Home / Долзарб мавзулар / Ваҳҳобийлик ёки салафийлик / Ибн Таймийянинг Рофизийлар ҳақидаги мавқеини ёритиш
Ибн Таймийя Ғояси
Ибн Таймийя

Ибн Таймийянинг Рофизийлар ҳақидаги мавқеини ёритиш

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Оламларнинг Рабби бўлган Аллоҳ таолога шукр ва ҳамду санолар ҳамда пайғамбарлар ва элчиларнинг энг шарафлисига салому дурудлар бўлсин.

Бу қисқача баҳсимиз Ибн Таймийянинг рофизийларга нисбатан бўлган мавқеи ҳақида бўлиб, у уларни кофирга чиқариб бу борада ҳукм берганми ёки йўқми аниқлаб олмоқчимиз. Ушбу баҳсни тайёрлаганимга сабаб бўлган далил – бу кўпгина замондошларимиз Ибн Таймийянинг рофизийларга қарши эгаллаган позициясини аниқлашда ихтилофга боришларидир. Баъзилар Ибн Таймийянинг сўзидан у ҳар бир рофизийни кофир деб билганини тушунадилар ва бошқа баъзилар эса унинг сўзидан фақат шартлар бор бўлиб, тўсиқ бўлмаган тақдирдагина рофизийларни кофир деб биларди у деган хулосага келишган. Айниқса, бу ихтилоф ҳозирги шароитда кенгайиб кучайди. Ҳолбуки, Ибн Таймийянинг ёзиб қолдирган сўзлари бизнинг олдимизда бўлиб, унинг китобларию асарларида мавжуддир.

Демак, илмий тадқиқотнинг тақозоси ўзининг сўзига мурожаат қилиб унинг (турли асарларида) тарқоқ гапларини тўплаб, унинг интеллектуал тамойилларига ҳамда унинг тафаккури асосида тузилган қоидаларга риоя қилиб ва шунингдек фикрининг келиб чиққан манбаларини инобатга олиб унинг бу борадаги қарашини қўлга киритишдир. Умид қиламанки, бу иш қўлингиздаги тадқиқотда амалга ошгандир.

Шунга биноан, ушбу тадқиқотнинг кўзлаган мақсади Ибн Таймиянинг мавқеини ёритишдир, ушбу масалани муҳокама қилиб, унинг тафсилотини ўрганиш ва уламоларнинг қараши ҳамда уларнинг далил-исботларини баён этиш эмас.

Ушбу тадқиқот икки масалага эга бўла олади:

Биринчи масала: Ибн Таймиянинг рофизийлар кофир эмаслигини ифодаловчи ибораларини баён қилиш.

Иккинчи масала: Ибн Таймиянинг бу хусусдаги ишкал ва ноаниқликка дучор бўлган ибораларини ўрганиш.

Демак, биринчи масала Ибн Таймиянинг шиалар кофир эмаслигини ифодаловчи сўзидир.

Шубҳасиз, шиа мазҳаби (рофизийлар) Ибн Таймийя уларга жавоб бериб, уларнинг қарашларини рад этган ва уларнинг илмий масалалардаги ёки далил-исботга оид методологиядаги хатоларини баён қилган энг машҳур фирқалардандир. Шунга биноан, у ўзининг кўпгина асарларида бу ишлар борасида тадқиқот олиб боришга улкан эътибор қаратган.

Шунга қарамай, у шиаларни кофир ва улар Исломдан ташқарида деб ҳукм чиқармаган, балки уларни Ислом доирасида кўриб шу йўсинда уларга муносабат кўрсатган.

Ибн Таймийянинг сўзларидан фойдаланиладиган масалалардан бири шиаларнинг ҳаммаси ҳам ўз эътиқодларида бир даражада эмасликларидир, шунинг учун олимлар ва пешволарнинг улар ҳақидаги ҳукмлари бир хил эмас. Шиалар ҳукми ҳақида айтиладиган сўзнинг ҳосили қуйдагича:

«Шиалар уч гуруҳга бўлинади; уларнинг бир гуруҳи ижмоъ ила кофирдилар. Исмоилия, Насийрия, Қаромита ва Али (разияллоҳу анҳу)ни худолик мартабасига эга деб билиб, ул зот ҳақида ғулувга борганлар шулар жумласидандир. Уларнинг бошқа бир гуруҳи ижмоъ ила кофир эмаслар. Жумладан муфаззила шиалар[1]. Уламолар улар борасида ихтилофи назарга борган учинчи тоифа шиалар эса рофизийлардир».

