Home / Қурони Карим / Қуръоний сабоқлар / Пайғамбарларнинг залолатга учраганлар билан курашишлари сабаби

Пайғамбарларнинг залолатга учраганлар билан курашишлари сабаби

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Пайғамбарлар нима сабабдан залолатга юз тутган ва йўлдан адашган кимсалар билан кураш олиб борганларини чуқур англаб етиш учун дастлаб «Рабб» сўзининг маъносини ўрганиб чиқишимиз керак.

«Рабб» калимаси энг муҳим исломий истилоҳ (атама) бўлиб, уни аниқ фаҳмлаш Аллоҳни, Пайғамбарни ва ҳақ йўлга бошловчи маъсум имомни танишда сезиларли ва диққатга сазовор таъсирга эга. Шу боис, бу сўзнинг маъносига ойдинлик киритиб уни равшанлаштирмагунча, муваҳҳид ва художўй кишини мушрикдан, яъни Аллоҳ таолога ширк келтирувчи одамдан ажратиб бўлмайди.

Араб тилида «Рабб» калимасининг маъноси:

Таниқли ва машҳур луғатшунос Роғиб Исфаҳоний айтади:

«Рабб аслида феъл ўзаги бўлиб, тарбияламоқ маъносини англатади. Тарбиялашнинг маъноси бир нарсани бир ҳолатдан бошқа ҳолатга етиштирмоқ ва ўстирмоқдан иборат, токи мукаммаллик ва камолга етсин.»

Бирор нарсани ёки ҳайвонни ёхуд инсонни борлиқнинг биринчи босқичидан то мукаммаллик ва камолотга қадар етиштирган ва ўстирган киши ўша нарсанинг ёки ҳайвоннинг ёки одамнинг Рабби бўлади.

Аксари луғатшунос олимларнинг айтишларича, «Рабб» сўзида ўстириш ва етиштиришдан ташқари моликият, яъни эгалик тушунчаси ҳам эътиборга олинган. Шунга биноан, «Рабб» калимаси Молик (Эга), Мудаббир (Бошқарувчи) ва Мураббий (Тарбияловчи) деган маъноларни англатади, деб айтиш мумкин.

Қуръонда «Рабб» калимаси:

«Раббул оламийн» деганда, барча оламларнинг Рабби ва Парвардигори, уларнинг Яратувчиси ва Эгаси ҳамда уларнинг Тарбияловчиси ва Такомиллаштирувчиси маъноларини тушунамиз. «Рабб» сўзининг Худога ва Худо бўлмаган бошқаларга қўллагандаги асосий фарқ шундаки, Аллоҳга мутлақ ҳолда ва ҳеч нарсани қўшимча қилмай, «Рабб» деб айтоламиз. Қуръон таъбирига кўра, بَلْدَةٌ طَيِّبَةٌ وَرَبٌّ غَفُورٌ (покиза юрт ва ўта кечиримли Рабб). Аммо «Рабб» сўзи бошқаларга нисбатан ишлатилганда эса бирор нарсага қўшилиб айтилади. Мисол тариқасида, Раббул-Ибил (Туянинг Эгаси ва Боқувчиси), Раббул-Байт (Уйнинг Эгаси ва Бошқарувчиси), Раббуш-Шажар (Дарахтнинг Эгаси ва Етиштирувчиси) ва ҳоказо …

«Рабб» калимасининг аниқ тушунчасини эътиборга олган ҳолда илму маърифатнинг энг асосий манбаи бўлмиш Қуръони Каримга мурожаат қилсак, ушбу ҳақиқатни яққол кўрамизки, Қуръонда ҳазрати Иброҳим, ҳазрати Мусо ёки каҳф (ғор) эгаларининг ҳикоялари баён қилиниб, уларда пайғамбарларнинг ва художўй кишиларнинг ўз замоналаридаги тоғутлар (ҳаддидан ошувчилар, ҳаққа қарши чиқувчилар)га қарши ва ўз умматлари орасидаги йўлдан адашган гумроҳларга қарши курашлари ва тўқнашувлари Аллоҳ таолонинг «Рабб» ва «Парвардигор» эканлиги устида бўлган, Унинг Холиқ ва Яратувчилиги устида эмас. Зероки, пайғамбарларга қарши бўлганларнинг кўпчилиги бутун борлиқ ва мавжудотларнинг яратувчиси Аллоҳ таоло эканлигини қабул қилишган, аммо улар Аллоҳ таолонинг Рабб ва Парвардигор эканлигини инкор қилишарди. Мисол тариқасида уларнинг айримларига ишора қиламиз:

