Home / Аҳли-Байт / Имом Али (а.с) / Уҳуд урушида ҳазрати Али (а.с)нинг беназир фидокорликлари

Уҳуд урушида ҳазрати Али (а.с)нинг беназир фидокорликлари

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ҳижратнинг учинчи йили мусулмонлар учун оғир оқибатларга олиб келган катта воқеа юз берди. Бадр жангида мағлубиятга учраб, обрў-эътиборини йўқотган Қурайш қабиласи ўзини қайта тиклаб олиш мақсадида катта урушга тайёргарлик кўрди. Қурайш қабиласи ушбу урушдан қуйидаги мақсадларни кўзлаган эди:

  1. Бадр жангида қўлдан берган обрў-эътиборини қайта тиклаш
  2. Бадр жангида ҳалок бўлган Қурайшликларнинг қасосини олиш
  3. Шимолни жанубга боғлайдиган муҳим савдо йўлини очиш
  4. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни ўлдириб Ислом динини бутунлай йўқ қилиш.

Қурайш қабиласи ушбу мақсадларга эришиш учун уч минг кишилик қўшин тўплаб, тўлиқ жиҳозлар ва қурол-яроқлар билан майдонга келди. Уларнинг қурол-яроқ ва имкониятлари: Етти юзта совут кийган аскарлар, икки юз отлиқ, юк ташиш ва овқатланиш учун уч минг туя ва Абу Суфённинг хотини Ҳинд бошчилигидаги Макканинг ўн тўрт нафар машҳур қўшиқчи аёлларидан иборат эди. Бу аёллар қўшиқ ва тароналар айтиш билан мушрик ва кофирлар лашкарининг руҳиятини мустаҳкамлар эдилар.

Пайғамбар (с.а.в) Қурайшнинг қўшин тортиб келаётганидан хабар топгач, мусулмонларни тўпланишга чақирдилар. Мусулмонларнинг мингга яқини урушга тайёрланди. Қурайш мушрикларига қарши уришиш услуби ҳақида мусулмонлар ўртасида турли фикр ва маслаҳатлар бўлиб ўтгач, ниҳоят, мусулмонлар қўшини Мадинанинг шимолида жойлашган Уҳуд тоғи этаги томон йўл олишди. Шаҳарга кириш йўли шимол томондан эканини билган душман Мадинанинг жанубига етиб борганидан сўнг шимол томонга келиб, Ислом қўшини рўпарасида қароргоҳ тузиб ўрнашди.

Мусулмонлар билан Макка мушриклари ўртасидаги қонли тўқнашув Уҳуд тоғи этагида юз берган сабаб, ушбу урушга «Уҳуд жанги» дейилган.

Уҳуд тоғи оралиғида «Айнайн» деган бир бўғоз бор эди. Ушбу жойнинг ўта қалтислиги сабабли, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Абдуллоҳ ибн Жубайр қўмондонлиги остида ўқ отар эллик кишини Уҳуд тоғининг ушбу «Айнайн» бўғозига тайинладилар ва уларга бу ерни ҳеч қандай шароитда, мусулмонлар ғолиб келадими ёки мағлуб бўладими, у зотнинг рухсатисиз тарк этмасликни буюрдилар. Уҳуд жанги бошланди ва дастлаб Ислом қўшини яхши уршиб, турли мавқеларни эгаллади ва оқибат ғалабага эришди. Бироқ «Айнайн» бўғози ҳимоячиларининг қилган сустлиги ва хатоси натижани ўзгартирди. Мусулмонларнинг илк ғалабасини кўрган «Айнайн» бўғозининг ўқ отар ҳимоячилари ўз мажбуриятларини тарк этиб, жанг ўлжаларини қўлга кириш учун тоғдан пастга тушишди. Фақат Абдуллоҳ ибн Жубайр ва яна бир неча оз сонли кишиларгина жойларидан силжимай, ўша ерда қолишди. Бошқа мусулмонлар ҳам урушдан қўл тортиб, ўлжа йиға бошлашди.