Ибн Таймиянинг сўзи ушбу тақсимлашни англатади. Зеро, у аҳли суннат пешволарининг кофир эмаслигига ижмоъ қилган фирқалар ҳақида гапирганда, муфаззила шиаларни тилга олади[2]. У шунингдек Исмоилия, Насийрия, Қаромита ва бошқа ғулувга борган шиалар ижмоъ ила кофир эканликларини бот-бот такрорлайди[3]. У ўз китобларининг бир неча жойларида уламолар рофизийлар ҳақида икки қарашга эга эканликларини эслатади ва бу икки қараш Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан нақл қилинган[4]. Ибн Таймия Исломга мансуб фирқаларнинг ҳукмини баён қилишда ушбу уч гуруҳга бўлишдан фойдаланган. Шунга биноан, унинг фикрига кўра, фирқалар бу уч тоифадан ташқарида эмаслар.

Шунга кўра, Ибн Таймийя шиаларнинг ҳеч бирини мутлақо кофирга чиқармайди, деб айтиш тўғри эмас ва шунингдек у шиаларнинг ҳаммасини кофир деб билади, дейиш ҳам тўғри эмас. Балки шиаларнинг Ибн Таймийя наздидаги ҳукми юқорида айтилган тафсилотга кўрадир.

Бу ерда нима устида баҳс юритилаётганини ёритиш учун қуйидаги муҳим масалани эслатишимиз керакки, бизнинг баҳсимиз рофизийларнинг ҳукми ҳақидадир, уларда мавжуд бўлган эътиқодларнинг ҳукми ҳақида эмас. Зеро, рофизийларнинг эътиқодлари борасида юритиладиган сўз билан ушбу эътиқодга эга бўлган шахслар ва издошларнинг ҳукми ҳақидаги сўз ўртасида фарқ бор. Бизнинг баҳсимиз иккинчи мавзу ҳақидадир, биринчиси эмас.

Бу eрда кўзланган мақсад Ибн Таймийянинг рофизийлар ҳукми тўғрисидаги қарашини ва у уларни кофирга чиқармаганини баён қилишдир. Шунга кўра, бу ерда юритиладиган баҳс фақат ўн икки имомлик рофизийларнинг ҳукми ҳақидадир, ҳамма шиаларнинг ҳам эмас. Шунинг учун Ибн Таймийя шиаларнинг бу жамоасини кофирга чиқармаган.

Ибн Таймийянинг бир неча сўзлари ушбу маънони ифодалайди; жумладан:

Биринчидан; у очиқчасига рофизийларни мусулмон деб билади: «Рофизийлар, Жаҳмийлар ва бошқа фирқалар каби кўплаб бидъатчи мусулмонлар кофирларнинг ерига бориб, натижада уларнинг қўли билан кўпгина кишилар мусулмон бўлишди ва гарчи улардан фойдаланиб бидъатчи мусулмонлар бўлсалар-да, бу кофир бўлишдан кўра яхшироқдир»[5] Демак, Ибн Таймийянинг сўзлари рофизийларда «мусулмонлик» хусусияти борлигини ифодалайди ва унга кўра, кофир кишининг рофизийлар мазҳабига мувофиқ Ислом динига кириши кишининг кофир бўлиб юришидан кўра яхшироқдир.

Шунингдек у рофизийларнинг имомлар маъсумлиги ҳақидаги қарашларини хотирлаганда шундай ёзади:

«Бу имомия рофизийларга хос бўлган хусусиятдир ва бошқалардан ҳеч бири хоҳ Зайдий шиалар бўлсин ёки бошқа мазҳабдаги мусулмонлар бу ақийдада уларга қўшилмайдилар. Илло Исмоилия каби улардан ҳам ёмонроқ бўлганлар бор. Бу тоифа Муҳаммад ибн Исмоил ибн Жаъфарга мансуб бўлган Бани Абаийднинг маъсумлигига эътиқод қилишади ва уларнинг эътиқодига кўра, имом Жаъфар [Содиқ (а.с)]дан кейин имомат ва пешволик Муҳаммад ибн Исмоилга берилган, [ҳазрат] Мусо ибн Жаъфарга эмас. Улар худосиз мунофиқлардир, лекин исно ашарий имомийлар исмоилийлардан анча яхшироқдирлар. Чунки, Имомия ҳаддан ортиқ жоҳиллик ва гумроҳликларига қарамай, ботинда ва зоҳирда мусулмондирлар, зиндиқ (худосиз) ва мунофиқ эмаслар, балки улар жоҳил ва йўлдан адашганлар бўлиб, ўз нафсоний истакларига эргашганлар. Аммо Исмоилийлар: уларнинг ўз ботиний чақириқларининг ҳақиқатини биладиган буюк пешволари зиндиқ (худосиз) ва мунофиқдирлар. Лекин уларнинг ишлари ва ақийдаларининг маъно-моҳиятини билмайдиган [оддий] кишилари эса мусулмон бўлиши мумкин»[6].