Ҳазрати Мусо (алайҳис салом) билан Фиръавн ўртасидаги тўқнашув:

Қуръони Каримнинг кўп оятларида ушбу тўқнашув баён қилинган. Биз бу ерда намуна сифатида айримларини келтирамиз:

اذْهَبْ إِلَىٰ فِرْعَوْنَ إِنَّهُ طَغَىٰ ﴿١٧﴾ فَقُلْ هَل لَّكَ إِلَىٰ أَن تَزَكَّىٰ ﴿١٨﴾ وَأَهْدِيَكَ إِلَىٰ رَبِّكَ فَتَخْشَىٰ ﴿١٩﴾ فَأَرَاهُ الْآيَةَ الْكُبْرَىٰ ﴿٢٠﴾ فَكَذَّبَ وَعَصَىٰ ﴿٢١﴾ ثُمَّ أَدْبَرَ يَسْعَىٰ ﴿٢٢﴾ فَحَشَرَ فَنَادَىٰ ﴿٢٣﴾ فَقَالَ أَنَا رَبُّكُمُ الْأَعْلَىٰ ﴿٢٤

«(Эй Мусо,) Фиръавн олдига боргин, зероки, у ҳаддидан ошди. Ва унга айтгин: «Сенинг покланишга рағбат-хоҳишинг борми? Ва Мен сени Парвардигорингга ҳидоят қилсам, токи (Ундан) қўрқсанг», деб. Сўнг (Мусо) унга улкан мўъжиза кўрсатди. (Фиръан эса ул зотни) ёлғонга чиқарди ва (Аллоҳ таолога) осий-итоатсиз бўлди. Сўнгра ортига ўгирилиб тезлаб кетди. Кейин (мисрликлардан иборат жуда катта халойиқни) тўплади-да, жар солиб: «Мен сизларнинг энг юксак Раббингизман», деди». (Нозиъот сураси, 17 ва 24-оятлар)

Бу ерда нима учун Фиръавн бундай даъво кўтарди? деган ўринли бир савол туғилади. Бунга жавобан шуни айтиш лозимки, «Рабб» ўз қарамоғидагиларининг зарурий нарсалари ва эҳтиёжларини таъминлайдиган, яшашнинг йўл-йўриқлари, қонун-қоидалари ва шарт-шароитларини ҳамда эришиладиган ютуқ ва камолотларни белгилайдиган кишидир. Шунинг учун ҳам Фиръавн ҳокимияти ҳудудидаги ва қарамоғидаги одамларни ўзининг мол-мулки деб билиб, ўзини уларнинг Эгаси ва Соҳиби ҳисобларди. Чунки, Фиръавн одамларнинг озиқ-овқат, кийим-кечак ва уй-жойдан иборат барча эҳтиёжларини қондирарди, ижтимоий қонунларни ўрнатарди, У бани Исроил қавмига: «Сизлар пасткаш ва олчоқларсиз, бани Исроилнинг ўғил болалари сўйилсин, қизлари эса тирик сақланиб чўри қилиб олинсин, аммо (миср халқини ташкил этувчи) коптлар эса сарвар ва буюкдирлар» деди. Шунинг учун У ўзини инсонларнинг мутлоқ ҳукмдори деб биларди. Шунга кўра, Фиръавн ўзини энг юксак Рабб ва Парвардигор деб атади. У ҳеч қачон мен инсон ва бошқа нарсаларнинг яратувчисиман, – деб даъво қилмаган, балки Фиръавн шундай дерди: «Сизлар менинг хоҳиш-истакларимни бажариш ва менинг ризолигимни қўлга киритиш учун ишланглар, зероки мен сизларнинг Раббингизман».

