Home / Ислом тарихи / Ғадир куни байъати ва табриклаш маросими

Ғадир куни байъати ва табриклаш маросими

 Пайғамбаримиз Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) Ғадир куни хутбасини ниҳоясига етказганларидан сўнг, бутун саҳобаларига имом Али(алайҳис салом)ни пешво, халифа, сарвар сифатида тан олиб, ўз табрикларини изҳор этишга амр қилдилар.

Шунда Умар бин Хаттоб имом Али(алайҳис салом) ҳузурларига келиб, Аллоҳнинг бу буюк неъматини қуйидагича табриклади:

هَنِيأً لَكَ، يَابْنَ أَبِى طَالِبٍ أَصْبَحْتَ وَ أَمْسَيتَ مَوْلاىَ وَ مَوْلَى كُلِّ مُؤمِنٍ وَ مُؤْمِنَةٍ.

  «Эй Абу Толиб ўғли (хилофат ва пешволик мансаби) сизга муборак бўлсин! Сиз менинг мавлоим ва хожам ҳамда ҳар бир мўъмин ва мўъминанинг мавлоси ва хожаси бўлдингиз.»[1]

  Шундан сўнг қолган саҳобалар бирин-кетин имом Али(алайҳис салом) ҳузурларига шарафёб бўлиб, ул ҳазратга байъат-қасамёд қилиб, бу юксак неъмат туфайли ўз табрикларини изҳор қила бошлашди ва имом Али(алайҳис салом)ни пайғамбаримиз Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан кейин барча мусулмонларга пешво, валий ва йўлбошчи эканларига иқрор бўлишди.

  Пайғамбаримиз Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) Аллоҳнинг фармони билан ўзларидан кейинги барча мусулмонларга бўйсуниш вожиб бўлган халифа, пешво ва раҳбарни узун хутба ўқиб, у ерда ҳозир бўлган саҳобалардан иқрор олиш билан тайинлаганларидан сўнг, табриклаш ва байъат қилиш (имом Али(алайҳис салом) пешво, валий ва йўлбошчи эканликларига қасамёд қилиш) маросими уч кун давом этди. Шундан сўнг Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) бу муҳим воқеани эъзозлаб, бутун асрлар давомида мусулмонларнинг хотирасида қолиш учун, ўзларининг «Саҳоб» номли қора саллаларини «Ғадир куни»да имом Али(алайҳис салом)нинг бошларига қўйдилар.

  Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) «Саҳоб» номли қора саллаларини Маккани фатҳ қилиш кунларига ўхшаш махсус кунларда муборак бошларига боғлардилар. Абдул Аъло бин Удай Албаҳронийдан ривоят қилинишича Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) Ғадир-Хумда имом Али(алайҳис салом)ни ҳузурларига чақириб, саллани у зотнинг бошларига қўйдилар ва унинг қолган қисмини орқаларига ўтказдилар.

  Имом Али(алайҳис салом)нинг ўзларидан нақл қилингандирки, ул ҳазрат бу ҳақида дедилар: «Ғадир» куни Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) қора саллани бошимга боғладилар ва унинг қолган қисмини елкамга ташладилар.

  Муснади Таёлисий ва Сунани Байҳақийда имом Али(алайҳис салом)нинг бу хусусидаги сўзлари қуйидагича келтирилган: «Ғадир» кунида Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) бошимга салла боғладилар ва унинг қолган қисмини орқамга узата туриб, шундай марҳамат қилдилар: Азиз ва Буюк Аллоҳ «Бадр ва Ҳунайн» жангларида худди шундай салла бошига қўйган фаришталар билан менга мадад берди. Сўнра буюрдилар: Салла мусулмонларни мушриклардан ажратиб турадиган белгидир.[2]



Манбалар ва кўрсаткичлар:

[1]. Мазкур сўзнинг манбаи:

  1. Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснаду Аҳмад ибн Ҳанбал», 2-ж, 281-б.
  2. Ҳофиз Ҳасконий, «Шавоҳиддут танзил», 1-ж, 157-158-бетлар.

[2]. Бу муҳим воқеани Аҳли суннат олимлари қуйидагича ўз китобларида келтирганлар:

  1. Муслим ибн Ҳажжож Қўшайрий, «Саҳиҳу Муслим» ҳаж китоби, 451-452-ҳадислар.
  2. Сулаймон Аздий, «Сунану Аби Довуд» , 4-ж, 54-б.
    1.  Ибн Қаййим, Жавзийя, «Зодул Маъод», Пайғамбар либослари фаслида келтирган.
    2.  Абу Жаъфар, Табарий, Шофиий, «Арриёзун назира»,2-ж, 289-б.
    3.  Ибн Асир Ал-Жазарий «Усдул ғоба фий маърифатис-саҳобаҳ», 3-ж 114-б.

6. Ибн Ҳажар, Асқалоний, «Ал-исоба фий тамйизис-саҳобаҳ», 2-ж, 274-б.

  1.  Ал-Муттақил Ҳиндий, «Канзул уммол», 20-ж, 45-б.
  2.  Абу Сулаймон бин Довуд бин Жоруд Таёлисий, «Муснаду Таёлисий», 1-ж, 23-б.
  3.  Байҳақий Шофиий, «Сунану Байҳақий» ёки «Сунану Кубро» номи билан танилган, 10-ж, 14-б.
Share

Check Also

Ислом тариxининг қора саҳифалардан бири-1

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим Ўттиз иккинчи ҳижрий сана. Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри. Ўша …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.