Шунга биноан, маълум бўлганидек Ибн Таймийя бу ерда рофизийлар орасидаги бир тоифа зоҳирда ҳам, ботинда ҳам мусулмон эканлигини ошкора айтади. Агар Ибн Таймийя шиаларнинг барчасини шунчаки рофизий бўлганликлари сабаб кофирга чиқарганида эди, уларда зоҳирий ва ботиний ислом борлигига иқрор бўлмаган бўларди. Демак, бундан маълум бўладики, Ибн Таймийя рофизийларни фақат шартлар бор бўлиб, тўсиқ бўлмагандагина кофир деб билади. У бу ингичка масалани кейинги нуқтада изоҳлайди.

Иккинчидан; Ибн Таймийянинг очиқ айтишича, у рофизийларнинг муайян бир тоифасини шартлар мавжуд бўлиб тўсиқлар бўлмаган тақдирдагина кофирга чиқаради. У бу ҳақда айтади:

«Улардан маълум бир кишини кофирга чиқариб, дўзах оловида абадий қолади деб ҳукм чиқариш такфир [кофирга чиқариш] шартларининг борлигини ва тўсиқларнинг йўқлигини талаб этади. Зероки, биз ваъийд [дўзахга киришга ваъда қилиш], такфир ва тафсиқ [фосиққа чиқариш]ни мутлақ ва қайд-шартсиз баён қиламиз. Аммо аниқ бир киши ҳақида умумий ҳукм [кофирлик ва дўзахий бўлиш] бор деб ҳукм қилмаймиз. Илло унда шартлар мавжуд бўлиб, ўша шартларга қарши тўсиқлар бўлмагандагина шундай ҳукм қиламиз»[7].

Бу баёнот Ибн Таймийянинг рофизийлар ҳақидаги эътиқодидир. У уларни ёлғиз рофизийликлари учун кофирга чиқармайди, балки бунинг учун шароит мавжуд бўлиб, [уларнинг кофирликларига ҳукм қилиш учун] тўсиқлар ҳам бўлмаслиги керак. Шунинг учун Ибн Таймийя бу ерда уларнинг қарашлари куфрона эканлигини, лекин рофизий кишилар кофир эмасликларини таъкидлайди. Чунки, у уларнинг эътиқодлари билан ҳукмлари ўртасида фарқ қўйган.

Ибн Таймийянинг бу сўзлари ваъда ва ваъийд соҳасидаги муҳим бир тамойилни ижро этиш йўлидадир ва у «мутлақ ва умумий тавсиф билан муайян шахс ҳақидаги ҳукм ўртасида фарқ қўйишдир». Ушбу тамойил энг муҳим қоидалардан бири бўлиб, Ибн Таймийя фирқалар ва мухолифларга қарши ҳукм чиқаришда уни жорий этган. Иншо Аллоҳ, биз ҳам баҳс давомида бу қоида ҳақида кўпроқ сўз юритгаймиз.

Учинчидан; яҳудий ва насронийларни рофизийлардан устун деб биладиган кишилар ҳақида Ибн Таймийядан сўралганда, у қуйидаги сўзлари билан қаршилигини билдириб деди:

«Ҳазрат Муҳаммад (с.а.о) олиб келган нарсага иймон келтирган ҳар бир киши унга кофир бўлган кимсадан кўра яхшироқдир. Гарчи бу мўмин бирор хил бидъатга дучор бўлган бўлса ҳам, хоҳ хавориж гуруҳининг бидъати бўлсин ёки шианинг, ё муржиъанинг, ё қадариянинг ва ёхуд бошқаларнинг бидъати»[8].