Аллоҳ таоло бу борада Қуръоннинг бошқа оятларида шундай марҳамат қилган:

اذْهَبْ أَنتَ وَأَخُوكَ بِآيَاتِي وَلَا تَنِيَا فِي ذِكْرِي ﴿٤٢﴾ اذْهَبَا إِلَىٰ فِرْعَوْنَ إِنَّهُ طَغَىٰ ﴿٤٣﴾ فَقُولَا لَهُ قَوْلًا لَّيِّنًا لَّعَلَّهُ يَتَذَكَّرُ أَوْ يَخْشَىٰ ﴿٤٤﴾ فَأْتِيَاهُ فَقُولَا إِنَّا رَسُولَا رَبِّكَ فَأَرْسِلْ مَعَنَا بَنِي إِسْرَائِيلَ وَلَا تُعَذِّبْهُمْ ۖ قَدْ جِئْنَاكَ بِآيَةٍ مِّن رَّبِّكَ ۖ وَالسَّلَامُ عَلَىٰ مَنِ اتَّبَعَ الْهُدَىٰ ﴿٤٧﴾ إِنَّا قَدْ أُوحِيَ إِلَيْنَا أَنَّ الْعَذَابَ عَلَىٰ مَن كَذَّبَ وَتَوَلَّىٰ ﴿٤٨﴾ قَالَ فَمَن رَّبُّكُمَا يَا مُوسَىٰ ﴿٤٩﴾ قَالَ رَبُّنَا الَّذِي أَعْطَىٰ كُلَّ شَيْءٍ خَلْقَهُ ثُمَّ هَدَىٰ ﴿٥٠

«Сен ва оғанг мўъжизаларимни олиб боринглар ва Мени зикр этишда сустлик қилманглар. Сизлар Фиръавн олдига боринглар! Чунки, у ҳаддидан ошди. Ва унга юмшоқ сўз айтинглар! Шоядки, эсласа (панд-насиҳат олса) ёки (Мендан) қўрқса». Бас, сизлар унинг олдига бориб айтинглар: «Биз Раббингнинг элчиларимиз, бани Исроил қавмини биз билан бирга қўйиб юбор ва уларни азоблама. Шубҳасиз, биз сенга Раббинг томонидан оят-мўъжиза келтирдик. Ҳидоятга эргашган кишига салом-омонлик бўлсин. Албатта, бизга ваҳий қилиндики, (Аллоҳнинг пайғамбарларини) ёлғонга чиқарган ва (уларга иймон келтириб эргашишдан) юз ўгирган кимсаларга шубҳасиз, азоб бўлур». (Улар Фиръавн олдига келиб юқоридаги сўзларни айтишгач, Фиръавн у иккисига қараб) деди: «Эй Мусо, икковингизнинг Раббингиз ким?» (Мусо унга жавобан:) «Бизнинг Раббимиз барча нарсага ўз хилқатини – яратилишини ато этиб, сўнгра уни ҳидоятга солиб қўйган Зотдир», деди». (Тоҳо сураси, 42, 43, 44, 47, 48, 49 ва 50-оятлар).

Охирги оятнинг маъноси шуки, бизнинг Парвардигоримиз тарбияловчи, камолотга етказувчи ва эҳтиёжларимизни таъминловчи Зотдир. У шундай зотки, ҳамма нарсани яратган, кейин эса барча мавжудот учун ҳаёт тузумини ва яшаш қонунини яратиб, уларга йўл кўрсатган ва ҳидоятга солиб қўйган.

Юқоридаги Мусо (алайҳис салом)нинг ҳикояси давом этади. Токи ҳазрати Мусо (алайҳис салом) сеҳр ва сеҳргарликда айбланиб, Мусо (алайҳис салом) сеҳргарлар билан курашишлари ва Фиръавннинг шаримсор бўлиши билан якун топади ва оқибат ҳазрати Мусо (алайҳис салом) билан курашиш учун чақирилган сеҳргарлар таслим бўлиб: Биз Ҳорун ва Мусонинг Парвардигорига иймон келтирдик, деб айтишади.

فَأُلْقِيَ السَّحَرَةُ سُجَّدًا قَالُوا آمَنَّا بِرَبِّ هَارُونَ وَمُوسَىٰ ﴿٧٠

«Бас, сеҳргарлар: «Ҳорун ва Мусонинг Раббига иймон келтирдик», деб саждага ташландилар» (Тоҳо сураси, 70-оят).

