Home / Қурони Карим / Қуръоний сабоқлар / Қуръонда ҳижоб ва ўраниш масаласи (3)

Қуръонда ҳижоб ва ўраниш масаласи (3)

images1236578Мусулмон аёлларга ҳижоб ва ўраниш вожиб эканлиги ҳақидаги иккинчи ояти карима:

<يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ قُل لِّأَزْوَاجِكَ وَبَنَاتِكَ وَنِسَآءِ الْمُؤْمِنِينَ يُدْنِينَ عَلَيْهِنَّ مِن جَلَابِيبِهِنَّ ۚ ذَٰلِكَ أَدْنَىٰ أَن يُعْرَ‌فْنَ فَلَا يُؤْذَيْنَ ۗ وَكَانَ اللَّـهُ غَفُورً‌ا رَّ‌حِيمًا>

«Эй Пайғамбар, жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт: жилбобларини (узун рўмолларини ёки бутун баданларини ёпадиган кенг кийимларини) ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир. Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир.» (Аҳзоб сураси, 59 – оят)

Юқоридаги ояти каримани чуқурроқ тушиниш учун унинг шаъни нузулини (нозил бўлганлик сабабини) кўриб чиқиш лозим. Ушбу оят учун икки шаъни нузул айтилган.

Биринчи шаъни нузул; Али ибн Иброҳимнинг тафсирида шундай баён қилинган: Ўша кунларда (Исломнинг илк чоғларида) муслима аёллар масжидга борар ва Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг орқаларида намоз ўқир эдилар. Оқшом пайти улар мағриб (шом) ва ишо (хуфтон) намозини ўқиш учун масжидга бораётганларида, кўчада санқиб юрган айрим дайди йигитлар ножўя сўзлар билан аёлларга гап отиб, уларга озор берардилар. Юқоридаги ояти карима нозил бўлиб, муслима аёлларга ҳижоб ва ўраниш вожиб эканлиги уқтирилди. Токи, улар чўри аёллардан яхшироқ танилиб, ҳеч ким уларга озор етказа олмасин.

Ўша тафсир китобида ояти кариманинг иккинчи шаъни нузули борасида шундай айтилган: Мадинаи Мунавварада бўлган бир гуруҳ мунофиқлар сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) айрим ғазавот (уруш)ларга борганларида, ул зот ҳақларида турли уйдирмаларни халқ орасида тарқатардилар. Баъзида: Пайғамбар ўлдирилдилар, деб айтардилар ва баъзан эса: Ул ҳазрат асир тушдилар, деб миш-миш тарқатардилар. Жангга боришга кучи етмай, Мадинада қолган мусулмонлар бу хабарларни эшитиб, қаттиқ ранжирдилар. Сўнгра Пайғамбар Мадинага қайтиб келганларида, мусулмонлар ул зотга бу ҳақда шикоят қиладилар. Шунда ушбу ояти карима нозил бўлиб, уйдирма гапларни тарқатувчиларни таҳдид этади.

Нур сурасининг олдинги оятларида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва мўминларга озор бериш тақиқланганлигининг давоми ўлароқ, ушбу оятда ҳам озор беришнинг яна бир мавридига ишора этилиб, унинг олдини олиш учун икки услуб қўлланилади.

  1. Ушбу оятда мўмина-муслима аёлларга фасоб-бузғунлик қилмоқчи бўлганлардан ҳар қандай узр-баҳонани олиб қўйиш буюрилади.
  2. Сўнгра эса ўта кескин кайфиятда уйдирма гапларни тарқатувчи мунофиқлар таҳдид остига олинадилар.

Шунга биноан, Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада Ўз Пайғамбарига шундай буюради: «Эй Пайғамбар, жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт: жилбобларини (узун рўмолларини ёки бутун баданларини ёпадиган кенг кийимларини) ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир.»

Танилмоқларидан нима назарда тутилгани борасида икки назар тафсирчи олимлар орасида мавжуд бўлиб, бу иккала назар бир-бирига зид эмас.