Тўртинчидан; Ибн Таймийядан бир рофизий эркакка никоҳланишнинг ҳукми ҳақида сўралганда, аслида ундай одамга турмушга чиқмаслик керак. Зеро, у хотинининг эътиқодига ўз таъсирини ўтказиш хавфи бўлади деб жавоб беради. Демак, агар Ибн Таймийя нигоҳидан рофизийлар кофир бўлганда эди, унда уларнинг кофирлиги сабабли рофизий кишига турмушга чиқишга тўсқинлик қилган бўларди. Бу сўздан маълум бўладики, Ибн Таймиянинг эътиқодига кўра, рофизийлар ислом динидан ташқарида эмаслар. У бу борада ёзади:

«Мусулмон киши қизини рофизий мазҳабдаги шахсга никоҳлаши тўғри эмас. Агар мусулмон эркак рофизий мазҳабдаги аёлга уйланса, агар унинг тавба қилишига умиди бўлса, бу никоҳ тўғри бўлади. Акс ҳолда, унга уйланишдан воз кечиши яхшироқдир, мабодо [бу аёл] ўша эркакнинг боласини [ақийдада] бузиб қўймасин деб»[9].

Агар Ибн Таймийя нигоҳидан рофизий мазҳабдаги аёл кофир бўлганида эди, унда рофизий мазҳабда бўлмаган киши хоҳ аҳли суннатдан бўлсин ёки бошқалар ўша аёлни ўз никоҳига олиши тўғри бўлмасди.

Бешинчидан; Ибн Таймийя рофизий мазҳабдаги пешнамознинг орқасида намоз ўқишни саҳиҳ деб билади. Демак, агар унинг фикрига кўра, рофизий мазҳабдаги киши кофир бўлганида эди, унда у рофизий кишига иқтидо қилиб ўқилган намоз ботил деб ҳукм берган бўларди. Зеро, маълумки, кофир пешнамознинг орқасида намоз ўқиш тўғри ва саҳиҳ эмас. У борада айтади:

«Фосиқ ва бидъатчининг намози ўз-ўзидан тўғри ва саҳиҳдир. Демак, агар бирор киши унинг орқасида туриб намоз ўқиса, намози ботил бўлмайди. Аммо бундай шахснинг орқасида намоз ўқиш макруҳ деб айтилгани эса амри маъруф (яхшиликка чақириш) ва наҳйи мункар (ёмонликдан қайтариш) вожиб бўлгани сабаблидир. Ушбу ҳукмнинг мисолларидан бири, агар бирор шахс бидъат ёки бузуқлик эълон қилса, мусулмонларнинг пешнамози бўлмаслигидир, чунки тавба қилмагунича таъзирга лойиқдир. Демак, агар тавба қилмагунича у билан алоқани узиш мумкин бўлса, бу яхши ишдир. Агар бирор киши у тавба қилмагунича ёки [пешнамозлик лавозимидан] бўшатилгунича ёхуд одамлар бундай гуноҳдан қўл тортгунларича, унинг орқасида намоз ўқишни тарк этиб, бошқа кишининг орқасида намоз ўқиса афзалдир. Бинобарин, бу ҳукм унинг орқасида намоз ўқиш маслаҳатга эга бўлиб, намоз ўқувчи ҳам жума ёки жамоат намозини қўлдан бермайдиган бир ҳолат учундир. Аммо агар [унинг орқасида] намоз ўқишни тарк этиш жума ва жамоат намозларини қўлдан беришга сабаб бўладиган бўлса, унда буларнинг орқасида намоз ўқишни тарк этмаслик керак. Илло [жамоат ёки жума пешнамози] бидъатчи ва саҳобаларга мухолиф бўлса, [у ҳолда орқасида намоз ўқишни тарк этиш мумкин]. Шунингдек [жамоат/жума намозларининг] пешнамози ҳокимлар тайинланган кишилар бўлса ва унга иқтидо қилмасликнинг бирор маслаҳати бўлмаса, унда намоз ўқувчига унга иқтидо қилиши вожиб эмас, балки [юқоридаги шартларга эга бўлган бир неча пешнамоз бор бўлганида,] афзал бўлган [жамоат/жума намозларининг] пешнамози орқасида туриб намоз ўқиш яхшироқдир. Бу ҳукмларнинг ҳаммаси рофиза ва жаҳмийяларнинг бидъати каби Қуръон ва Суннатга қарши фосиқлик ёки бидъат ошкор этган шахсга нисбатан ҳам қўлланилади»[10].