Ҳали уруш майдонига кирмай, Қурайш қўшинларининг мағлубиятини кузатиб турган душман эҳтиёт кучлари қўмондони Холид бин Валид агар мусулмонлар «Айнайн» бўғозини ҳимоя қилмасалар, уларга шу жойдан туриб зарба бериш мумкинлигини тушиниб етди. Холид бин Валид мусулмонларнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) фармонларидан бўйин товлаб, «Айнайн» бўғозини тарк этишлари билан кўзлаган мақсадига етди. У қўл остидаги аскарлари билан ушбу жойга ҳамла қилди. Бироқ Абдуллоҳ ибн Жубайр ва унинг оз сонли одамлари ўша «Айнайн» бўғозида қолиб, душман бу қалтис жойни мусулмонлардан олмаслиги учун душманга қарши ўқ узардилар, аммо уларнинг ўқлари тугаб қолди. Кейин эса улар найзалар билан душманга жанг қилишди. Уларнинг найзалари сингач, қилич кўтариб душман билан жонона уришдилар ва оқибат, бу йўлда шаҳид бўлдилар. Бу оз сонли кишиларнинг шаҳид бўлиши билан душманнинг ҳарбий кучлари орқадан ҳужум қилиб, мусулмонларга қаттиқ зарба берди. Қурайшнинг қочаётган қўшини Холиднинг ушбу ҳужумидан хабар топгач, руҳланиб уруш майдонига қайтиб келди. Бу юзага келган янги вазиятда мусулмонларнинг бир гуруҳи шаҳид бўлишди ва Ислом қўшинининг қолган аскарлари эса жанг майдонидан қочиб кетишди. Вазият шу даражада оғирлашдики, Сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан атиги тўрт-беш киши уруш майдонида қолди. Улар: мўминлар амири ҳазрати Али, Талҳа, Зубайр ва Абу Дожана Ансорий эдилар.

Жароҳатланганларга ёрдам кўрсатиш учун келган Насиба бинти Каъб ал-Ансория исмли муслима аёл Пайғамбар (с.а.в)нинг ёлғиз ҳолда ва хавф остида қолганларини кўриб, қўлига қурол олди ва ул ҳазратни ҳимоя қилди. Пайғамбар (с.а.в) сўнгги лаҳзаларгача уруш майдонида қолдилар. Душманлар у зотни ўлдирмоқчи бўлишганида ҳазрати Али, тўрт-беш киши ва ўша муслима аёл Пайғамбарнинг ёнларида туриб, Макка кофирларига қарши уришдилар. Ушбу Уҳуд жангида Сарвари коинотнинг муборак пешоналари ёрилиб, бошлари ва юзларини қон қоплади ҳамда мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) 70 га яқин тан жароҳати олиб, бутун баданлари қонга беланди. Аммо халифаликни даъво қилиб уни тортиб олган кишилар эса уруш майдонидан қочиб, Уҳуд тоғининг тепасига чиқиб ўрнашиб олишди.

Тарихда айтилишича, Пайғамбар (с.а.в) уларнинг исмини тилга олиб чақирадилар, лекин улар шу даражада қўрқиб қочишадики, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг чақирувларига жавоб бермасдилар ҳам. Қуръони Каримда бу ҳақда шундай дейилган:

﴿إِذۡ تُصۡعِدُونَ وَلَا تَلۡوُۥنَ عَلَىٰ أَحَدٍ وَٱلرَّسُولُ يَدۡعُوكُمۡ فِيٓ أُخۡرَىٰكُمۡ

«Ҳеч кимга боқмай жанг майдонидан қочиб, тоғга чиқиб кетган пайтингизни эсланг! Ҳолбуки, Пайғамбар ортингиздан сизларни чақирарди». (Оли Имрон сураси, 153-оят)