  1. Ўша замонда чўрилар бош ва бўйинларини беркитмай, очиқ ҳолда ташқарига чиқишлари оддий ҳол бўлган ва улар ахлоқий жиҳатдан яхши вазиятда бўлмаганлари учун гоҳида айрим дайди йигитлар уларга тўқинардилар. Шунга биноан, ҳур ва озод аёлларга ўзларини номаҳрам эркаклардан ёпишлари вожиб қилинди. Токи, улар чўри аёллардан танилиб, бунинг натижасида халақит берувчилар томонидан озорга учрамасинлар.

Маълумки, бу сўзнинг маъноси санқиб юрувчи дайди йигитлар чўри аёлларга озор етказишга ҳақлари бор дегани эмас, балки бузғунчилар узр-баҳоналар келтириб ножўя хатти-ҳаракатлар қилишларининг олдини олиш назарда тутилган.

  1. Мўмина-муслима аёлларнинг танилмасликларидан мурод улар ўзларининг чиройли бадан ва зийнатларини номаҳрам эркаклардан беркитишда эътиборсиз ва бепарво бўлмай, Аллоҳ таолонинг мусулмон аёлларга ҳижоб ва ўраниш вожиб эканлиги ҳақидаги ҳукмига амал қилмоқлари зарур. Акс ҳолда кўча ва хиёбонда юрган айрим ҳавасбоз эркакларнинг диққатини ўзларига жалб этиб, жамиятда зино ва бузғунликлар юз беришига сабаб бўладилар.

Юқоридаги ояти каримада келган жилбоб сўзидан нима маъно назарда тутилгани ҳақида муфассирлар ва луғатшунослар бир неча назар билдирилган:

  1. Малҳафа: Рўмолдан узунроқ кийим бўлиб, у билан аёллар бош, бўйин ва кўксиларини ёпадилар. Ушбу маънони луғатшунос олим Ибн Асир ўзининг Ан-Ниҳоя китобида жалб ўзагининг изоҳида келтирган.
  2. Айримлар жилбобни айнан рўмол деб билганлар. Бу ҳақда Шайх Тусий Ат-Тибён китобида Ибн Аббос ва Мужоҳиддан шундай нақл қилади: Жилбоб аёллар уйдан чиқаётганда, пешана ва бошларини боғлайдиган рўмол демакдир.[1]
  3. Бутун баданни қамраб оладиган кенг кўйлак. Тафсирчи олим Қуртубий бу ҳақда ёзади: Жалобийб сўзи жилбобнинг кўплиги бўлиб, рўмолдан анча каттароқ ва бутун баданни тўсадиган кийимдир.[2] Шунингдек, Муҳаммад Ғавс жилбобдан мурод аёл кишининг бутун баданини беркитадиган кийим эканлигини айтади.[3] Буюк муфассир аллома Таботабоий ҳам бу ҳақда ёзади: Жалобийб сўзи жилбобнинг кўплиги бўлиб, аёл киши уни устига ташлайди ва унинг бутун танасини ёпади.[4]

Агарчи жилбоб сўзи борасида айтилган маънолар хилма-хил бўлса-да, лекин уларнинг ҳаммаси танани беркитадиган кийим эканлигига ишора этадилар.

Аммо жилбоб сўзи тўғрисида айтилган маънолар орасидан «бутун баданни тўсадиган устки кийим» деган тушунча бошқа маънолардан кўра, тўғрироқдир деб ўйлайман. Зеро, يُدْنِينَ буйруғи «яқин қилсинлар» маъносида бўлиб, ушбу ояти каримада аёллар жилбобларининг икки тарафини бир-бирига яқин қилишга буюрилганлар. Токи, бутун чирой ва зийнатлари номаҳрамлар нигоҳидан беркитилсин. Демак, жилбоб тўнга ўхшаш икки тарафи очиқ бўлган аёлларнинг бутун танасини беркитадиган бир кийимдир.

