Home / Аҳли-Байт / Аҳли-Байт ғояси ҳақида қисқача маълумот

Аҳли-Байт ғояси ҳақида қисқача маълумот

IMG_0986Бизни энг сўнгги ҳақ ва комил дин бўлган Исломга бўйин эгиб, ҳидоят сари юзланиб, ҳақ йўлни танлашдек буюк тавфиқ эгаси бўлиш шарафига муяссар этган юксак мартабали парвардигоримиз Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин ҳамда ул Зотнинг севикли бандаси ва энг сўнгги элчиси бўлмиш сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ва ул ҳазратнинг барча гуноҳ ва хатолардан йироқ бўлган маъсум, мутаҳҳар Аҳли-Байтлари (хонадонлари аҳли)га ҳамда Пайғамбаримизнинг танланган хос саҳобаларига салавот ва дурудлар йўллаймиз.

Аҳли-Байт ғояси бугунги кунда кенг тарқалган бўлиб, жаҳондаги мусулмонлар жамиятининг тўртдан бирини ташкил қилади. Бу мактабнининг келиб чиқиш тарихи Ислом динининг вужудга келиш даврига бориб тарқалади.

Бунинг далили Баййинаҳ сурасининг 7-ояти: «Дарҳақиқат, имон келтириб солиҳ амал қилган зотлар халоиқнинг энг яхшисидирлар» нозил бўлганида, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) имом Алининг елкаларига қўлларини қўйиб: «Али ва унга эргашган тарафдорлари энг яхши инсонлардир», деб марҳамат қилишларидир. (Ушбу ҳадис Тафсирут-Табари, Жомиъул-баён, Тафсиру Ад-дуррул Мансур, Тафсир руҳул маоний китобларида юқоридаги оятнинг тафсирида келтирилган.)

Шунингдек, Аҳли-Байт мактабининг тарафдорларини Жафарийлар деб ҳам аташади. Зероки, имом Жаъфари Содиқ давриларида Аҳли-Байт ғояси ул зотнинг кўрсатган чуқур фаолиятлари натижасида кучайганлиги сабаб ул ҳазрат ушбу мактабга асос солган шахс сифатида танилганлар ва шу боис, у зотга эргашганларга жафарийлар деб ном беришган. Негаки, ул зотнинг даврларида икки сиёсий кучлар, яъни бани Умайя ва бани Аббосларнинг тахт устида талашишлари туфайли эркин фаолият юритиш учун қулай фурсат яралган эди.

Жафарийларнинг кўпчилиги Эрон, Ироқ, Озарбайжон, Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистонда яшайди. Шунингдек, улар Форс кўрфазидаги айрим давлатлар, жумладан; Саудия Арабистони, Туркия, Сурия, Ливанда ҳамда собиқ иттифоқ тузумининг турли республикаларида, жумладан Ўзбекистонимизнинг Тошкент, Самарқанд, Бухора, Жиззах, Навойи, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида ва шунингдек, Англия, Франсия, Америка, Африка ва ғарбий Осиёда яшайдилар. Бу ерларда уларнинг масжидлари ва маданият марказлари бор.

Аҳли-Байт ғоясига мансуб шахслар турли миллатларнинг вакиллари бўлиб, Ислом динидаги бошқа мазҳаб вакиллари билан тинч-тотув ҳаёт кечирмоқдалар. Чунки, улар Қуръон Каримнинг «Мўминлар ўзаро биродардирлар» деган кўрсатмасига амал қиладилар. Бошқа оятда келтирилишича, «бир-бирларингизга тақво ва амали солиҳда ёрдам берингиз». Ҳадиси шарифда эса бундай дейилади: «Мусулмонлар бир гуруҳдирлар», «Мўминлар бир танадирлар».