Ҳатто улардан бири Мадина мунофиқларининг бошлиғи бўлмиш Абдуллоҳ ибн Убай ёнига одам юбориб, Абу Суфёндан уларга омонлик беришини сўрамоқчи бўлди. Чунки, Абдуллоҳ ибн Убай бу урушда қатнашмаган эди ва Абу Суфён наздида обрў-эътиборга эга эди. Уҳуд урушида жуда хавфли вазият юзага келди. Зеро, душманлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни қўлга олиш ёки ўлдириш учун бор кучини сарфлашди. Бундай оғир шароитда ҳам Сарвари олам уруш майдонида душмандан асло қочмай, уларга қарши қаттиқ турдилар, бироқ у зотнинг ҳимоячилари жуда кам эди. Айрим тарихий маълумотларга кўра, вазият шу даражага етиб бордики, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ёнларида фақат мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) қолдилар ва ҳамма жанг майдонидан қочиб кетди. Ҳазрати Али (алайҳис салом) ёлғиз ҳолда душман ҳужумига қарши туриб, Расулуллоҳ (с.а.в)ни ҳимоя қилдилар ва душман у зотга етиб боришига тўсқинлик қилдилар. Бу йўлда ҳазрати Али (алайҳис салом)га кўп жароҳатлар етди.

Мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг ўзлари бу борада шундай деганлар:

«وَلَقَدْ عَلِمَ الْمُسْتَحْفِظُونَ مِنْ أَصْحَابِ مُحَمَّدٍ (صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ) أَنِّي لَمْ أَرُدَّ عَلَى اللَّهِ وَلَا عَلَىٰ رَسُولِهِ سَاعَةً قَطُّ وَلَقَدْ وَاسَيْتُهُ بِنَفْسِي فِي الْمَوَاطِنِ الَّتِي تَنْكُصُ فِيهَا الْأَبْطَالُ وَتَتَأَخَّرُ فِيهَا الْأَقْدَامُ نَجْدَةً أَكْرَمَنِيَ اللَّهُ بِهَا»

«Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг сир-асрорларини сақловчи барча саҳобалар билишадики, мен Аллоҳ ва Унинг Расулининг амридан ҳеч қачон бош тортмаганман. Дарҳақиқат, мен қаҳрамонларнинг оёғи қалтираб орқага чекинадиган жойларда жонимни фидо қилиб, Пайғамбарга ёрдам берардим. Аллоҳ таоло менга довюраклик ва мардоналикни ато этиш билан мени эъзозлади». (Наҳжул Балоға, 197-хутба)

Шуни айтиш лозимки, Аллоҳ таоло Уҳуд урушида мусулмонларга ғалаба қозонишни ваъда қилган эди ва У ўз ваъдасининг устидан чиқди. Зеро, мусулмонлар Уҳуд урушида дастлаб Макка мушриклари устидан ғалаба қозонишди. Бироқ мусулмонлар ғалабадан сўнг заифлашиб, душман қўшинлари ташлаб кетган ўлжаларни йиғиб олишда бир-бирлари билан жанжаллашиб қолишди ва уларнинг дунё мол-матоси устидаги низо-ихтилофлари қозонилган ғалабани мағлубиятга айлантирди. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

﴿وَلَقَدْ صَدَقَكُمُ اللَّهُ وَعْدَهُ إِذْ تَحُسُّونَهُم بِإِذْنِهِ ۖ حَتَّىٰ إِذَا فَشِلْتُمْ وَتَنَازَعْتُمْ فِي الْأَمْرِ وَعَصَيْتُم مِّن بَعْدِ مَا أَرَاكُم مَّا تُحِبُّونَ ۚ مِنكُم مَّن يُرِيدُ الدُّنْيَا وَمِنكُم مَّن يُرِيدُ الْآخِرَةَ ۚ﴾