Бинобарин, Ибн Таймийя бу тафсилотни ва ҳукмдаги фарқни рофизийлар ва уларга ўхшаш бидъати ошкор бўлган бидъатчилар ҳақида айтган. Бироқ шунга қарамай, у рофизийлар пешнамозлигида ўқилган намознинг саҳиҳ эканлигига ҳукм қилган.

Бу Ибн Таймийянинг баъзи сўзлари бўлиб, унинг бу сўзлари рофизийларни кофирга чиқармаганлигидан дарак беради. Шунинг учун у рофизийларга нисбатан кофир билан қилинадиган муносабатни билдирмаган. Албатта, Ибн Таймийянинг бу масалаларга ишора қилган кўплаб сўзлари бор, гарчи рофизийларнинг кофир эмаслигини кўрсатадиган бошқа баъзи бир масалалар Ибн Таймийя томонидан айтилмаган бўлса ҳам. Ҳар ҳолда биз бу ерда фақат Ибн Таймийянинг қарашини баён қилмоқчимиз.

Бу қараш, яъни «рофизийларнинг кофир эмаслиги» фақат Ибн Таймийя томонидан баён қилинмаган, балки ундан олдинги бир гуруҳ пешволар ҳам шундай эътиқодга эга бўлганлар. Шубҳасиз, бу қараш тўғри эътиқод бўлиб, Аҳли суннатнинг тамойил ва қоидаларига уйғун келади.

Иккинчи масала; Ибн Таймийянинг рофизийлар ҳақидаги сўзлари борасида илгари сурилган шубҳаларга жавобдир.

Баъзи тадқиқотчилар Ибн Таймийянинг рофизийлар ҳукми ҳақидаги баъзи ибораларини тушунишда қийинчиликка учраганлар, шунинг учун уларнинг баъзилари Ибн Таймийя рофизий мазҳабдаги кишиларни кофирга чиқарган деб тушунишган. Ибн Таймийянинг рофизийлар ҳақида айтган ушбу сўзи шу жумладандир: «Улар диндан ёки айрим [ҳақ] диндан муртад бўлганлар» ва шунингдек унинг бу сўзи: «Рофизийларнинг асл дини яҳудийлардандир, чунки бундай эътиқодга эга бўлган биринчи киши, яҳудийлардан бўлган Абдуллоҳ ибн Сабаъдир» ҳамда унинг «рофизийларнинг ифлослиги, мусулмонлар билан жанжаллашиши, кофирлар билан дўстлашиши ва рофизийлар наздида бўлган бошқа кофирчиликлар»[11] ҳақидаги сўзлари шулар жумласидандир.

Бинобарин, Ибн Таймийянинг сўзларида тўхталганларнинг баъзилари бу сўзларни ва унинг бошқа ибораларини шундай тушунганларки, у рофизий мазҳабдаги кишиларни кофирга чиқарган. Аммо ҳақиқат шундан иборатки, бундай иборалар ва шунга ўхшашлардан Ибн Таймийя барча рофизийларни кофир деб билади деган тушунчага бормаслик керак. Илмий изланиш ва тадқиқот ишида Ибн Таймийянинг олдинги ошкор ва аниқ иборалар каби сўзларини эътиборсиз қолдириш тўғри эмас, чунки у рофизийларни фақат рофизий бўлгани учун кофирга чиқармаган, балки [рофизийларни кофирга чиқариш учун] муайян шартлар бўлиши керак. Шунинг учун, биз Ибн Таймийянинг унинг ўзи баён қилган очиқ сўзларини четга суриб, унинг бундай умумий ва ноаниқ ибораларини кўтариб чиқишга ҳақли эмасмиз.

Бироқ, бу ерда айтилган ибораларга бир неча умумий жавоб бериш мумкин. Шу жумладан:

Биринчидан, Аҳли суннатнинг такфир [кофирга чиқариш] ва шунга ўхшашлар билан боғлиқ қоидасини эслатиш, яъни «мутлақ ва умумий тавсиф билан муайян шахс ҳақидаги ҳукм ўртасида фарқ қўйиш» керак. Зероки, бир сўз куфрона бўлиши мумкин, лекин уни айтувчи киши албатта, кофир бўлади дегани эмас. Бу машҳур қоида бўлиб, дин пешволари, жумладан Ибн Таймийя уни жорий этганлар. Ибн Таймийянинг олдинги ибораларида келганидек, у ушбу қоидага амал қилган ва бу қоидани рофизийларга нисбатан амалга оширган.

