Home / Ақоид ва Калом / Ақоид асосларига қисқача нигоҳ

Ақоид асосларига қисқача нигоҳ

Аҳли-байт мактабига тобе бўлган мусулмонларнинг дунёқараши, таъбир жоиз бўлса, уларнинг борлиқ ва воқеликка нисбатан бўлган ғояси бошқа тоифадаги мусулмонлардан фарқланиб, улар диннинг қуйидаги асосига ёндашадилар:

    1. Тавҳид (Аллоҳнинг ягоналиги ёхуд Яккахудолик)

  1.     2. Нубувват (Пайғамбарларга имон)
  2.     3. Аллоҳнинг одиллиги (Аллоҳ адолатли зотдир)
  3.     4. Имомат (Умматга раҳнамолик қилиш илоҳий мансабдир)
  4.     5. Маод (қиёмат ва қайта тирилиш)
  5. Аҳли-байт мактабига бўйин эгган мусулмонларнинг мафкураси бўйича, юқорида зикр қилинган диннинг асослари ислом оламидаги эътиқоднинг негизини ташкил этиши шубҳасиздир. Шу боис, исломдаги бошқа мазҳабларнинг эътиқодида ўрин топган дин асосларидан фарқли равишда Аҳли-байт мактаби ақоидида Аллоҳнинг одиллиги ва имомат ҳам эътиқод асосларидан ҳисобланади.

  Аллоҳнинг одиллиги хусусида исломий мазҳаблар орасида ихтилоф мавжуддир. Ашоира, Мўтазила ва Аҳли-байт мактабига ёндашувчилар Аллоҳнинг одиллиги назариясига нисбатан билдирган фикр-мулоҳазаларига кўра икки йўналишни ташкил этадилар. Аллоҳнинг одиллиги назариясига ёндашган гуруҳ (Аҳли-байт мактаби тарафдорлари ва мўтазила) адлийя номи билан танилганлар. Ушбу назарияга мухолиф ўлароқ Аллоҳнинг одиллигини ақлий далиллар билан исботлаш мумкин эмас, деган тушунчани кўтариб чиққан гуруҳ эса ашоира номини олгандир. Ашоиранинг эътиқоди бўйича, Аллоҳ ниманики тўғри ва яхши деб айтса, ўша нарса тўғри ва яхшидир ва ниманики нотўғри ва ёмон деб айтса, ўша нарса нотўғри ва ёмондир. Ва агар Аллоҳ имонли тақводор шахсни жаҳаннамга йўлласа, бу иш яхши ва тўғри саналади ва агар имон келтирмаган кофир ва мушрик кимсани жаннатга киритса, бу иш яхши ва тўғри экани шубҳасиздир. Ва ақл бу борада ҳеч қанақа ҳукм қила олмайди. Бироқ адлийялар эса, айтиб ўтилган ўринлар Аллоҳнинг адолатини йўққа чиқариб ақлнинг очиқ-ойдин ҳукмига қарши чиқишдан ўзга нарса эмас деб ўз фикрларини билдирганлар. Бошқача айтганда; инсоннинг ақли айрим ерларда Аллоҳнинг одиллигини тушуниб етишга қодир.

  Умуман олганда; адолатнинг маъноси ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиш демакдир. Шунга биноан, Аллоҳ таолонинг ҳамма сифатлари (субутия сифатлари назарда тутилган) Тангрининг адолатидан келиб чиққандир. Масалан; Раззоқ (ризқлантирувчи) сифатини олиб қарасак, Яратувчи зот ўзи яратган махлуқотларнинг ризқини ҳам етказади ва бу Унинг адолатининг тақозосидир. Ёхуд солиҳ амаллар соҳиби мукофотланиши ва гуноҳлар эгаси эса азобланишга сазоворлиги; буларнинг барчаси ҳам Аллоҳнинг адлига мувофиқдир. Мухтасар қилиб айтганда; Аллоҳнинг ҳар бир тадбири, унинг айни адолатидир. Шунинг учун, Аллоҳнинг адолат сифатига эга эканлиги илоҳий динда асос деб тан олинган. Бундан ташқари, адолатнинг асос қилиб олиниши ижтимоий ҳаётда одамларнинг ўзаро бўладиган алоқаларида ва бир бирларига нисбатан кўрсатадиган муносибатларида таъсир қилувчи омил бўлиб қолиши муқаррар.

  Аҳли-байт мактаби издошларнинг ақидасига биноан, Расулуллоҳ умматни йўлбошчисиз ўз ҳолига ташлаб қўйиб фоний ҳаётни тарк этмаганлар, балки умматга ҳидоят йўлини кўрсатувчи раҳбар тайинлаб сўнгра боқий оламга риҳлат қилганлар. Умматга пешво, яъни имом тайин этиш Аллоҳ тарафидан бўлган амр эканида шак-шубҳа йўқдир. Шу боис, имомат ғоясига имон келтириш ақоиднинг асосларидан биридир. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, умматга раҳнамолик, яни имомлик қилиш маъсумликни тақозо қилади. Маъсумликтушунчаси ҳақида қисқача маълумот берадиган бўлсак, шуни айтишимиз мумкинки, унинг луғавий маъноси ман этиш ва сақлашдир. Ақоидда эса маъсумлик ҳолатига эга бўлган шахс ҳар қандай саҳв-хато, гуноҳ ва руҳий нопокликдан йироқ, ва бошқа сўз билан айтганда, исмат ва маъсумлик; шариатда гуноҳ ҳисобланган барча амалардан узоқлашган ҳолда пок бўлиш демакдир. Умматга раҳнамолик ва пешволик қилиш каби юксак шараф, албатта унинг эгасидан маъсумликни талаб этиши табиий ҳолдир.
  Имомат ғоясига имон келтирган мусулмон ҳеч вақт тушкунликка тушмайди, чунки, биладики, ер юзи Аллоҳнинг ҳужжатидан; хоҳ ошкор ҳолда кўзга кўринадиган бўлсин ёки кўздан ғоиб, холи қолмайдир. Ҳар замоннинг ўз имоми бўлиб, умматга ўша замон талабига мувофиқ ҳидоятнинг ёрқин машъали бўлган ҳолда хизмат қилади. Биз ҳаёт кечираётган даврда бизни рушду ҳидоятга етаклайдиган имомиз ҳазрат Маҳди (Аллоҳ ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин) эканликлари шубҳасиздир.

{mp3}kirish-nutqi{/mp3}

fayl o`lchami: 3.46 MB

yuklab oling

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.