«Шубҳасиз, [Уҳуд жангида] Аллоҳ сизларга берган ваъдасининг устидан чиқди. Ўшанда сизлар Унинг изни билан кофирларни қира бошладингиз. Токи сизлар заифлашиб, [уруш] иши борасида ўзаро жанжаллашиб қолдингиз ва ўзингиз яхши кўрган нарсаларингизни [жанг ўлжаларини] сизга кўрсатганидан сўнг итоатсизлик қилдингиз. Орангизда дунёни хоҳлайдиган кимсалар бор ва орангизда охиратни хоҳлайдиган кишилар бор». (Оли Имрон сураси, 152-оят)

Ислом дини таълимотларида халифа ва пешво учун белгиланган шартлардан бири шижоат ва қўрқмаслик хусусиятидир. Шижоат ва қўрқмаслик исломий ҳукмдорнинг асосий шартларидан бири бўлиб, шижоат ва довюракликка эга бўлмаган киши халифаликка лойиқ эмаслиги айтилади.

Чунки, халифа ва пешвонинг вазифаларидан бири Ислом ва мусулмонлар ҳудудини ҳимоя қилиш ва душманлар ҳужумига қарши тура олишдир. Агар мусулмонлар халифаси ўзи қўрқоқ бўлса, ҳужумга буйруқ бермайди ва ўзи ҳам ҳужумда қатнашмайди. Бунинг оқибатида душманлар исломий ҳудудларга бостириб киришига, мусумонларни ўлдириб уларни талон-тарож қилишига ва жиноятлар содир этишига сабаб бўлади. Ҳаттоки исломий ўлкалар кофирлар қўлига тушиб, улар динни йўқ қилишларигача олиб келиши ҳам мумкин. Ушбу масала илоҳиёт илмида диққатга сазовор бўлган зарур мавзулардан биридир.

Аҳли суннатнинг буюк тарихчи олими Ибн Асир Ал-Жазарий ўзининг «Ал-Комилу фит-тарих» номли китобида ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг Уҳуд жангидаги шижоат ва довюракликлари ҳақида шундай ёзади:

أبصر النبيُّ جماعةً من المشركين فقال لعليٍّ: احمل عليكم، ففرَّقهم وقتل فيهم، ثمَّ أبصر جماعة أخرى فقال له: احمل عليهم، فحمل عليهم وفرّقهم وقتل فيهم، فقال جبريل: يا رسول الله هذه المواساة. فقال رسول الله: إنَّه منِّي وأنا منه. فقال جبريل: وأنا منكما قال: فسمعوا صوتًا: لا سيف إلّا ذو الفقار، ولا فتىً إلَّا عليٌّ.

«Уҳуд уруши кунида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳужум қилмоқчи бўлган бир гуруҳ мушрикларни кўриб, Алига: Улар томон ҳужум қилгин, дедилар. Шунда ҳазрати Али улардан бир неча кишини ўлдириб, уларни тарқатиб юборди. Кейин Пайғамбар уларнинг яна бир гуруҳини кўрдилар ва Алига қараб: Уларга ҳужум қилгин, дедилар. Шунда ҳазрати Али уларга ҳужум қилиб, уларни ўлдириб тарқатиб юборди. Шу пайт ваҳий фариштаси ҳазрати Жаброил: Ё Расулуллоҳ, Алининг бу иши фидокорликнинг энг юқори даражасидир, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «У [Али] мендан ва мен ҳам унданман», дедилар. Ва ҳазрати Жаброил (алайҳис салом): «Мен ҳам сизларданман», деди. Шу вақт улар осмондан: «Лаа сайфа иллаа Зулфиқор ва лаа фатаа иллаа Алий», [яъни Зулфиқордан бошқа қилич йўқ ва Алидан ўзга йигит йўқ] деган овозни эшитдилар».[1]

Аҳли суннатнинг буюк олими Ибн Абул ал-Ҳадид ҳам ўзининг «Шарҳу Наҳжил Балоға» номли китобида ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг Уҳуд жангидаги улкан фидокорликлари ҳақида шундай ёзади:

