Home / Ислом тарихи / САҚИФАИ БАНИ СОИДА ВОҚЕАСИ 2

САҚИФАИ БАНИ СОИДА ВОҚЕАСИ 2

  Ансор гуруҳидан бўлган Хазраж қабиласининг бошлиқларидан бири бўлмиш Башир ибн Саъд, ўз қавми Саъд ибн Убодани амир ва халифа этиб танлашга овоз беришаётганини кўргач, унга ҳасад қилгани учун ўрнидан туриб, шундай деди: Эй Ансор гуруҳи! Агарчи, биз мушрикларга қарши жиҳод қилиш ва ўтмишдаги динга бўйсуниш фазилатига эга бўлсак-да, ушбу ишларда Парвардигоримизнинг ризолиги ва Пайғамбаримизга итоат қилиш ва қийинчиликларга бардош беришдан бошқа нарсани ирода қилмагандик. Қилган ишларимиз туфайли одамлар устидан ҳукмронлик қилишимиз яхши эмас.

  Бу қилган ишларимиз баробарида дунёдан ҳеч нарса талаб қилмагаймиз. Аллоҳ таоло бизга неъмат ато этган ва ушбу ишларни бажариш билан бизларга инъом қилган Зот. Сўнгра эса Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)қурайшлик бир киши бўлиб, у зотнинг қавм-қабиласи, у ҳазратнинг меросига ва унинг вориси бўлишга барчадан кўра ҳақлироқдир, Аллоҳга онт ичаманки, ҳаргиз Аллоҳ мени муҳожирлар билан халифалик хусусида тортишган ҳолда кўрмагай. Аллоҳдан қўрқингиз ва муҳожирлар билан хилофат мансаби борасида тортишмангиз ва улар билан ихтилоф қилмангиз.

  Сўнгра Абу Бакр Ансор гуруҳининг рўпарасида туриб, уларни биродарликка чорлаб ва тарқоқликдан қайтариб, шундай деди: Мен сизларга нисбатан хайрхоҳдирман. Сизларни бу икки киши (Абу Убайда ибн Жарроҳ ёки Умар ибн Хаттоб)дан бирини халифа этиб танлашингизни ва бу иккаласидан қайси бирини истасангиз, ўша шахсга байъат-қасамёд қилишингизни тавсия этаман.

  Умар деди: Сиз бизнинг орамизда бўла туриб, бошқа киши Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг халифа ва вориси этиб танланишидан Аллоҳнинг Ўзидан паноҳ сўрайман. Сиз хилофат мансабига бизларнинг барчамиздан ҳақлироқ ва ҳаммамиздан олдинроқ Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) билан бирга бўлган кишидирсиз. Сиз мол-давлатга эга бўлишда бизлардан устунроқ ва муҳожирларнинг энг афзали ва Пайғамар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) билан ғорда бирга бўлган, ҳамда намозни адо этишда Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг  ўринбосари бўлган зотдирсиз. Ҳолбуки, намоз Ислом динининг энг юксак устунидир.[1]

  Ким сиздан олдинга ўтиб, хилофат мансабини эгаллаб олишга лойиқ бўла олади? Қўлингизни узатинг токи сизга байъат-қасамёд қилай.

  Абу Убайда ва Умар, Абу Бакрга байъат-қасамёд қилишга кетаётган пайтларида, ансорлардан бўлган Башир ибн Саъд у иккаласидан олдинга ўтиб, Абу Бакрга байъат-қасамёд қилди. Баширнинг бу иши туфайли Ҳабоб ибн Мунзир унга мурожаат қилиб, шундай деди: Эй Башир ибн Саъд! Ишни буздинг ва Ансор гуруҳидан бош тортдинг, сени бу ишни қилишингга нима мажбур этди? Ўз амаки ўғлинг халифа бўлишига ҳасад қилдингми?

  Башир деди: Аллоҳга онт ичаманки, бундай эмас, лекин мен, муҳожирларга тегишли бўлган ҳақ-ҳуқуқ хусусида улар билан жанг-низо қилишни истамайман.

