Home / Долзарб мавзулар / Ваҳҳобийлик ёки салафийлик / Салафийлик ёки Ваҳҳобийлик қандай, қаерда ва ким томонидан пайдо бўлди?

Салафийлик ёки Ваҳҳобийлик қандай, қаерда ва ким томонидан пайдо бўлди?

IMG_1194Ушбу оқим таълимот моҳияти ва ғоявий вакилларига нисбат берилган ҳолда «салафийлар», «муваҳҳидун», «ваҳҳобийлар» деган атамалар билан юритилади.

«Салафий»лик оқими XVIII аср ўрталарида Марказий Арабистоннинг Нажд ва ал-Хосса вилоятлари ҳудудида юзага келган. Дастлаб, ушбу оқимнинг асосчиси Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб (1703-1898) диндан чекинувчиларга қарши кураш олиб борди. Унинг фикрича, нафақат араб ярим оролидаги аҳоли, балки бутун мусулмон ўлкалари ҳам асл ислом таълимоти бўлмиш «тавҳид»дан узоқлашган.

Ўша пайтда Марказий Арабистон расман Турк халифалиги қўл остида бўлса-да, аммо ушбу халифаликнинг таъсири бу ўлкада сезиларли даражада сусайган эди. Чунки, империянинг ўзида бошланган инқироз нафақат давлат хавфсизлиги сиёсатига, балки диний уламолар фаолиятида ҳам акс этган эди. Жуғрофий муҳит, қабила ва табақалар ўртасидаги зиддиятлар уларнинг бирлашувига тўсқинлик қилса, бошқа бир қатор иқтисодий ва сиёсий омиллар бу ҳудуднинг бирлашувини тақозо этар эди. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб эса ўлкада вужудга келган вазиятларни тушуниб, уларни ягона мафкура асосида бирлаштириш мумкинлигини англаб етди ва ўз таълимотига асос солди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг XVIII асрдаги шогирд ва издошлари ҳамда кейинги даврдаги ушбу оқимнинг тарафдорлари уни янги таълимот яратди, деб таъкидлашади. Аслида унинг таълимотидаги асосий ғоялар илгариги диний оқим ва мазҳабларда мавжуд бўлган. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб улардаги баъзи ғоя ва таълимотларни ривожлантирган, айримларига эса урғу берган, холос.

Жумладан, тадқиқотчилар «салафий»лик оқими ҳанбалий мазҳаби асосида шаклланганлигини, яъни Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қарашларини ривожлантириб, унга диний-сиёсий тус берганлигини таъкидлашади. Лекин шу нарса маълумки, VIII аср охири ва IX аср бошларида ислом ўлкаларида мўътазилий оқимнинг пайдо бўлиши ва ушбу оқим томонидан бир қатор ислом таълимотларига зид ақидаларни илгари сурилиши соф ислом дини тамойилларига жиддий хавф туғдира бошлаган. Мана шундай вазиятда Аҳмад ибн Ҳанбал катта жасорат билан исломий ақидани ҳимоя қилганлиги сабаб, у динни сақлаб қолган шахс сифатида биринчи халифа Абу Бакр билан тенглаштирилди. Натижада, унинг ислом оламидаги шуҳрати ошишига ва суннийликнинг энг йирик кўзга кўринган вакилларидан бирига айланишига олиб келди.

Баъзи тадқоқотчилар Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ҳуқуқий қарашлари, сўз ва фатволаридан келиб чиқиб унинг таълимотларини шахсий мазҳаб деб баҳолашади. Кейинчалик издош ва шогирдлари томонидан унинг ҳуқуқий қараш ва фатволари тўпланиб, бу мазҳабга алоқадор 30 та ҳуқуқий тамойил ва қонунларни ўз ичига олган китоблар ёзилгани қайд этилади.

Вазият тақозосига кўра, Аҳмад ибн Ҳанбал ўз замонасидаги мусулмонларни исломий ақидаларнинг асл ҳолига қайтариш учун фақатгина Қуръон ва Суннатга эргашиш лозимлигини тарғиб қилган. Шу сабабли, у «исломни бидъатлардан қутқарувчи» деган номга ҳам сазовор бўлган. Бу эса, кейинчалик мусулмон жамияти заифлашган ва турғунлашган пайтларда Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ғояларининг шаклланиши ва тарқалишида етакчи роль ўйнаган.