وروى أبو عمرو محمد بن عبد الواحد الزاهد اللغوي، غلام ثعلب، ورواه أيضا محمد ابن حبيب في أماليه، أن رسول الله صلى الله عليه وآله لما فرَّ مُعظم أصحابه عنه يوم أحد، كثرت عليه كتائب المشركين، وقصدته كتيبة من بني كنانة، ثم من بني عبد مناة بن كنانة، فيها بنو سفيان بن عويف؛ وهم: خالد بن سفيان، وأبو الشعثاء بن سفيان وأبو الحمراء بن سفيان ، وغراب بن سفيان، فقال رسول الله صلى الله عليه وآله: يا على اكفيني هذه الكتيبة، فحمل عليها و إنها لتقارب خمسين فارسا؛ وهو عليه السلام راجل فما زال يضربها بالسيف حتى تتفرق عنه ثم تجتمع عليه هكذا مرارا حتى قتل بني سفيان بن عويف الأربعة، وتمام العشرة منها، ممن لا يعرف بأسمائهم، فقال جبرئيل عليه السلام لرسول الله صلَّى الله عليه وآله: يا محمد، إنَّ هذه المواساة، لقد عجبت الملائكة من مواساة هذا الفتى! فقال رسول الله صلى الله عليه وآله: وما يمنعه وهو منى وأنا منه! فقال جبرئيل عليه السلام: وأنا منكما. قال: وسمع ذلك اليوم صوت من قِبَل السَّماء، لا يرى شخص الصارخ به ينادی مرارا: لا سيف إلَّا ذو الفقار ولا فـتى إلَّا عليٌّ فَسُئِلَ رسولُ الله صلَّى الله عليه وآله عنه، فقال: هذا جبرئيل.

«Уҳуд уруши кунида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) саҳобаларининг кўпчилиги у зотнинг ёнларидан қочиб кетаганларида, мушрикларнинг турли гуруҳлари ҳужуми у зотга қарши кучайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳазрати Алига: «Эй Али, бу гуруҳлар ҳужумини мендан даф қилгин», дедилар. Пиёда жанг қилаётган ҳазрати Али эллик кишилик отлиқ гуруҳга ҳужум қилиб ва уларни қилич билан уриб, Пайғамбар атрофларидан тарқатиб юборди. Сўнг улар яна бир неча марта Пайғамбарга қарши ҳужум қилиш учун тўпланишди. Токи, ҳазрати Али Суфён ибн Авифнинг тўрт нафар ўғлини ва улардан исмлари танилмаган ўн нафарнинг ҳаммасини ўлдирди. Шунда ҳазрати Жаброил (алайҳис салом) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га: Эй Муҳаммад, чиндан ҳам Алининг бу иши ўта юқори фидокорликдир, бу йигитнинг фидокорлигидан фаришталар ҳайратда қолишди, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «Нега шундай бўлмас экан? У [Али] мендан ва мен ҳам унданман», дедилар. Ва ҳазрати Жаброил (алайҳис салом): «Мен ҳам сизларданман», деди. Ўша куни осмондан: «Лаа сайфа иллаа Зулфиқор ва лаа фатаа иллаа Алий», [яъни Зулфиқордан бошқа қилич йўқ ва Алидан ўзга йигит йўқ] деган овознинг қайта-қайта айтилгани эшитилди. Лекин уни айтувчи кўзга кўринмасди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан бу овозни айтувчи ким? деб сўралганда, у зот: «Бу Жаброилдир», дедилар».[2]

Энди халифаликни эгаллаган шахсларга бир назар ташласак, улар Уҳуд жангида Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни ёлғиз қўйиб, уруш майдонидан қочиб кетишганини кўрамиз. Аҳли суннатнинг буюк ҳадисчи олими Ҳоким Нишобурий ўзининг «Ал-Мустадрак» номли китобида Абу Бакрнинг сўзини қуйидагича ривоят қилади:

«يوم أحد كنت أول من فاء…»