Тадқиқотчиларнинг рофизийлар ҳукми борасидаги шубҳа ва ишкалларининг сабаби ушбу қоиданинг ҳақиқатидан ғафлатда қолганликларидир. Ушбу қоиданинг ҳақиқати шундан иборатки, муайян бир амалнинг куфрона эканлигига ҳукм қилишнинг маъноси кимки ўша амални бажарса, кофир бўлади дегани эмас. Шунингдек, куфрона амални бажарган кишини кофир деб билмасликнинг маъноси ўша бажарган амали куфрона бўлмайди дегани эмас. Демак, муайян бир амалнинг [= куфрнинг] ҳукмини ўша амалнинг бажарувчисига жорий этиш учун ўша шахсда муайян шартлар мавжуд бўлиши ва муайян тўсиқлар бўлмаслиги керак. Демак, агар бу шартлар бўлмаса ва тўсиқлар ҳам бартараф этилмаган бўлса, у ҳолда ўша муайян амалнинг ҳукми унинг бажарувчисига нисбатан қўлланилмайди. Шубҳасиз, агар биз ўша амалнинг ҳукмини унинг бажарувчисига юкламасак, бунинг маъноси ўша амалнинг ҳукми ўртадан кўтарилган дегани эмас. Ушбу изоҳдан шундай хулосага келамизки, бир амалнинг ҳукми билан ўша амал ҳукмининг бажарувчисига нисбатан амалга ошиши ўртасида фарқ бор. Демак, иккинчи ҳукм ўртадан кўтарилишининг маъноси биринчи ҳукм ўртадан кўтарилди дегани эмас.

Бинобарин, агар бу ишнинг бажарувчиси кофир эмас деб айтсак, бу сўзнинг маъноси ҳеч кимни бу иш сабабли кофирга чиқариб бўлмайди дегани эмас, балки бошқа бир киши ўша ишни қилса, у кишининг кофир бўлганлиги ҳақида ҳукм қилишимиз мумкин. Зеро, ўша шартлар унда мавжуд бўлиб, тўсиқлар ҳам йўқдир. Шунга биноан, бир ишнинг ҳукмини унинг бажарувчисига нисбатан жорий этиш учун фақат ўша ишнинг ҳукми етарли эмас, балки бошқа шартлар мавжуд бўлиши ва тўсиқлар ҳам бўлмаслиги керак. Демак, агар бир ишга куфрли деб ҳукм қилсак, бунинг маъноси кимки бу ишни бажарса, у бизнинг ҳукмимизга кўра кофирдир дегани эмас.

Энди бу сўз баён этилгач, шуни айтиш керакки, Ибн Таймийя рофизийларнинг кўплаб эътиқодлари учун мутлақо куфр ва кофирлик деб ҳукм чиқарган, балки бундан ҳам ошиб, кофирлик сифатини рофизийларга нисбатан мутлақ ҳолда юклаган. Шунга қарамай, у бу эътиқодлар ҳукми, яъни кофирликни уларнинг ҳар бирига юкламаган. Бу эса олдинроқ шарҳланган қоидани жорий этишдир.

Шунга асосан, баъзи тадқиқотчилар Ибн Таймийянинг сўзларини нотўғри тушунганлари каби биз унинг бундай умумий баёнотидан у рофизийларни бирма-бир кофирга чиқарган деб тушунмаслигимиз керак. Кимда-ким Ибн Таймийянинг сўзларини шундай тушунган бўлса, у икки жиҳатдан хатога йўл қўйган; дастлаб олдинроқ келганидек Ибн Таймийянинг рофизийларни кофирга чиқармаслик ҳақидаги очиқ-ойдин сўзларига зид бўлган тушунчани кўтариб чиққан. Иккинчидан, бу шахс Ибн Таймийя ўзининг барча сўзларида жорий этган қоиданинг талабига қаршилик қилган.