XIV асрда яшаган Тақийиддин ибн Таймийя ҳам Аҳмад ибн Ҳанбал таълимотининг ёйилишига сезиларли ҳисса қўшган. Ибн Таймийя Сурияда туғилиб, вафотига қадар 500 дан ортиқ асар таълиф этди. Ибн Таймийя ўзининг асарлари ва маърузаларида дастлабки ислом ёки асл исломда бўлиш зарурлигини ҳамда ҳар қандай янгилик (бидъат)лар диний бузилишларга олиб келишини таъкидлади. У авлиёлар, ҳатто пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қабрларини зиёрат қилишга ҳам қарши чиқди. Чунки, бу даврга келиб Мадинадаги «Пайғамбар масжиди»да жойлашган Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) қабрини зиёрат қилиш ҳаж амаллари асносида йўлга қўйилганди.

Ибн Таймийя нафақат назарий масалаларда, балки амалиётда ҳам муросасиз бўлгани учун бошига кўплаб кулфатлар орттирган. Қозилар ва ҳукмдорлар кўп марта унга жарималар солиб, тан жазоларини ҳам беришган. У ўз ҳаётинининг анча қисмини зиндонларда ўтказиб, 1328 – йилда вафот этади. Тақдир тақозоси билан Тақийиддин ибн Таймийя ислом экстремизмининг биринчи назариётчиси, бошқача айтганда, «бобокалони»га айланиб қолади. Чунки, диний мутаассиб кучлар ибн Таймийянинг давлат ҳақидаги тушунчасига амал қилган ҳолда шундай нуқтаи назарга ёндашардиларки, унга биноан ислом дини умуман давлат тузумининг қандайдир аниқ шаклини кўрсатиб бермайди. Ибн Таймийя: «Ҳар қандай давлат, агар у одамлар томонидан шариат аҳкомлари бажарилишини таъминласа, унинг тузуми қандай бўлишидан қатъий назар, ислом давлати ҳисобланади» – деб уқтиради.

Ёки унингча, «давлатни шариат қонунлари асосида бошқармаётган ҳукмдорга нисбатан жиҳод эълон қилиниши лозим Умуман олганда, ибн Таймийянинг «революцион» ғоялари кейинчалик бир неча диний-сиёсий ҳаракатлар, жумладан «салафий»лик оқими вакиллари томонидан кенгайтирилди ва исломдаги энг радикал кўринишга эга бўлган таълимот юзага келтирилди.

Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб арабистон ярим оролида Ибн Таймийянинг ўта кескин кайфиятдаги ашаддий таълимотларини тарғиб қила бошлади. Ушбу ғалати ва бузғунчи таълимотларнинг тарғиботи милодий йилининг 19 – асри бошларида ўта ноқулай тарихий вазиятда бошланди.

Ўша вақтда ислом оламига тўрт томондан империалистларнинг ҳарбий таҳдид ва ҳужумлари бошланган эди. Шарқ томондан Инглислар Ҳиндистоннинг кўп қисмини ишғол этиб, Форс кўрфазининг айрим қирғоқли ҳудудларига кўз олайтиришган эди ва уларнинг қўшинлари борган сари Эроннинг жанубий ва ғарбий томонларига яқинлашиб келишарди. Французлар Наполеон раҳбарлигида Сурия, Миср ва Фаластинни ўз тасарруфига киритиб, Ҳиндистонга ҳужум қилиш учун режа тузишарди. Руслар эса Эрон ва Усмонийларга узлуксиз ҳужум қилишиб, ўз империясини бир томондан Фаластингача, иккинчи томондан эса Форс кўрфазигача кенгайтириш пайига тушишган эди. Ҳаттоки, Руслар Америка ва шимолий Африкадаги ислом ўлкаларини тасарруф қилиш илинжида эди.

