Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Бақара сураси / Муборак Бақара сурасининг 74 ва 78 – оятлари тафсири

Муборак Бақара сурасининг 74 ва 78 – оятлари тафсири

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, қалбларимиз Аллоҳнинг оятлари ёғдусида нур ва ёруғликка тўлиб тошиши умидида Бақара сурасининг 74 – оятлари таржимаси ва тафсирини эътиборингизга ҳавола этамиз:

﴿ثُمَّ قَسَتْ قُلُوبُكُمْ مِنْ بَعْدِ ذَلِكَ فَهِىَ كَالْحِجَارَةِ أَوْ أَشَدُّ قَسْوَةً وَإِنَّ مِنَ الْحِجَارَةِ لَمَا يَتَفَجَّرُ مِنْهُ الْأَنْهَارُ وَإِنَّ مِنْهَا لَمَا يَشَّقَّقُ فَيَخْرُجُ مِنْهُ الْمَآءُ وَإِنَّ مِنْهَا لَمَا يَهْبِطُ مِنْ خَشْيَةِ اللَّهِ وَمَا اللَّهُ بِغَافِلٍ عَمَّا تَعْمَلُونَ﴾

74.Сўнгра шундан [мўъжизаларни кўргандан] кейин қалбларингиз янада қаттиқлашди, тошдек ёки ундан ҳам қаттиқроқ бўлди. Ҳолбуки, баъзи тошлардан анҳорлар қайнаб чиқади ва баъзиси ёрилиб, ундан сув чиқади ва баъзилари Аллоҳдан қўрққанидан пастга қулаб тушади. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло бани Исроилнинг охирги ҳодисадан кейинги ҳолатни баён этмоқда. Шунча мўъжиза кўрган инсон, ким бўлишидан қатъий назар, қалби эриб, Аллоҳга бўлган эътиқоди зиёда бўлиши керак эди. Аммо бани Исроилнинг қалблари қаттиқ бўлди. Қаттиқ бўлганда ҳам тошдек қаттиқ, балки тошдан ҳам қаттиқроқ бўлди.

Инсон гоҳида шу даражага етиб борадики, ҳатто ҳайвондан ҳам пастлашиб қолади. Бу оят ушбу ҳақиқатни баён қилмоқдаки, тошларнинг баъзиларидан анҳорлар отилиб чиқади, баъзилари ёрилиб ундан сув отилиб чиқади ва баъзилари Аллоҳдан қўрққанидан қулаб тушади. Аммо баъзи бир инсонларнинг қалби тошдан ҳам қаттиқ бўлади. Уларда на Аллоҳга ишқ-муҳаббат бор, на-да қўрқиш. Парвардигорнинг олдида таслим ҳам бўлишмайди, хузуъ-камтаринлик ҳам қилишмайди.

Бу оятдан борлиқдаги бутун мавжудот, ҳатто қаттиқ ва жонсиз тош ҳам Аллоҳ таолонинг борлиқни бошқариш учун жорий этган қонунлари қаршисида мутеъ ва таслим бўлишлари, шундай экан, агар бирор инсон ушбу илоҳий қонунларни ҳатлаб ўтиб тажовуз этса, унинг қалби ва руҳи тошдан ҳам қаттиқроқ бўлишини ўрганиб оламиз.

Энди Бақара сурасининг 75 ва 76 – оятлари таржимаси ва тафсирини кўздан кечарамиз:

﴿أَفَتَطْمَعُونَ أَنْ يُؤْمِنُواْ لَكُمْ وَقَدْ كَانَ فَرِيقٌ مِنْهُمْ يَسْمَعُونَ كَلَــٰمَ اللَّهِ ثُمَّ يُحَرِّفُونَهُ مِنْ بَعْدِ مَا عَقَلُوهُ وَهُمْ يَعْلَمُونَ! وَإِذَا لَقُواْ الَّذِينَ ءَاٰمَنُواْ قَالُواْ ءَاٰمَنَّا وَإِذَا خَلَا بَعْضُهُمْ إِلَى‏ بَعْضٍ قَالُوا أَتُحَدِّثُونَهُمْ بِمَا فَتَحَ اللَّهُ عَلَيْكُمْ لِيُحَآجُّوكُمْ بِهِ عِنْدَ رَبِّكُمْ أَفَلَا تَعْقِلُونَ

75. [Сиз мусулмонлар, яҳудийларнинг]нинг сизлар[нинг динингиз]га иймон келтиришларидан умид қилмоқдамисиз? Ҳолбуки, улардан бир гуруҳи [яъни уламолари тарих бўйлаб] Аллоҳнинг каломини эшитардилар-да, сўнгра уни тушуниб етганларидан кейин, [ўзларининг дунёвий мақсадлари учун] уни ўзгартирар эдилар, ваҳоланки, [ўз қилмишларининг ёмонлигини] билардилар.