Кўриб турганимиздек, Ибн Таймийядан у рофизийларни кофирга чиқарган деб нақл қиладиган кишилар дарвоқе, шу қабилдаги ибораларни ундан нақл қилиб келтирадилар. Яъни айрим матнларда Ибн Таймийя рофизийларнинг амаллари ва феъл-атворларини [ўзларини эмас] кофирликка йўйган ёки рофизийларнинг мутлақ ҳолда [бирма-бир эмас] кофирлигига ҳукм берган. Аммо бундай кишилар Ибн Таймийядан шундай ибораларни нақл қилишганки, у рофизийларнинг бирма-бирини ошкор ҳолда кофирга чиқарган бўлсин, ҳолбуки, бунга зид бўлган иборалар ҳам талайгина. Мисол тариқасида, Ибн Таймийянинг рофизий кишилар фақат шартлар мавжуд бўлиб тўсиқлар йўқ бўлган тақдирдагина кофирга чиқарилади деган иборалари шулар жумласидандир.

Демак, Ибн Таймийянинг сўзларидан у рофизийларнинг бирма-бирини кофирга чиқарган деган хулосани фақат чиқармоқчи бўлганлар Ибн Таймийянинг ушбу сўзлари «рофизийлар орасида зоҳирий ва ботиний мусулмонлар бор» қаршисида қандай хулосага келадилар?! Ёки бундай шахслар Ибн Таймийянинг ўзи айтган «рофизий кишилар фақат шартлар бор бўлиб тўсиқлар бўлмаган тақдирдагина кофирга чиқариладилар» ушбу гапи қаршисида қандай мавқега эгалар?!

Иккинчидан, бир қарашнинг келиб чиқиши яҳудий ёки насронийлардан бўлгани ўша қарашга эга бўлган ҳар бир шахс кофир ва Ислом динидан ташқарида эканлигини талаб қилмайди. Зеро, бир мусулмон бундай қарашни тилга келтириши мумкин, лекин илк бор ким уни айтганини билмасин, ёки ўша қарашни айтса-да, аммо уни таъвил ва тафсир қилиш билан изоҳласин [бу қарашнинг асл маъносини кўзда тутмаган бўлиши мумкин]. Агарчи унинг бу қараши койилиб, унинг ботил эканининг баён этилиши зарур бўлса-да, бироқ бизнинг сўзимиз бу қараш ҳақида эмас, балки бу қарашнинг айтувчиси ва унга эътиқод қилувчи ҳақидадир.

Учинчидан, аслида рофизийларнинг бирма-бири кофирга чиқарилмайди, деган гапнинг маъноси уларнинг баъзилари кофирликка, худосизликка ёки мунофиқликка ҳукм қилинмайди дегани эмас. Бунга изоҳ берадиган бўлсак: баъзи рофизий кишиларнинг кофир эканлиги ҳақида ҳукм чиқаришимиз мумкин, чунки уларда кофирлик шартлари юзага келиб, унинг тўсиқлари ҳам бартараф этилгандир. Аммо баъзи рофизийларнинг кофир эканлиги демак, кимки рофизий номига эга бўлса, ўша шахс шак-шубҳасиз кофирдир дегани эмас. Шунингдек, баъзи рофизийларнинг кофир эмаслиги бу – уларнинг ҳеч бири кофир эмаслигини билдирмайди. Ибн Таймийянинг улар орасида кофирлик ва худосизлик бўлган рофизийлар ҳақидаги сўзи мана шу йўналишдадир.

Тўртинчидан, рофизийларнинг маломат қилиниши билан кофирликка ҳукм этилиши ўртасида фарқ бор. Зероки, рофизийларнинг кофирликка ҳукм қилиниши оламлар Парвардигори бўлган Аллоҳ таолонинг улар ҳақида имзоси борлигини англатиб, Худонинг улар борасидаги ҳукмини баён қилади ва бу эса шаръий далиллар орқали исботлашни талаб этади. Аммо жанжал, ифлослик, хавфлилик ва шунга ўхшаш бошқа ҳукмлар эса инсоний тажрибага ва уларнинг биргаликда яшашига қайтадиган ҳукмлардир.

Мақсад шуки, биз ҳар бир ҳукмнинг тури билан унинг тўғрилигини исботлаш тарзи ўртасида фарқ қўйишимиз керак.

Бешинчидан, Ибн Таймийя ушбу масалага тўлақонли эътибор қаратган. Чунки, у айрим хусусиятлар билан таништирган рофизийлар бундай тавсифга сазовор эдилар. Аммо Ибн Таймийя Аллоҳ таолонинг ирода-истагини ифодаловчи кофирлик ҳукмига келганда эса, ушбу ҳукмни рофизийларга жорий этиш учун тажриба услубини қўлламайди, балки диний матнларга мурожаат қилади. Негаки, диний матнлар бундай ҳукмларни чиқаришнинг ягона йўлидир. Аммо Ибн Таймийя ҳар бир рофизийнинг кофир эканлигига бирор далил кўрмайди. Ибн Таймийянинг сўзида тўхталган ҳар бир киши бу масалани тўлиқ тушуниб етади.