Бу ҳикоянинг бошидан охиригача ҳар икки томонда ҳам «Рабб» ва «Парвардигор» сўзи бир неча марта айтилган. Бундан яққол маълумки, икки жабҳа ва икки томон ўртасидаги курашув ва тўқнашув асосан бу оламнинг «Рабби» ва «Парвардигори» ким эканлиги устида бўлган ва биз инсонлар кимнинг қонуни, фармони ва дастуриламалини қабул қилишимиз кераклиги устида жанжал ва низолар бўлиб ўтган.

Ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) билан замона тоғути Намруд ўртасидаги тўқнашув:

Ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) ҳаётларида ўз замонасидаги тоғут (ҳаддидан ошувчи, ҳаққа қарши чиқувчи)га қарши курашув ва тўқнашувнинг яна бир мисоли ва намунаси мавжуд. Бу борада Қуръони Каримда шундай дейилади:

أَلَمْ تَرَ إِلَى الَّذِي حَاجَّ إِبْرَاهِيمَ فِي رَبِّهِ أَنْ آتَاهُ اللَّـهُ الْمُلْكَ إِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّيَ الَّذِي يُحْيِي وَيُمِيتُ قَالَ أَنَا أُحْيِي وَأُمِيتُ ۖ قَالَ إِبْرَاهِيمُ فَإِنَّ اللَّـهَ يَأْتِي بِالشَّمْسِ مِنَ الْمَشْرِقِ فَأْتِ بِهَا مِنَ الْمَغْرِبِ فَبُهِتَ الَّذِي كَفَرَ ۗ وَاللَّـهُ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الظَّالِمِينَ ﴿٢٥٨

«(Эй Муҳаммад (алайҳис салом),) Сен Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан Иброҳим билан Парвардигори ҳақида тортишган кимсанинг (Намруднинг) хабарини билмадингми? Ўшанда Иброҳим: «Менинг Парвардигорим тирилтириб, ўлдирадиган Зотдир», деганида, у (Намруд): «Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман», деди. Иброҳим: «Албатта, Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқаради, бас, сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи», деди. Шунда бу кофир лол қолди. Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас» (Бақара сураси, 258-оят).

Ушбу ояти карима ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) билан ул зотнинг даврларида яшаб ўтган Намруд исмли бир ҳукмдор подшоҳнинг тортишувини ҳикоя қилади. Иброҳим (алайҳис салом) билан Намруд ўртасидаги тортишув ҳам бу оламнинг «Рабби» ва «Парвардигори» ким эканлиги устида бўлган.

Ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) Намрудга дедилар: Бандаларига жон бериб, жон олувчи Зотгина инсониятнинг қандай ва қай тарзда яшашини белгилаб ва аниқлаб беришга ҳамда бу хусусда қонун ва ҳукм чиқаришга ҳақлидир, Ундан ўзгаси эмас:

﴿قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّيَ الَّذِي يُحْيِي وَيُمِيتُ﴾

Иброҳим деди: «Менинг Парвардигорим тирилтириб, ўлдирадиган Зотдир»

Шунда Намруд: «Бу менинг ҳам қўлимдан келади. Мен ҳам тирилтираман ва ўлдираман», деб жавоб қайтарди. Ушбу оятнинг тафсирида келган ҳадиси шарифларда айтилишича, Намруд ўзини «Рабб» ва «Парвардигор» эканлигини исботлаш учун бир маҳбусни қамоқдан озод қилди-да, яна бир озод кишини ўлдирди.

Намруд ўзининг аҳмоқона чалғитиши билан одамларни алдаб қўймаслиги учун ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) дарҳол: «Менинг Аллоҳ бўлмиш Раббим қуёшни Шарқдан чиқаради. Агар сен чиндан ҳам «Рабб» ва қудрат эгаси бўлсанг ва бу иддаоингда содиқ ва ростгўй бўлсанг, қани қуёшни Ғарбдан чиқаргинчи!», дедилар. Ана шундагина Намруд жавоб беролмай ожиз ва ночор ҳолда лол бўлиб қолди:

﴿فَبُهِتَ الَّذِي كَفَرَ﴾

«Шунда бу кофир лол қолди».

Ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) ўз қавми билан юзма-юз бўлиши

Иброҳим Пайғамбар бошқа бир ўринда юлдузларга сиғинувчилар, ойга сиғинувчилар ва қуёшга сиғинувчилар билан юзма-юз бўлиб, улар билан баҳсга киришганларида мушриклар билан бўлиб ўтган тортишув ҳам бу оламнинг «Рабби» ва «Парвардигори» ким эканлиги устида бўлган, борлиқнинг яратувчиси ким эканлиги хусусида эмас. Зероки, Иброҳим (алайҳис салом)нинг қавми Худони таниганлиги ва тан олганлиги равшан ва бу борада ҳеч бир шубҳа йўқ. Аммо улар «Рабб» ва «Парвардигор» кимлиги хусусида Аллоҳ таолога ширк келтиришарди. Иброҳим Пайғамбар мазкур мушрикларнинг йиғинига келиб, уларнинг ўз тилида ва улар ишонган нарсалар билан баҳс ва мунозарага киришадилар ва уларнинг жоҳиллик ва нодонлиги ўртадан кўратиладиган шаклда исбот-далил келтирадилар. Бу борада Қуръони Каримнинг қуйидаги оятларини кўздан кечирамиз:

فَلَمَّا جَنَّ عَلَيْهِ اللَّيْلُ رَأَىٰ كَوْكَبًا ۖ قَالَ هَـٰذَا رَبِّي ۖ فَلَمَّا أَفَلَ قَالَ لَا أُحِبُّ الْآفِلِينَ ﴿٧٦﴾ فَلَمَّا رَأَى الْقَمَرَ بَازِغًا قَالَ هَـٰذَا رَبِّي ۖ فَلَمَّا أَفَلَ قَالَ لَئِن لَّمْ يَهْدِنِي رَبِّي لَأَكُونَنَّ مِنَ الْقَوْمِ الضَّالِّينَ ﴿٧٧﴾ فَلَمَّا رَأَى الشَّمْسَ بَازِغَةً قَالَ هَـٰذَا رَبِّي هَـٰذَا أَكْبَرُ ۖ فَلَمَّا أَفَلَتْ قَالَ يَا قَوْمِ إِنِّي بَرِيءٌ مِّمَّا تُشْرِكُونَ ﴿٧٨﴾ إِنِّي وَجَّهْتُ وَجْهِيَ لِلَّذِي فَطَرَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ حَنِيفًا ۖ وَمَا أَنَا مِنَ الْمُشْرِكِينَ ﴿٧٩

«Уни тун қамраб олганида юлдузни кўриб: «Мана шу Раббимдир», деди. У ботиб кетганида эса: «Ботувчиларни ёқтирмасман», деди. Чиқаётган ойни кўрганда: «Мана шу Раббимдир», деди. У ҳам ботганида: «Агар Раббим мени тўғри йўлга бошламаса, албатта, адашувчилардан бўламан», деди. Чиқаётган қуёшни кўрганда: «Мана шу Раббим. Бу каттароқдир», деди. У ҳам ботиб кетганида: «Эй қавмим, мен сизларнинг ширк келтираётган нарсангиздан безорман. Шубҳасиз, мен тўғри йўлга мойил бўлган ҳолимда юзимни осмонлару ерни яратган Зотга қаратдим ва мен мушриклардан эмасман», деди» (Анъом сураси, 76-оятдан 79-оятларгача).

Ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) бошқа бир жойда ўз қавмининг бут-санамларга сиғинувчи кишилари билан юзма-юз келганларида шундай деганлар:

إِذْ قَالَ لِأَبِيهِ وَقَوْمِهِ مَا هَـٰذِهِ التَّمَاثِيلُ الَّتِي أَنتُمْ لَهَا عَاكِفُونَ ﴿٥٢﴾ قَالُوا وَجَدْنَا آبَاءَنَا لَهَا عَابِدِينَ ﴿٥٣﴾ قَالَ لَقَدْ كُنتُمْ أَنتُمْ وَآبَاؤُكُمْ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ ﴿٥٤﴾ قَالُوا أَجِئْتَنَا بِالْحَقِّ أَمْ أَنتَ مِنَ اللَّاعِبِينَ ﴿٥٥﴾ قَالَ بَل رَّبُّكُمْ رَبُّ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ الَّذِي فَطَرَهُنَّ وَأَنَا عَلَىٰ ذَٰلِكُم مِّنَ الشَّاهِدِينَ ﴿٥٦

