Home / Қурони Карим / Қуръон ва Аҳли-Байт / Нимага Татҳийр ояти алоҳида тушурилмаган?

Нимага Татҳийр ояти алоҳида тушурилмаган?

    Зикр этилган ояти карима борасида бир савол фикрга келади: Нима учун Пайғамбаримиз(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) аёлларининг вазифасини баён қилиш билан бирга, Аллоҳ таоло  шундай бир мавзуни ваҳий қилиб юборганки, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) нинг аёлларига ҳеч қандай алоқаси йўқ?

  Бошқача айтганда: Аҳзоб сурасининг 33-оятида Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)аёлларининг вазифасини баён қилиш билан биргаликда, шундай бир хабарни ваҳий қилиб йўллаганки, ул ҳазратнинг аёлларини ўз ичига олмайди ва уларга ҳеч қандай тегишли ери йўқ, балки, ул ҳазратнинг аҳли-байтлари бўлмиш имом Али, ҳазрати Фотима, имом Ҳасан ва имом Ҳусайн(алайҳимус салом)га оид бўлган муҳим бир мавзуни баён қилгандир. Бунинг сабаби нимада?

  Ушбу муҳим саволга йирик тафсирчи олим Аминул Ислом Табарсий ўзининг «Мажмаъул баён» номли тафсирида қуйидагича жавоб берган: Қуръони Карим оятлари орасида шундай оятларга дуч келамизки, ушбу оятлар бир ерда ёнма-ён келган бўлсаларда, аммо турли хил мавзулар борасида сўз юритганлар. Қуръони Карим бундай турли хил мавзулар хусусида ёнма-ён келган оятларни жуда кўп баён қилгандир, шу жумладан татҳийр ояти ушбу қоида асосида келтирилган.

  Шунингдек, арабларнинг сўз устаси бўлган нотиқларнинг каломи ва уларнинг шеърларида ҳам юқорида айтиб ўтилган мавзу ҳақида жуда кўп намуналар мавжуддир.[1]

  Асримизнинг буюк муфассири аллома Саййид Муҳаммад Ҳусайни Таботабоий мазкур саволга бошқа жавобни қўшимча қилганлар. Аҳзоб сурасидаги 33-оятининг ушбу жумласи:

﴿إِنَّمَا يُرِيدُ اللهُ لِيُذْهِبَ عَنْكُمُ الرِّجْسَ أَهْلَ البَيْتِ وَ يُطَهِّرَكُمْ تَطْهِيرًا﴾

  Пайғамбаримизнинг аёллари хусусидаги оятлар билан бирга нозил бўлганига ҳеч қандай далил йўқдир, балки шу мавзуда баён қилинган ҳадислардан маълум бўлишича, ушбу оятнинг бу қисми, алоҳида нозил бўлган. Бироқ, Пайғамбаримиз Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг ҳаётликдаврларида ёки ундан сўнг, Қуръон оятлари тўпланиш замонида ул ҳазратнинг аёллари хусусидаги оятлар ёнига қўйилган.[2]

  Ушбу мазкур саволга учинчи жавобни қуйидагича бера олиш мумкин: Қуръони Карим Пайғамбаримиз Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг аёллари учун муҳим бўлган қуйидаги хабарни етказмоқчи: Эй Пайғамбарнинг аёллари! Сизлар шундай бир хонадон аҳли билан ҳаёт кечирмоқсизки, уларнинг айримлари гуноҳ ва нопокликдан покиза ва маъсумдирлар.

  Покиза ва маъсум бўлган инсонлар орасида ҳаёт кечирган киши, бошқалардан кўра ўзига эҳтиётли бўлиши лозим, шуни унутманки, беш покиза ва маъсум бўлган инсонлар билан бирга яшаб, уларга тегишли бўлишингиз, сизлар учун оғир вазифа ва масъулиятни вужудга келтиради, шунинг учун Аллоҳ ва Унинг бандалари сизлардан яхши амалларни бажаришингизнинг интизоридадирлар.

  Мазкур саволга тўртинчи жавобимиз шундан иборатки, агар Аҳзоб сурасидаги 33-оятнинг ушбу қисми:

﴿إِنَّمَا يُرِيدُ اللهُ لِيُذْهِبَ عَنْكُمُ الرِّجْسَ أَهْلَ البَيْتِ وَ يُطَهِّرَكُمْ تَطْهِيرًا﴾

   Пайғамбаримиз аёллари ҳақидаги оятлар билан биргаликда нозил бўлганини фараз қилсак, Қуръон оятлари ғоиб ҳолдан мурожаат қилиш (хитоб) ҳолатига ёки бир мурожаат қилинувчи (хитоб қилинувчи)дан бошқа бир мурожаат қилинувчи (мухотаб)га ўзгариши, керакли ўринларда араб тилининг балоғат фанларидан бўлиб, Қуръонда ушбу балоғат фанига мансуб бўлган қонун қўлланилган, шу жумладан:

﴿إِنَّهُ مِنْ كَيْدِكُنَّ إِنَّ كَيْدَكُنَّ عَظِيمٌ يُوسُفُ أَعْرِضْ عَنْ هَذَا وَ اسْتَغْفِرِى لِذَنْبِكَ﴾

   «Албатта, бу (амал) сизларнинг ҳийлаларингиздандир. Дарҳақиқат, сизларнинг ҳийлангиз буюкдир. Юсуф сен бу (амал)дан юз ўгиргин ва сен эса (эй Зулайҳо) қилган гуноҳинг учун, (Худодан) мағфират истагин» (Юсуф сурасининг 28 ва 29-оятлари).