Тарих саҳифасида Аҳли-Байт ғоясининг издошлари шижоат ва фидокорлик сифати билан танилганликлари ҳеч кимга сир эмас. Улар ислом ҳукуматини яратишда бутун вужудлари билан тиришиб уни қурганлар. Улар асос солган Ислом давлатлари туфайли Ислом маданияти ва унинг қадриятлари ва қолаверса, илм-фан ва саноат кенг ёйилган. Аҳли-Байт мактаби уламоларининг илм-фан ривожланишига қўшган ҳиссалари инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир. Тафсир, ҳадисшунослик, Ақоид, Фиқҳ, Усул, Рижол, Фалсафа, Ахлоқ, Дироя, Ислом ҳукуматининг асослари, Адабиёт, Тиббиёт, Физика, Кимиё, Ал-жабр (Алгебра), Фалакиёт (Астраномия) ва шунга ўхшаш фанларга оид минглаб китобларни ёзиб бу илмларнинг юксалишида Аҳли-Байт мактабига мансуб буюк уламоларнинг ҳиссаси беқиёсдир.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, кўп фанларнинг асосчилари – Аҳли-Байт мактаби олимларидир. Бу хусусида Садрнинг «Таъсисуш-шиа ли улумил ислом», Оғо Бузургнинг «Аз-зариъа ила тасониф аш-шиа» (29 жилдли китоб), Афандининг «Кашфуз-зунун», Куҳалнинг «Муъжамул-муаллифин», Муҳсин Амин Омилийнинг «Аъёнуш шиа» китобларига мурожаат қилишингиз мумкин).

Аҳли-Байт ғояси издошларининг эътиқоди бўйича, Аллоҳ ягона зот, туғилмаган ва туғмаган, жисм эмас, макон ва замонга эга эмас, У ўзгариш, ҳаракат қилиш ва кўзга кўриниш хусусиятларидан пок ва муназзаҳдир. Шунингдек, улар Аллоҳга ширк келтиришни энг буюк ва кечирилмас гуноҳ ҳисоблайдилар. Аҳли-Байт ғоясининг ақоиди Қуръоннинг муборак оятлари ва ҳадиси шарифга таянган ҳолда ақлий далиллар билан асосланган. Улар ҳадисларнинг фақатгина саҳиҳларига ёндашадилар, агар бирор ҳадис ровийларининг орасида мунофиқ ёки яҳудий шахс бўладиган бўлса, ўша шахслар нақл қилган ҳадис саҳиҳ ҳисобланмайди. Сохталаштирилган ҳадислар ўзини мусулмон кўрсатган шахслар тарафидан уйдирилган. Масалан; Аллоҳнинг жисм эканлиги, Уни кўз билан кўра олиш мумкинлиги ва Унинг хатокорлиги (наъузу биллаҳ) ҳақидаги асоссиз ҳадислар шулар жумласидандир. Аҳли-Байт ғояси издошларининг эътиқоди бўйича, барча пайғамбарлар ва Аллоҳнинг элчилари гуноҳга йўл қўймаган ва маъсум инсонлардир.

Уларнинг эътиқодига биноан, Аллоҳ – Одилдир, у ҳеч нарсани беҳуда яратмаган. Тошми, гиёҳми, одамми, еру-осмонларнинг барчаси Аллоҳнинг ҳикмати асосида яратилган.

Уларнинг эътиқоди бўйича, инсон яратилгандан буён унга ҳидоят йўлини кўрсатиш мақсадида Аллоҳ томонидан пайғамбарлар юборилганлар. Пайғамбарлар гуноҳдан йироқ маъсум инсонлар бўлиб, одамларни абадий саодат сари етаклайдилар, ўзлари эса камолотга эришган юксак ва комил инсон ҳисобланадилар. Қуръон ва суннатга асосан; Аллоҳнинг энг буюк элчилари (шариат эгалари) беш нафардан иборат: 1. Нуҳ (алайҳис салом) 2. Иброҳим (алайҳис салом) 3. Мусо (алайҳис салом) 4. Исо (алайҳис салом) 5. Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам).

Улар эътиқодида жазо ва мукофот ҳақиқат бўлиб, ҳисоб-китоб кунида, Қиёматда амалга ошишиши муқаррар. Шариати исломияга итоат қилиб яшаганларнинг мукофоти жаннатдир, акс ҳолда азобланиш унинг охиратдаги жазоси бўлади. Бу дунё ва охират орасида барзах олами мавжуд бўлиб, ушбу макон ўлганлар учун охиратнинг остонаси ҳисобланади, бунинг маъноси; барзах олами азобланиш ва ёки роҳатланиш макони демакдир. Аҳли-Байт мактабининг тарафдорлари таносух таълимотига эътиқод қилмайдилар. (Таносух – бу руҳнинг бир жасаддан бошқасига кўчиб юришидир)

Аҳли-Байт ғоясининг издошлари ҳазрат Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдул Муталлибнинг сўнгги пайғамбар эканлигига, ул зот ҳар қандай саҳву хатодан пок,  гуноҳсиз ва маъсум инсон эканликларига бовар қиладилар. Бошқа фирқаларнинг пайғамбар ҳам ўзгалар каби хато қилади деган даъволарини рад этадилар. Уларнинг мафкурасига кўра, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) имкони қадар Ислом динини ёйишга уриниб, бу шарафли вазифани аъло даражада утаганлар. Бу хусусида қуйидаги китобларга мурожаат қила оласиз: Шайх Муфиднинг «Иршод», Табарсийнинг «Аъломул варо», Мажлисининг «Биҳарул анвор» саййид Муҳсин Хотамийнинг «Мавcуъатур- Расул Мустафо» шулар жумласидандир.