«Ўшанда [Иброҳим] отаси ва қавмига: «Сизлар доимо ибодатига берилаётган бу ҳайкаллар нимадир?» деганида; Улар: «Ота-боболаримизни уларга ибодат қилган ҳолларида топганмиз», дейишди. У [Иброҳим] деди: «Шубҳасиз, сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ-ойдин залолатда экансизлар». Улар айтдилар: «Сен бизга ҳақни келтирдингми [бу айтаётган сўзларинг ҳақ ва ростми] ёки ўйин қилгувчиларданмисан?». У деди: «Йўқ! Сизларнинг Парвардигорингиз [ҳеч кимга фойда ҳам, зиён етказа олмайдиган мана бу бутлар эмас, балки] осмонлару ернинг Парвардигоридир. У уларни Ўзи яратган Зотдир. Мен бунга гувоҳлик бергувчилардандирман» (Анбиё сураси, 52-оятдан 56-оятларгача).

Каҳф (ғор) эгаларининг ўз даври тоғутига қарши чиқишлари

Худди шундай қадим замонларда ўз замонасининг тоғутига қарши оёққа туриб, осмонлар ва ернинг Парвардигори Аллоҳ таоло эканлигини, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан бошқа ҳеч ким инсоният учун ҳаёт тизимини белгилаб беролмаслигини, фақат Унинг Ўзигина инсонларнинг Рабби ва барча оламларнинг Рабби эканлигини кўтариб чиққан художўй йигитларнинг ҳикояси ҳам диққатга сазовордир. Бу борада Қуръони Каримда шундай дейилган:

نَحْنُ نَقُصُّ عَلَيْكَ نَبَأَهُم بِالْحَقِّ ۚ إِنَّهُمْ فِتْيَةٌ آمَنُوا بِرَبِّهِمْ وَزِدْنَاهُمْ هُدًى ﴿١٣﴾ وَرَبَطْنَا عَلَىٰ قُلُوبِهِمْ إِذْ قَامُوا فَقَالُوا رَبُّنَا رَبُّ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ لَن نَّدْعُوَ مِن دُونِهِ إِلَـٰهًا ۖ لَّقَدْ قُلْنَا إِذًا شَطَطًا ﴿١٤﴾ هَـٰؤُلَاءِ قَوْمُنَا اتَّخَذُوا مِن دُونِهِ آلِهَةً ۖ لَّوْلَا يَأْتُونَ عَلَيْهِم بِسُلْطَانٍ بَيِّنٍ ۖ فَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنِ افْتَرَىٰ عَلَى اللَّـهِ كَذِبًا ﴿١٥

«[Эй Муҳаммад,] Биз сенга уларнинг хабарларини ҳақ ила ҳикоя қилиб берурмиз. Дарҳақиқат, улар Раббиларига иймон келтирган йигитлардир. Ва Биз янада уларнинг ҳидоятларини зиёда қилдик. Биз уларнинг қалбларини [иймон билан] қувватлантирдик, ўшанда улар [ширкка қарши туриш ниятида золим ва тоғут шоҳ қаршисида] туриб: «Бизнинг Раббимиз осмонлару ернинг Парвардигоридир. Биз Ундан ўзгани ҳаргиз илоҳ дея дуо-илтижо қилмаймиз. Шундай қилган тақдирда, ноҳақ сўзни айтган бўлурмиз. Ана у қавмимиз эса Ундан ўзгани худолар тутдилар. Нега улар[нинг худо ва илоҳ эканликлари]га аниқ бир ҳужжат келтирмайдилар?! Аллоҳга ёлғон уйдирган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?!», дедилар» (Каҳф сураси, 13-оятдан 15-оятларгача).