Шунингдек, руслар ислом ўлкаларининг ҳудудларига рахна солиш мақсадида Ливия ва Алжазоир ҳудудларига ҳужум қилишарди. Ана шундай бир вазиятда, яъни мусулмонлар бирлик, якдиллик ва ҳамжиҳатликка ўта муҳтож бўлган бир пайтда, Муҳамад ибн Абдулваҳҳоб ўзидан бир неча аср олдин ўтган Ибн Таймийянинг бузғунчи, ўта кескин ва ашаддий ақидаларини қайта тиклаб, уларни жонлантириши билан мусулмонларни оғир аҳволга солиб уларни маънавий-мафкуравий муаммоларга дуч келтирганди.

Шак-шубҳасиз, ўша даврда Англиянинг нуфузи мусулмонлар ва мустамлакачи давлатлар орасида чуқур эди. Мустамлакачиларнинг ва айниқса Англиянинг асл мақсадлари мусулмон халқлари орасида фитна ва низоларни вужудга келтириб, ислом оламида турли қарама-қарши мазҳабий фирқа ва оқимларни шакллантириш эди. Токи, ушбу кураш усуллари орқали халқлар ҳамжиҳатлиги ва бирлигига барҳам берсинлар. Ушбу тарихий таҳлилга биноан, айрим тарихчи олимлар ваҳҳобизм оқимининг шаклланишини англисларнинг империалистик фаолиятларига бевосита боғлиқ, деб билишади.

Сўзимизнинг ёрқин далили; тарихий манбаларда қайд этилган англиялик айғоқчи Мистер Ҳамфер билан Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ўртасидаги алоқалар тўғрисида маълумотлар мавжудлигидир. Мазкур англиялик жосус ташқи кўринишда мусулмонларга ўхшаб, ислом мамлакатларида ҳаёт кечира бошлайди ва ислом ниқоби остида мусулмонлар орасида ихтилоф ва низо уруғини сепишга ҳаракат қилади. Ҳамфер ўзининг хотиралар китобида Басра шаҳрида Муҳамад ибн Абдулваҳҳоб билан учрашганини айтиб, Муҳамад ибн Абдулваҳҳоб тўғрисида шундай ёзади:

«Мен Муҳаммад бин Абдулваҳҳоб шахсиятида ўз гумаштамни топдим. Унинг ақидапарастлиги, ғурур ва худбинлиги, замонасининг уламоларидан ранжигани ҳамда ўзининг Қуръон ва суннатдан олган саёз тушунчасига таяниб, ҳатто тўрт халифага аҳамият бермаслиги унинг энг заиф ва қалтис томонлари эди. Мен унинг ушбу заифлиги туфайли унга ўз таъсиримни ўтказдим

Мистер Ҳамфернинг таъкидлашича, у Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобни салафийлик ёки аниқроқ қилиб айтганда, ваҳҳобизм оқимига асос солишга ундайди ҳамда Британиянинг ундан ва Муҳаммад ибн Саъуддан ҳимоя қилишини маълум қилади. Ёрқин маълум бўлган ҳақиқат шундан иборатки, мусулмон халқлари, исломнинг йирик уламолари ва ҳатто унинг отаси Абдулваҳҳоб бирдамликда унинг бузғунчи, ўта кескин ва ашаддий ғояларига қаршилик кўрсатишади.

Шу боис, у отаси вафот этганидан сўнг, ўз ақидаларини тарғибот қила бошлайди. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ўзининг мафкуравий-ақидавий фаолиятининг бошидаёқ халқ ва уламоларнинг шиддатли ва қатъий қаршиликларига дуч келади. Бироқ Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ўзининг бузғунчи, қуруқ ва саҳровий ақидаларидан воз кечмайди. У Арабистоннинг «Ҳураймала» шаҳрида «ваҳҳобийя» фирқасини шакллантиришга ҳаракат қила бошлайди. Унинг бу иши халқнинг ғазабланишига сабаб бўлгани учун у иложсизлигидан «Уяйнийя» шаҳрига боради.