Аҳли-Байт мактабининг издошлари Қуръон ҳар қандай ўзгаришлардан сақланиб қолган Аллоҳнинг каломи эканлигига ёндашадилар. Бугунги кунгача Қуръоннинг бе каму кўст қўлимизга етиб келишида фидокор саҳобаларнинг ҳиссаси каттадир. Улар оятларни ёдлаб олиб наслдан наслга нақл қилганлар. Баъзилар эса Пайғамбаримиз ҳаётлик даврлариданоқ Қуръон оятларининг нима сабабдан нозил бўлганини ва уларнинг таъвил-тафсирини ёзиб олишган. Қуръони Каримни илк бора ёзган зот ҳазрат Али бўлиб, қолган саҳобалар ҳам бу хайрли ишда иштирок этганлар. Қуръони Карим ҳақида батафсил маълумотлар Занжонийнинг «Тарихул Қуръон», Суютийнинг «Ал-итқон фий улумил Қуръон», Муҳаммад Ҳодий Маърифатнинг «Ат-Тамҳийд фий улумил Қуръон» китобларига мурожаат қилиш мумкин.

Уларнинг дунёқарашига биноан, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) фоний оламдан ўтишларидан олдин ҳазрат Алини ўзларидан сўнг йўлларини давом эттирувчи, ўринбосар ва барчани ҳидоят йўлига етаклайдиган йўлбошчи сифатида тайин этганлар. Ҳажжатул видо (видолашув ҳажи)дан қайтиб келаётган мусулмонлар карвони Ғадир Хум номли ерга етиб келганида, Сарвари олам Аллоҳнинг амрига мувофиқ, ҳазрат Алини умматнинг раҳбари деб эълон қилдилар. Бу хабарни у ердаги ҳожиларнинг барчаси эшитгач, улар бу ҳақда пайғамбаримизга гувоҳлик ҳам берганлар.

Ушбу ҳодисадан сўнг «Бугун Мен динингизни комил қилдим, сизлар учун Исломни дин қилиб танладим» (Моида/3-оят) нозил бўлди. Пайғамбаримиз у ердаги ҳамма мусулмонларга Алига байъат-қасамёд қилишни буюрдилар. Шундан сўнг, биринчи навбатда муҳожир саҳобалар ва сўнгра ансордан бўлган саҳобалар ҳазрат Алига байъат қилдилар. (Аллома Аминий ўзининг «Ал-Ғадир» номли китобида мазкур воқеа юз берганлиги тўғрисида аҳли суннат олимларининг кўпгина тафсир, тарих манбаларини, зикр қилган).

Аҳли-Байт ғояси издошларининг эътиқодича, имом пайғамбарнинг вазифасини бажарувчи бўлиб, ваҳий келмаслиги билан фарқланади. Имомнинг вазифаси умматга сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва диний йўналишларда раҳбарлик қилишдан иборат, шу боис, имомлар мазкур вазифани тўла-тўкис адо этишлари учун пайғамбар сингари маъсум бўлишлари зарур.

Аҳли-Байт ғояси издошларининг эътиқодига биноан, ислом уммати Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг йўлларини давом эттирувчи имомга муҳтождир. Инсонлар Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни танлай олиш ҳуқуқига эга бўлмаганларидек, у зотнинг йўлларини давом эттирувчи валий ва йўлбошчини ҳам танлолмайдилар, балки ушбу зотлар Аллоҳ томонидан танланиб, инсонларга таништирилмоқлари лозимдир. Имом умматни бирлаштирувчи куч бўлиб, уни турли хил тарқоқлик ва адашиб қолишдан сақлайди. Имомлар Аллоҳнинг инсонларга юборган неъмати бўлиб, қиёмат кунига қадар ер юзи Аллоҳнинг ҳужжатидан ва Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг йўлларини давом эттирувчи халифадан холи бўлмайди. Бизнинг давримиздаги имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин) дирлар

Уларнинг эътиқодича, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аллоҳ таолонинг йўллаган ваҳийи ва амри асосида ўзларидан сўнг, уммат учун ўн икки нафарни имом ва пешво этиб тайинлаганлар. «Саҳиҳул Бухорий», «Саҳиҳул Муслим»да айтилишича, ушбу имомларнинг ҳаммаси Қурайшдандирлар. Лекин исмлари бу китобларда қайд этилмаган. Бошқа китобларда эса имомларнинг исмлари бирма-бир зикр этилган.

