. Таҳоратда оёқларни ювиш ҳақидаги ҳадислар Қуръон ояти орқали насх қилинган:

Бир неча ҳадислардан маълум бўлишича, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шарафли умрларининг бир даврида Аллоҳ таолонинг амри билан таҳоратда оёқларини ювардилар. Зора машҳур бўлган ушбу: «ويل للأعقاب من النَّار» «Дўзах ўтидан товонларга вой бўлсин!», деган ҳадис ўша даврда ул зотдан ворид бўлгандир. Бироқ Қуръони Каримнинг таҳоратда оёқларга масҳ тортишга буюрган ояти нозил бўлгач, оёқларни ювиш суннати Қуръони Карим орқали бекор қилинди.

Маълумки, Моида сураси Сарвари оламга нозил бўлган сўнгги сура бўлгани учун унинг ҳеч бир ояти насх (бекор) қилинмаган. Ибн Жарийр Анас розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилади:

أخرج ابن جرير عن أنس قال: نزل القرآن بالمسح، والسنّة بالغسل.

«Қуръон оёқларга масҳ тортиш билан ва Суннат эса оёқларни ювиш билан нозил бўлди».[1]

Юқоридаги таъбирда «Суннат» деганда, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Қуръон ояти нозил бўлишидан олдинги амаллари назарда тутилган ва маълумки, Қуръон ҳоким (устун турувчи) ва носих (бекор қилувчи)дир.

Ибн Аббос бу борада айтади:

وقال ابن عباس: أبى الناس إلَّا الغسل، ولا أجد في كتاب الله إلَّا المسح.

«Одамлар оёқларни ювишдан бошқа амалдан бош тортишди. Ҳолбуки, мен Аллоҳнинг китобида фақат оёққа масҳ тортишнигина топганман, холос».[2]

Шунинг билан, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг таҳоратда оёқларини ювганликлари ҳақида ривоят қилинган ҳадислар билан оятнинг оёқларга масҳ тортиш кераклиги хусусидаги ошкора маъно-мазмунининг ўртасини шундай бирлаштириш мумкин: Таҳоратда оёқларни ювиш оят нозил бўлишидан олдин амалга оширилган. Аммо оят нозил бўлгач, таҳоратнинг амалларидан бири сифатида оёқларга масҳ тортилган.

Б. Ҳокимият томонидан таҳоратда оёқлар ювилишининг тарғиб этилиши

Қуръони Карим таҳорат олганда оёқларга масҳ тортишга буюрганига ҳеч бир шак-шубҳа йўқ, лекин халифалар ва ҳукмдорларнинг кўзлаган манфаати оёқларнинг ифлосланишини сабаб қилиб кўрсатиб одамларни оёқларга масҳ тортиш ўрнига оёқларни ювишга мажбурлашни тақозо қилди. Ўша даврдаги одамларнинг кўпчилиги ялангоёқ юргани учун оёққа масҳ тортишни ювиш билан алмаштириш истаги уларга ёқиб тушди. Бу борада бизгача етиб келган аниқ маълумотлар ушбу аянчли ҳолат юз берганини кўрсатади:

روى ابن جرير عن حميد، قال: قال موسى بن أنس ونحن عنده: يا أبا حمزة أنّ الحجاج خطبنا بالأهواز ونحن معه وذكر الطهور، فقال: اغسلوا وجوهكم وأيديكم وامسحوا برؤوسكم وأرجلكم، وإنّه ليس شيء من ابن آدم أقرب من خبثه من قدميه، فاغسلوا بطونهما وظهورهما وعراقيبهما. فقال أنس: صدق اللَّه وكذب الحجّاج قال اللَّه تعالى: ﴿وامْسَحُوا بِرُؤُوسِكُمْ وأَرْجُلَكُمْ﴾ قال: وكان أنس إذا مسح قدميه بلَّها.