Айримлар ушбу ояти каримадан фойдаланиб аёллар юзларини ҳам ёпишлари зарур эканлигини айтганлар, бироқ мазкур оят бу маънони англатмайди ва жуда оз муфассирлар юзни ҳам беркитишни оятнинг маъносидир деб тушунганлар.

Демак, ушбу ояти каримадан маълум бўладики, ҳижоб ва ўраниш ҳукми ҳур ва озод аёллар учун бу оятдан олдин ҳам нозил бўлган, бироқ айрим мусулмон аёллар соддалик юзасидан ҳижоб ҳукмига енгил қараб, унга риоя этмаганликлари учун ушбу ояти карима ҳижоб ва ўранишга нисбатан аҳамиятли бўлишга чақириб, ушбу ҳукмни таъкидлаган.

Ушбу ҳукм нозил бўлганлиги кўпгина мўмина аёлларни ўтмишларига нисбатан безовталантиргани боис, оятнинг якунида шундай қўшимча қилинади: «Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир.»

Бунинг изоҳи шуки, сиз мўмина-муслима аёллар ҳижоб ва ўраниш ҳукмига амал қилишда сустлик қилишингиз нодонлик ва билмаслик юзасидан бўлгани учун Аллоҳ таоло сизларни кечиради. Шу боис, тавба қилиб Унинг томон қайтинг, иффат ва ҳижобга оид вазифангизни тўкис бажаринг.

Бинобарин, ҳижоб ва ўранишга оид бўлган оятлардан қуйидаги хулосага келамиз;

Мўмина-муслима аёлларнинг шарафини сақлаш учун Аллоҳ таоло уларга ҳижоб кийиб ўранишни буюрган. Демак, улар Тангри таолонинг амрига итоат этиб, авратларини номаҳрам эркаклардан беркитмоқлари лозим. Улар бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки бўйинлари, кўксилари ва кўкракларини ҳам тўсиб туриши шарт. Токи, уларнинг жамоли бегона кўзларга мўлжал бўлиб, турли фитналар келтириб чиқармасин. Бунинг учун эса, юз ва икки кафтларидан ташқари бутун таналарини тўсиб турадиган кийим киймоқлари лозим. Зеро, аёл кишининг номаҳрам эркакларга нисбатан аврати юзи ва икки кафтидан бошқа бутун баданидир. Бундан ташқари, аёлларнинг кийими юпқа, баданга ёпишган ва тор бўлмаслиги ҳам зарур.

Шунингдек, мусулмон аёллар ҳижоб ҳақидаги оятларга амал қилиб, ботиний ва яширин зийнатларини ҳам номаҳрамлардан беркитмоқлари зарур. Ботиний зийнат деганда чиройли кийимлар, тақинчоқлар ва аёллар ўзларини чиройли кўрсатиш учун ишлатадиган турли воситалар кўзда тутилади. Айтилганларга риоя қилинган тақдирдагина Аллоҳ таоло Қуръонда буюрган ҳижоб ва ўраниш ҳисобланиб, номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб қилмайдиган бўлади.

Фойдаланилган адабиётлар:

[1]. Шайх Тусий, Ат-Тибён тафсири, 8 – жилд, 327 – бет.

[2]. Қуртубий, Ал-Жомеъ лиаҳкомил Қуръон тафсири, Аҳзоб сурасининг 59 – ояти тафсирида.

[3]. Муҳаммад Ғавс, Насрул маржон тафсири, эски чоп, 5 – жилд, 435 – бет.

[4]. Аллома Таботабоий, Ал-Мийзон фий тафсийрил Қуръон, 16 – жилд, 339 – бет.

Share

Check Also

Пардоз-андознинг энг моҳир устаси

Бисмиллаҳир Роҳмонир Роҳим Дунёдаги энг моҳир пардоз устаси ким эканлигини ва унинг ишxонаси қаерда эканлигини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.