Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Узум ғўраси шарбати қандай услубда тайёрланса ҳалол бўлади?

Узум ғўраси шарбати қандай услубда тайёрланса ҳалол бўлади?

Ассалому алайкум Нажоткемаси жамоаси. Узум ғўраси шарбати қандай услубда тайёрланса ҳалол ва қай тарзда тайёрланса ҳаром бўлиши тўғрисида саволларим бор. Шуларга жавоб берсаларинг. Олдиндан катта раҳмат. Саволлар қуйидагича:

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Биринчи савол: Пишмаган узумни қиймалагичдан ўтказиб унинг суви олинади, сўнгра ушбу узум ғўраси шарбати оловда қайнатилгач, тинитиб олиб оғзи берк идишга қуйилиб қуёш нури остига қўйилади. Ўзининг маълум кунидан кейин ертўла каби соя жойга қўйилади. Мана шундай узум ғўраси шарбати сингари ичимликнинг ҳукми нима? Шариатда уни истеъмол қилиш жоиз деб кўрсатилганми?

Жавоб: Узум ғўраси шарбатини истеъмол қилиш барча мужтаҳидларнинг фатволарига кўра шариати исломияда жоиз дейилган. Аммо саволда сўралгандек, унга муайян тарзда ишлов берилса ва бунинг таъсирида узум ғўраси шарбати маст қилувчи ичимликка айланса, у ҳолда шак-шубҳасиз, уни истеъмол қилиш ҳаромдир. Бироқ май каби маст қилувчилик ҳолатидан узоқ муддат туриш ва кимёвий реакция натижасида сиркага айланса, унда ҳалол ичимлик ҳисобланади ва бундай ҳолатга «Истиҳола» дейилади ва Истиҳола шариатда мутаҳҳирот, яъни покловчилардан бири деб қабул қилинган. Бу борада қисқача тушунтириб ўтамиз;

Истиҳола:

Нажис нарсаларни поклайдиган покловчилардан яна бири “истиҳола” бўлиб, агар нажис нарсанинг моҳияти пок бир нарсага айланиш даражасида ўзгарса, унда пок бўлади ва шу ҳолда ушбу нарса истиҳола бўлган дейилади. Қуйидаги ўринларда истиҳола юз беради:

  • Жонсиз жасад тупроққа айланса;
  • Нажис уруғ ўсимлик ва гиёҳга айланса;
  • Нажис ёғоч куйиб кул бўлса;
  • Нажис ёқилғи моддаси ёниб тутун булса;
  • Май сиркага айланса; (Имом Хумайний, Таҳрир ал-васила, 1-жилд, 131-бет ва Тавзийҳул масоил, 195-масала.)
  1. Агар нажис нарсанинг моҳияти ўзгармай туриб, фақат унинг кўриниши ва шакли ўзгарса пок бўлмайди, чунончи;
  • Нажис буғдой янчиб ун қилинса ёки ундан нон пиширилса;
  • Нажис узум сиркага айланса; (Тавзийҳул масоил, 200-масала.)
  1. Нажис бир нарсанинг истиҳола бўлган ёки бўлмагани маълум бўлмаса, нажис ҳисобланади. (Тавзийҳул масоил, 197-масала.)

Иккинчи савол: Пишган узумни олиб банкага солиб ичига эски турши ва туз солиб қуёш нури остига қўйиб ачитилади, худди винодай қайнийди ва кейин эса уксусга айланади. Бунинг ҳукми нима? Аслида узумдан бўлган уксус ёки турши ёхуд ғўра шарбатининг қай тарзда тайёрланганини истеъмол қилса бўлади?

Жавоб: Юқоридаги биринчи саволга берган жавобимиздан маълум бўладики, пишган узумни ҳам олиб банкага солиш ва қуёш нури остига қўйиш натижасида қайнаб ачитилса ва вино тусига кирса, шак-шубҳасиз, уни истеъмол қилиш ҳаромдир. Аммо винога айланган узум суви узоқ муддат туриш ва кимёвий реакция натижасида сиркага айланса, у ҳолда «Истиҳола» бўлади ва натижада ҳалол ичимлик ҳисобланади.

Демак, хулоса қилиб айтадиган бўлсак, узумдан тайёрланган уксус ёки турши ёхуд ғўра шарбатини истеъмол қилиш шариати исломияда ҳалолдир. Аммо муайян тарзда ишлов берилиб маст қилувчи ичимликка айланса, у ҳолда шак-шубҳасиз, уни истеъмол қилиш ҳаромдир. Ва агар маст қилувчилик ҳолатидан узоқ муддат туриш ва кимёвий реакция натижасида сирка ёки туршига айланса ҳалол бўлади.

Эҳтиром ила:

Нажот Кемаси таҳририяти

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.