Дарҳақиқат, Асҳобул-Каҳф (ғор эгалари)нинг сўзи қуйидагича эди:

«Мен Рабб ва Парвардигорман деб даъво қилаётган, инсонлар менинг буйруғимга таслим бўлишлари керак ҳамда мен уларга қонун чиқаришим ва уларнинг ҳаётларини тартибга солишим керак», – деб айтаётган тоғут шахс «Рабб» ва «Парвардигор» эмас. У биз инсонларга қонун чиқарувчи ва бизнинг ҳаётимизни тартибга солувчи эмас. Балки Бизнинг Раббимиз айнан ўша осмонлару ернинг Парвардигоридир. У буюк Зот бизга қонун чиқариб, ҳаётимизни тартибга солади ва бизларни тўғри йўлга етаклайди.

Хотам Тоийнинг ўғли Удайнинг насроний бўлган пайтдаги суҳбати

Хотам Тоийнинг ўғли Удай тўққизинчи ҳижрий йилида айрим музокара ва баҳслашувлар сабабли сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳузурларига келиб, мусулмон бўлади. Бошқа бир учрашувда эса, Сарвари олам ушбу ояти каримани:

اتَّخَذُوا أَحْبَارَهُمْ وَرُهْبَانَهُمْ أَرْبَابًا مِّن دُونِ اللَّـهِ وَالْمَسِيحَ ابْنَ مَرْيَمَ وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا إِلَـٰهًا وَاحِدًا ۖ لَّا إِلَـٰهَ إِلَّا هُوَ ۚ سُبْحَانَهُ عَمَّا يُشْرِكُونَ ﴿٣١

«Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларию роҳибларини ва Масиҳ ибн Марямни Рабб тутдилар. Ҳолбуки, улар Ундан ўзга илоҳ бўлмаган ягона Худогагина ибодат қилишга амр қилинган эдилар, холос. У Зот улар ширк келтираётган нарсадан покдир» (Тавба сураси, 31-оят) ўқиганларини эшитиб шундай деди:

Бизлар дин пешволарига ибодат қилмас эдик. Шунда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) унга шундай марҳамат қилдилар: «Улар Аллоҳ таолонинг ҳаромини ҳалол қилар ва Аллоҳнинг ҳалолини ҳаром қилар эдилар. Ва сизлар эса сўзсиз уларга эргашардингиз. Хўш, бу қонун чиқариш ҳуқуқини ким уларга берган эди?!»

Насронийларнинг суннат қилмаслиги (ўғил болани кесмаслиги), май каби спиртли ичимликларни ичишга рухсат бериши, ақонийми салосага (уч шахсдаги худога) ишониш ва эътиқод қилиш ва ҳоказолар шулар жумласидандир. Ушбу ҳақиқат бугунги кунда ҳам христианлар орасида мавжуддир. Зероки, християнликнинг руҳонийси ва дин пешвоси бўлган папа бирор бир далил-ҳужжатсиз динга оид тартиб-қоидаларни чиқаради ёки уларни ўзгартиради ва християн дини вакиллари эса фикр қилмай сўзсиз қабул қиладилар.

Инжилда қуйидагиларни ўқиймиз:

«Сенсан Питер, бу ерга черков тошини барпо этаман ва дўзахнинг эшиклари унга ҳукмрон бўлмагайдир. Осмон малакутининг калитларини сенга топшираман ва ерда боғлаган нарсаларинг осмонда боғлангай, ерда очган нарсаларинг осмонда очилгайдир».

Ҳаттоки «Рабб» ва «Парвардигор» тушунчаси икки ғоя ва ақийда бир-биридан ажралишига олиб келган ва ушбу тушунчанинг бу борада кўрсатган таъсири диққатга сазовордир.

Исломда шиа ва суннийликдан иборат икки ғоя ва ақийда қанчалик бир-биридан фарқ қилиб туради. Шиалик ғояси қонунлар чиқариш ва ҳаёт тузимини яратишда фақат Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога таянади, бироқ суннийлик ғояси эса инсониятнинг раъй-фикрларини (қиёс ва истиҳсонни) ҳам ҳаёт тизимига киритади.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Қуръон ўқиб ибрат оламиз

Бисмиллаҳир Роҳмонир Роҳим Синовларга сабаб бўлган раққоса; Ҳижратнинг саккизинчи йили буюк Бадр жангидан икки йил …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.