  Ушбу ояти каримадаги бу жумла:

﴿يُوسُفُ أَعْرِضْ عَنْ هَذَا﴾

  Зулайҳога хитоб қилиб, баён қилинган икки жумланинг ўртасида келтирилгандир, яъни: Зулайҳога қаратиб айтилган икки жумланинг ўртасида, Юсуф пайғамбарга оид бўлган жумла баён қилинган. Қуръон оятлари орасида ушбу мазкур балоғат фанидаги қонун, муносиб бўлган ўринларда ишлатилган.

  Биз сўз юритаётган мазкур ояти каримада ҳам шу балоғат фанидаги қонун қўлланилган. Зероки, ушбу Аҳзоб сурасининг 33-оятида, аввалам бор, Пайғамбаримиз аёлларининг вазифаси хусусида сўз юритилиб, ундан сўнг Пайғамбаримиз аҳли-байтлари барча нопоклик ва гуноҳдан покиза ва маъсум эканликлари баён қилинган ва кейинги 34-ояти карима яна ул ҳазратнинг аёллари вазифасини баён этиш хусусида давом эттирилган.

  Шунга биноан, Пайғамбаримиз аёлларининг вазифаларини баён этаётган оятлар орасида, ул ҳазратнинг Аҳли-байтлари бўлмиш имом Али, ҳазрати Фотима, имом Ҳасан ва имом Ҳусайн(алайҳимус салом) барча нопоклик ва гуноҳлардан бутунлай покиза ва маъсум эканликлари баён қилинган бўлиб, ушбу мавзу Пайғамбаримизнинг аёлларига ҳеч қандай алоқаси бўлмай туриб, юқорида зикр қилинган араб тилининг балоғат фанига оид бўлган қонун асосида сўз юритилган.

  Шундай экан, Аҳзоб сурасидаги 33-оятнинг ушбу қисми;

﴿ إِنَّمَا يُرِيدُ اللهُ لِيُذْهِبَ عَنْكُمُ الرِّجْسَ أَهْلَ البَيْتِ وَ يُطَهِّرَكُمْ تَطْهِيرًا﴾

асосида аён бўладики, пайғамбаримиз Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан сўнг, ул ҳазратнинг Аҳли-байтлари бутун нопоклик ва гуноҳдан пок бўлгани сабабли, барча мусулмонларга Қиёмат кунигача пешво, валий ва йўлбошчи бўлишга лойиқ ва сазовор эканлиги муқаррар. Зероки, пайғамбаримиз Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан сўнг, бу улуғ зотлардан бошқа ҳеч ким мана шундай юксак даражага, маъсумлик даражасига эриша олмаган. Аллоҳ таоло Ўз Қуръонида барчадан устун, юксак ва афзал бўлган мана шундай инсонларга эргашишни ушбу ояти карима ва шунга ўхшаш оятларда амр қилган.

قالَ اللَّهُ عَزَّوَجَلَّ: ﴿ إِنَّ الْإِنْسَانَ خُلِقَ هَلُوعاً، إِذا مَسَّهُ الشَّرُّ جَزُوعاً، وَإِذَا مَسَّهُ الْخَيْرُ مَنُوعاً إِلاَّ الْمُصَلِّينَ﴾ فَاسْتَثْنَى اللَّهُ تَعَالَى نَبِيَّهُ الْمُصْطَفَى، وَأَنْتَ يَا سَيِّدَ الأَوْصِيآءِ، مِنْ جَمِيعِ الْخَلْقِ، فَمَا أَعْمَهَ مَنْ ظَلَمَكَ عَنِ الْحَقِّ ثُمَّ أَفْرَضُوكَ سَهْمَ ذَوِى الْقُرْبَى مَكْراً، وَأَحَادُوهُ عَنْ أَهْلِهِ جَوْراً.

  Буюк ва Иззатли бўлган Аллоҳ таоло буюради: «Дарҳақиқат, инсон бетоқат қилиб яратилгандир. Қачон унга ёмонлик етиб қолса, у ўта бесабрлик қилгувчидир. Қачон унга яхшилик етса, у ўта ман қилувчи-бахилдир. Магар намоз ўқувчи кишилар, (улар бундай ёмон сифатлардан йироқдирлар).»[3]

  Демак, Аллоҳ таоло танлаган Пайғамбарини ва сизни–эй васийлар сарвари, барча халқ ичидан мустасно қилди. Ҳақ-ҳуқуқингизни тортиб олиб, сизга зулм қилган кимса нақадар кўрдир! Сўнгра, макру ҳийла қилиш билан байтулмолдаги Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг яқин қариндошлари (хонадонлари аҳлининг) улушини сизга фарз қилдилар ва зулму-зўравонлик қилиш билан уни(Фадак)ни ўз эгаларидан маҳрум қилишди».

 


1. Аминул Ислом Табарсий, «Мажмаъул баён фий тафсийрил Қуръон», 8-ж, 158-б, ушбу оят тафсида

[2]. Аллома Саййид Муҳаммад Ҳусайни Таботабоий, «Ал-мийзон фий тафсийрил Қуръон», 16-ж, 317 ва 318-бетлар, ушбу оят тафсида

[3]. Маориж сураси19-дан 22-оятларгача.

Share

Check Also

Qur’оn va imоmat

  Qur’оn bu biz musulmоnlarning buyuk samоviy va ilоhiy kitоbimiz bo`lib, har taraflama hidоyatga bоshlоvchi …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.