Ушбу шаҳарнинг ҳокими ўша вақт Усмон ибн Муаммар эди. У Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобни қабул қилади ва Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб эса ўз навбатида Нажд аҳолисини Усмон ибн Муаммарнинг измига солишга ваъда беради. Аммо минтақа ҳукмдори бўлмиш Эҳсоийнинг ҳукми билан Усмон ибн Муаммар Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобни Нажддан чиқариб юборади. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ҳижрий қамарийнинг 1160– йилида Нажднинг таниқли шаҳарларидан бири бўлган «Дароя» томон йўл олади. Ўша пайтларда ушбу шаҳарга Муҳамад ибн Саъуд (Арабистоннинг ҳозирги Оли Саъуд подшоҳларининг аждоди ва бобокалони) ҳукмронлик қиларди. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Ибн Саъудни ҳамкорликка даъват қилади ва у иккаласи хукумат Ибн Саъуднинг қўлида қарор топишига, диний тарғибот-ташвиқот ишлари эса Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг измида бўлишига келишиб олишади.

Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ўзининг бузғунчи қуруқ ва саҳровий ақидаларини Оли Саъуд қудратининг соясида тарғиб қила бошлайди. У иккаласи келишган ҳолда яқин атрофдаги минтақаларга ҳужум қилишни уюштирадилар. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг илк фаолияти «Уяйнийя» шаҳри атрофидаги саҳобалар ва авлиёларнинг зиёратгоҳларини бузиб ташлашдан бошланади. У азиз авлиёлар ва саҳобалар зиёратгоҳларини зиёрат қиладиган мусулмонларни «мушрик» ва «кофир»га чиқариб уларни ўлдириш жоиз ҳамда молу мулкларини уриш хазинасига мусодара қилиш зарур, деб фатво беради. Мусулмонларни ўлдириб, уларнинг мол-мулкларини ғорат қилиш сабабли «Уяйнийя» шаҳрига кўп миқдорда молу бойликлар кела бошлайди.

Ушбу ҳақиқатни таъкидламоқ лозимки, ислом тарихида ёзиб қолдирилган маълумотларга кўра, ваҳҳобизм реакцион жараёнининг асосчиси Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб дин уламоларига, мусулмонларга ва муқаддас қадамжойларга қарши уриш эълон қилади. У Нажд тоғлари атрофидаги кучманчи араб қабилаларининг кўмаклари билан етарли миқдорда қўшин тўплаб, мусулмонлар яшайдиган шаҳар ва қишлоқларга бостириб кириб, бегуноҳ инсонлар қонини тўкиш ва уларнинг мол-мулкларини талон – торож қилиш билан шуғулланади.

Ваҳҳобийларнинг ислом оламида тўратган энг катта жиноятлари; бу Ироқдаги Карбало шаҳрига бостириб кириб, имом Ҳусейн (алайҳис салом)нинг зиёратгоҳини вайронага айлантириб, бегуноҳ одамларни шафқатсизларча ўлдиришларидир. Аллома Саййид Жавод Омилий ўша замонда яшаган ва бу мудҳиш воқеанинг шоҳиди бўлган буюк олим ваҳҳобийларнинг қилмишлари туғрисида ёзади:

«Ваҳҳобийлар 1212ҳижрий йили, 1801милодий йилида Ҳусейни (алайҳис салом)нинг зиёратгоҳига ҳужум қилишди. Кўп эркаклар ва болаларни ўлдириб, халойиқнинг бор-йўқ бойликларини умариб кетишди. Ҳарами шарифни шундай бир вайронага айлантиришдики, буни фақат Худонинг Ўзи билади