«Мен Уҳуд жанги куни [қочгандан кейин] Расулуллоҳ ҳузурларига биринчи бўлиб қайтган киши эдим…».[3]

Шунингдек, Уҳуд жангидан қочиш борасида Ал-Муттақил Ҳиндийнинг «Канзул-Уммол» китобида, «Тафсири Табарий», Жалолиддин Суютийнинг «Аддурул мансур» номли тафсир китобида ва Ибн Атийянинг «Ал-Муҳаррарул Важиз» номли тафсир китобида Умар ибн ал-Хаттобнинг тилидан батафсил келтирилган. Умар жума куни хутба ўқиётиб, Оли Имрон сурасининг 155-оятига келганда:

خَطَبَ عُمَرُ يَوْمَ الْجُمُعَةِ، فَقَرَأَ آلَ عِمْرَانَ، فَلَمَّا انْتَهَى إِلى قَوْلِهِ:

﴿إِنَّ الَّذِينَ تَوَلَّوْا مِنكُمْ يَوْمَ الْتَقَى الْجَمْعَانِ إِنَّمَا اسْتَزَلَّهُمُ الشَّيْطَانُ بِبَعْضِ مَا كَسَبُوا ۖ﴾

«[Уҳуд жангида] икки гуруҳ тўқнашган куни сизлардан юз ўгириб қочганларни баъзи қилган ишлари туфайли шайтон йўлдан урди, холос»

Шундай деди:

«لَمَّا كَانَ يَوْمُ أُحُدٍ هَزَمْنَاهُمْ، فَفَرَرْتُ حَتَّى صَعِدْتُ الْجَبَلَ، فَلَقَدْ رَأَيْتُنِي أَنْزُو كَأَنَّنِي أَرْوَى، وَالنَّاسُ يَقُولُونَ: قُتِلَ مُحَمَّدٌ، فَقُلْتُ: لاَ أَجِدُ أَحَدَاً يَقُولُ قُتِلَ مُحَمَّدٌ إِلاَّ قَتَلْتُهُ، حَتَّى اجْتَمَعْنَا عَلى الْجَبَلِ، فَنَزَلَتْ: ﴿إِنَّ الَّذِينَ تَوَلَّوْا مِنْكُمْ يَوْمَ الْتَقَى الْجَمْعَانِ﴾»

«Уҳуд жанги куни биз улардан мағлуб бўлиб енгилганимизда, мен қочиб, тоққа чиқдим. Мен ўша қочиш вақти худди тоғ эчкиси каби тоғ тепасига чиқиб кетгандим ва мен ўшанда жуда чанқаган эдим. Одамлар: Муҳаммад ўлдирилди, дердилар. Шунда мен: Муҳаммад ўлдирилди, деб айтган кишини кўрсам уни ўлдираман, дедим. Токи, биз тоғдан паноҳ топиб, ҳаммамиз тоғ тепасига тўпландик. Мана шу вақтда ушбу оят нозил бўлди».[4]

Аҳли суннатнинг буюк муфассир ва илоҳиётчи олими бўлмиш аллома Фахриддин Ар-Розий ўзининг «Ат-тафсирул Кабийр» ёки «Мафотийҳул ғайб» номли тафсир китобининг 9-жилд, 50-бетида ушбу ояти кариманинг остида шундай деб келтиради:

«ومن المنهزمين عمر إلَّا أنَّه لم يكن في أوائل المنهزمين، بل ثبت على الجبل إلى أن صعد النَّبيُّ صلَّى الله عليه وسلَّم، ومنهم أيضًا عثمان»

«Уҳуд жангидан қочганлар орасида Умар ҳам бор эди. Лекин у қочганларнинг биринчиларидан эмасди, балки у то Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) тоққа чиққунларича тоғнинг тепасида қолди ва қочганлар орасида Усмон ҳам бор эди».[5]