Ибн Жарийр Ҳумайддан ривоят қилади: “Мусо ибн Анас биз унинг ёнида бўлганимизда деди: «Эй Абу Ҳамза, Ҳажжож биз Аҳвозда у билан бирга бўлганимизда бизга хутба ўқиди. Хутбасида таҳоратни тилга олиб: «Юзларингизни ва қўлларингизни ювинглар, бошларингизга ва оёқларингизга масҳ тортинглар. Одам боласига унинг оёқларидаги ифлосликдан кўра яқинроқ нарса йўқ. Шундай экан, оёқларнинг ичини ва устини ҳамда орқаларини ювинглар», деди».

Анас розияллоҳу анҳу деди: «Аллоҳ рост сўзлади ва Ҳажжож эса ёлғон айтган. Аллоҳ таоло Ўз китобида: «Бошларингизга ва оёқларингизга масҳ тортинглар», деб марҳамат қилган». Ҳумайд деди: Қачон Анас оёғига масҳ тортса, доим уни ҳўллар эди.[3]

Ўша замондаги ҳукмдорларнинг расмий тарғиботи таҳоратда оёқларни ювишга қаратилгани ва таҳоратда оёқларга масҳ тортиш фарз қилинган деганларни жазолашгани учун таҳоратда оёққа масҳ тортадиганлар ўз эътиқодларини изҳор қилишдан қўрқар ва ақидаларини фақат яширинча ҳолдагина билдирар эдилар. Бу борада Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Молик ал-Ашъарийдан шундай ривоят қилади: Абу Молик ал-Ашъарий ўз қавмига деди:

عن أبي مالك الأشعري أنّه قال لقومه: «اجتمعوا أُصلّي بکم صلوة رسول الله (صلَّى الله عليه وآله) فلمَّا اجتمعوا قال: هل فيکم أحد غيرکم؟ قالوا: لا، إلَّا ابن أُخت لنا، قال: ابن أُخت القوم منهم، فدعا بجفنة فيها ماء فتوضّأ ومضمض واستنشق، وغسل وجهه ثلاثاً وذراعيه ثلاثاً ومسح برأسه و ظهرَ قدميه، ثمّ صلّى بهم».

«Сизларга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг намозлари каби бир намоз ўқиб беришим учун тўпланинглар. Улар йиғилишганида: «Орангизда сизлардан бошқа бирор киши борми?», деди. Улар: «Йўқ, фақат синглимизнинг бир ўғли бор», дейишди. У: «Қабиланинг синглиси ўғли ўша қабиладан ҳисобланади», деди ва бир идишда сув сўраб, таҳорат олди-да, оғиз ва бурнини чайқаб уч марта юзини ҳамда уч марта қўлларини ювди, кейин боши ва оёқлари устига масҳ тортди. Сўнгра улар билан намоз ўқиди».[4]

Бинобарин, юқорида келтирилган асосларга кўра, нима сабабдан Қуръони Каримда таҳоратда оёқларга масҳ тортишга буюрилган бўлса-да, лекин Аллоҳнинг каломига зид ва қарама-қарши ўлароқ, оёқларни ювиш мусулмонлар орасида кенг тарқалгани маълум бўлди.

Фойдаланилган манбалар ва кўрсаткичлар:

[1]. Жалолуддин Суютий, «Ад-дуррул мансур» тафсири, 3-жилд, 1 ва 4-бетлар.

[2]. Юқоридаги манба, 3-жилд, 4-бет.

[3]. Ушбу ривоятнинг манбаи:

  • Ибн Касир, «Тафсири Ибн Касир», 2-жилд, 27-бет.
  • Муҳаммад ибн Жарийр ат-Табарий, «Жомиъул баён ъан таъвили ойил-Қуръон» ёки «Тафсири Табарий» номи билан танилган, 6-жилд, 82-бет.

[4]. Ушбу ривоятнинг манбаи:

  • Аҳмад ибн Ҳанбал, «Ал-Муснад», 5-жилд, 342-бет.
  • Табароний, «Ал-Мўъжамул Кабийр», 3-жилд, 280-бет, ривоят рақами: 3412.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ҳазрат Али (а.с) барча Бомдод намозларини жанобат ғусли билан ўқиганларми?

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўп ўринларда ҳазрат Али (алайҳис салом) Бомдод намозларининг ҳаммасини жанобат ғусли билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.