Муҳаммад бин Сауд билан Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб танишувидан олдин Нажд сарзаминида «Аниза» номли кичик қабиланинг шайхи эди. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб билан тил бириктирганидан сўнг, бора-бора ишлари ривожланиб кетади ва улар 1159 – ҳижрий йили, 1745 – милодий йилида Нажд минтақасининг атрофидаги шаҳарларга ҳужум уюштириб, аҳолининг мол-мулкларини ғорат қилишади. Муҳаммад бин Саъуд 1179 – ҳижрий йили, 1765 – милодий йилида ўзининг ўттиз йиллик ҳукмронлигидан сўнг, Нажд шаҳрида оламдан ўтади. Ундан сўнг, ўрнига ўғли Абдул Азиз тахтга ўтиради. Абдул Азиз ҳам отасининг ўринбосари сифатида Муҳаммад бин Абдулваҳҳоб билан бирлашади. Абдул Азиз отасининг ҳаётлик чоғида бош қумондонлик вазифасини муваффақиятли ўтаганлиги ҳамда Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг ҳимоясидан баҳраманд бўлганлиги туфайли Арабистонлик кучлардан катта қисмини ўзи томон эргаштириб олади. Ниҳоят, Муҳаммад бин Абдулваҳҳоб 1207 – ҳижрий йили, 1793 – милодий йилида 96 ёшда мусулмонлар орасига тафриқа солиб тарқоқлик яратган ҳолда оламдан кўз юмади. Унинг ўлимидан сўнг, ўғиллари-ю авлодлари ваҳҳобийлик ақидаларини кенг тарғиб этиб, ота-боболари йўлини давом эттирадилар.

Муҳаммад бин Абдулваҳҳобнинг оммабоп ғоялари зоҳиран жозибали ва оммавий халққа маъқул тушар эди. Шу боис, нафақат оддий мусулмонларни, балки айрим сунний мазҳаб уламоларни ҳам ўз тузоғига илинтиради. Ислом тарихидаги маълумотлардан маълум бўлишича, айрим шахс ва гуруҳларнинг бирлашиши қуруқ бир ҳолат кўринса-да, бироқ хурофот нуқтаи назаридан мустаҳкамлиги кўзга кўринарди. Сиёсий, ижтимоий ва маданий шароитга қараб, бу гуруҳларнинг майл-рағбати ўзгарса-да, аммо ҳамиша саҳнада қолишади. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ҳам ваҳҳобизм фирқасини ташкил этади ва у Муҳаммад ибн Сауднинг ёрдамида мусулмонларни ўлдириб, уларга нисбатан суиқасдлар қилиб, куч ишлатиб зўравонлик ва қўрқитиш билан шуғулланади.

Шу йўлда ваҳҳобийлик ва салафийлик йўл-йўриқларини қўллаб-қувватлаганлар ва уни тарғиб этувчилар ҳар томонлама ҳимояланиб, бу йўлда моддий рағбатлантириладилар. Албатта Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг бузғунчи таълимоти, аниқроғи унинг бидъатлари ислом уламолари томонидан қаттиқ қораланган. Ҳижоз (Макка ва Мадина) уламоларининг кўзга кўринган шахсияти бўлмиш Саййид Аҳмад бин Зайний Даҳлон номли Макканинг муфтийси ўзининг «Хулосатул- калом» китобида бу ҳақда шундай ёзади:

«Муҳаммад бин Абдул-Ваҳҳоб ҳаётлигида бир гуруҳ ваҳҳобий уламолари Нажд сарзаминидан Макка шаҳрига келиб, Макка уламолари билан баҳслашиб келишувга боришади. Улар ўз ақидаларини баён этадилар. Макканинг дин пешволари ҳам ўз вақтида уларга қарши фикр-мулоҳазаларини билдиришади. Ваҳҳобий уламоларининг ақидалари Макка уламолари учун фойдадан холи эди. Чунки, уларнинг ғоялари Қуръони Каримнинг оятларига ва Муҳаммад пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи вааллам)га хос бўлган ислом ғояларига мутлақо қарши ва зид эди. Макка уламолари ваҳҳобийларнинг ақидаларини асоссиз, зиён келтирувчи ва бефойда ақидалар, деб ўз назарларини билдирадилар. Макка қозиси ваҳҳобийларнинг уламоларини зиндонга ташлашни буюради. Баъзиларини зиндонга ташлашади ва айримлари эса қочиб қутилишади.»