  Ансор гуруҳидан бўлган Авс қабиласи, Хазраж қабиласининг бошлиқларидан бўлмиш Башир ибн Саъднинг қилган ишини ва Абу Бакрнинг халифа бўлиши хусусидаги қурайшлик муҳожирларнинг киритган таклифларини ҳамда Хазраж қабиласи Саъд ибн Убодани амир ва халифа этиб танлаш учун қилаётган саъй-ҳаракатларини кўргач, уларнинг баъзилари бошқаларига, ҳолбуки, Асид ибн Ҳазир уларнинг ичида эди, шундай дедилар: Агар фақатгина бир марта Саъдни ўзларингизга амир ва халифа қилиб олсангиз, доим улар сизларнинг устингизда ҳукмронлик қилгайлар ва ҳеч вақт халифалик мансаби сизларга насиб этмагай. Шундай экан, ўрнингиздан турингиз ва Абу Бакрга байъат-қасамёд қилингиз. Шунда уларнинг барчаси ўринларидан туриб, Абу Бакрга байъат-қасамёд қилишди.

  Бу вазиятни кўрган Ҳабоб ибн Мунзир, Асид ибн Ҳазирнинг қиличини олиш учун унга ташланди. У ерда ҳозир бўлган Асид ибн Ҳазирнинг одамлари ҳам Ҳабоб ибн Мунзирга ҳужум қилиб, Асиднинг қиличини Ҳабобдан олишди ва Ҳабоб эса кийими билан уларнинг юзига урар эди. Шунинг билан, уларнинг барчаси Абу Бакрга байъат-қасамёд қилишди.

  Ҳабоб ибн Мунзир уларга қараб деди: Эй Ансор гуруҳи! Абу Бакрга байъат-қасамёд қилиб, уни халифа қилиб олдингиз. Огоҳ бўлингиз! Аллоҳга қасамки, фарзандларингиз, муҳожирлар фарзандларининг эшиклари олдида туриб, қўлларини узатиб, сув сўраганларида, улар сизларнинг фарзандларингизга сув бераётган кунни кўрмоқдаман.

  Абу Бакр деди: Эй Ҳабоб! Биздан қўрқаяпсанми?

  Ҳабоб деди: Сиздан қўрқмайман, бироқ сиздан кейин хилофатга келадиган кишидан қўрқмоқдаман.

  Абу Бакр деди: Ўша замон етиб келганда, сиз ва дўстларингизнинг ихтиёри ўзларингизда бўлгайдир. Бизга бўйсунишинг лозим эмас.

  Ҳабоб деди: Ҳаргиз бундай бўлмагай, эй Абу Бакр! Мен ва сен бу дунёдан ўтганимиздан сўнг, бизга зулм ўтказиб, бизни хорлайдиган кимса келгай.[2]

  Саъд ибн Убода деди: Огоҳ бўлингиз! Аллоҳга онт ичаманки, агар мен оёққа туришга қудратим етганда эди, мендан шундай даҳшатли товуш эшитардингизки, сен Абу Бакр ва сенинг тарафдорларингни ушбу сарзаминдан чиқариб юборар ва сени ўз қавм-қариндошинг томон йўлларди. Ҳолбуки, сен улар ичида итоат қилувчи бўлгансан ва бошқалар сенга бўйсунишмаган ҳамда танилмаган киши бўлиб, азиз бўлмагансан.

  У ерда тўпланган мусулмонларнинг барчаси Абу Бакрга байъат-қасамёд қилишди. Байъат қилиш жараёни шу даражада эдики, Саъдни оёқ ости қилиб, эзиб ташлашларига жуда оз қолди.

  Шунда Саъд фарёд қилиб деди: Мени ўлдирдиларинг. Унинг бу сўзига Умар шундай жавоб қайтарди: Уни ўлдиринг, Худо уни ўлдирсин.

  Саъд деди: Мени бу ердан олиб кетинг. Унинг қавм-қабиласи уйига олиб бориб, қўйишди ва бир неча кун уйида ёлғиз қолди. Бир муддатдан сўнг, Абу Бакр Саъдга элчи йўллаб шундай деди: Келгин ва менга байъат қилгин, барча инсонлар менга байъат қилишди ва ҳатто сенинг қавм-қариндошинг ҳам менга байъат қилишди.