Бу зотларнинг уруш майдонидан қочиб кетганини оқлашнинг иложи йўқ. Юқорида келтирганимиздек, айримлар уларнинг бу ишини оқлаш мақсадида улар биринчилардан бўлиб жанг майдонидан қочиб кетишгани йўқ, балки улар кейинги қочганлардан бўлишди, деб айтишади! Ҳар ҳолда улар уруш майдонидан қочиб кетишди! Кейин улар тоғнинг тепасига чиқиб олиб, Пайғамбар ҳам у ерга келгунларича ўша ерда ўрнашиб олишди деб яна оқлашга уринадилар. Ҳолбуки, Сарвари олам охирги лаҳзагача уруш майдонида душманларга қарши турдилар ва душманлар у зотни ўлдирмоқчи бўлганда, мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) ва Насиба бинти Каъб ал-Ансорийя исмли аёл Пайғамбарнинг ёнларида туриб душманга қарши қаттиқ уришдилар. Аммо халифаликни даъво қилиб уни эгаллаб олган кишилар эса уруш майдонидан қочиб, Уҳуд тоғининг тепасига чиқиб ўрнашиб олишганди.

Аҳли суннатнинг йирик алломаси Ибн Абдул Барр Ал-Қуртубий Усмон ибн Афвоннинг ҳам Уҳуд жангидан қочгани ҳақида айтади:

«وفرَّ عُثْمَان بْن عَفَّان، وعقبة بن عثمان، وسعد بْن عُثْمَان- أخوان من الأنصار- حَتَّى بلغوا الجبل مما يلي الأعوص، فأقاموا بِهِ ثلاثا، ثُمَّ رجعوا إِلَى رَسُول اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ»

«Усмон ибн Аффон ҳамда Уқба ибн Усмон ва Саъд ибн Усмон исмли ансорлик икки ака-ука жанг майдонидан қочиб кетишди [ҳатто улар Уҳуд тоғидан ҳам ошиб ўтиб] Аъвас ҳудуди яқинидаги тоққа [Мадинага яқин жойга] етиб боришди. Улар у ерда уч кун қолиб, сўнгра Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳузурларига қайтиб келишди».[6]

Аллома Фахриддин Ар-Розий ҳам ўзининг «Ат-тафсирул Кабийр» ёки «Мафотийҳул ғайб» номли тафсир китобининг 9-жилдида айтади:

«ومنهم أيضا عثمان انهزم مع رجلين من الأنصار يقال لهما سعد وعقبة، انهزموا حتَّى بلغوا موضعًا بعيدًا ثمَّ رجعوا بعد ثلاثة أيام»

«Уҳуд жангидан қочганлардан бири Усмон эди. У ансордан бўлган Саъд ва Уқба исмли икки киши билан Уҳуд жангидан қочиб кетди. Улар Уҳуд тоғидан узоқ жойга етиб боргунча қочиб кетишди. Сўнгра орадан уч кун ўтгач, Мадинага қайтиб келишди».[7]

Бинобарин, мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг шижоат ва қўрқмасликлари инкор этиб бўлмас ва ойдин бир масаладир. Лекин Ислом динининг илк даври бўлмиш 23 йил давомида дастлабки уч халифа бирор бир урушда ўзидан шижоат ва жасорат кўрсатгани қайд этилмаган. Улар мусулмонлар билан кофир-мушриклар ўртасида рўй берган 84 та уруш ва тўқнашувларда душман томон ҳатто бир ўқ отгани ҳам Ислом тарихида ёзиб қолдирилмаган. Улар Ислом дини фойдасига ҳеч бир иш қилмай, бу йўлда бирор бир хизмат кўрсатмаганлар ҳам. Аммо бунинг акси ўлароқ, мўминлар амири ва тақводорлар сардори ҳазрати Али (алайҳис салом) ўзларининг бетакрор ва мисли кўрилмаган шижоат ва фидокорликлари билан барча уруш ва тўқнашувларда мусулмонларнинг кофир-мушриклар устидан ғалаба қозонишларида энг катта хизмат ва таъсир кўрсатганлар. Бу борада тарихий манбаларда кўп маълумотлар ёзиб қолдирилган.