Шунга ўхшаш содир бўлган воқеа; ҳижрий қамарийнинг 1195 – йилида ва1781 – милодий йилида «Дароя» шаҳрининг бир гуруҳ ваҳҳобий уламолари Макка ва Мадинага ўзларининг ислом динига оид янгича қарашларини бошқаларга танитиш учун келадилар. Макканинг ҳукмдор диндорлари ислом динининг одатий қарашларига хилоф иш қилувчилардан, яъни ваҳҳобий уламоларидан нафратланиб, уларга Каъбатуллоҳни зиёрат қилишга рухсат бермай, бу ердан ҳайдаб юборадилар.

Нега энди ваҳҳобийлар ўзларининг ақидаларини тарғиб қилиш учун айнан Макка ва Мадинага боришади, деган ўринли савол пайдо бўлади. Бу саволга жавобан шуни таъкидлаш лозимки, Макка шаҳри ислом оламининг энг муқаддас ва нуфузли маскани ҳисобланади. Шунинг учун, ваҳҳобийлар ўзларининг ғояларини кенг тарғибот қилишлари учун Макка ва Мадинани қўлга киритиб, бу муқаддас маконларни ўз мазҳабларининг марказига айлантиришга ва мусулмонларни ўзларига тобе қилишга саъй-ҳаракат қилганлар ва деярли кўзлаган мақсадларига эришиб, Макка ва Мадинани эгаллаб олишлари билан бу йўлда муваффақият қозонганлар.

Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг диний оқимига қарши чиққан уламолардан бири унинг устози Муҳаммад ибн Сулаймон эди. У Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобга ёзган мактубида шундай дейди:

«Эй ибн Абдулваҳҳоб, Аллоҳ номи билан сендан тилингни тийиб мусулмонларга қарши чиқмаслигингни сўрайман. Дунёдаги барча воқеа ҳодисалар Аллоҳ томонидан бўлаётганлиги хусусида шак келтираётганларга уларнинг ноҳақликларини тушунтиргин, тушунмаган тақдирдагина уларни ва фақат уларнигина кофир, деб атагин. Лекин зинҳор сенга эргашмаган барча мусумонларни кофир, дея кўрма. Чунки улар эмас, сен ўзинг ҳақ йўлдан адашгансан. Бунга Нисо сурасининг 115 ояти гувоҳлик беради: «Ким ҳақ йўлни аниқ қилганидан кейин Пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, Биз унинг кетгунича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз.»

Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб бевосита динни «тозалаш», пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) замонасидаги асл ислом таълимотига қайтиш, яъни салафи солиҳлар йўлидан бориш ҳамда ширкка олиб борувчи бутпарастлик маросимларидан қутулиш каби номлар остида фаолиятлар олиб боради. Ҳатто, у Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) қабрларини зиёрат қилишни ҳам тавҳидга зид деб уқтиради. Шунингдек, «бидъат»га алоҳида урғу бериб, унга қарши муросасиз кураш олиб боради. Бироқ, ушбу ўлкалардаги диний вазият юқорида таъкидлаганимиздек, ўта мураккаб бўлган. Чунончи, марказий ва шарқий Арабистонда шиа мазҳабининг вакиллари, ал-Хосса вилоятида «қармат», Яманда «зайдий» оқими тарафдорлари яшашарди. Табиийки, бу оқимларнинг барчасида азиз авлиёлар ҳамда уларнинг зиёратгоҳлари зиёрат қилиниши кенг тус олган эди.

Хусусан, Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг авлодларини улуғлаш ҳамда уларнинг қадр-қимматини вафотидан кейин ҳам эъзозлаш ҳоллари мавжуд эди. Карбало, Нажд, Жубайл, Дирия, Макка, Мадина ва Тоифдаги муқаддас жойларга зиёратчилар йил бўйи келишиб, қурбонликлар қилишар ва турли маросимларни амалга оширишарди. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб шу каби авж олган маросимларга ўта мутаассиблик руҳида кураш бошлайди. У кескин тарзда ушбу ишларни қоралар, «ширк», «бидъат», «куфр» сўзларини қўллар эди. Ваҳоланки, кўпчилик мусулмонларнинг юқоридаги маросимлари уларнинг эътиқодида ширк бўлмай, Қуръон ва Суннатга асосланган эди. Шунинг учун, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобга кўпчилик устидан «куфр» ва «ширк» калимасини ишлатиш ҳуқуқини бермасди.