76. Ва [бир гуруҳ яҳудийлар] иймон келтирганлар билан юзма-юз бўлишганда: vИймон келтирдикb, дейдилар-у, ўзаро ёлғиз қолганларида эса [бир-бирларига]: «Нега Аллоҳ сизларга [Муҳаммад пайғамбар (с)нинг сифатлари ва унинг ростгўйлиги ҳақида] очган нарсани [Тавротнинг оятларини] мусулмонларга айтиб берасизлар? Токи, улар унинг билан Роббингиз ҳузурида сизларга ҳужжат келтириб [сизларнинг устингиздан ғолиб келсинларми?] ақл юргизмайсизларми?» дердилар.

Иймон ўзига яраша поклик, мусаффолик, нурни қабул қилиб олиш учун истеъдод талаб қилади. Аммо яҳудийларда бу нарсага яқинлик ҳеч сезилмаётир. Уларнинг энг яхши вакиллари бўлмиш диний олимлар Аллоҳнинг каломини эшитиб уни тушуниб етгандан сўнг, билиб туриб бузсалар, қолганлари нима ҳам қиларди.

Шунақа сифат эгаларининг иймонга келишига умид қилса бўладими? Бундайлар иккиюзламачи қавмдир. Улар мусулмонлар билан юзма-юз бўлиб қолишганда, иймонга келдик ва Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га уммат бўлдик, дейишади. Зероки, Тавротда ул ҳазрат ҳақларида башоратлар бор ва яҳудийлар у зотнинг Аллоҳ таоло томонидан пайғамбар ва элчи бўлиб келишларини кутаётган эдилар. Яҳудийлар Аллоҳ таоло ўша Пайғамбар туфайли бизни душманларимизга ғолиб қилади, дейишар эди… Аммо ўзлари бир-бирлари билан ёлғиз қолганларида эса, ушбу ҳақиқатни ошкор қилганларни сўка бошлар эдилар.

Бу оятлардан биринчидан, одамларнинг ҳаммаси иймон келтиришларига умид қилиш яхши эканлиги, аммо кўпчилик инсонлар ҳақни қабул қилишни истамасликлари, шунинг учун ҳам улардаги инкор ва куфр ҳолатларини кўриш биздаги ақийдага шак-шубҳа туғдирмаслиги лозимлигини;

Иккинчидан эса, энг катта хиёнат бу – маданий хиёнат эканлигини, яъни ҳақиқатни яшириш ва уни бузиб кўрсатиш кўплаб авлодларни ҳақиқатни англашдан маҳрум этувчи ва жамиятни гумроҳлик ҳамда ғофиллик сари бошловчи катта хиёнат эканлигини ўрганиб оламиз.

Суҳбатимиз ниҳоясида Бақара сурасининг 77 ва 78 – оятлари таржимаси ва тафсири билан танишамиз:

أَوَلَا يَعْلَمُونَ أَنَّ اللَّهَ يَعْلَمُ مَا يُسِرُّونَ وَمَا يُعْلِنُونَ! وَمِنْهُمْ أُمِّيُّونَ لَا يَعْلَمُونَ الْكِتَـٰبَ إِلَّا أَمَانِىَّ وَإِنْ هُمْ إِلَّا يَظُنُّونَ﴿

77. Аллоҳ уларнинг яширадиган ва ошкор қиладиган нарсаларини билиб туришини билишмайдими?

78. Улардан айримлари саводсизлар бўлиб, [Таврот] китобидан хомхаёллар ва беҳуда орзулардан бошқа нарсани билмайдилар ва улар [Таврот ҳукмлари борасида] фақат гумон қиладилар, холос.

Бу баён қилинган хусусиятлар яҳудийларнинг диний олимларига оиддир. Яъни, яҳудийлар ичида Тавротдан бехабар, унда нима гап борлигини билмайдиган саводсиз омийлар ҳам бор. Ўша омийларнинг билгани фақат хомхаёл, холос. Улар турли нарсаларни гумон қилиб, ўша гумонига ишониб юришаверади. Бу омийларнинг шундай ҳолга тушиб қолишига ким сабаб бўлган? Асосий сабабларидан бири – залолатга кетган уламолардир.

Бу оятлардан биринчидан, кўплаб яҳудийлар Тавротдан бехабарлигини ва уларнинг эътиқодлари хомхаёл ҳамда гумонларга асосланганини;

Иккинчидан эса, илоҳий динларга эътиқод қилувчилар, яъни яҳудийлар самовий китоблардан, хусусан Қуръони Каримдан узоқлашишлари боис уларнинг орасида турли-туман бидъатлар ва хурофотларнинг пайдо бўлганини ўрганиб оламиз.

Share

Check Also

Муборак Бақара сурасининг 79 ва 84 – оятлари тафсири

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.