Аҳли суннатнинг буюк олими Ибн Абул ал-Ҳадид «Шарҳу Наҳжил Балоға» китобида устози Абу Жаъфар Аскофийнинг Жоҳиз [Абу Усмон Амр ибн Баҳр, вафот этган сана: 255 ҳижрий йил, Муътазила фирқасининг бошлиғи] Абу Бакрни оқлаб айтган сўзларига нисбатан ўз жавобини қуйидагича келтиради:

«لم يرم قط بسهم ولا سل سيفاً ولا أراق دماً»

«Абу Бакр ўз ҳаёти давомида ҳеч қачон бир ўқ ҳам отмаган, қилични қинидан ҳам чиқармаган ҳамда кофир ва мушрикларнинг қонини тўкмаган».[8]

Охир-оқибат, Макка мушриклари Сарвари олам ва ҳазрати Алининг уларга қарши қаттиқ туриб бор кучлари билан фидокорона курашишлари натижасида Уҳуд жангида кўзлаган мақсадларининг бирортасига эриша олмадилар ва Мадина шаҳрига кирмай туриб, Макка томон орқаларига қайтиб кетишди. Агарчи мусулмонлар Уҳуд урушида зоҳирда ғолиб келмаган бўлсалар-да, бироқ Макканинг мушрик ва кофирлари юқорида айтилган мақсадларнинг бирортасига эриша олишмади. Натижада Ислом дини ва мусулмонларнинг фаолияти ва кундан кунга ривож топиб кучайиши давом этаверди.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Ибн Асир Ал-Жазарий, «Ал-Комилу фит-тарих», 2-жилд 44-бет.

[2]. Ибн Абил Ҳадид, «Шарҳу Наҳжил Балоға», 14-жилд, 250-бет.

[3]. Ҳоким Нишобурий, «А-Мустадрак алас-саҳиҳайн», 3-жилд, 29-бет, ҳадис рақами: 4315.

[4]. Ушбу сўзнинг Аҳли суннат наздидаги манбаи:

  • Муҳаммад ибн Жарийр ибн Язид ат-Табарий, «Жомиъул баён ъан таъвили ойил-Қуръон» ёки «Тафсири Табарий» номи билан танилган, 4-жилд, 144-бет.
  • Абу Муҳаммад Абдулҳақ ибн Ғолиб ибн Атийя Ал-Андулусий, «Ал-Муҳаррарул Важиз фий тафсирил китобил азиз», 1-жилд, 529-бет.
  • Ҳофиз Жалолуддин Суютий, «Жомиъул аҳодис; Ал-Жомиъус соғийр ва завоидуҳу ва вал-Жомиъул кабийр», 14-жилд, 529-бет.

[5]. Фахриддин ар-Розий, «Ат-Тафсирул Кабийр ав Мафаатийҳул ғайб», 9-жилд, 42-бет, Оли Имрон сурасининг 155-ояти тафсирида.

[6]. Ибн Абдул Барр Ал-Қуртубий, «Ал-истийъоб фий маърифатил асҳоб», 3-жилд, 1074-бет, дорул жайл нашрида.

[7]. Фахриддин ар-Розий, «Ат-Тафсирул Кабийр ав Мафаатийҳул ғайб», 9-жилд, 42-бет, Оли Имрон сурасининг 155-ояти тафсирида.

[8]. Ибн Абил Ҳадид, «Шарҳу Наҳжил Балоға», 13-жилд, 170-бет, Дорул кутубил-илмийяҳ нашриёти.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Имом Али инсоний адолатнинг овози номли китоб ҳақида

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ✍🏻 Жаноб Доктор Муҳаммад Асадий Гарморудий ўзининг «Ғадирнинг инсонлар камолотидаги ўрни» китобида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.