Муҳаммад ибн Абулваҳҳоб авлодларидан бири бўлмиш Абдуллатиф ваҳҳобизм таълимотининг давомчилари сирасида асосий одим ташлаган муаллифлардан бири ҳисобланади. Ундан сўнг, унинг ворислари томонидан амалга оширилган ғоявий ишларда улар ваҳҳобийликнинг янгича ақидаларини тарғиб-ташвиқ қилиб, янги китобларни нашрга ҳозирлайдилар.

Шубҳасиз, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб таълимотидаги энг катта қаршилик келтириб чиқарган фикрларидан бири бу –ўзига қўшилмаган мусулмонларни «динсизлар», «кофирлар» ва «мушриклар», деб эълон қилгани эди. Шуниси қизиқки, ваҳҳобийлар бошқа дин вакилларига; масалан яҳудийлар ва насороларга ўзларининг сўзларига қўшилмаган мусулмонларга қилган муросасизликларини қўлламас эдилар. Шунингдек, иймон масаласи бўйича уларнинг тутган йўллари мусулмонлар, хусусан минтақамиз мусулмонлари ўртасида турли келишмовчиликлар ва кўнгилсизликларга сабаб бўлган.

Бошқа бир қатор мазҳаб ва оқимлар, жумладан мотуридий таълимотида киши Аллоҳга имон келтириши билан мусулмонлар қаторига ўтиши таъкидланган. Ҳанбалий мазҳабида эса эътиқодни амалда тасдиқлаши талаб қилинади. Худди шу хусусиятлар кейинчалик «салафий»ларнинг юртимиз мусулмонларининг кўпчилиги устидан турли хил ибораларни ишлатишларига сабаб бўлди. Шу билан биргаликда ўзларини салафийлар, яъни салафи солиҳлар йўлидан борувчилар деб атайдиган ваҳҳобийлар юртимизда асрлар давомида шаклланган анъанавий-диний таълимотларга қарши чиқиб уларни «ширк», «бидъат», «куфр»да айблашди. Жумладан ваҳҳобийлар тавассул, тасаввуф тариқатлари, мавлуди шарифни нишонлаш, ўтганлар руҳига Қуръон тиловати савобининг етиши, қабрларни зиёрат қилиш ёки уларнинг устига белги – қабртош қўйиш кабилар бўйича қарашлари Ўрта Осиё мусулмонлари ўртасида ихтилофлар келтириб чиқаришга сабаб бўлмоқда.

Минг афсуским, ваҳҳобизм фирқаси ва бу оқимнинг ичида юзага келган АЛ-ҚОИДА, ИШИД, АН-НУСРА, БОКО-ҲАРОМ ва ҳоказолар каби реакцион ва экстремист гуруҳлар бугун ҳам ёшлар онгини заҳарлашга ва тинч аҳолининг тинчини бузишга уринишяпти.

Бу бузғунчи фирқанинг издошлари бўлмиш ваҳҳобийлар ҳақиқий ислом динига қайтиш ниқоби остида қанча-қанча бегуноҳ мусулмонларни «мушрик» ва «кофир»га чиқариб, уларнинг қонларини ноҳақ тўкишди ва ҳозирги кунда ҳам тўкмоқдалар. Ҳолбуки, Қуръони Каримнинг нуроний оятлари ва ислом динининг қимматли таълимотлари мусулмонларни ҳамжиҳатликка, бирдамликка, якдилликка ва дўстликка чорлайди. Шубҳасиз, тарих шундай бир шаффоф кўзгуки, яхши-ю ёмонни ундаги бор бўлган ранглари билан очиқ-ойдин тасвирлайди, мутаффакир ва ибрат олувчи очиқ кўнгилли инсонлар ҳақ ва ботилни ажрата оладилар. Ана шу эзгу ният билан мақоламизга якун ясаймиз.

Share

Check Also

Салафийларнинг такфирчилик ақийдалари кенг ёйилишида Саудия Арабистонининг роли

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан Араб баҳорида халқларнинг улкан ҳаракати Ўрта Шарқ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.