  Саъд Абу Бакрга шундай жавоб қайтарди: Огоҳ бўлингиз! Аллоҳга қасамки, ўқдонимда бор бўлган барча ўқларни сизлар томонга отгайман ва найзамни сизларнинг қонингизга бўягайман. Кучим етгунга қадар сизларни қиличим билан ургайман. Уруғ-аймоғим билан биргаликда сизларга қарши жанг қилгайман. Аллоҳга онт ичаманки, агар жинлар, инсонлар билан биргаликда сизларга мадад бериш учун тўплансалар-да, Парвардигорим билан учрашгунимга қадар сизларга байъат-қасамёд қилмагайман. Парвардигорим менинг ҳисоб-китобимга огоҳ бўлган Зотдир.[3]

  Саъднинг сўзи Абу Бакрнинг қулоғига етиб боргач, Умар деди: Сенга байъат қилмагунича уни ўз ҳолига қўймайман. Шунда Башир ибн Саъд уларга шундай деди: Саъд сизларга байъат қилишдан бош тортиб, бу ишни қилмасликка оёқ тираб олган. Саъд бу йўлда қатл этилса-да, сенга байъат қилмас экан. Саъднинг фарзанди, хонадони ва қавм-қариндошини ўлдирмаганингизча унинг ўзини ўлдира олмассиз ва уларнинг барчасини ўлдиришингиз учун, Хазраж ва Авс қабилаларини қатл этишингиз лозим бўлгайдир. Шу боис, сизлар учун амалга ошган хилофат мансабини нобуд қилмангиз. Демак, уни ўз ҳолига қўйингиз. Зероки, унга индамаслик сизларга зиён етказмайди. Саъд эндиликда ёлғиз қолган бир кишидир. Абу Бакр ва унинг тарафдорлари Баширнинг  маслаҳатини қабул қилиб, Саъдни ўз ҳолига қўйишди ва Башир хилофат мансабини қўлга киритиш учун уларга қилган хизмати сабабли, уни ўзларига хайрхоҳ деб билишди.

  Саъд ибн Убода уларнинг намозига келмай, уларнинг жамоат ва жума намозига қатнашмасди. Уларнинг ҳадя-инъомларидан баҳраманд бўлмасди. Агар Абу Бакр ва унинг тарафдорларига қарши ёр-мададкор топганида эди, уларга ҳужум қилар ва агар  бир киши унга байъат қилиб, уларга қарши урушишга муҳайё бўлса, улар билан жанг қиларди. Абу Бакр дунёдан кўз юмиб, Умар хилофат тахтига мингунга қадар, вазият шундай давом этди. Сўнгра эса Саъд Шомга бориб, ўша ерда ҳеч кимга байъат қилмай, дунёдан ўтди.

  Ансор байъат қилаётган пайт, Бани Ҳошим (Ҳошим фарзандлари) имом Али ибн Абу Толиб(алайҳис салом)нинг атрофларига тўплангандилар. Зубайр ибн Авом ҳам улар билан эди. Зероки, онаси Сафия, Абдул Муталлиб(алайҳис салом)нинг қизи эди. Шу боис, Зубайр ўзини Бани Ҳошимдан деб, биларди. Имом Али(алайҳис салом) Зубайр борасида шундай дедилар: Зубайрнинг ўғли вояга етиб, отасини бизнинг йўлимиздан қайтаргунига қадар доим биз билан эди.

  Бани Умайя (Умайя фарзандлари) Усмоннинг атрофига йиғилишди ва Бани Зуҳра эса, Саъд ва Абдурраҳмон ибн Авфнинг атрофига тўпланишди. Уларнинг барчаси буюк масжидга йиғилиб олишганди. Абу Бакр ва Абу Убайда улар томонга келган пайт, халқ Абу Бакрга байъат қилишга улгурганди. Умар уларга шундай деди: Нима сабабдан гуруҳ-гуруҳ бўлиб олгансиз? Ўрнингиздан туриб, Абу Бакрга байъат қилингиз! Мен ва Ансор гуруҳи унга байъат қилдик.

  Умарнинг сўзидан сўнг, Усмон ибн Аффон ва у билан бирга бўлган Бани Умайя ўрниларидан туриб, Абу Бакрга байъат қилишди. Шунингдек, Саъд ва Абдурраҳмон ибн Авф ва у билан бирга бўлган Бани Зуҳра, ўрниларидан туриб, Абу Бакрга байъат қилишди. Имом Али(алайҳис салом) ва Аббос ибн Абул Муталлиб(алайҳис салом) ва Зубайр ибн Авом ва булар билан бирга бўлган Бани Ҳошим, Абу Бакрга байъат қилишдан бош тортиб, қайтиб кетишди.