Аҳли-Байт ғоясига ёндашувчи мусулмонлар эътиқод қиладиган ўн икки имомларнинг исмлари қуйидагилардан иборат:

  1. Имом Али ибн Абу Толиб (алайҳимас салом) (Расулуллоҳнинг амаки ўғиллари ва куёвлари)
  2. Имом Ҳасан ибн Али (алайҳимас салом) (Расулуллоҳнинг неваралари)
  3. Имом Ҳусайн ибн Али (алайҳимас салом) (Расулуллоҳнинг неваралари)
  4. Имом Али ибн Ҳусайн (алайҳимас салом)
  5. Имом Муҳаммад ибн Али (алайҳимас салом)
  6. Имом Жаъфар ибн Муҳаммад (алайҳимас салом)
  7. Имом Мусо ибн Жаъфар (алайҳимас салом)
  8. Имом Али ибн Мусо (алайҳимас салом)
  9. Имом Муҳаммад ибн Али (алайҳимас салом)
  10. Имом Али ибн Муҳаммад (алайҳимас салом)
  11. Имом Ҳасан ибн Али (алайҳимас салом)
  12. Имом Маҳди (Аллоҳ ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин)

Аҳли-Байт ғояси издошларининг эътиқодига кўра, юқорида исмлари зикр этилган имомлар Пайғамбаримизнинг Аҳли-Байтлари бўлиб, Аллоҳ уларни умматнинг раҳбари қилиб тайинлаган. Имомларнинг маъсумликлари сабаб биз уларни севиб уларга бўйсўнишимиз Қуръони Каримда буюрилган. Қуръонда бундай дейилади: «Айтгин (эй Муҳаммад), мен сизлардан чеккан заҳматим учун мукофот сўрамайман, фақат яқинларим учун муҳаббатли бўлишингизни сўрайман, холос.»

Имомлар ҳар қандай гуноҳ ва маъсиятдан покбўлиб, тафсир, ҳадис, ирфон, адабиёт, ақоид, тарих ва бошқа масалаларда умматнинг етакчиларидир. Лекин тарихдан маълумки, имомлар доим сиёсий тазйиқлар остида яшаганлар. Агар ислом уммати Пайғамбаримиз кўрсатган йўлдан бориб, у зотнинг васиятларига амал қилиб имомларга эргашганида эди, бугунги кунда мусулмонлар турли хил фирқа ва оқимларгабўлиниб кетмаган бўлардилар. Лекин сиёсий тазйиқларга қарамай имомлар Ислом динининг асл моҳиятини сақлаб қолишда ва илм-маърифатни ривожлантиришда беқиёс ҳисса қўшганлар.

Аҳли-Байт мактаби издошларининг эътиқодича, Аҳли-Байтга эргашмоқ ҳаммага вожибдир. Пайғамбаримиз айтишларича: «Аҳли-Байт бу – Нуҳ кемасидир, кимки унга минса фитна тўфонидан омон қолади ва динида залолатга учрамайди.» Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) сақалайн ҳадисида шундай марҳамат қиладилар: «Мен сизларга икки қиммат баҳо меросни қолдиряпман, бири – Аллоҳнинг каломи; Қуръон ва иккинчиси эса менинг Аҳли байтимдир. Ҳар иккаласини маҳкам тутсангиз ҳеч вақт адашмайсиз. Зероки, бу иккаласи Қиёмат кунида Ҳавзи Кавсарда менинг ҳузуримга кириб келгунга қадар бир-биридан ажралмайди.»

Аҳли-Байт ғоясига эргашган мусулмонларнинг фикрича, ақидавий масалаларда илмий баҳслашиш лозимдир. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга асосланган ҳолдаги илмий мунозаралар ва самимий баҳслар, ҳақиқатнинг юзага чиқишида муҳим омил саналиб, мусулмонлар ўртасида бирлашиш, ҳамжиҳатлик ва уюшқоқликка сабаб бўлади.

Share

Check Also

Пайғамбаримизнинг Аҳли-Байтлари Кимлардан Иборат?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Аҳзоб сурасининг 33-оятида Аҳли-Байт «أَهْلَ الْبَيْت» сўзи борасида барча ислом олимларининг эътирофларига …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.