Қисқа қилиб айтганда, рофизийларнинг хатаридан огоҳлантириш бир усул ва масала бўлса, уларнинг кофир эканлиги ва Ислом динидан чиққанлиги ҳақида ҳукм қилиш эса бошқа бир услубга эга. Бинобарин, бу иккисини бир-бири билан чалкаштирмаслигимиз лозим, балки бу иккаласини ўзаро чалкаштириш кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради.

Олтинчидан, шиаларнинг эътиқодлари бир хил эмас, уларнинг баъзилари ғулувга борганлар, баъзилари эса бундай эмаслар. Шунга биноан, уларнинг бир гуруҳини кофир деб ҳукм қилишнинг маъноси ушбу ҳукм барча шиа гуруҳларига татбиқ этилади дегани эмас. Чунки, баъзи шиа гуруҳларининг кофир эканлиги шак-шубҳасиз, ҳар бир шиа кофир дегани эмас, шунингдек олдинроқ бу борада сўз юритилганидек бунинг акси ҳам тўғридир.

Аллоҳнинг дуруду саломи пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.о)га ва ул зотнинг хонадони аҳлига ва ҳамма саҳобаларига бўлсин.

Кўрсаткичлар:

[1]. Ҳазрат Али (алайҳис салом)ни барча саҳобалардан устун кўриб, ул зотнинг бошқа саҳобалардан афзал ва устунлигига эътиқод қилган кишилар. (Таржимон изоҳи)

[2]. Ибн Таймия, «Мажмуъул фатово», 3-жилд, 351-бет.

[3]. Ибн Таймия, «Минҳож ас-суннаҳ», 3-жилд, 452-бет ҳамда 5-жилд, 12 ва 337-бетлар ва бошқа ўринларда.

[4]. Ибн Таймия, «Мажмуъул фатово», 3-жилд, 56-бет ҳамда «Ас-Соримул маслул», 567-571-бетлар.

[5]. Ибн Таймийя, «Мажмуъул фатово», 13-жилд, 96-бет.

[6]. Ибн Таймийя, «Минҳож ас-суннаҳ», 2-жилд, 452-бет.

[7]. Ибн Таймийя, «Мажмуъул фатово», 28-жилд, 500-бет.

[8]. Ибн Таймийя, «Мажмуъул фатово», 35-жилд, 201-бет.

[9]. Олдинги манба.

[10]. Ибн Таймийя, «Мажмуъул фатово», 23-жилд, 354-бет.

[11]. Ибн Таймийянинг ушбу сўзининг манбаи ҳақида олдинроқ ва баҳсимизнинг аввалида сўз юритгандик.

Фойдаланилган манбалар:

1.«Ас-Соримул маслул ало шотимур-Расул», Тақиюдин Абул Аббос Аҳмад ибн Абдулҳалим ибн Таймийя ал-Ҳарроний, тадқиқотчи: Муҳаммад Муҳиддин Абдул Ҳамид, чоп этган давлат: Саудия Арабистони, ал-Ҳарасул ватаний ас-Саудий нашриёти.

2.«Мажмуъул фатово», Тақиюдин Абул Аббос Аҳмад ибн Абдулҳалим ибн Таймийя ал-Ҳарроний, тадқиқотчи: Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Қосим, чоп этган давлат: Саудия Арабистони Мадина шаҳри, Подшоҳ Фаҳаднинг ал-Мусҳафуш-шарифни чоп этиш мажмуаси, 1416-ҳижрий қамарий/ 1995- милодий йил.

3.«Минҳожус-суннаҳ ан-Набавийя фий нақзи каломиш-шиатил қадария», Тақиюдин Абул Аббос Аҳмад ибн Абдулҳалим ибн Таймийя ал-Ҳарроний, тадқиқотчи: Муҳаммад Рашод Солим, Муҳаммад ибн Саъуд номидаги Исломий унверситет, 1406-ҳижрий қамарий/ 1986-милодий йил.

Муаллиф: Султон Ал-Умайрий

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Салафийларнинг глобал жиҳодчилик тизими шаклланиши

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан 2005 йилнинг январида эълон қилинган «Бутун жаҳон …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.