 


:Манбалар ва кўрсаткичлар

[1] Умарнинг юқорида зикр қилиб ўтган хусусиятлари, Абу Бакр Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг халифа ва ўринбосари бўлишига далил бўла олмайди. Зероки, Расулуллоҳнинг халифа ва ворислари, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг ўзлари сингари Оллоҳ таоло томонидан тайин этилиши лозим ва инсонлар Расулуллоҳни тайин эта олмаганликларидек, у зотнинг йўлларини давом эттирадиган халифа ва ворисларини ҳам, тайин эта олмайдилар. Шу боис, Расулуллоҳнинг ҳақ халифа ва ворислари  бўлмиш имом Али(алайҳис салом) ва у зотнинг зурриётларидан бўлган ўн бир имомни Оллоҳ таоло кўпгина оятларда, шу жумладан; Моида сурасининг учинчи оятида Ғадир Хум куни барча ансор ва муҳожирларга ошкор тайин этиб, уларни ушбу ҳақиқатдан огоҳ қилди. Бироқ, дунёнинг мол-мансабига боғланган ансор ва муҳожирлар, Оллоҳнинг имом Али(алайҳис салом) борасидаги фармонидан юз ўгириб, ўзларича Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг халифа ва ворисини тайин этиш учун «Сақифаи бани Соида» деган ерга тўпланишди. Шу боис, нолойиқ халифа танланишига ва мусулмонлар турли хил фирқа-оқимларга бўлиниб кетишларига сабаб бўлишди. Ҳолбуки, тўғри ва ҳақ йўл, имом Али(алайҳис салом) ва у зотнинг зурриётларидан бўлган ўн бир покиза-маъсум имомларга эргашишдан иборат. Агарчи, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан сўнг, ушбу ўн икки имом(алайҳис салом)га эргашган ва уларнинг кўрсатган йўлидан юрган инсонларнинг сони оз бўлса-да, бироқ, фақат уларгина ҳақ ва тўғри йўлда эканларига ҳеч қандай шак-шуҳа бўла олмас. Зероки, кўпчиликдан ташкил топган бўлмоқ, ҳақ йўлда эканликка далил бўла олмайди. Қуйидаги ояти карима бу даъвога очиқ далилдир:

﴿وَ إِنْ تُطِعْ أَكْثَرَ مَنْ فِى الأَرْضِ يُضِلُّوكَ عَنْ سَبِيلِ اللهِ إِنْ يَتَّبِعُونَ إِلاَّ الظَّنَّ وَ إِنْ هُمْ إِلاَّ يَخْرُصُونَ

«Агар сиз ер юзидаги кимсаларнинг кўпларига итоат қиладиган бўлсангиз, улар сизни Оллоҳнинг йўлидан оздирурлар. Улар (кўпчиликдан ташкил топганлар) фақат гумонларигагина эргашурлар ва улар фақат алдайдилар, холос». (Анъом сураси/116-оят.)

[2] Аҳли суннат олими Жавҳарий «Сақифа» номли китобида Ҳабоб ибн Мунзирнинг келажакда рўй берадиган ҳодисалар ҳақида айтиб ўтган сўзи хусусида шундай деди: Ҳабоб келажакда юз берадиган воқеалар тўғрисида айтиб ўтган нарсаси рўёбга чиқди. Зероки, у қўрққан киши Язид ибн Муовия эди. У «Ҳарра» воқеасида Мадина аҳолисига нисбатан кўп жиноятларни раво кўрди. Язид ансор гуруҳидан «Бадр» жанги куни Макка мушрикларининг қонини тўкканликлари учун ўч олди.

Мана шунга ўхшаш дардли воқеаларнинг юз бериши, Оллоҳнинг имом Али(алайҳис салом)ни халифа, бошлиқ ва пешво этиб танлаган фармонидан бош тортиб, халифаликка нолойиқ бўлган кимсани халифа қилиб олишлари туфайли эди.

[3] Ушбу воқеани Аҳли суннатнинг буюк тарихшунос олимлари ўз китобларида қуйидагича келтирганлар:

  1. Тарих Табарий, Муҳаммад ибн Жарийр Табарий, 11-йил, Ҳадисус-саҳифаҳ.
  2. Ибн Абул Ҳадид  Шарҳи Наҳжул Балоғаҳ, 2-ж, 45, 50 ва 56-бетлар, ва 6-ж, 48 ва 49-бетлар.
Share

Check Also

Ислом тариxининг қора саҳифалардан бири-1

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим Ўттиз иккинчи ҳижрий сана. Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри. Ўша …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.